АМЕРИКАЛИК ЭРКАК АЗБАРОЙИ КОРОНАВИРУСДАН ҚЎРҚИШ ТУФАЙЛИ 25 КИЛО ВАЗН ТАШЛАДИ…

0

 

Американинг Массачусетс штатига қарашли Плимут шаҳрида яшовчи 32 ёшли Шон Сэнделл 121 килограмм вазнга эга эди. Коронавирус пандемияси бошлангач, ортиқча вазнга эгалар, яъни, семириб кетганлар коронавирус юқтирса, хасталик жуда оғир кечиши, бу аксар ҳолатларда ўлимга олиб боришини эшитди-ю, азбаройи қўрқиб кетганидан вазн ташлаш ҳаракатига тушди. Бу ишда унга хотини ёрдам берди. Чунки у диетолог мутахассислигига эга экан.

— Мен ҳар куни узоқ вақт пиёда юришга ўргандим, — дейди Шон Сэнделл. — Бир кунда 11 дан 15 километргача пиёда йўл босдим. Шунда ҳам бир ўзим пиёда юрмадим. Чақалоқ фарзандимни аравачага солиб у билан бирга сайр қиладиган бўлдим. Кейин кунига 8 километр масофани югуриб ўтадиган бўлдим…

Албатта, озишда одам барибир парҳез бошламаса бўлмайди. Шон чипс ва картошка истеъмолини бас қилди. Нонни жуда кам миқдорда ейдиган бўлди.

— 13 ҳафта шу машғулотлар билан банд бўлдим, — давом этди Шон. — Ҳозир вазним 95 килограммгача тушди. Ўзимни жисмонан жуда яхши ҳис этяпман. Асосийси, энди коронавирусдан қўрқмайман. Яқинлашиб кўрсин-чи, адабини бериб қўярман!..

 

loading...