Асакада 9 яшар қизнинг қотиллигида гумонланиб 23 ёшли қўшни аёл қўлга олинди

0

21 июнь куни Асакада 9 ёшли қизалоқ ўз уйида ўлдириб кетилгани тўғрисида хабар берилганди. «Xabar.uz»нинг Бош прокуратурага асосланиб маълум қилишича, кўкрак-қорин соҳасида кесувчи-санчувчи жисмлар орқали етказилган 18 та тан жароҳати оқибатида вафот этган қизалоқнинг ўлимида гумон қилиниб, 23 яшар қўшни аёл ҳибсга олинган.

Маълумотларга кўра, А.Х. (гумондор тариқасида қўлга олинган аёл, 1997 йилда туғилган, бир нафар фарзанди бор) марҳума вояга етаётган хонадонга қўшни бўлиб, фожиа содир бўлган куни унинг (марҳуманинг) онасини «боласига қараб туриш» илтимоси билан уйига таклиф қилган.

Аёл қўшнининг уйи қаровсиз қолганидан фойдаланиб, ўғрилик мақсадида у ерга кирган ва тортмадан 500 минг сўм пул олаётган вақтида уни 9 ёшли Қ.И. кўриб қолган. Аёл жиноятини яшириш мақсадида ўзи билан олиб чиққан (хонадондаги шкафларнинг қулфини очиш учун) пичоқни қизалоқ танасининг турли жойларига қасддан санчиб, ҳодиса жойидан яширинган.

А.Х.нинг кўрсатмалари ҳодиса жойига чиқиб текширилганда жиноят қуроли сифатида фойдаланган пичоқ топилиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган ҳолда жиноят ишига қўшилган.

Жиноят иши юзасидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган бир неча нафар қўшни фожиа содир бўлган вақтда А.Х. қизалоқ яшайдиган уйга уч маротаба кириб-чиққанлигини кўришганини айтган.

Таъкидланишича, мазкур жиноят иши Бош прокурор ташаббуси билан марказий маҳкама иш юритувига олиниб, унинг шахсий назорати остида Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

loading...