КОРОНАВИРУС МУШОИРАСИ…

0

 

 

КОРОНАВИРУС

 

Сен келдинг, кўксимни тиғлаблар қолдим,

Ёлғизлар шаҳрида йиғлаблар қолдим,

Балонинг бағрида ухлаблар қолдим,

Қарғишга қоласан, корона вирус.

 

 

Кимнингдир ёри ё боласи қолди,

Етимнинг кўзида жоласи қолди,

Энг сўнгги сўзида ноласи қолди,

Жувонмарг бўласан, корона вирус.

 

 

Бетингдан бузилгу-ур, бетсиз дарбадар,

Зотингга ўт тушсин зотсиз дарбадар,

Орият ўғриси, отсиз оқпадар,

Қон қусиб ўласан, коронавирус.

 

 

Бошимнинг балоси, балохўр дайди,

Бахтимнинг қароси, қарохўр дайди,

Бағримнинг яроси, ярохўр дайди,

Бўкиблар ўласан, корона вирус.

 

 

Қирчинингдан қийил, тезлашдан тийил,

Бегуноҳ бандани тузлашдан тийил,

Шу савил тилинг-ла сўзлашдан тийил,

Савиллар қоласан, корона вирус,

Қон қусиб ўласан, корона вирус.

 

 

КОРОНА ВИРУС… (носкашнинг ноласи)

(Билганга ҳазил, билмаганга чин)

 

Карантин-да. Кўпга келган тўй,

Кўпчиликни шошириб қўйди.

Ош еб юрган ношукрларни,

Ёвғон шўрва ичириб қўйди.

 

 

Лек Олимтой ношукр эмас,

Уйчасида теклар қотади.

Сув топмаса, яна шукр деб,

Сув ўрнига зардоб ютади.

 

 

«Коронахон» дея тамшаниб,

Қисматини қаттиқ қучади.

Бировларга ботинолмасдан,

Қисматига қалбин очади.

 

 

«Ботирнос»лар бўларди, — дейди,

Жа кетворган нослардан эди.

Мартабаси кўкларни ўпар,

Ҳашаматга хослардан эди.

 

 

Мана, бугун корона вирус,

«Ботирнос»дан айириб қўйди.

Мендай содиқ, камтар носкашнинг,

Қанотини қайириб қўйди.

 

 

Мойқишлоқнинг носи носмиди,

Нақ тилингни ўяман дейди.

Арз қилсам гар, носфуруш «носни,

Сенга сотмай қўяман», дейди.

 

 

Думи қисиқ итдай акиллаб,

Носни олиб нари кетаман.

Гарчи тилни ўйиб олса ҳам,

Шу носни тек шими-иб ётаман.

 

 

Кўнгил экан. Оғриб қолади,

«Ботирнос»сиз ўкинганимда.

Юрагимни ямлар бир алам,

Ўйиқ тилга тегинганимда.

 

 

Қизиталоқ, корона вирус,

Сенинг тилинг ўйилмайдими?

Энди мендай носкаш кафтига,

«Ботирнос»лар қуйилмайдими?

 

 

Йўқ, ишонгум, корона вирус,

Сен-да албат ўлиб кетасан.

Жами носкаш ошналаримнинг,

Қарғишига қолиб кетасан.

 

 

Шунда мен ҳам эски шаҳарга,

«Ботирнос»ни излаб кетардим.

Топсам… Қасам…

Ўзимни «сен»лаб,

«Ботирнос»ни «сиз»лаб ўтардим.

 

 

УЙДА ҚОЛИНГ, ҚОН ҚАРДОШИМ, УЙДА ҚОЛЕ-ЕНГ!!!

 

 

Дард домида қолиб кетманг, дарддошимсиз,

Ҳилвираган хилқатларда йўлдошимсиз,

Жонимиз бир, қонимиз бир, қардошимсиз,

Уйда қолинг, қон қардошим, уйда қоле-енг!

 

 

«Корона»син ҳолин тоза танглар қилиб,

Уйингизни кўнгил киби кенглар қилиб,

Вирусини бир тийинга тенглар қилиб,

Уйда қолинг, эй дарддошим, уйда қоле-енг!

 

 

Ким зўр? Сиз зўр. Ой ботгунча беллашасиз,

Ўтлашасиз, чўғлашасиз, куллашасиз,

Тилсиз ёв-ла тилсизларча тиллашасиз,

Уйда қолинг, қон қардошим, уйда қоле-енг!

 

 

Корона-ю, вирусини қарғаб-қарғаб,

«Яйиб», «чочиб», қази каби тўғраб-тўғраб,

Совуқланмай ўлсин. Афтин булғаб-булғаб,

Уйда қолинг, эй дарддошим, уйда қоле-енг!

Уйда қолинг, уйда қолинг, уйда қоле-енг!!!

Олимжон ҲАЙИТ

loading...