МИБ баёноти: Алимент пуллари ундирилиши тўхтатилмаган!

0

Жорий йилнинг 3 июль куни интернетда ва ижтимоий тармоқларда “Бир ойлик алимент пулини олиш учун 2-3 ой МИБга қатнайман” номли хабар тарқалди.

Ушбу хабарда, фуқаро Муқаддас Ҳамдамова турмуш ўртоғи томонидан алимент пуллари 6 йилдан бери турли баҳоналар билан ўз вақтида тўланмай келинаётганлиги, 1 ойлик алиментни олиш учун Бюронинг Қўқон шаҳрига қатнашини билдириб, алимент пулини тўлиқ ундириб берилишини сўраган.

Хабар бўйича олиб борилган ўрганишда, фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 13.03.2013 йилги қарздор Д.Жўрабоевдан ундирувчи М.Хамдамова фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати тугатилган суд ижрочиларининг Қўқон шаҳар бўлимига 29.07.2014 йилда келиб тушган ва 1442-сонли ижро иши юритуви қўзғатилиб, ижрога қаратилганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг мол-мулкини аниқлаш мақсадида ваколатли ташкилотларга сўровномалар юборилиб, олинган жавобларда унинг номида мол-мулклар йўқлиги аниқланган ва қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.

Алимент пуллари қарздор томонидан қисман тўлаб келинган бўлиб, унинг алимент қарзи қайта ҳисобланганда 01.07.2020 йил ҳолатига 1.500.000 сўмни ташкил қилиб, ижро ҳаракатлари давомида қарздордан ундирилган 1.000.000 сўм алимент пуллари 01.07.2020 йилда тилхат орқали ундирувчига топширилиши таъминланган.
Ҳозирда қолган алимент қарзини ундириш юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда таъкидлашни истардикки, МИБ алимент ундирувини тўхтатгани йўқ. Ҳар бир фуқаронинг мурожаати эса вақтида ўрганилиб, унинг ҳал этилиши ҳам назоратга олинган. Юқоридаги мурожаатда эса алимент олувчининг бироз ваҳима қилгани яна аҳоли ўртасида МИБга нисбатан салбий қарашларнинг пайдо бўлишига замин яратишидан бошқа нарса эмас, деган бўлардик.

 

loading...