Қора жодугар

0

Кузнинг салқин кунларидан бири. Ташқарида шамол гувиллар, у дарахтларнинг сарғайган баргларини тўкар, хазонларни ўйнарди. Салим бу пайтда яқиндагина ёзиб тугатган қиссасининг таъсирида ўз хонасида ўтириб, китоб мутолаа қиларди. Кутилмаганда меҳмонхонадаги телефон жиринглади. Гўшакни кўтарди, бироқ қисқа-қисқа гудокдан бўлак овоз эшитилмади. Кейин уяли телефонининг овози қулоғига чалинди. Телефонини ошхонадаги стол устида унутиб қолдиргани эсига тушди. У дарҳол ошхонага йўналди. Ҳартугул, бу сафар йигит қўнғироққа жавоб беришга улгурди.

— Алло, ким бу?

— Ассалому алайкум, — гўшакдан таниш овоз эшитилди, — бу менман, Самодил, танидингизми?

— Танидим, — деди Салим, — ҳали буткул хотирамдан айрилган эмасман, яхши қиз.

— Ёрдам сўраб қўнғироқ қилаётгандим. Биламан, ишингиз бошингиздан ошиб ётибди. Бироқ сирли ҳикояларга қизиқишингизни билганим учун ҳам қўнғироқ қилаётгандим. Ўйлайманки, бу сизни қизиқтирмай қолмайди.

— Холис хизматдан бўйин товламаймиз, айтаверинг.

— Қишлоқда яшайдиган холам ҳақида сўзлаб берганим ёдингиздами?

— Тавба, менинг хотирамни синовдан ўтказиш учун қўнғироқ қилдингизми, дейман-а?

Қиз кулиб юборди. Унинг жарангдор кулгиси йигитга ёқиб тушди.

— Ўша холам кеча тунда бандаликни бажо келтирибди. Қишлоқда уни ҳамма жодугар деб атарди. Одамлар тили билан юради. Худо раҳматига олган бўлсин, бу қанчалик рост, билмадим-у, аммо унинг яккаю ягона қариндоши сифатида қишлоққа бормасам бўлмайди. Ахир кимдир уни сўнгги манзилга кузатиши керак-ку.

Салимнинг Самодил билан танишганига кўп вақт бўлмаган эса-да, иккаласи тезда иноқлашиб кетди. Салим бу очиқ кўнгил қизнинг болалар уйида тарбия топганидан бохабар бўлди. Унинг ота-онаси автофалокат туфайли эрта ўлиб кетган, ёлғиз холасидан бўлак ҳеч кими йўқлигини ўзидан эшитганди. Болалар уйига келишидан аввал Самодил холаси билан яшаган, бироқ шафқатсиз аёл ожиз қизалоқни калтаклаб, хўрлагани-хўрлаган эди. Бир куни тўсатдан чойнакни синдириб қўйган Самодил уйдан қочиб кетди ва тақдир тақозоси билан болалар уйида тарбия топди. «Демак, қиз у ерга ёлғиз боришга қўрқяпти», деб ўйлади ичида Салим.

— Майли, борганим бўлсин, — деди у.

Йигит ётоқхонага қайтиб, китоб ўқишга тутинди. Бироқ хаёлларини жамлай олмади. «Ана холос, бу қиз мутолаанинг ҳам белига тепди-ку», деди ичида ва китобни ёпиб, Самодилнинг жодугар холаси ҳақида ўйлай кетди.

* * *

Бошқаларидан фарқ қиладиган қишлоқ чеккасидаги бу уй баланд деворлар билан ўралган эди. Қиз қўрқув ичра машинадан тушди ва секин дарвозадан ичкарига мўралади. Ҳовлида ҳеч ким кўринмади. Болаларга азоб етказишдан чўчимайдиган, одамларга зулм ўтказадиган холасини ҳеч ким кўмишни истамаган чоғи. Буни Самодил тўғри тушунади.

Атрофдан ёмғирнинг нам ҳиди уфурарди. Қиз осмонга боқди. У ҳозиргина нур сочиб турган қуёшни изларди. Тун чўкишига ҳали бор эди, бироқ осмонни қора булут қоплагани учун гўё қош қораяётгандай туйиларди. Уйнинг ичи эса ташқаридан ҳам баттар қоронғи зулматга бурканганди. Самодил ортга қайтиб, дарҳол Салимнинг қўлидан маҳкам тутди.

— Қўрқма, ёнингдаман, — деди йигит қизни тинчлантиришга уринар экан.

Самодил узун йўлакдан юриб бораркан, олис болалигига қайтди. Бир вақтлар у шу узун йўлакларда холасининг болалари билан ўйнарди. Сурайё ва Сурат Самодилни жонидан ортиқ кўришарди. Шу узун йўлакда улар қийқиришиб, қувлашмачоқ ўйнашарди. Уйни бошларига кўтариб, қўшиқ куйлашарди. Бироқ учови ҳам кўзлари ёниб, шиддат билан уйга кириб келадиган аёлни кўрганда дағ-дағ қалтирашарди. Калтакларнинг аччиғи Самодилга насиб этарди. Қиз қочиб кетди ва қишлоққа қайтмади. Йиллар ўтганидан кейин у қадрдон холаваччаларининг вафот этгани ҳақида эшитди, бироқ уларга нима бўлганини ҳеч ким билмасди. Самодил майит ётган хонага киришдан аввал йўлак бошидаги хона эшигини очди.

— Бу ерда болалигим ўтган. Холаваччаларим билан шу хонада ухлардик. Мана бу менинг жавоним эди.

Қиз шундай дея жавон тортмасини тортди. Тортманинг овози гўё гўдак ноласига ўхшаб эшитилди. Самодилнинг юраги орқага тортгандай бўлди. Қиз тортмага назар ташлади. Бир варақ қоғозга кўзи тушди. У ундаги ажи-бужи ёзувларга нигоҳ ташлаб, Сурайёнинг ёзувини таниди. «Бугун менинг туғилган куним. Тўққиз ёшга тўлар эканман. Онам менга бу кунда абадий ҳаётни туҳфа этиш ниятида. Мен ўз онамни жонимдан ортиқ кўраман. Икки йил олдин онам акамга шундай ҳаётни совға қилган эди. Бироқ мен акамни қайта кўрмадим. Онамнинг айтишича, у самоларда учиб юрганмиш. Бугун кечқурун мен ҳам унинг ёнига парвоз қиламан. Қандай яхши, яшасин! Мен акамни кўраман. Онам мени у ерга жўнатганидан кейин Самодилни ҳам топиб, ортимиздан узатмоқчи. Ахир мен уни ҳам жуда соғиндим…»

Самодилнинг кўзлари ёшланди. «Демак, бу жодугар ўз болаларини… Қандай ёвузлик! Қандай даҳшат! Наҳотки шу шафқатсиз аёл менинг холам бўлса?1» дея йиғлаб юборди. Салим қизни тинчлантиришга уринди.

— Йиғламанг, ҳаммаси яхши бўлади, — деди йигит. — Юра қолинг, нариги хонага ўтайлик. Кун кеч бўляпти. Маросимга ҳозирлик кўриш керак. Мен у-бу кимни чақириб келаман. Ҳар ҳолда бу ишни иккаламиз уддалашимиз қийин. Холангиз қандай аёл бўлганига қарамай, бу қишлоқ одамлари оқибатни унутишмагандир.

— Мен ҳам сиз билан бирга бораман. Бу уйда ёлғиз қололмайман! — деди қиз.

Улар хонадан чиқишганида тўғридаги эшик очилиб кетди. Самодил хона тўридаги кўзгуда қоп-қора сочлари ёйилган гўзал аёлни кўрди. У гўё чарақлаб, ёниб турарди. Этаги кенг қора кўйлак кийган аёлнинг юзида табассум жилваланарди. Кўзларидан эса учқун сачрарди. Самодил бу аёлни дарҳол таниди. Бу унинг холаси эди.

— Қочишимиз керак! — деди қиз Салимнинг қўлидан маҳкам тутиб. — Юринг, кетамиз. Бизни алдашибди.

Йигит ҳеч нарсага тушунмади. Фақат аёл кишининг даҳшатли кулгисини эшитди.

— Ҳеч қаерга кетолмайсан! Сени кутиб тургандим! Қочиб қаёққа ҳам борардинг! Бу қишлоқда ҳеч ким қолмади. Мен ҳаммасини нобуд қилдим. Энди навбат сенга етди. Ўз оёғинг билан келганингдан хурсандман! — деди жодугар.

Салим ва Самодил машинага ўқдай отилди, бироқ дарвоза олдида қора кўйлакдаги аёлни кўриб, тошдай қотиб қолишди.

ШАҲНОЗ

(«7 Мўъжиза» хазинасидан)

loading...