СУСАННА… (51-қисм)

0

 

 

* * *

 

Ўзим яшайдиган уйга яқин қолганда негадир таққа тўхтадим ва дарахтзор этагидаги анҳор бўйига бордим.

Анҳорнинг шарқираб оқаётган сувига тикилганча тек қотдим. Шу заҳоти қулоқларим остида Шарифанинг шанғиллаган товуши жаранглай бошлади. Юрагим сиқилди. Армоннинг дағал ва ёқимсиз, совуқ арқонлари бўйнимдан бўғаётгандек, қалқий-қалқий уёқдан-буёққа юрган бўлдим. Шу баҳонада қайсар хаёлларни нари ҳайдагим келди.

Уддасидан чиқа олмадим. Бу ўйлар миямга мўри малахдек ёпирилиб келаверди. Улар қаршисида Шаҳноза билан боғлиқ ёқимли ҳислар ожиз қолди.

Кўз очиб юмгунча иблис таъқибида қолиб кетдим.

У гўё рўпарамда туриб олганча масхараомуз рақслар намойиш этар, гоҳ-гоҳ очиқчасига устимдан куларди.

— Ўла, — дерди иблис дунёга жар солиб. — Бу кунингдан баттар бўл! Менинг йўриғимга юрмагандинг ўшанда! Хўш, нима бўлдинг? Оғзингдаги ошингни олдириб ўтирибсан! Ҳали ҳолва, биринчи хотининг жонингни суғуриб олади! Ноғорасига шундай ўйнатадики, ўзинг туриб балли дейсан!..

— Кет! — хаёлан ҳайдадим уни. — Сендан нафратланаман! Кўришга кўзим йўқ сени! Даф бўл!..

Шу онда киссамдаги телефон жиринглай бошлади.

Сесканиб телефонни қўлимга олдим.

Тағин ўша Шарифа. Гўшакни кўтариш ўрнига бошимни чангаллаганча анҳор бўйига ўтириб қолдим.

— Қачон халос бўламан бу балоларда-ан? — ўртаниш аралаш пичирладим ўзимча. — Нега бошим ташвишдан, ғурбатдан чиқмайди? Нима учун ҳамма қатори яшай олмайман? Ўзим айбдор эмасманми барчасига? Хўш, нима қилсам ғамлар, дардлар, армону андуҳлар арийди? Нима қилай?.. Йўқ, ҳозир гўшакни кўтараман, ҳа! Саволига яраша жавоб қайтараман! Керак бўлса, бақириб ташлайман! Ортиқ бардошим етмайди!..

Керакли тугмачани босдим-да, бор овозда қичқирдим:

— Ҳа-а, тағин нима хоҳлайсан?..

— Вой, нега бақирасиз? — деди менга жавобан мулойимлик билан Шарифа. — Асабийлашманг! Мен бошқа масалада қўнғироқ қилдим.

— Хўш, нима масала? Фақат тезроқ гапир, вақтим зиқ!..

— Биласизми… Ҳазиллашгандим…

— Нима?.. Қанақа ҳазил?..

— Илтимос, ўзингизни босволинг!.. Сизни текшириб кўрмоқчийдим холос. Болангиздан совиб кетганмисиз, йўқми, шуни аниқламоқчи бўлдим. Хайрият, меҳрингиз сўнмаган экан. Хурсанд бўлиб кетдим… Биламан… бу ишим нотўғрийди. Лекин… Шундай қилдим… Аҳмоқман-да!.. Қодир ака, Собиржонингиз сизни жуда соғинган. Агар вақтингиз бўлса, бир келиб кетинг! Опкелган ўйинчоқларингизни ўйнаб ўтирибди ҳозир ҳам. «Даданг опкелибди» десам, нуқул қиқир-қиқир кулади. Ана, яна «Дада»лашдан бўшамаяпти!.. Келасизми?..

— Ўзинг айтаяпсанми шу гапларни? — сўрадим ишонқирамай. — Бояги гапларинг, муомаланг буткул бошқача эди-ку!

— Айтдим-ку, шунчаки сизни синаб кўрдим холос! Аслида… Э, қийнайвермасангиз-чи одамни! Газеталарда номингиз чиқса, фахрланиб кетаман. Дарров ўғлингизга кўрсатаман. Тушунмасаям барибир хурсанд бўлади!..

— Шунақами? Унда албатта бораман. Бугуноқ етиб бораман. Раҳмат сенга, раҳмат!..

Бу қувончли хабардан сўнг гўё елкамдан жуда оғир юк ағдарилгандек кутилмаганда енгил тортдим.

Ҳозиргина бағримни эзаётган дард қаёққадир чекинди, изсиз ғойиб бўлди. Оғзимнинг таноби қочиб, йўл-йўлакай Собиржонимнинг юз-кўзларини хаёлан тасаввур қилган кўйи уйга жўнадим.

 

* * *

 

… Орадан бир йил ўтди. Энди ўйлаб кўрсам, ўша Шаҳнозани учратган, туртиниб йиқилган, Собиржонимдан ёқимли хабар эшитган куним ҳаётимда кескин бурилиш содир бўлган экан.

Ўша кундан бошлаб Сусанна иккимизни фақат ёқимли лаҳзалар, хабарлар, муносабатлар қуршаб олди.

Биргалашиб тез-тез Шаҳнозадан хабар олиш учун олис қишлоқлардан бирига қатнайдиган, қайтгач, Собиржонни кўриш учун йўрғалайдиган бўлдик. Ҳамма мамнун, бир-бирига меҳрибон эди.

Шарифа ҳам Сусаннани кўрганда қуюқ саломлашадиган, турли пишириқлар билан меҳмон қиладиган, бир пиёла чой устида чақчақлашадиган бўлганди…

Қўлтиқлашиб кўчага чиқсак, ҳамманинг бизга ҳавас билан тикилаётганини кўрардик. Шунда иккимиз бир-биримизга боқардик-да, дардли жилмайиш қилардик. Ана шу жилмайиш баҳона кўз ўнгимиздан яқин ўтмиш, азоблар яшин тезлигида ўтарди ва янада енгил тортиб йўлимизда давом этардик.

Бугунгиси эса…

Бу кунни ҳеч қачон унута олмасайдим!..

Туғруқхонадан қайтаяпман-у, қўйиб беришса, айлана-айлана ўйнагим, оламга жар солиб ҳайқиргим келарди.

Ҳа, мен яна бир ўғил кўрдим. Сусанна менга ҳар куни, ўзим хоҳлаган паллада дилбандимни эркалаш, бағримга босиш, кўчаларда опичлаб сайр қилиш, ҳаммага кўз-кўз қилиш бахтини ҳадя этди…

Мен Сусаннамнинг кўзларида севинч ёшларини кўрганим ҳамоно яқин ўтмишга, мени ҳақоратлаган, хўрлаган, менсимаган, масхаралаган, ёруғ дунё жаҳаннамига отганларга бошим етгунча эгилиб қуллуқ қилгим келди.

Негаки, ўшалар бўлмаса, мен ҳаётда ўз йўлимни, қадримни, ўрнимни топа билмасдим.

Агар ўша азобларни бошдан кечирмасам, Сусаннадек садоқатли, меҳрибон, куюнчак йўлдош топмасдим.

Ўша қийноқлар исканжасида қолмасам, Шаҳноза каби ногирон, кўнгли ярим бир қизнинг дардига малҳам бўла олмасдим. У нобуд бўлиши мумкин эди.

Агар ўша аламли онларга йўлиқмасам, бугун Шарифа тўғри хулосаларга келмасди. Ўз хатоларини англай олмасди. Менга кўзи тушди дегунча қон йиғлаб, афсуслар оловида куймасди…

Энди бўлса, биз ғолибмиз. Биз ҳам ҳар куни энг тотли орзулар оғушида кўз очамиз, каравотда ухлаётган жажжигина гўдагимизни эркалаб уйғотиш бахтидан мосуво эмасмиз. Келгусида унинг орзу-ҳавасини кўришдан умидвор бўлибгина яшаймиз…

Ҳа, бизнинг шундан бошқа ташвишларимиз қолмади. Дунёдан, одамлардан, тақдирдан, қисматдан миннатдормиз!

Раҳмат сенга, СУСАННА!

 

ИККИНЧИ ҚИСМ

 

* * *

 

Шанба куни ташкилот ишларидан холи бўлиб мириқиб дам олишдан умидвор эдим. Хаёлан ўзимча дам олиш режаларини ҳам тузиб қўйгандим. Насиб қилмаган экан. Ишдан келсам, Сусанна ҳали бир ёшга тўлиб-тўлмаган ўғлим Қобилжонни қучоқлаганча йиғлаб ўтирибди.

Жон-поним чиқиб кетаёзди. Саломни ҳам унутиб югура солиб келдим-да, Қобилжонимга ёпишдим.

— Нима бўлди унга? Нега йиғлаяпсан? — сўрадим Сусаннадан ҳовлиқиб. — Гапирсанг-чи!..

— Ишингизам бор бўлсин! — деди Сусанна йиғламсираб. — Шунча қўнғироқ қиламан, ҳеч ким гўшакни кўтармайди.

— Қани, менга бер ўғлимни! — шундай дедим-у, Қобилжонни қўлимга олиб бағримга босдим.

Унинг бадани қайноқ эди.

— Ие, иситмаси бор-ку! — дедим титраб. — Нега дўхтирга олиб чиқмадинг?

— Опчиқдим. Дори беришувди, бирпас исиммаси тушиб турди-да, тағин кўтарилиб кетди. Мана, бир дунё дори ёзиб беришган. Тезроқ олиб келмасангиз бўлмайди.

Боламнинг аҳволини кўриб бўлганимча бўлгандим. У шундоқ кўз ўнгимда оғир-оғир нафас олар, қур-қур йўталганда жоним узилгудек азобланардим.

— Бер буёққа қоғозни! — дедим ва Сусаннанинг қўлидан дори қоғозини юлқиб олдим-у, орқа-кетимга қарамай кўчага чопдим.

Дорихона биз яшайдиган жойдан анча нарида эди. Илдам юриб борардим-у, юрагим ҳаприқиб-ҳаприқиб кетар, ўпкам тўлиб нуқул Худога нола қилардим.

— Худойим, — дердим ҳайқиришдан аранг ўзимни тийиб. — Нега менинг бошимга кулфатлар ташлайверасан? Азобларинг, синовларинг фақат мени танлайди, забтига олади? Шу мурғак гўдагимнинг жонини омон қилсанг бўлмайдими? Унинг қанча жони борки, шафқатсизларча қийнасанг? Қайси гуноҳирмиз учун энди бу синовларга кўндаланг қилдинг?.. Йўқ, агар боламга бир нарса бўлсин, ҳеч кимни кечира олмайман. Ҳеч кимни аяб ўтирмайман. Чунки у менинг биттагинам, ёлғизим, ишонганим, суянганим!..

Шундай хаёллар, ўртанишлар, оҳ-воҳлар гирдобида дорихонадан керакли дориларни олиб уйга қайтдим.

Қобилжоним ҳамон гўё икки дунё оралиғида сарсон кезар, нафас олиши тобора қийинлашиб бораётгандек эди.

Хайрият, Сусаннанинг ҳамшираликдан яхшигина хабари бор. Тезда боламга укол қилди, зарур дориларни майдалаб ичирди. Шу орада мени овутишга, тинчлантиришга-да улгурди.

Лекин барибир мен анча маҳалгача ўзимга кела олмадим. Бағрим тиғланиб, ўғлимдан кўз уза олмадим. Дорилар таъсирида иссиғи тушиб уйқуга кетгачгина чуқур хўрсиниб ўринга чўзилдим.

Тун ҳам мен учун худди дўзахдек кечди. Ҳадеганда сапчиб кетавердим. Кўксимни нимадир куйдирди. Қур-қур дилбандимнинг тепасида ҳозир бўлиб, унга узоқ-узоқ дардли тикилдим.

«Худо кўрсатмасин, шугинамга бир гап бўлса борми, — ўйлардим синовлар юкини кўтара олмай тўлғониб. — Дунёларини бузиб ташлайман, ҳа! У менинг ёлғизим, тилаб-тилаб олган фарзандим. Нега у ўлиши керак, нега? Нимага энди фақат менинг болам дард чекиши зарур? Унинг гуноҳи нимада? Дунёга келганими? Биргина Қобилжонмиди дунёга келган? Нима учун угина касал бўлади? Болам, эркатойим, тезроқ тузалгин, илтимос! Мени, қалби дардман, сарсон-у саргардон отангни, куйинчак онангни қийнамагин! Ҳали сендан умидларимиз бир дунё, болам! Тетапоя қадам ташлашингни, «дада»лаб, «ойи»лаб ҳайқиришингни хоҳлаймиз, орзу қиламиз, жоним!.. Кўзларингни очақол! Кулгин, майли, йиғлагин. Фақат касал бўлмагин мени куйдириб!..»

Бир-биридан ваҳимали, қўрқинчли, оғриқли ўйлар мени буткул гирдобига тортиб кетган экан.

Сусаннанинг бўйнимга чирмашган қайноқ қўллари ҳушимга келтирди.

Тезда у томон ўгирилиб бошини икки кафтим орасига олдим. Сусаннам унсиз, ўксиб-ўксиб йиғларди. Унинг аҳволини кўриб баттар сиқилдим. Дардимга дард қўшилди. Бўғзимга тиқилган ҳайқириқ нафасимни бўға бошлади. Аммо аёлим қаршисида кучли бўлишим, унинг хунук хаёлларини ҳайдаб солишим шарт эди.

— Йиғлама, жоним, — шивирладим уни маҳкам қучиб. — Худойимнинг ўзи шафқатли. Ажабмас ёлғизимизга раҳм қилса. Ахир, бизлар ёмон ниятда яшамаяпмиз. Бировларни беҳуда ранжитмаяпмиз. Ҳалол, пешона теримиз эвазига яшаяпмиз. Нима учун бизга раҳм қилмаслиги керак Худойим? Мана кўрасан, ҳали биздан бахтли, қувноқ, хушчақчағи бўлмайди. Насиб бўлса, Қобилжонимизни етаклаб қишлоққа борамиз. Ўшанда ҳамма бизга ҳавас билан боқади. Қобилжонимизга суқи киргудек тамшаниб тикилишади. Сен… Йиғлама, йиғлама! Яраларимга туз сепма, ёлвораман!.. Ундан кўра, Яратгандан Қобилжонга саломатлик тилайлик!.. Уни дуо қилайлик! Яхши ниятлар билан бағримизга босайлик!..

Шу гапларимдан кейингина Сусанна бироз тинчланиб, қучоғимдан сирғалиб чиқди ва пишиллаб ухлаётган Қобилжоннинг ёнига чўзилди.

Эрта тонгда уйғондим-у, шоша-пиша Қобилжоним томон юзландим ва пешонасига қўлимни қўйдим.

Хайрият, иситмаси тушибди. Дилбандим пишиллаганча ухламоқда.

«Ўзингга беадад шукр, — дея қайтадан ўринга чўзилдим. — Ёлғизгинамга шафқат қилибсан. Мени мамнун қилдинг, Худойим! Борлигингга шукр!..»

Шундай ўйлар билан аста ўрнимдан қўзғалиб ошхона томон мўраладим. Сусанна нонуштага нимадир тайёрлаш билан банд эди. Кўнглим таскин топиб, вужудим осойиш тортиб истар-истамас кийина бошладим.

Ҳа, бундай бахтни ташлаб ҳатто ишга ҳам кетгим келмасди. Қобилжонимнинг ширин уйқуси, жуфти ҳалолимнинг биз учун оромидан кечиб пишир-куйдир билан машғул бўлиши кўнглимга бир дунё ҳузур бахш этганди. Шундай лаҳзаларда фақат яқинларимнинг бағрида бўлишни ихтиёр этмоқда эдим. Афсуски, ҳақим йўқ. Ишга бормасам, тер тўкиб меҳнат қилмасам, катта шаҳарда тирикчиликнинг мазаси қочади…

Шу маҳал ташқари эшик тақиллай бошлади. Сусанна бориб эшикни очди-ю, бирпасдан кейин ётоққа қайтди.

Унинг ранги ўзгарган, қовоқлари уйиқ, киприклари асабий пирпирарди.

— Ким экан? — дедим безовталигим ортиб. — Тинчликми?

— Э, анави куни кўчларини ташишиб юборгандингиз-ку! — деди Сусанна эшик томон норози кўз ташлаб. — Янги кўчиб келган одам бор-ку!

— Ҳа-а, Наимқул аками? Ўзимикан? Нега мени чақирмай дарров эшикни ёпиб қўйдинг?

— Олти яшар ўғли эди. Отаси сизни айттириб юборибди.

— Хўп, айттирган бўлса, ҳозир кириб чиқаман. Бирор юмуши бордир-да! Ҳарқалай янги қўшни…

— Шу одам менга сира ёқмайди-да, — деди Сусанна юз буриб. — Афти ёқимсиз.

— Қўйсанг-чи, ҳали одамнинг қанақалигини билмай туриб ёмон гап айтиш яхшимас!

— Билмасам… Кўнглим негадир ғаш…

— Қўй, ундай дема… Майли, тезроқ нонушта қилайлик, ишга кетишда йўл-йўлакай кириб ўтарман!

Сусанна оғир уф тортганча яна ошхонага чиқиб кетди.

Тўғри, Наимқул ака паст бўйли, жиккакдан келган, қачон қараса кўзлари олазарак бир одам. Биров билан гаплашаётганда ҳамиша кўзларини суҳбатдошидан олиб қочади. Аммо одамохунлигини бир марта суҳбатлашгандаёқ сезганман. У киши кўчларини ташишиб юборганимдан хурсанд бўлдими, ўша куни «сизга насиб бўлса бирор арзигулик совға тайёрлаб қўяман» дегандай қилганди. Ҳойнаҳой ўша совға учун чақирган бўлса керак-да! Оббо Наимқул ака тушмагур-ей!..

Эшик қия очиқ экан. Шундай бўлса-да, қўнғироқ тугмачасини бир неча марта босиб уй эгаларининг юз кўрсатишини кутдим.

Олдинига Наимқул аканинг кичик ўғли, сўнгра хотини мўралаб қайтди. Кетидан Наимқул ака шошилмайгина йўлакка чиқди.

— Келинг, қўшни, — совуқроқ кўришиб мени ичкарига бошлади у. — Ичкарига кирайлик!

Уй эгасига эргашиб залга ўтдим. Нонушта қилиб бўлишибди чоғи, хона ўртасидаги стол бўм-бўш эди.

Наимқул акага сирли қараб қўйиб курсилардан бирига чўкдим.

— Чақиртирган экансиз, — дея мақсадга ўтдим юзларга фотиҳа тортилгач. — Ишга кетаётиб бирров кириб ўта қолай дедим…

Наимқул ака бошини эгган кўйи бир неча дақиқа сукут сақлади-да, ниҳоят менга юзланди.

— Ўша куни сервантнинг қутичаларини сиз уйга олиб чиққандингиз-а? — сўради Наимқул ака совуққон оҳангда.

— Ҳа, мен олиб чиққандим. Нима бўлди, ака?

— Ҳм-м… — Наимқул ака яна бир муддат сукутга толди. Аммо бу ҳолат аввалгисидек узоққа чўзилмади. Дарров сўзлашга ўтди. — Ука, ўша қутичаларнинг ичида минг доллар пул бориди. Пуллар йўқ.

— Нима?.. — кутилмаган хабар мияга жуда тез етиб бораркан. Наимқул аканинг сўнгги гапи қулоғимга киргани ҳамоно юрагим безовта уриб, рангимдан қон қочди. Оғир гуноҳга йўл қўйган одам каби тиззаларим дағ-дағ титрай бошлади.

— Н-нима? — дея беихтиёр ўрнимдан туриб кетдим мен. — Пул? Қанақа пул, ака?.. М-мен қутича ичида…

— Энди, ука, нима бўлгандаям қутича сизнинг қўлингиздан ўтган. Башарти ёшлик қилиб олиб қўйган бўлсангиз, пулларни жойига қўйинг. Очиғи, милисабозлик қилиб юришга сира тоқатим йўқ.

— Ака, сиз… Ўйлаб гапираяпсизми?..

Наимқул ака саволимга жавобан даст ўрнидан турди-да, менга жаҳд билан яқинлашди.

— Буни пул деб қўйибди, ука, — деди хириллаб. — Пул-чи, одамнинг жигаридан пайдо бўлади! Э, олган бўлсанг, қайтар-да!

Илгари сира бунчалик оғир вазиятда қолмагандим. Бошимдан не кунлар ўтмаган. Сарсон-у саргардон кўчаларда кезганман, хўрликларни, камситиш, масхаралашларни тик туриб қарши олганман. Аммо туҳмат балосига йўлиқмаган эканман.

Кимдир елкамга оғир харсанг тош қўйгандек тик оёқда туришга-да ўзимда куч топа олмай қолдим.

Кўзларим катта-катта очилиб, ўзим сезмаган ҳолда жавдирай бошладим.

— Хўш, нима қиламиз? — орадаги жимликни бузди Наимқул ака. — Шундай қотиб тураверамизми? Ё милисабозлик қиламизми?

— Ака, қўйинг, шу… Милисани аралаштирмайлик! — Шундай дедим-у, ўзимни ўзим танимай қолдим. Ахир… Нега ялинаяпман бу одамга? Қайси айбим учун? Нима учун ўзимни оқлашиб керак? Бировнинг ҳақига хиёнат қилмаган бўлсам!.. Бу… хизматга туҳмат эмасми?..

— Мениям жа кўзим учиб тургани йўқ ўша милисаларга, — деди бу гапимдан сўнг сал паст тушиб Наимқул ака. — Ўзаро ҳал қилворсак ҳам бўлаверади. Ҳа энди… Тушунаман. Пулларни кўриб қолгансиз. Устига устак сўм эмас, доллар бўлса. Ҳар қандай одам ҳам чўнтакка уради-да! Кимга ёқмайди тайёр пул? Тўғрими, ука?

Хўш, нима дейин? Қандай жавоб қайтарайин? Нима десам ўзимни оқлай оламан. Қандай сўз керак бу одамни ишонтириш учун? Умуман, нимага айнан менга туҳмат қилаяпти ўзи? Атиги бир мартагина кўришган бўлсак. Унда ҳам кўчиб келган куни… Эҳ, нима учун ўша куни ёрдамлашдим бу одамга? Индамай ўтиб кетаверсам мени тўхтатиб қолмасди-ку! Энди-чи? Энди нима бўлади? Қўни-қўшни, маҳалладагилар эшитса, ким деган одам бўламан? Номим қип-қизил ўғрига чиқиб қолаверадими?

Ҳа, шу лаҳзаларда мен бу уйда туриб қолишни ҳам, чиқиб кетишни ҳам била олмай ҳалак эдим. Чиқай десам, ҳали айбдор эмаслигимни исботламадим. Наимқул ака мени қочиб кетдига чиқаради. Ёки уйдан ташқарига чиқармай милисага қўнғироқ қилишга тушади. Хўш, нима қилай? Қандай йўл тутай?

— Наимқул ака, бирров уйга кириб чиқсам майлими? — сўрадим охири таваккал. — Шундоқ кираман-у, қайтаман.

— Гап йўқ, — деди Наимқул ака. — Тезда пулларни олиб чиқинг, ука. Ҳар ҳолда кўздай қўшнилармиз. Насиб бўлса, ҳали минг йил бир эшикдан кириб чиқамиз. Тезроқ бўлинг. Сизга умуман хусуматим йўқ.

Билмадим. Хаёлимга келган сўнгги фикр мени бу туҳматдан қутқара олмаслигини сезиб турсам-да, барибир енгил тортгандим. Худди шу уйдан ташқарига чиқиб олсам, барча балолар нари чекинадигандек, мен тағин ўз дунёмдагина қоладигандек юқори қаватдаги квартирамга чопдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...