ҲОШИМ ҲАСАДЧИ… (ёки қиссадан ҳисса. Яқинларингизга ўқиб беринг)

0

 

 

* * *

 

Қўқоннинг олис қишлоқларидан бирида Ҳошим ҳасадчи деган эркак истиқомат қиларди. Ўз номи ўзи билан росмана ҳасадчи эди. Ҳеч кимни кўра олмасди. Ёши қирқдан, элликдан, олтмишдан ўтганда ҳам кўнглидаги кўмир тутунга айланиб вужудини тарк этмаганди. Қўшниси машина сотиб олса, ёш гўдакларга пул бериб янги машинани пичоқ билан тирмалатарди. Жуда бўлмаганда ўзи пичоқни қўлига оларди-ю, баллонларини тешиб қочарди.

Ҳошим ҳасадчи ҳатто умид билан бир ёстиққа бош қўйган, бир умр ҳасадларига чидаб келган хотини Бувинисага ҳам ҳасад қиларди. Аёл шўрлик ҳомиладорлигида қулупнайми, олмами егиси келса, Ҳошим ҳасадчи қаердан бўлмасин ўша меваларни топиб келарди. Аммо ўзига ҳам яширинча ўша мевадан алоҳида сотиб оларди-да, хотинига кўрсатмасдан еб битирарди.

— Нима, сен қулупнай есанг, мен ердан чиққан қўзиқоринга ўхшаб оғзимдан сўлагим оқиб ўтирайми? — дерди ўзича минғирлаб. — Сендан қаерим кам?..

Ҳошим ҳасадчи Бувиниса ялиниб-ёлворса янги чиққан матодан тикилган кўйлак-лозим ҳам олиб берарди. Лекин бир вақтнинг ўзида ўзига ҳам қиммат шим-кўйлак сотиб оларди. Хотини янги кийса, ўзининг эски кийимда қолиб кетиши алам қиларди-да. Шим-кўйлакни олиб келгач, ичкари уйга қамалиб олиб уларни эгнига иларди ва кўзгу қаршисида туриб ўзини ўзига кўз-кўзларди.

— Менинг Бувинисадан ҳеч кам ерим йўқ, — сўзланарди у. — У янги кийса, мен алмисоқдан қолган кийимларда ўтирайми? Бекорнинг бештасини айтибсан, Бувиниса. Сендақалардан сира кам ерим йўқ!!!

Ҳошим ҳасадчи ана шундай учига чиққан ҳасадчи эди. Бу ҳам ҳолва экан.

Бувиниса саксонга кирганда қазо қилди. Бундай лаҳзаларда одам боласи айрилиқ ўтида қоврилади. Азбаройи чидай олмаганидан тиз чўкканча ўксиниб-ўксиниб, айтиб-айтиб йиғлайди. Дардли фарёдидан ёруғ дунё зир титрайди.

Ҳошим ҳасадчи ҳам ҳар куни шомга яқин қабристонга кириб борарди-да, Бувиниса раҳматлининг қабри тепасида тиз чўкканча кўкка боқиб худога нола қиларди. Унинг фарёдидан ҳам қабристон зир титрарди. Фақат бу фарёдлар шунча йил бирга яшаб суяниб қолганидан эмас, балки ҳасаддан, ҳа, ўша Ҳошим ҳасадчининг кўнглига чиппа ёпишиб қолган кўмирдан эди.

— Худойим, адолатинг қани? — титраб-қақшаб Яратганга нола қиларди у. — Мени хотинимчаликам кўрмадинг-а? У мендан олдин боқий дунёингни кўришга мушарраф бўлди-ку! Шуми адолатинг? Бувинисадан қаерим кам эди? Мен биринчи бўлиб боқий дунёнгни кўрсам осмон узилиб ерга тушмасди-ку! Нега шу ердаям мени камситдинг? Қайсидир бир ожиза мендан олдин бориб боқий дунёнгда роҳат қилмоқда-ку! Нега мен ундан аввалроқ бориб роҳат қилмадим? Нега?..

Оллоҳ ҳасадгўйларни шайтон ўрнида кўради. Ҳошим ҳасадчи 120 йил яшади. Худонинг берган куни қабристонга бориб норозиланса ҳам, оҳлар чекса ҳам ҳадеганда Оллоҳнинг мукофотига муносиб бўла олмади. Узоқ йиллар ёнди, куйди, азобланди, ич-этини еди.

 

ҚИССАДАН ҲИССА:

 

Ҳасадгўйлар Оллоҳнинг ғазабига учраган кимсалардир. Улар икки дунё оралиғида сарсон кезиб аросат балчиғига ботишга маҳкум. Ҳасадни ҳавасга алмашинг. Оллоҳим ҳавасмандларни хуш кўради. Улардан олий мукофотини ҳеч қачон дариғ тутмайди. Яратганнинг каромати билан ҳавасманднинг кўнглида абадул-абад баҳор яшаб қолади. У дунё-у бу дунё ҳавасга дўст тутинганлар Оллоҳнинг паноҳидадирлар. Иншооллоҳ!!!

Астағфирилло!!!

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

loading...