СУСАННА… (52-қисм)

0

 

 

* * *

 

Ичкарига кириб, бўлган гапларни Сусаннага айтдим-у, ташқари эшикни қулфлаганча тек ўтиравердим.

Турли бўлмағур хаёллар эса миямда тинимсиз чарх уриб айланарди. Гоҳ ўзимни қамоқхона камерасида ҳис этар, гоҳ қўни-қўшнилар қаршисида мулзам тортиб уятдан ўлар ҳолатга етардим.

Шу кўйи ярим соатча ўтириб қолдим. Айни паллада шу қадар қалтис ва оғир аҳволда қолгандимки, ҳеч кимни кўзим кўрмас, қулоқларим ҳеч бир сўзни эшитмасди. Гўё карахт, кар-соқов бир бандага менгзаниб қолгандек эдим.

Саволларнинг адоғи кўринмасди. Сониялар, дақиқалар ўтиб боргани сайин ўша ўзим умримда қўлларим тутмаган қандайдир долларларни ростакамига ўғирлаб қўйгандек бўлардим. Шу туҳматнинг ҳақиқатлигига ўзим ҳам ишониб бораётгандек эдим…

Бир маҳал зиналардан кимдир юқорига шаҳд билан кўтарилди-да, яқин келиб бизнинг эшикни тақиллата бошлади.

Сездим. Бу Наимқул ака. Чиқавермаганимдан кейин ўзи югуриб чиққан. Хўш, у ҳолда нега боя ўғлини юборди? Нимага ҳозиргидек ўзи чиқиб келавермади?

Биқиниб узоқ вақт ўтира олмаслигимни билардим. Қолаверса, Сусанна қовоқлари уйилганча келиб имо-ишора билан мени эшик очишга ундай бошлади.

Ҳа, бу гал ҳам ҳаётимда навбатдаги оғир ва аянчли онлар бошланибди чоғи. Фақат буниси анчагина оғир кўринмоқда. Буёғига қуруқ туҳматдан қандай халос бўлишим ёлғиз Худогагина аён.

Таваккал қиламан. Нима бўлмасин, қандай кунларга қолмайин, бошимга не савдолар тушмасин, айбдор эмаслигимни Яратганнинг ўзи кўриб турибди. Шундай экан, бошимни баланд кўтариб ўзимни, шаънимни, оиламни ҳимоя қилишим, туҳматчиларнинг кўзига тик қарай олишим зарур. Бусиз яшаб бўлмайди.

Мен то тараддудланиб эшикни очгунимча подъездда яна кимлардир пайдо бўлиб, ғўнғир-ғўнғирлар бошланди…

Наимқул ака маҳалла фаолларини чақиртирган экан чамаси. Эшикни очиб уй қўмитаси раиси, маҳалла раисини кўрдим-у, баттар тундлашдим. Уч эркак қаршиларига чиқишим билан бараварига ғазабнок нигоҳларини менга тикишди.

— Ана, кўрдиларингми, — биринчи бўлиб гап бошлади Наимқул ака менга кўрсаткич бармоғини ўқталиб. — Бу ярамас, ўғрига яхшиликчасига айтгандим. Ортиқча гап-сўз бўлмасин, ҳеч ким билмай қўя олсин дегандим. «Ҳозир пулингизни опчиқаман» деди-ю, қочиб қолди. Мана, ҳаммангиз кўрдиингиз, уйига қамалиб олган экан.

Озод ака деган эллик ёшлардаги маҳалла раиси ҳеч нарса демай маълум муддат менга бошдан оёқ разм солди. Ора-сирада норози бош чайқаб олди.

— Ўқиган, зиёли одамлар ҳам ўғирлик қиларкан-да, — деди ниҳоят лаб бурган кўйи. — Бу йигитни ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатувдим. Газитда ишлайди, жа билимли бўлса керак девдим. Бу қип-қизил ўғри экан-ку-а?..

Буниси ортиқча бўлди. Маҳалла раисининг ноўрин сўзлари кўксимни тешиб ўтгандек қалқиб кетдим. Бундан кўра, шу туҳмат сабаб бўлиб умрим турмада ўтгани маъқул эди. Аламимга чидай олмай бор овозда бақирдим:

— Ким ўғри? Гапирларинг, ким ўғри-а? Ҳозир ҳаммангни…

Менинг жазавага тушиб турган еримда айланганча отишга нимадир қидираётганимни кўрган уч эркак жонҳолатда ортга тисланди-да, югурганча зиналардан пастга туша бошлади.

Тушиб кетишаётганда маҳалла раисининг сўзлари қулоғимга чалинди.

— Қўяверинглар! Қўрққан олдин мушт кўтарар деб шунга айтишади-да! Кеч тушсин, маҳаллага чақириб адабини берамиз. Пулларниям қайтаради. Ўзини эса мулла минган эшакдай ювоштириб қўямиз!

Руҳан қуюқ туманли бир дарага тушиб қолгандек эдим. Теваракни кўра олмайман, илғай билмайман. Вужуддаги ёқимсиз сукунат аъзойи баданимни чирмаб олган. У кўксимни куйдиради, бағримни эзади. Аламнинг аччиқ лаҳзаларига дош беролмаганимдан телбаларча ҳайқиргим, ичдаги ғуборларни шу баҳонада нари ҳайдагим келади. Аммо товуш чиқаришга ўзимда куч, матонат топмайман. Кўринмас, сезилмас, ҳис этилмас бир қудрат мендаги шиддатга, журъатга сира йўл бермайди. Бошимдан оёғимгача гўё музлатиб қўйган-у, бу музликнинг қаҳратон совуғи исканжасидан халос бўлиш амри маҳолдек…

Шу аҳволда то кечга қадар ишладим. Ишда ҳам унум бўлмади. Нималар қилдим, нималарни ёздим, кимлар билан тиллашдим, умуман идрок этмадим. Қулоқларим остида Наимқулнинг туҳматга йўғрилган совуқ сўзлари, маҳалла раисининг ҳайқириғи жаранглайверди.

Гоҳида ёнимдагиларга-да эътибор қилиб ўтирмай, икки қулоғимни кафтларим билан маҳкам беркитиб олгим келди. Балки шунда тинчирман, енгил тортарман деб ўйладим. Афсуски, бунга ғурур изн бермасди. Бировларнинг қаршисида паст кетиш, дардимни дастурхон қилишни хоҳламасдим. Шу сабабли ҳам кечгача чидадим, бардош қилдим. Тақдирнинг кутилмаган мўъжизасидан умидвор бўлдим.

 

* * *

 

Мана, ниҳоят кеч тушиб, ишхонадагилар уй-уйларига йўл олишди. Назаримда уларнинг барчаси бахтиёр, беташвиш ва шодон эди. Чунки бир гапириб ўн кулишар, ҳазил-ҳузулни канда қилмай дадил кетиб боришарди.

Мен-чи? Йўқ, ўзимни улар каби кулишга, қувонишга, ҳазиллашишга ҳақсиздек сезардим. Гўё ичимни қуюқ тутун қоплаган-у, туйғуларим ўша тутун орасида қолиб кетгандек карахтланганча автобус бекати томон юрдим.

Биламан, ҳозир уйга кириб улгурмасимдан ортимдан маҳалла фаоллари чопиб келади. Мени ўз идораларига судрашади. Улар қаршисида мулзам тортишга, тавба қилишга, бош эгишга мажбур бўламан. Негаки, ҳамма Наимқулнинг сўзларига, ўғирлик содир этганимга чиппа-чин ишонган. Шундай экан, ўзимни оқлаб айтмоқчи гапларимга, таваллоларимга қулоқ осмасликлари тайин…

Нима қилай? Пешонамга ўғрилик тамғаси босилиши лозим экан, бу қисматдан қоча олмайман. Ҳар қандай кўргиликларга бош эгишга маҳкумман…

Адашмабман. Уйга кириб келишим билан Сусанна кутилган «хабар»ни тўкиб солди.

Мен тезда маҳалла идорасига киришим зарурмиш.

Идора нариги домнинг биринчи қаватида эди. Асабийлик нафасимни қисгудек бўғилиб истар-истамас пастга тушдим ва идорага йўл олдим…

Тўрдаги курсида Озод ака керилганча ўтирар, олд тарафдан ўрта яшар котиба аёл ва маҳалла сардори жой олишганди.

Озод ака мени кўргани ҳамоно сардор йигитга буюрди.

— Укам, чопқиллаб Наимқул акангни буёққа чақириб кел!

Сардор буйруқни эшитибоқ даст ўрнидан турди-да, ташқарига йўл олди. Мен бўлсам, атайин алоҳида таклиф кутганча тек туравердим. Афсуски, ҳадеганда таклиф тушавермади. Озод ака гўё мени кўрмаган каби рўпарасидаги котиба аёлга нималарнидир уқтира кетди.

Алам қиларкан. Мен шу паллада нима қилишни билмай гаранг эдим. На бўш курсилардан бирига ўтиришни, на чиқиб кетишни билардим. Фақат хонадагиларга овчидан шафқат кутаётган ўлжа янглиғ жавдираб боқардим.

— Ие, ука, сени ўтир дейиш эсдан чиқибди-ку! — деб қолди бир маҳал Озод ака мен томон бош буриб. — Кел, ўтирақол! Ҳозир бошлаймиз майлисни! Наимқул ака келсинлар!..

«Хайрият, шуларга ҳам инсоф берди. Менинг хонада борлигимни ниҳоят пайқашди. Ўтиришга таклиф этишди…»

Ана шундай хаёллар миямга ўрлади-ю, беихтиёр хўрлигим келди. Шундоқ ҳам ҳилвираб турган юрагим қаттиқ қисилиб, оғир хўрсиндим ва кўрсатилган курсига чўкиб бош эгдим. Шундай қилсам, қаршимдагиларни сезмайдигандек, олди-қочди, фисқу-фасодга йўғрилган гап-сўзларини эшитмайдигандек туюлди…

Сал ўтмай, Наимқул ака ҳам ҳаллослаганча хонага кириб келиб рўпарамга ўтирди. Сардор йигит эса менинг ёнимдан жой олди.

— Хў-ўш, — салмоқ билан сўз бошлади Озод ака бир менга, бир Наимқул акага қараб олиб. — Ҳамма йиғилди ҳисоб. Майлисни бошлайверамиз-да унда-а?

Наимқул ака бош ирғаб унинг гапини маъқуллади.

— Ҳаммангиз биласиз, — деди Озод ака Наимқулни кўрсатиб. — Бу акамиз бизнинг маҳаллага яқинда кўчиб келган. Юқори лавозимда ишлайди, аниқроқ айтадиган бўлсам, маҳалламизнинг куйинчак ҳомийларидан бири. Анави темир тўсиқлар, болаларимиз мириқиб ўйнаётган майдончаниям шу акамизнинг бир оғиз гаплариминан қуриб беришди. Ё гапим нотўғрими?

Ўтирганлар бараварига бош ирғаб раиснинг ҳақлигини тасдиқлади.

— Манави газетчи йигит бўлса, акамизни анчагина ранжитибди. Пулини ўмарибди. Яна қандай пул денг. Доллар, ҳа, доллар! Ҳой, ука, нега мундай қилдинг? Уялмадингми?

Мен раиснинг кўзларига тик боқдим. У оқаринқираган киприкларини пирпиратиб мендан жавоб кутарди.

— Мен пул ўғирламадим, — дедим дағаллик билан. — Унақа ёмон одатим йўқ.

— Ие, ўғирламаган бўлсанг, шундай одам бекордан бекорга маҳаллага арз қилиб чиқмагандир? — орага тушди котиба аёл. — Зарил кептими буларга бўлмағур гапларни гапириб?

Наимқул ака аёлнинг сўзларидан сўнг янада дадиллашди. Буни унинг томоқ қириб олиши, елкаларини учириб-учириб қўйишидан аниқ пайқадим. Шу ҳаракати билан гапиришга чоғланганини бошқалар ҳам сезиб, Наимқул аканинг оғзига тикилди.

— Бу-чи, ғирт муттаҳам, бўлмағур йигит экан, — деди Наимқул ака менга совуқ боқиб. — Ўша куни ёрдамлашди, кўчларни кўтаришди деб кеннойингизга тайинлабман. «Жавондаги «Қорақум» шикаладдан бир-икки ҳовуч, бир шиша француз коньягидан берворларинг, бизбоп болайкан» дебман аҳмоққа ўхшаб. Бу бўлса…

— Ака, ёшлик қилган-да! — уни юпата кетди раис. — Хавотир олманг! Тўлайди ўғирлаган пулларини. Тўламаса, мана, биз турибмиз. Бурнидан сим ўтказиб бўлсаям ундирамиз ҳақингизни. Ҳарқалай кичкина пулмас!..

— Э, — раиснинг гапидан тўлқинланиб янада жўшди Наимқул ака. — Кўзимга қараб туриб тонгани алам қилди! Тағинам инсоф қилдим. Жўжабирдай жон экан дедим. Бўлмаса, мелисага топширворардим буни!

Озод ака Наимқулнинг сўзларидан таъсирланган бўлиб қайта-қайта норози бош чайқади. Ора-сирада «Қара, қандай баттоллар яшайди маҳалламизда» дегандек котиба аёлга кўз ташлаб олди.

— Хўш, газетчи ука, тўлайсанми пулларни? — сўради Озод ака мендан. — Агар «менинг борим шу, қўлингдан келганини қилаверларинг!» десанг, уни айт! Шунга қараб бизам эҳтиёт чорамизни кўрамиз.

— Ҳа, тўппа-тўғри, — яна гапга қўшилди котиба аёл. — Участкавойимизниям чақирганман. Ҳали замон кеп қолади. Тўламайдиган бўлса, ўшанга айтамиз, баённома тузади. Ана иннайкейин додини кимга айтса айтаверсин!

Инсон қалби аслида ипак толасидан-да нозикроқ бўларкан. Шу лаҳзаларда жуда ғалати аҳволга тушиб қолгандим. Асаб томирчаларим худди ўргимчак тўрига тушиб қолган-у, тўр уларни тобора маҳкамроқ сиқар, томирчалар эса зорланиб қалбимдан нажот кутарди. Қалб ҳам бу зорланишларга жавобан бош миямдан умидвор эди. Шубҳасиз, мия унинг умидларини пучга чиқармаслик ҳаракатида мендан айбсиз айбдорга айланишни талаб қиларди…

Қанчалар ёқимсиз кечмасин, шу жараён таъсирига тушишдан бўлак чора тополмадим. Ўғри эканимга, оз эмас, кўп эмас, нақд минг доллар уйимнинг аллақаерида ётганига ўзимни ишонтирдим. Бу ишонч бошимни қаттиқроқ эгди. Тилимни каловланишга мажбур этди. Вужудимга титроқ солиб кўксимга безовталик ҳиссини сингдира бошлади.

— Илтимос, ундай қилманглар! — беихтиёр қаршимдагиларга бир-бир умидвор боқиб тилга кирдим. — Мелиса чақирманглар, ёлвораман! Майли, тўлайман, қайтараман ўша пулларни! Айбдорман! Мени кечиринглар!..

— Эсиз одам-а! — бош чайқаб менга нафрат аралаш тикилиб қаради раис. — Кап-катта йигит, ўқимишли, зиёли одам ўғирлик қилиб ўтирса-я!..

— Майли, ака, — гапни илиб кетди Наимқул. — Адашган-да энди, адашган! Кечирим сўради укамиз, сўради! Келинг, шу гап шу ерда қола қолсин! Нима дейди?.. Ҳалигидай… Ўзимиз келишволамиз!

Наимқулнинг бу гапи нақ жонимни узиб олаёзди. Қопқонга тушган сичқон каби хаёлан типирчилаб, дардимни, ҳасратимни кимга айтишни, кимдан кўмак сўрашни билмай ҳайрон бўлдим.

Шу тобда эшик очилиб баланд бўйли участкавой ичкарига мўралади.

Раис уни кўрди-ю, шоша-пиша ўрнидан турди.

— Киринг, Сарваржон ука, кираверинг!..

Мен бу манзарани кўрганимдан сўнг тушкунлик тубига буткул чўкиб бўлгандим. Тўғри, биламан. Участковойни яхши танийман. Қачонлардир иккаламиз газетага милиционерлар ишига оид мақола тайёрлаганмиз. Аммо мелиса мелиса-да! Нима бўлмасин, барибир арз қилганнинг додини тинглайди. Унга ҳамдард бўлади, ёнбосади. Менга бўлса… Албатта ўғрига қарагандек қарайди. Юз хотир қилишидан умид қилишим ғирт аҳмоқлик. Умуман, айни чоғда шафқатга муҳтож эмаслигимни ҳис этиб турибман. Қисматнинг бўронлари, қуюнлари орасида қолиб ҳам эгилмаган бошимни қандайдир туҳматчилар қаршисида эгмоқчи эмасман. Боя бекор узр сўрадим шекилли. Булар барибир мени ёмонотлиққа чиқариб бўлишган. Мардона, қайсарона шу хонадан чиқишим лозим эди. Мен бўлсам, тағин аҳмоқона иш тутдим. Борлиғимга, кўриб турган бир тутам кунимга ёв бўлмишлар олдида паст кетдим…

Ўйларим охирига етмай, Озод раис участкавойга бўлиб ўтган ишларни шипшитиб улгурди.

У менга синчиклаб тикилиб турди-да, тўсатдан икки қулочини ёзди.

— Қодир ака, ўзингизмисиз? — сўради қадрдонларча мени бағрига оларкан участкавой. — Бу хонада нима қилиб ўтирибсиз?

Ҳайрон бўлдим. Ҳозиргина раис унинг қулоғига шивирлаб ҳамма гапни айтмаганмиди? Нега яна ҳеч нарсадан бехабар одамдек менга бу саволни ташлади? Ё устимдан кулмоқчими? Ёки мелисаларнинг иш усули шунақами?

— Ҳозиргина айтдим-ку, Сарваржон, — гина қилган бўлди Озод ака. — Мана шу йигит ўғирлабди Наим акамнинг пулини!

— Йўғ-э, бўлиши мумкинмас! — Сарвар участкавой Наимқулга ер остидан сирли назар ташлаб олди-да, котиба аёл бўшатган курсига чўкди. — Бу акамизни олдиндан танийман. Масъулиятли, обрўли жойда ишлайди. Қўйинглар-э!.. Бировни айбдор қилишдан олдин буни исботлаш керак.

— Э, исбот бундан ортиқ бўладими, ука? — қўлини пахса қилганча даъфатан ўрнидан туриб кетди Наимқул. — Ана, ўзи бўйнига олиб турибди-ку!

Участкавой менга билинар-билинмас кўз қисиб қўйди-да, қайтадан Наимқул томон бош бурди.

— Тағин бу йигит яқин танишийкан, шунинг учун ёнини оляпти деб ўйламанг, — Наимқулни огоҳлантирди у. — Ишимиз шунақа. Сўраймиз, суриштирамиз. Ана ундан кейин бировга айб қўямиз. Хўш, нима дейсиз?

— Ҳақ гап, — деди Наимқул елка учириб. — Биламиз, ука, биламиз.

— Билсангиз, менга айтинг-чи, пулларингиз қанчайди? Фақат ростини айтинг!

— Минг доллар эди. Нимайди?

— Саволни, ака, бу ерда мен бераман.

— Узр, узр!

— Қаердайди ўша пуллар?

— Т-тортмадайди, ука, тортмада.

— Қайси тортмада? Қанақа тортмада? Аниқроқ айтсангиз-чи!

Савол-жавоб худди терговга айланиб бораётганини кўрган Озод раис, котиба аёл, сардор йигит тош қотиб қолишганди. Ора-сирада участкавойга нимадир демоқчи бўлишарди-ю, юрак ютиб сўз қота олишмасди.

— Ж-жавон тортмасида! — баттар тутилиб жавоб қилди Наимқул.

— Қизиқ, адашмасам, кўч ташилаётганда жавон тортмасидаги буюмлар олиб қўйиларди. Наҳотки, сизнинг тортмангиз тўлалигича ташилган бўлса?

— Ҳ-ҳа, тўлайди. Й-йиғиштирмагандик-да!

Участкавой бу гапга эътибор қилмагандек мен томон ўгирилди.

— Ака, яхшилаб эсланг-чи! — деди у қовоқ уйиб. — Жавон тортмасида буюмлар бормиди ўша куни?

Дарров пайқадим. Сарвар ҳақиқитни юзага чиқармоқчи. Менга ачинаяпти. Наимқулга негадир ишонқирамаяпти. Лекин нима учун? Айтишларича, Наимқул обрўли одаммиш. Маҳаллага пул ҳам бериб турармиш. Шундай экан, нима учун участкавой унга қарши чиқаяпти? Бирор сабаби борми? Ё унда хусумати борми? Билмадим… Билмадим… Нима бўлганда ҳам кўзларим мошдек очила бошлади. Шу хона эшигидан кутилмаган эзгулик нури мўралай бошлаганини ҳис қилаяпман… Ҳа, ҳа, унинг гапи тўғри. Жавон тортмаси ҳеч қачон ичи тўла буюм билан ташилмайди. Тўкилиб-сочилиб кетмаслиги учун ичидаги буюмларни олиб қўйишади. Ўша куни ҳам худди шундай бўлганди. Тортмалар қуп-қуруқ эди. Буни аниқ эслайман. Шундай экан, нимага ҳақиқатни айтишга қўрқдим? Наимқулнинг кўзларига тик боқиб бор гапни айта олмадим?..

— Тортмалар бўм-бўш эди, — дедим беихтиёр бошимни кўтариб. — Ҳозиргидай эсимда. Ичида ҳеч вақо йўқ эди…

— Ана, кўрдингизми, — дея Наимқулга юзланди участкавой. — Энди раис бува, сизларгаям бир сирни айтиб қўяй. Бундан бир йил олдин мен ички ишлар бўлимида қаршингиздаги мана шу Наимқул ака билан рўбарў келганман. Вей, терговчининг олдига камбағал бир деҳқон йигитни судраклаб келиб, пул ўғирлаганликда айблаётган экан. Роса қирпичоқ бўлишди. Хўш, оқибати нима бўлди? Биласизларми?

Хонадагилар бу саволга жавобан елка қисиб олишди.

— Наимқул аканинг сири очилиб қолди. Бу одам туҳмат йўли билан камбағал, бўш-баёв йигитларни қул қилиб оларкан-да, кейин хумордан чиққунча эшакдай ишлатаркан. Хўш, Наимқул ака, тўғри гапирдимми ё адашиб кетдимми?

Наимқул аканинг аллақачон бўлари бўлибди. Ноҳақлигини тан ола бошладими, аъзойи бадани билинар-билинмас титрар, хонанинг уёғидан буёғига олазарак кўз ташлашдан нарига ўта олмасди.

— Гапиринг, ака, — бақириб юборди участкавой жаҳлини жиловлай олмай. — Шу одам ростданам пулингизни олганмиди? Агар олган десангиз, ҳозироқ бўлимга борамиз. Ўша ерда кўриб чиқишади бу ишни.

Наимқул ака яна бир муддат каловланиб турди-да, қўрқа-писа бошини кўтарди.

— Кечиринглар, — деди паст овозда. — Мен… Очиғи… Мухбирларда аламим бориди… Қачонлардир бир мухбир роса пўстагимни қоққан. Ўшанда… Аламимни оламан деб кўнглимга тугиб қўйгандим… Энди билсам, аҳмоқлик қилибман. Хом сут эмган банда эканман…

— Тушунмадим, — дея Наимқул акага қаттиқроқ тикилди участкавой. — Ҳали аниқ бир нарса демадингиз. Қодиржон ака ростданам пулингизни олганми-йўқми?

— Й-йўқ, олмаган… Илтимос, шу гап шу ерда қолсин, биродарлар!.. Ҳа энди ҳаммаям адашади-ку! Майли… Шу йигитни овора қилганимнинг бадалини тўлайман, ҳа, тўлайман! Қанча сўраса бераман!..

Наимқулнинг бу гапини эшитган Сарвар совуқ кулимсиради.

— Ака, кечирасиз-у, бу дунёда қадр-қиммат фақат пул билан ўлчанмайди.

— Узр, узр… Бошқа қайтарилмайди, қайтарилмайди!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...