ЖИНОЯТЛАР «ГУЛДАСТА»СИ БОТҚОҚҚА БОТИРИЛАДИ…

0

 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Капитал қурилиш бош бошқармасида ишловчи мансабдор шахс ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйлар оралиғида жойлашган 1 гектар бўш ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога расмийлаштириб беришни ваъда қилади ва эвазига 1 млн. 400 минг АҚШ доллари сўраган. Шу ҳақда ДХХ матбуот хизмати расман хабар тарқатган.

Хабарга кўра, ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ходимларининг шаҳар прокуратураси ва ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида мазкур шахс келишилган пулдан 50 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бундан ташқари Янгийўл туман ички ишлар бўлимининг майор унвонидаги масъул ходими маҳаллий фуқарони «Чинобод нефть база» масъулияти чекланган жамиятининг филиалларидан бирига раҳбарликка тайинланишида ёрдам беришини айтиб, бунинг учун ундан 50 минг АҚШ доллари талаб қилгани аниқланган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида у келишилган пулдан 10 минг АҚШ долларини Тошкент шаҳрида жойлашган Ички ишлар вазирлиги марказий госпитали ёнида олаётган вақтида ушланган.

Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу ноқонуний ишларга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани хабар қилинмоқда.

Шу нарса тайинки, жиноятлар «гулдаста»лари албатта ботқоққа ботирилади, иншооллоҳ!

 

loading...