ҚАРШИДА ИЧИМЛИК СУВИСИЗ ҚОЛГАН МАҲАЛЛА КАРАНТИНГА ОЛИНДИ…

1

 

Қашқадарё вилоятининг айрим туманларидаги маҳаллалар коронавирус инфекцияси сабаб «қизил» тоифага ўтказилди. Уларнинг ичида ичимлик суви йўқ бўлган Қарши шаҳридаги «Қарлиғбоғот» маҳалласи ҳам бор.

2020 йил 3 июлдан Қашқадарё вилоят махсус комиссияси қарори билан коронавирус инфекцияси қайд этилган Ғузор, Қарши, Косон тумани ва Қарши шаҳридаги бир неча манзиллар «яшил» ҳудуддан «қизил»га ўтказилди.

Махсус комиссия қарорига кўра, «қизил» ва «сариқ» ҳудудларда соат 07-00дан 23-00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23-00 дан 07-00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади.

Бунда фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги, ҳомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига рухсат берилади.

«Мазкур чекловларга риоя этмаганлар, карантин талабларини бузган деб ҳисобланиб, белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади», дейилади вилоят ахборот хизмати хабарида.

Карантин боис Ғузор туманида автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши қатъиян тўхтатилади. Транзит орқали ўтиб кетадиган юк машиналари бундан мустасно эканлиги айтилган.

Инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида, вилоятда 4 июлдан сув ҳавзалари (дарё, сой, каналлар)да чўмилиш ва дарё бўйларида (айниқса, Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманлари тоғли ҳудудларида) ҳордиқ чиқариш вақтинчалик таъқиқланади.

Қизил олинган ҳудудлар ичида Қарши шаҳридаги ичимлик суви муаммосига дуч келган «Қарлиқбоғот» маҳалласи ҳам бор.

Nasafnews.uz ахборот порталининг ёзишича, ёзнинг жазирамасида Қарши шаҳридаги «Қарлиқбоғот» маҳалласидаги Посбонлар, Имом Бухорий, Узун зовур, Элбек, Баҳор, Хужаобод, Лангар, Қуйибоғот, Одина мачит, Улуғбек юлдузи ва Жалолиддин Мангуберди кўчаларида ичимлик суви муаммо бўлиб турибди.

«Водопровод қувурларидан сув оқмай қўйганига анча бўлган. Аҳоли иссиқ ёз чилласида ичимлик сувини четдан ташиб келиб истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда», дейилади хабарда.

Журналист Фахриддин Бозоровнинг Посбонлар кўчаси 37-уйда яшовчи отахон Нормурод бобо Турсунов ва келини Нигора Рўзимуродова таяниб ёзишича, сув йўқлиги туфайли аҳоли ҳовлисида қўлбола ҳовуз қуришга мажбур бўлишаяпти. 5,5-6 тонна сув сиғимига эга бундай ҳовузларга сув сотиб олиб қуйиш ўртача 75-80 минг сўмга тушаяпти.

Нормурод бобо хонадони ҳам ҳовузи йўқлиги учун челакларга, «баклажка»га ва 50-60 литрли сув идишларга «водовоз»дан сув сотиб олиб, тирикчилик қилишяпти. 800 литр сув 30 минг сўмга тушяпти. Бу бир ҳафтага етмаяпти.

«Ичимлик суви бизда жуда катта муаммо бўлиб турибди. Чунки водопровод қувурларидан онда-сонда келаётган сув аҳоли эхтиёжини сира қопламаяпти. Ҳатто 10 дан зиёд кўчада қувурлардан умуман сув оқмаяпти. Бу ҳақда тегишли ташкилот мутасаддиларига мурожаат қилишдан камимиз қолмади. Улар бизга тайинли жавоб бера олишмаяпти. Билганимиз маҳалламиз 2022 йилда «Обод маҳалла» дастурига тушибди. Сув қувурлари ҳам шу дастур ижроси доирасида таъмирланиши мумкин», – дейди Қарши шаҳридаги «Қарлиғбоғот» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қундуз Бобоназарова.

Машиналарнинг ҳаракатланиши чекланадиган карантин вақтида бу маҳаллада сувсиз қолган аҳолини сув билан таъминлаш чоралари ҳақида мутасаддилар ҳозирча ҳеч нарса дейишмаяпти.

 

 

loading...

1 ТА ФИКР

  1. Қарши шаҳрида сув йўқлиги бу янгилик эмас, Қарлиқхона маҳалласида бир неча йиллардан буён ёз ойида ичимлик сувини ҳовузимизга сотиб оламиз, ювиш, чайиш, томорқани суғориш ишлари учун ер остидан мотор ёрдамида чиқарамиз. Лекин ичимлик суви учун куз ойидан бошлаб, масъул мутасаддилар эшигимизни таққиллатиб келиб ичимлик сувининг пулини ҳар доим, ҳар ойлигини олиб кетади.

Comments are closed.