Ўзбекистонда яқин кунларда коронавирусга қарши самарали дори ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши кутилмоқда

0

Коронавирусга қарши фойдаланилаётган «Ковипир» номи остидаги фавипиравир фаол моддаси асосида тайёрланадиган дори воситаси Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилиши мумкин. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазири маслаҳатчиси Исажон Султонов айтган маълумотларга асосланиб Kun.uz хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган «Nobel Pharmsanoat» компанияси ҳозирда фавипиравир фаол моддаси асосида дори воситасини ишлаб чиқаришни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини бошлаган.

Дори воситасини ишлаб чиқариш бўйича батафсил маълумот Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги сайтида ҳам келтирилган.

Жумладан, компаниянинг сифат бўйича директори Шамшод Шариповга кўра, ушбу дори воситасининг патенти Япониянинг Toyama Chemical компаниясига тегишли ҳисобланади.

«РНК сақловчи вирусларга (грипп, риновирус, нафас олиш тизими вируслари ва бошқалар) қарши кенг таъсир доирасига эга ушбу дори воситасининг коронавирусга қарши ижобий таъсири исботланган бўлиб, 2020 йил февраль ойидан бошлаб Японияда коронавирусга чалинган беморларни даволашда қўллана бошланган.

Шу ойнинг ўзидан бошлаб Хитойнинг Zhejiang Hisun Pharmaceutical компанияси уни «Фавилавир» савдо номи остида ишлаб чиқаришни бошлади. Россияда эса май ойидан эътиборан «Авифавир» номида «ХимРар» ва Россиянинг инвестиция фонди ҳамкорлигида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди», – дейди у.

Қўшимча қилинишича, «Ковипир» дори воситаси энг аввало Ўзбекистон эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилади. Шунингдек, уни хорижга экспорт қилиш ҳам режалаштирилмоқда.

loading...