Вирус ўта хавфли босқичга киргани ҳақида бежиз ваҳима тарқалмаган, унинг асоратлари бор…

0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бежизга коронавирус ўта хавфли босқичга киргани ҳақида ваҳима тарқатмаган экан. Ҳақиқатан ҳам вазият борган сари оғирлашяпти.

Хорижни қўя турайлик, Ўзбекистондаги аҳвол ҳам қувонарли эмас. Касалларнинг умумий сони 10 мингдан ошди. Сўнгги тўрт кун ичида бу кўрсаткич 1239 кишига кўпайди. Энг ёмони, уларнинг 400 нафардан кўпроғи аҳоли орасидан аниқланган. Янада ёмони, бу кўрсаткичнинг катта қисми Тошкент шаҳрига тўғри келган. Ўтган уч ой давомида ўлим ҳолати 26 бор юз берган бўлса, июлнинг дастлабки олти кунида бу рақам 9 кишига кўпайди.

Президентимизнинг қайта-қайта мурожаат қилишларига, қатъий чекловларга қарамай, ҳамон карантин талабларига риоя қилмаяпмиз. Оралиқ масофани сақлаш, юзга ниқоб тақиш каби оддий талабларни эплаб бажаролмаяпмиз. Худдики, бизнинг соғлигимиз фақат давлатга керакдек.

Тўғри, ҳукуматимиз ўлимни камайтириш, касалларни даволаш учун нимаики зарур бўлса қиляпти. Бугун ўрта аҳволдаги бир бемор учун 32 миллион, жонлантириш бўлимидагилар учун 64 миллион, 14 кунлик карантиндагилар учун 2,4 миллион, реабилитациядагилар учун эса 2,8 миллион сўм харажат қилиняпти. Аммо бу давлатнинг пули деб бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ. Чунки давлатнинг пули халқнинг пешона тери эвазига йиғилади.

Майли, давлат миллионларни сарфлаб, бир амаллаб касални оёққа турғазиши мумкин. Лекин унинг асоратлари наҳот бизни ташвишлантирмаса…

Шифокорларнинг аниқлашича, касалликдан халос бўлган аксарият беморларда қалқонсимон безнинг яллиғланиши, ўпка фаолияти тўла тикланмаслиги ва чандиқлар пайдо бўлиши, қон айланиш тизимининг бузилиши, нафас қисилиши, сурункали касалликлар кучайиб, яна ўлим хавф солиши мумкин экан.

Ижтимоий тармоқларда ҳар куни эшитяпмиз, кўряпмиз. Наҳот қўшни Қирғизистондаги ҳолатлар бизни ташвишлантирмаса?! Ҳатто Президентнинг ўзи ОАВ орқали тизгин назоратдан чиққанини расман маълум қилди. Касалларни даволаш учун халқдан пул йиғилаётган экан. Қозоғистонда эса бугундан бошлаб яна 14 кунлик карантин чеклови жорий этилди. Ҳиндистонда коронавирусдан қурбон бўлганлар қандай аянчли ҳолатда дафн қилинаётгани наҳот кўзимизни очмаса?! Ахир жонимиз аввало ўзимизга керак эмасми?!

Азиз ватандошим, кўчага чиққанда, одамлар билан мулоқотда бўлганимизда кўз олдимиздан бир-бир ота-онамиз, жигарларимиз, гулдек фарзандларимизни ўтказайлик. Карантин талабларига қатъий амал қилайлик, бошқаларни ҳам шунга мажбур қилайлик.

Жаҳонгир ЗИЯЕВ,
ЎзМТДП депутати

(ЎзА)

loading...