Коронавирусдан кейин ўпка қандай тикланади? Пульмонолог бу ҳақда изоҳ берди

0

COVID-19 касаллигини бошидан кечирган кишилар ўпкасига жиддий зиён етиши мумкин экан. Бу нималарда намоён бўлиши ва ўпканинг тикланиши қай тарзда кечишини таниқли пульмонолог, Россияда хизмат кўрсатган шифокор Александр Карабиненко тушунтириб берди.

«COVID-19 коронавируси нафас йўли тизими фаолиятини қийинлаштирадиган ва ўпкани шикастлантирадиган хасталикдир. Бугунги кунда дунё бўйича ушбу офатга дуч келгани аниқланган кишилар сони 7 миллиондан ошиб кетди, уларнинг 3 миллиондан ортиғи соғайди. Минг афсуски, вирусни енгиб ўтган инсонларнинг кўпчилигида бошқа муаммолар пайдо бўляпти», дейди Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий тиббий тадқиқотлар университети профессори Александр Карабиненко.

«Коронавирус инфекцияси тушган ўпкада, ўпка яллиғланиши билан кечадиган бошқа хасталикларда бўлгани каби, фиброз ўзгаришлар кузатилади. Пневмониянинг оғир шаклида, шунингдек, ўпканинг тез-тез хуруж қиладиган сурункали обструктив ҳамда интерстициал касалликларида ҳам худди шундай ҳолат қайд этилади. Инсон организмида намоён бўладиган бундай тизимли ўзгаришлар муайян аъзо тикланиши учун узоқ вақт талаб этади», — сўзида давом этади мутахассис.

Ўпканинг “COVID-19”дан сўнг тикланиши 2009 йилда юз берган глобал пандемия — N1H1 чўчқа гриппидан кейинги жараёнга ўхшаб кетади. Карабиненко ўша пайтда беморлар қандай тиклангани ва бу борада ҳозир қандай ҳаракат қилиш лозимлигига ҳам тўхталиб ўтган.

«Режимни мустаҳкамлайдиган нафас гимнастикаси зиён қилмайди, бундай ҳаракатларни бажариш мумкин. Фақат шикастланган органни тизимли равишда тиклашга йўналтириладиган айни жараённи “COVID-19”га учраган ҳар бир одам ўз жисмоний имконияти, индивидуал қобилиятидан келиб чиқиб ташкил этиши зарур. Батамом соғайиб кетиш учун, энг муҳими, муайян вақт керак бўлади. Масалан, N1H1 чўчқа гриппидан кейинги фиброз шикастланишлар асорати аксарият беморларни яна 1.5-2 йил давомида безовта қилиб турган. Айримларда эса ўпканинг меъёрий фаолияти ҳалиям тикланмаган», — дея интервьюни якунлаган пульмонолог.

ЎзА

loading...