Қиз ҳамманинг олдида уялмасдан йигитнинг бўйнига осилди, йигит эса севгилисини кўтариб айлантирди… Бизга бундай янгича романтика керакми? (Видео)

1

Facebook ижтимоий тармоғидаги “Oʼzbekiston Respublikasi. Xalq fikri / Мнение народа” гуруҳи аъзоси Фарход Исмаилов «Янги талқиндаги Ўзбекона романтикага қандай қарайсиз?» сарлавҳаси остида видео пост жойлаштирди.

Унда тасвирланишича, кўзи боғланган қизга йигит гул ва яна бир қанча совғалар беради. Охирида эса иккала ёш ўз меҳр-муҳаббатини барчанинг олдида очиқчасига намоён этади.

Ушбу ҳолат жуда кўпчилик юртдошларимизнинг танқидига сабаб бўлди. Улардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Марҳамат Пулатҳожаева:

– Аввал бу йигит шу кунларга етказган ота-онасининг пойига бош эгиб, кейин романтика қилса бўларкан, шунда янаям романтика бўларди-да, айтишади-ку ота-она рози – Аллоҳ рози деб.

Клара Исаева:

– Ҳечам ярашмабди, бизларга тўғри ҳам келмайди бундай бачкана қилиқлар!

Нилуфар Восиқова:

– Бизларнинг мусулмончилигимизга тўғри келмайди бунақа кўз-кўз қилиб қизни ҳамманинг олдида кўтариб айлантириш

Азамат Маджидов:

– Инсонлар хорликка тушгандан кейин шундай бўлади. Европанинг маданиятини олиб киргандан кейин аҳмоқ куёв ўз танмаҳрамини реклама қилади. Қани рашк, қани ҳамият, қани эркакдаги ғурур, қани ор номус, қани ибо-ҳаё? Кўчадаги ит ҳам ўз олдидаги модасини ҳимоя қилади. Қанақа эркаксан, ўзингни аёлингнинг рекламасидан бери келмайсан? Мана бу ҳақиқий хорлик! Яна ҳар хил бало-қазо келганидан ҳайратдамиз.

Ирода Тураева:

– Кераги йўқ бунақа изҳор! Қиз уялмасдан йигитнинг бўйнига осилишини! Конькида учгандай айланиб кетишди. Қиз ўлгур ўлай деб турган экан-да.

Фотима Инагамова:

– Булар ҳар хил давлатларнинг сериалларини кўп кўриб юборишибди.

Фотима Юнусова:

– Ғирт жиннилик! Ўзбеклигимизга, урф-одатларимизга путур етмасин.

Алимджан Икрамов:

– Бошқаси буни кўриб қиз уйининг ойнаси тагида катта ансабль олиб келиб серенада айтади. Мана шунақалар дастидан урфларга янгилик кириб келади.

Муқаддас Ҳамраева:

– Шунча негатив. Ўзбек халқи ҳеч бировнинг бахтини кўролмайди-да. Қанча оилалар шунақа негатив фикрларни деб бузилиб кетяпти. Қувончли дамлар камлиги умрнинг қисқалигига олиб келади. Романтикаси кўп давлатларда одамлар 80, 90 ёшгача етади. Бизда 60.

Жавоҳир Ҳасанов:

– Йигитлар, илтимос сизлардан, бундай ишлар қилманглар, эркак деган номга доғ туширманглар, нима қиласан, «эркак», Европа маданиятини Ўзбекистонга олиб кириб?

Қодиржон Нортожиев:

– Бунақа шармандаларга минг лаънат, ҳақиқий бузғунчилар худди шулар. Вақтида эътибор қилинмаса, бу оддий ҳолга айланиб, бундан баттар шармандали ҳолатларни ўйлаб чиқаришади.

Холида Мингарипова:

– Тавба, қанақа оилада тарбия кўрган экан-а булар? Ота-онаси қаерга қараяпти?

Шоҳ Жаҳон Маматов:

– Эркаклар, оиламизга эътиборли бўлайлик. 30 йил боқиб катта қилган ота-онасига эгилиб битта гул бермагандир. Қизга эгилиб узук тақиб қўйяпти. Европанинг орқасидан кетишяпти бунақа инсонлар.

Шоҳида Мамирова:

– Ота-боболаримиздан қолган урф-одатлар қаёқда қолди? Шармандаликнинг бир тури бу, уятсизлар…

* * *

Тасвирдаги ҳолат юзасидан айтар сўзимиз, бизга янгича Ўзбек романтикаси керак эмас! Шундоғам оммавий маданият ёппасига бизнинг келажагимиз ҳисобланган ёшларни забт этмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги порнографик сайтлар, санъаткорларнинг кийиниш маданияти, жамоатчилик орасидаги сўзлашув тили, фарзандининг тарбиясига лоқайд ота-оналар – буларнинг ҳамма-ҳаммаси биз орзу қилаётган келажакка путур етказмоқда. Ўзлигимиздан жудо қилмоқда!

«Янгича романтика»ни тасвирга олган инсон ўйладимикин, бу ҳолат қанчадан-қанча ўсмир йигит-қизларга таъсир қилиши мумкин дея? Эътибор берилса, атрофда кичик ёшдаги болалар ҳам бор. Балоғатга етгач, улар ҳам бу каби кулгили ҳолатни такрорлагиси келмасмикин?

Нима бўлганда ҳам ўзлигимизни йўқотмайлик, азизлар!

Манижа БАҲРИЕВА,
журналист
(ЎзА)

loading...

1 ТА ФИКР

Comments are closed.