Россияда 16 ёшли футболчини машғулот вақтида яшин урди

0

Россия профессионал футбол лигасида иштирок этувчи «Знамая Труда» клуби машғулотида нохуш воқеа содир бўлди. Жамоанинг 16 ёшли дарвозабони Иван Заборовскийни яшин урди. Ёш футболчи омон қолди, аммо оғир аҳволда жонлантириш бўлимида ётқизилди, деб ёзмоқда «Kun.uz».

Тез ёрдам 8 дақиқада етиб борган. Унгача жамоа шифокорлари футболчига биринчи ёрдамни кўрсатишган ва шифокорларнинг айтишича, шу сабаб Заборовский омон қолган. Яшин ургач, дарвозабон нафас ололмай қолган.

«Машғулот вақтида осмонда бўрон хавфи йўқ эди, акс ҳолда биз машғулот ўтказмаган бўлардик. Ҳаво булутли эди, аммо ёмғир ҳам, шамол ҳам йўқ эди», дейди ТАСС мухбири билан суҳбатда клуб бош директори Игорь Майоров.

Шу ўринда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг яшин вақтидаги тавсиялари ҳақида. Россияда бундай вақтда ҳар қандай спорт машғулотлари билан шуғулланиш тақиқланган. Шунингдек, одамларга темир жисмлардан 20-30 метр узоқда бўлиш, уйда бўлганда деразага яқинлашмаслик ва электр жиҳозларга тегинмаслик тавсия қилинган. Кўчада бўлган одамлар имкон бўлса машинада яшириниши хавфсиз экани айтилади.

loading...