Смартфондан зудлик билан ўчириб ташлаш керак бўлган хавфли иловалар

0

Google Play’да жойлашган минглаб мобил иловалар фойдаланувчилар ҳаётини осонлаштиришга мўлжалланган, бироқ улар орасида потенциал қурбонлар ҳисобига яшаш мақсадида яратилган дастурлар ҳам мавжуд. Google мунтазам равишда зарарли дастурларни ўзининг дўконидан ўчириб ташлаш билан шуғулланиб келади. PhoneArena нашри гаджетларга ўрнатиш тақиқланган мобил иловалар ҳақида маълумот тўплаб тақдим этди, деб ёзмоқда «Daryo.uz».

Нашр Google охирги марта ўчириб ташлаган дастурлар рўйхати билан танишиб чиққан. Улар орасида машҳур фото ва видео таҳрирлагичлар, иш столи учун «обойлар», «шагомер»лар, смартфонни тозаловчи софтлар ҳамда бошқа оддий ўйинлар ўрин олган. Уларнинг айримлари ярим миллион мартадан ортиқ юклаб олинган.

Мазкур иловаларда зарарли код мавжуд бўлиб, улардан фойдаланувчининг ижтимоий тармоқдаги аккаунтига киришда фойдаланиш мумкин. Бунинг учун зарарли илова аккаунтга кириш учун фейк веб-саҳифага йўналтирувчи «ойнани» очади. Керакли маълумотлар олиниши билан дастур уларни белгиланган серверга юборади. Бу каби фирибгарликларга кўпинча Android’нинг кекса ёки тажрибасиз фойдаланувчилари дуч келади.

Айрим экспертлар зарарли кодга эга Android дастурлар сонининг кескин ошиб кетганини таъкидлайди. 2020 йилнинг биринчи чорагида Google Play’да 29 мингта хавфли илова топилган — бу 2019 йилга нисбатан икки баробарга кўп демак. Шунингдек, зарар етган смартфонлар сони ҳам 7 фоизга ошган (11,2 миллионга қадар). Киберхавфсизлик соҳасидаги мутахассисларнинг қайд этишича, 10 тадан 9 та зарарли дастурий таъминотни Google расмий дўконидаги иловалардан топиш мумкин.

loading...