СУСАННА… (54-қисм)

0

 

 

* * *

 

Ташқарида зулмат ва қаҳратон шарпаси одамни еб қўйгудек изғирди.

Рашк, алам, нафрат кўксимни кемирганча ўзим ва қора қисматим учун сўнгги манзарага гувоҳ бўлиш хаёлида анҳор бўйлаб кетавердим. Қобилжон қур-қур ғингшиб қўяр, уни тинчлантириш мақсадида қаттиқроқ қучардим.

Шу тахлит беш юз метрча нари кетдим. Изғирин заҳри оёқларимдан ўта бошлади. Аммо ортга қайтиш, тақдирга тан беришни сира хоҳламасдим. Қандай бўлмасин, ўша аблаҳ, ифлос эркакнинг кўзларига тик боққан ҳолда Сусаннани қучган, эркалаган қўлларини синдириш, муҳаббат изҳорлари кўпирган тилини суғуриб олиш илинжида дадил юриб борардим.

«Кўрдингми, — дердим хаёлан кўксимга бош қўйиб ухлаётган ўғлимга. — Ёмонлар иккимизни айирмоқчилар. Сени бахтсиз қилмоқчилар. Кўплашиб ғуруримизни оёқости қилишни мўлжаллашибди. Устимиздан кулишибди. Кўзларимизга тик боқиб бизни алдашибди. Йўқ, йўқ, сен қўрқма. Уларнинг адабини берамиз. Агар биз адабларини бера олмасак, Худонинг ўзи жазолайди ундайларни. Чунки биз ҳақмиз. Сен ва мен фақат яхшилик учун яшамоқдамиз. Қалбларимиз тоза, пок. Ҳеч кимга ғаразимиз йўқ. Шундай экан, нега ўзимизни, эркаклик ғуруримизни ҳимоя этолмаслигимиз керак? Ҳимоя қила биламиз. Ҳозир ўзинг кўрасан. Биз барибир ғолиб бўламиз!..»

Бир маҳал анҳорнинг нариги тарафида қандайдир қора шарпага кўзим тушиб таққа тўхтадим. Шарпа анҳордан анча нарида эди. Тинимсиз уёқдан-буёққа бориб келарди.

У Сусанна эканини дарров пайқадим.

Сувнинг шариллаши билан эшитмабман. Тўхтаб кузатиш асносида қулоғимни динг қилдим. Ҳа, у сукут сақламаётганди. Нуқул нола чекарди.

— Худойим, мени мусофир юртларда қандай кунларга солаяпсан? Бу ерларда кимим бор, ахир? Ишонганим, тоғим деб суянганим менга туҳмат тошларини отиб чарчамаса! Кимга суянай? Кимга ишонай? Кимни ишонтирай? Нега мен ғариб-у нотавонга раҳм қилмайсан? Сенга нима ёмонлик қилдим?

Менга бу зорланишлар умуман таъсир этмасди. Кўнглимга илиқлик солмасди.

Жонҳолатда кўприк орқали анҳорнинг нариги юзига ўтдим-да, Сусаннага ўшқирдим.

— Ҳа-а, келмадими кутганинг? Алдадими? Яна қўнғироқ қилиб кўр! Балки бошқа бир жононникида ушланиб қолгандир?

— Ўчиринг чакагингизни! — қичқирганча келиб қўлимдан Қобилжонни юлқиб олди Сусанна. — Қачон одам бўласиз ўзи? Мен сизга кимман ўзи? Бирор буюмми ё хотинми?

— Ўзингни оқлаб қолдингми энди? — бўш келмадим мен ҳам. — Сиринг очилиб қолдими?

Сусанна аслида табиатан оғир-босиқ, кучли иродали аёл. Менинг илмоқли сўзларимни эшитгандан сўнг бироз бўшашди. Кўзларида нафрат учқунлаганча фарзандимни қаттиқроқ босган ҳолда менга яқинлашди.

— Сиз бир гапни эшитганмисиз? — сўради у титроқ аралаш. — Айтинг, эшитганмисиз?

— Менми? — унга нисбатан нигоҳларим баттар совуқ тортиб саволига савол билан жавоб қайтардим. — Ҳа, эшитганман ва кўрганман. Сен бошқасига ўтли жилмайиш қилганингни кўрганман. Ўша ифлосга кулиб сўзлашингни эшитганман.

— Аблаҳ экансиз! — дея юзини терс бурди Сусанна. — Шу кунгача сизни зиёли, тушунган, бошқаларга ўрнак бўла оладиган одам деб билардим… Ҳурматим, муҳаббатим, меҳрим чексиз эди. Мен-чи, ўзимни ахлатхонадан топмаганман дуч келганнинг қўйнига кириб кетавериб, билдингизми? Ўзимнинг қадримни, ўрнимни жуда яхши биламан…

— Шунақами? Хўп, унда ким эди ўша эркак? Гапир ростини!

— У… — Сусанна негадир тутилиброқ сўз бошлади. — У одам марҳум биринчи эримнинг акаси эди, инсон! Жуда обрўли, эътиқодли, ажойиб одам! Мен ўша билан гаплашиб тургандим. У-чи, менинг турмушга чиққанимни эшитиб, қувонганидан терисига сиғмай кетди.

— Нега ўша куниёқ менга айтмадинг унда?

— Қандай айтай? Гўрдаги эримнинг акасини кўрдим дейми? Бунинг сизга нима қизиғи бор эди?..

— Шунақа дегин? — мен ўзим сезмаган ҳолда маъюс тортиб қолгандим. Чунки Сусанна марҳум эри ҳақида менга кўп гапирган. Қариндош-уруғларининг оқибатлилиги ҳақида тўлиб-тошиб ҳикоя қилган. Айтишича, уларнинг ҳаммаси эътиқоди кучли одамлар экан…

Шу сўзларини ёдга оларканман, беихтиёр ўзимдан ўзим нафратланиб кетдим.

Юрагимни эгаллаб, ғужғон ўйнаган файзсиз, хосиятсиз рашк ҳиссини хаёлан қарғай бошладим. Шу орада яқин ўтмишимни эсладим.

Биз илк бор танишган кунларимизда мана шу аёл — суюкли боламнинг онаси, менга бутун борлиғини бағишлаб улгурган ёстиқдошим бир ҳовуч ундан қозончада нон пишириб, устига помидор ва пиёз қовуриб босган-у, дастурхонга қўйган. Ўша нонларни иштаҳа билан еганмиз. Сўнгра биргалашиб Яратганга беадад шукрлар қилганмиз. Негаки, ўшанда бизнинг турли мазали таомлар пиширишга пулимиз йўқ эди…

Ажабланарлиси, у шу кунгача бир оғиз таъна қилмаган. «Сенга тегиб ит кўрмаган кунларни кўрдим» дея аюҳаннос солмаган. Мен-чи?.. Нима қилиб қўйдим? Шундай оқила, хосикор, муштипар аёлни туҳмат ботқоғига ботириб ўтирибманми? Сусаннадек бир қошиқ сут билан ютгулик ёримга мана шу анҳор бўйида қаҳратон азобини чектирдимми? Қандай қабиҳлик! Қандай бедодлик!..

Хижолатдан бошим эгилиб бир муддат нима дейишни билмай гарангсиб қолдим. Сусаннани қандай юпатиш, кўнглига йўл топишни билмай ҳайрон бўлдим.

У эса аччиқ-аччиқ йиғлар, хўрсиниқлар исканжасида аъзойи бадани кўтарилиб-кўтарилиб тушарди.

— Мени кечир, — дедим ниҳоят ўзимни қўлга олиб. — Аҳмоқ ва пасткаш эканман. Рашк кўзларимни кўр, қулоқларимни кар қилиб қўйибди. Сендай садоқатли, хокисор аёлни туҳматга булғадим. Кечира олсанг, кечир!..

Сусанна бу гапларимни эшитиб, йиғлашдан тўхтади ва кўксимга бош қўйди.

— Неча йилдан бери менинг кимлигимни билмаганмидингиз? — деди у хўрсинишдан тийила олмай. — Бирор марта хиёнат қилганимни, бегона эркакка қайралиб қараганимни кўрганмидингиз?

— Й-йўқ, албатта, ҳеч қачон… Кечир! Хом сут эмган банда эканман.

— Агар билсангиз, — давом этди Сусанна. — Марҳум эрим йиллаб мени ёлғиз ташлаб бошқа юртларда санғирди. Шундаям жимгина яшаганман. Бегона эркакларга кўз олайтирмаганман. Чунки мен…

— Жим! — унинг лабига кафтимни босдим. — Бас! Акс ҳолда афсусдан ёрилиб ўламан, жоним! Ишон, сенга сўз бераман! Мана шу ёлғиз фарзандимиз, ҳов анави шариллаб оқаётган анҳор ҳаққи, ҳеч қачон сени ноҳақ айбламайман! Сени… Севаман, ардоқлайман, еру кўкка ишонмайман, керак бўлса пойингда тиз чўкаман. Аммо туҳмат қилмайман! Сени йиғлашга, дард чекишга мажбур этмайман!..

Шундай деб Сусаннанинг қўлидан Қобилжонни олдим. У бўлса тирсагимдан тутган кўйи итоат билан менга эргашди.

Мен жуда-жуда бахтиёр эдим!

 

* * *

 

Оламни тун пардаси чирмаб, катта серқатнов йўлда машиналар, ўткинчиларнинг уни ўчибди ҳамки, мен кўз юмай демасдим. Негадир шу кеча Қобилжон уйқусини йўқотибди. Осойиш топа олмаганиданми, нуқул ўйнагиси, эркалангиси келаверди.

Унинг мен ва Сусаннадан бўлак меҳрибони бормиди. Жонимизни жабборга берсак-да, ёлғизимиз мамнун бўлсин, йиғлаб азобланмасин, меҳримизга қонсин деймиз.

Уни навбатма навбат хона айлантириб эркалар, ҳар қийқириб кулишини, ўзича нималардир дея сўзлашга интилишини кўрганда қувончдан тўкилай дердик.

Ўғлимга қараб туриб раҳматли бувим Жаннат момо ёдимга тушди. Бувижонимнинг маҳзун сиймоси, қордек оппоқ сочлари, мункайибгина қолган жуссаси кўз ўнгимда гавдалгани ҳамоно кўнглим алланечук бўлиб, ўпкам тўлди. Болаликнинг ўзим тўймаган, қонмаган орзиқишларга бой лаҳзалари бағримни эза бошлади.

Бувижоним жуда бошқача эди. Негадир тоғам, холаларимдан кўра менга кўпроқ меҳр бергиси келаверарди. Мени еру кўкка ишонмас, толиқиб, қийналиб қолишимдан қўрқиб оғир юк кўтаришга ҳам қўймасди.

Болалигимда нимжон бўлганим боис кўчада болалар билан уришиб калтак есам, меҳрибон бувижоним кексалигига қараб ўтирмай қўлига ҳассасини оларди-ю, мени дўппослаганларнинг уйига жўнарди.

Мактабдан келишимга қаймоқ шўрва пишириб қўярди. Суюқ овқатни хушламаганимни билгани сабабли билқиллаб қайнаётган шўрвага нон бўктириб қўярди.

Бувижоним шундай овқатлар жони дилим эканини биларди.

Ўша пайтларда «шоир»лигим тутиб дўнгликларга қўлимда қоғоз-қалам билан чиқиб кетаётганимни кўрса нуқул алқарди. Маҳкам бағрига босарди-ю, «Менинг болам албатта раис бўлади» дея эркаларди.

Ҳа, раислар жуда билимли, зиёли одамлар бўлишади деб ҳисобларди бувижоним.

Бувижоним совуқ сув ўрнига ҳамиша қайноқ чой тутқазарди. Шамоллаб қолишимдан, азобланишимдан чўчирди. Башарти касаллансам, бувижоним учун гўё қиёмат қойим бошланарди. Тунлари ухламай тепамда ўтириб чиқарди. Мурғак қалб эгаси бўлсам-да, бувижонимнинг тепамда ўтириб юм-юм йиғлаганларини кўп кўрганман.

Айниқса, Тожи хола деган кампир билан бўлган воқеани эсласам, бувижонимни баттар соғинаман, юрагим орзиқаверади.

Орзи хола олтмишдан ошган жиккаккина кампир эди. Сира уйида оёқ узати-иб ўтирганини кўрмасдик. Қачон қараса, қўни-қўшниларникига қатнагани қатнаган эди. Бошқалар каби шунчаки кирди-чиқди қилса майли. Тожи хола бир қўшниникидан янги гап олиб, иккинчи қўшниникига таширди. Шунинг учун ҳамма уни «тилпон кампир» деб атарди.

Кунларнинг бирида Тожи хола кимгадир «Шу Жаннат опагаям ҳайронман. Қодир етимчани намунча «папа»ламаса?» дебди. Бу бувижонимнинг қулоғига етди.

Йўқ, Тожи холаникига жўнаб қолмади. Жанжал кўтармади. Вақт хуфтондан ошганда ҳовлига чиқди-да, дод солиб йиғлади. «Илоё неварамни етим деганларнинг уйи куйсин! Етим боламнинг уволи урсин, илойим! Қопи донга тўлмасин!» дея қарғаниб-қарғаниб йиғлади…

Бувижоним ўша тун ухламади. Кўз ёшлари қуриб, бироз тинчлангач, мени бағрига олди-да, тонгга қадар ток остидаги сўрида ўтириб чиқди.

Бувижоним ўша-ўша Тожи хола билан кирди-чиқди қилмади.

Ана шу меҳр менга ҳам бувижонимдан ўтган шекилли. Қобилжоним кўз юммадими, тамом, оромга бегона бўлмоқдаман. Бир қалбан хавотирдаман, бир қиқирлаб кулганига гувоҳ бўлсам, қувончдан ёрилай демоқдаман…

Хайрият, Қобилжон тонгга яқин чарчаб ухлаб қолди. Шундан кейингина Сусанна иккаламиз пича тинчлангандек, каравотга ёнбошладик.

Эрта тонг экан. Кимнингдир юзимни оҳиста тирмалаётганидан уйғониб кетдим.

Не кўз билан кўрайки, Қобилжоним ёнимда чалқанча ётганча бир қўли билан юзимни тирмаларди.

Билмадим… Болам дунёга келгандан бери илк бор юзларимга қўл юборганди.

Қувонганимдан ҳайқириб юбораёздим. Ахир… Менинг болам, орзум, армоним кап-катта бўлибди. Отасини таниб уйқудан уйғотмоқда. Қўлимга олишимни, эркалатишимни, қучиб-қучиб суйишимни сўрамоқда.

Ҳаяжоним ичимга сиғмай шоша-пиша дилбандимни қўлимга олдим-у, маҳкам бағримга босдим.

Қобилжон гўё шуни кутиб тургандек қиқирлаб кула бошлади. Мен бўлсам, севинчимни Сусанна билан баҳам кўриш ниятида ошхона томонга бўйладим.

У деворга суянганча тек қотиб турар, нигоҳлари маъюс, кўзларидан шашқатор ёш думаларди.

Ҳайрон бўлдим. Нима бўлди унга тағин? Наҳотки, яна бир муаммо чиққан бўлса бу уйда? Нима учун йиғлаяпти? Ўғлимиз соппа-соғ бўлса. Ё ҳануз менинг ўша хурмача қилиғимни унута олмадими? Рашкчи эрдан безорми? Мендан қаттиқ ранжидими?

Ана шундай саволлар қуршовида Сусаннага аста яқинлашдим. Суюклигим икки қўлини кўксига қўйган кўйи ер чизарди.

— Сенга нима бўлди? — сўрадим эҳтиёткорлик билан. — Йиғлаяпсанми?

Сусанна илкис бошини кўтарди-да, менга маҳзун боқди. Сўнгра ғижимланган, ҳийла эскирган бир парча қоғозни узатди. Мен шоша-пиша қоғозни қўлимга олдим-у, кўз югуртирдим. Тилхат экан.

— Ие, бу анави каззобнинг тилхати-ку!..

Шундай дедим-у, дарров рангимнинг қони қочди. Кўз ўнгимда тишлари қинғир-қийшиқ, ёқаси совун кўрмаган каби доим кир-чир кўйлакли, гапирганда оғзидан нос ҳиди уфурувчи Сотим гавдаланди. У бир неча йил олдин бизга мана шу каталакдеккина уйни сотган, аммо пулни олибоқ қаергадир номаълум тарафга қочиб қолган. Пулни олаётиб, мана шу тилхатни қолдирганди…

Аччиқ ва аламли хотиралар миямга урилиб, юрагим сиқилди. Пешонам тиришиб, муштларим тугилди. Оёқларим ўзимга бўйсунмай, беихтиёр дераза томон юрдим.

— Эсингиздами, биз ўшанда жудаям бахтиёр эдик? — сўради Сусанна йиғи аралаш дардимга дард қўшиб. — Уйли бўлдик, энди кўчманчилардек ҳаёт кечирмаймиз, бировдан кам еримиз қолмади, бошимизни баланд кўтариб яшаймиз деб роса қувонгандик. Азбаройи ҳовлиқиб қолганимиздан шу ярамаснинг бир оғиз ваъдасига ишониб катта пулниям қўлига тутқазворгандик!..

— Бас! — гапни кесдим бошимни чангаллаб. — Эсимда-а, эсимда!.. Нима қилай? Қай гўрдан топай уни?

Шундай дейишга дедим-у, юрагимни қайтадан ваҳима босди. «Бир кун келиб уйини тортиб олса-чи? Пулларимизни қайтариб бермаса-чи?» деган ўй вужудимни кемира бошлади. Шу ўй таъсирида ўзимни омонат бир буюмдек ҳис эта бошладим. Айниқса, Сусаннанинг қаршисида ўта ожиз, нотавон бандага айланиб қолгандек бўлдим. Тўғри-да, унга уйланаётганимда, кейинроқ ҳам қоп-қоп ваъдалар бердим. Ҳеч нарсадан кам кўрмай яшаши муқаррарлигига ишонтирдим. Аслида-чи? Аслида бунинг акси бўлиб чиқди. Мен бировнинг ойдек қизини бегона шаҳарда сарсон кезишга, қийинчиликлар, хўрликлар қаршисида бош эгишга маҳкум қилдим. Мени деб қай кўчаларга кирмади, не-не маломатларни бошдан кечирмади…

Нима қилай? Қайдан топай Сотим каззобни? Топсам нима бўлади? Қачон бу уйни расмийлаштириб беради-ю, яна бир тоғни елкамдан итқитиб ташлайман?

— Сен… Қайғу чекма, жоним, — бўларим бўлиб турса-да, ўзимда куч топиб Сусаннани овута бошладим. — Уни албатта топаман. Қочиб қаергаям борарди? Ундайларгаям Худонинг боққан балоси бор, ишон! Ҳаммаси яхши бўлади. Биз барибир ютиб чиқамиз…

— Мен сизга ортиқча юк бўлдим-да, — деди Сусанна йиғидан ўзини тиёлмай. — Агар мени учратмасангиз, уй-жойи бор бирор ўзбек қизини топардингиз. Манавинақанги сарсон бўлиб юрмасдингиз. Ҳар кунингиз асабий кечмасди.

— Етар! — дея унинг лабларини кафтим билан ёпдим. — Сен жинни бўпсан! Минг марта айтганман аёл кишига вассал бўлиш менга хос эмас деб! Ё эсингдан чиқдими? Мен-чи, аёлнинг миннатини ҳеч қачон кўтара олмайман. Қийналиб ўлсам ўлсам ўламанки, ўз кучим билан мақсадга эришишни хоҳлайман.

— Кечиринг, буёғини ўйламабман, — деди Сусанна дардли жилмайиш қилиб. — Сизга ишонаман. Бир кун келар, албатта ниятларингизга етасиз.

— Бўпти, сизлар ўтириб туринглар, — дея кетишга чоғландим мен. — Ўша ифлосни яна қидириб кўрай-чи! Балки топа оларман. Агар ер остига кириб кетмаган бўлса, албатта!

— Йўқ, ҳозирмас, — йўлимни тўсди Сусанна. — Яхшиси, кечқурун боринг! Ундайларни кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз. Ишга боринг, ишланг, кеч тушгандан кейин бориб келаверасиз!

— Шунақами? Хўп, унда нонушта қилайлик! Ишга кечикмай!

Сусанна секин келиб бир муддат кўксимга бош қўйиб турди-да, шу орада Қобилжоннинг юзидан суйиб ўпганча нонушта тайёрлаш ҳаракатига тушди.

Биламан. Сусанна қачон юракдан севинса, нимадандир кўнгли тоғдек кўтарилса, ҳеч қачон мана шундай кўксимга бош қўйиб эркаланишни канда қилмайди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...