Зулмат қаъридаги қинғирлик

0

Аббос улфатлари билан ярим тунгача туман марказидаги кафеда панжара ортидан қайтганини нишонлади. Энди ўттиздан ўтиб, қирққа яқинлашаётган Аббос бир неча бор судланиб, умрининг ярмини қамоқда ўтказган эди. Айниқса, охирги марта узоқ муддатга кетди. Қамоқда ўтган умрига ачинмас, бу ҳақида гап очилгудай бўлса: «Еб-ичаринг текин, маза қилиб юрибмиз-да», дерди. Ҳозир ҳам улфатлар билан ўтирганда шу тахлит гапларни айтди:

— Ҳаёт жуда зерикарли. Одамлар бутун умр чумолидай ишлаб, бола-чақа боқиб, ўзи учун ортиқча бирор нарса ололмай ўтиб кетади. Унинг боласи катта бўлади-ю, отасининг умрини такрорлайди. Хўш, бундан кимга фойда? Ҳаммаси беҳуда ўлиб кетади. Бу ҳаётда ўйнаб кулиб қолиш керак! Тушунарлими? Ўйнаб-кулиш!

Унинг ёнида ўтирган улфатлардан бири бу гапларни эшитиб, кулгидан қалқиб тушди ва тутиб турган қадаҳини тўкиб юборди. Кейин Аббосга юзланиб:

— Ўйнаб-кулиш деганда панжара ортида чириб, йўқ бўлиб кетишни назарда тутяпсанми? — деди ҳамон кулгидан тўхтамай.

Бундан Аббоснинг жаҳли чиқиб кетди. У ўрнидан даст туриб, сўзамолнинг ёқасидан олди. Бошқалар уларнинг ўртасига тушиб ажратиб қўйишди. Шундан сўнг улфатлар уй-уйига тарқашди. Уларни бирма-бир кузатиб қўйган Аббос яна ичкилик буюрди. Кафе хизматчиси эса:

— Аввал ҳисоб-китоб қилинг, кейин олиб келаман, — деди.

— Қанча бўлади, айт. Ҳозир бераман, — деб Аббос чўнтакларини кавлай бошлади. Аммо ҳадеганда қўлига бирор нарса илинмади. У аллақачон бор пулини сарф этиб бўлганди. Боз устига, улфатлар ҳам ҳамма харажатни Аббоснинг бўйнига ташлаб кетганди. Бундан асаби бузилган Аббос ўзини жиддий тутиб, хизматчига эртага пул олиб келиб беришини айтди, аммо хизматчи кўнмади. Аббоснинг кўзига қаршисида турган йигит нимжон бўлиб кўринди. У кафе хизматчисини бир туртиб, ўтиб кетмоқчи ва жуфтакни ростламоқчи эди. Аммо озғин, новча хизматчи анча чайир чиқиб қолди. У Аббоснинг билагидан тутиб, ўзига тортди. Аббос эса йиқилиб кетай деди. Тағин билаги шундай оғридики, гўё хизматчи уни омбир билан сиққандай эди. Бу курашда мағлубиятга учрашини билган Аббос ноилож ортига қайтаркан, қўпол сўкинди. Буни эшитган кафе хизматчиси:

— Нима? Яна бир қайтар! — деди.

Аббос ноқулай аҳволда қолди ва:

— Узр! Сизни сўкмадим. Анавилар кетиб қолибди. Ўшаларни сўкдим, ака! — деди муроса йўлини танлаб.

У ноилож ички чўнтагига яшириб қўйган бисотини чиқарди. Тилладан ясалган аёллар тақинчоғини хизматчига тутқазар экан:

— Бу яна уч марта ўтиришга етади, — деди.

Унга шубҳаланиб қараган кафе хизматчиси ҳамкасбини чақирди. Унга тақинчоқни бериб, кафе хўжайинига кўрсатишини айтди. Бояги йигит бир муддат йўқ бўлиб кетди. Сўнг Аббоснинг ёнида турган ҳамкасбига қимматбаҳо экан, дегандек ишора қилди. Аббосни тутиб турган йигит эса унга қараб:

— Икки кун муҳлат, агар вақтида келмасанг, буни сотиб юбораман, — деди.

Ҳақини ортиғи билан тўлаб қўйганидан бироз дадиллашган Аббос яна ичимлик буюрди.

Аббос кўчага чиққанида вақт алламаҳал бўлган, тўлин ой ёғду сочар, осмон қанчалик тиниқ бўлса, ҳаво жуда совуқ эди. Аббос бир-бир қадам ташлаб уйига йўл олди. У бирор йўловчи машина ўтиб қолса, ҳайдовчидан ўн чақирим наридаги уйигача олиб бориб ташлашини сўрамоқчи эди. Агар бундай жўмард дуч келмаса, йўл-йўлакай бирор жойда тунаб қолиши ҳам ҳеч гап эмасди. Аббос шундай ўй билан кетаркан, ортидан келаётган машина чироғи диққатини тортиб, қўл кўтарди. Ҳайдовчи уловини Аббоснинг ёнида тўхтатиб, олд эшикни очди ва:

— Чиқинг, — деди самимият билан.

Аббос салом бериб, машинага ўтиргач, улфатлар билан кўпроқ ўтириб қолганини, сахийлиги тутиб бор-будини кафега ташлаб чиққанини ва энди йўлкираси йўқлиги сабабли яёв кетаётганини айтди. Ҳайдовчи эса унинг манзилини сўради ва элтиб қўйишини айтди.

— Ўзи яхши одам эканингизни машинангиз чироғидан билгандим, — деди Аббос ҳазил аралаш.

Ҳайдовчи эса унинг гапига мириқиб кулди ва:

— Гапни ҳам роса топиб айтар экансиз! — деди.

Шу тариқа иккаласи чиқишиб кетди. Аббос ўзини Насрулло деб таништирган ҳайдовчининг иши, оиласи, умуман бутун ҳаёти ҳақида сўраб билиб олди. Насрулло Аббосдан тўрт ёш кичик экан. У тумандаги банклардан бирида юқори лавозимда ишларкан. Бу Аббосни яна қизиқтириб қўйди. Аббос ҳам шаҳардаги ишлаб чиқариш цехларидан бирида оддий ишчи эканини, куни билан боши қора меҳнатдан чиқмаслигини айтди. Тағин маоши камлиги учун кечки пайт қўшимча иш — темирйўл станциясида вагондан юк туширишини айтди. Аббос Насруллога уйини аниқ кўрсатишни истамай, кўча бошида тушиб қолди.

Ўша кундан бошлаб Аббос Насрулло ҳақида маълумот йиға бошлади. Ҳатто унинг маҳалласига бориб, уйини зимдан кузатди ҳам. У ишдан қайтгунча уйида хотини ёш болалари билан ёлғиз қолишини билгач, режасини яна ҳам аниқлаштирди. Насрулло ит боқмас экан. Бу унинг уйига бемалол кириб-чиқиш мумкин дегани эди. Энди фақат Насруллонинг ҳафтанинг айнан қайси кунлари кеч келишини билиш керак эди. Бунга ҳам аниқлик киритган Аббос кўнгли тўлиб, уйига қайтди. Бунгача киссавурлик орқасидан кун ўтказиб турган Аббос тез кунда бойиб кетишини ўйлаб, мамнун эди. Аммо харобага айланиб қолган уйига кириши билан дили хуфтон бўлди. Уй қоронғи, совуқ ва кимсасиз эди. Аллақачон хотини ташлаб кетган, аниқроғи, қамоққа унинг изидан бориб, жавобини олган эди. У панжара ортидан қайтганида хотини бошқа билан турмуш қуриб ҳам улгурганди. Аббоснинг фарзанди эса ўша кимсани ота деб чақирарди.

Аббос уйга киргач, электр токининг узиб кетилгани эсига тушиб сўкинди. Сўнг бу сафар пулларни ўйлаб харжлашни ва уйини бироз тартибга келтириб қўйиш ҳақида ўйлади. Кейин Насруллони эслади. У Аббосдан ёш бўлишига қарамай, ҳаёти тўкис: оиласи, яхши иши ва шунга яраша даромади бор. Энг муҳими, уни дўстлари кафе ёки ресторанда ўтиришганда ташлаб кетмайди. Тузини еб, тузлиғига тупурмайди. Аббос шу каби хаёлларга банд бўлиб, совуқ хонада ўраниб ётганча ухлаб қолди.

Эртаси куни кечқурун Аббос Насруллонинг уйига яқин келди. Ён-атрофни зимдан кузатди. Кўчада ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, девор ошиб ўтди. Оёқ учида юриб Насруллонинг оиласи ўтирган хонага яқин келди. Улар телевизор кўриб ўтиришарди. Аббос доимгидай овозсиз катта уйга кириб борди. У кўп йиллик тажрибасига таяниб, Насруллонинг қимматбаҳо нарсалари ва пуллари сақланадиган жойни тезда топиб олди. У анча-мунча пул ва қимматбаҳо тақинчоқларни олиб, жуфтакни ростлади. Аббос тўғри йўл қолиб, шудгор бўлган дала оралаб кетарди. Бир пайт қандайдир ўлаксани талашаётган итлар галасига дуч келди. Кўзи қоронғига мослашиб кетган Аббос аниқ кўрди: итлар далада ниманидир талашиб, бир-бири билан ғажишиб ётарди. Аббос итлардан нари юриш кераклигини билиб, йўлини ўзгартирди. Аммо айнан шу пайт итлардан бири ўлжани олиб, тўдадан олис кетиш учун Аббос томон югурди. Бошқалари унинг ортидан қувди. Аббос қўрқиб кетганидан жон ҳолатда қочди. Ўлжа изидан чопган итлар галаси ҳам унинг ортидан тушди. Итлар Аббосга қарамай, йўлнинг нариги тарафига ўтиб кетди. Катта тезликда келаётган машина эса итларни уриб юбормаслик учун рулни буриб, тормоз босди. У йўл четида турган Аббосни кўрмади ҳам. Машина Аббосни уриб, йўл четида тўхтади. Ҳайдовчи машинадан тушиб, одам уриб юборганини кўрди-да, даҳшатдан қотиб қолди. Сўнг машинанинг чироғи ёруғида энгашиб Аббосга қаради ва уни танигандай бўлди. Аббос эса қўнжидаги бойлигини қўйиб юбормай, базўр кўзини очди. У рўпарасида йиғламоқдан бери бўлиб: «Ака, одамни қўрқитманг. Тирикмисиз?» деган Насруллони кўрди ва ҳушидан кетди. Бу вақтда бутун чангу ғуборларни ювиб кетишга аҳд қилгандек кузнинг илк ёмғири ёға бошлаганди.

Қувончбек ХУДОЙШУКУР

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)

loading...