АҚШ президентининг болаликдаги найранглари. Трампнинг жияни ўз амакисининг сирларини оммага ошкор қилди

0

АҚШ президенти Дональд Трампнинг жияни Мэри Трамп ўз китобида амалдаги президент ёшлигидан одамларни алдашга ва улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга тайёрликни намойиш қилгани ва ҳаттоки университетга кириш имтиҳонларини унинг ўрнига бошқа одам топширгани ҳақидаги маълумотлар билан бўлишди, деб ёзмоқда «Kun.uz».

Дональд Трамп ҳақидаги бу ва бошқа маълумотлар Мэри Трампнинг “Жуда кўп ва ҳамиша оз: менинг оилам қандай қилиб дунёдаги энг хавфли одамни яратди” (Too Much And Never Enough: How My Family Created the World’s Most Dangerous Man) деб номланган хотиралар китобида келтирилган. Китоб 14 июлда сотувга чиқарилади, бироқ ОАВ ҳозирданоқ ундан парчаларни келтириб ўтмоқда.

“У [Дональд Трамп] учун ёлғон, авваламбор, атрофдагиларни у аслидагидан яхшироқ эканига ишонтириш усулига айланган”, деб китобдан парча келтирган «Washington Post» нашри.

Мэри Трампнинг таъкидлашича, Дональд Трампнинг бутун болалик даврида у учун уй вазифаларини опаси Мэриэнн бажариб келган, “бўлғуси президент Пенсильвания университетига киришга қарор қилганда эса имтиҳонларни яхши топшириши билан ном қозонган Жо Шапиро исмли ақлли йигитнинг кўмагидан фойдаланган”. Пул борасида ҳеч қачон муаммога эга бўлмаган Дональд бу “кўмак” учун унга пул тўлаган. Ваҳоланки, Трамп Пенсильвания университети молия мактабига ўзининг “гениаллиги” эвазига ўқишга кирганини такрорлаб келади.

Бундан ташқари, Трампнинг жияни уни социопат (одамлар ҳуқуқларини инкор этувчи, жамият меъёрларига риоя қилишни истамайдиган киши) деб атаган ва калондимоғлик ҳамда беадабликда айблаган. Унинг таъкидлашича, президентдаги бу ёмон иллатлар Трампнинг отаси – Фред Трамп берган тарбия натижаси ҳисобланади.

Таъкидланишича, Трампнинг жияни китобда отасининг ўлимида ўз амакиси Дональд Трампни ва бобосини айблаган.

Президентнинг ўзи ҳозирча жиянининг китобига ҳеч қандай муносабат билдирмаган, бироқ унинг матбуот котиби уни “ёлғонлар тўпланмаси” деб атаган.

“Бу негизида ҳеч қандай ҳақиқат бўлмаган ажабланарли ва бемаъни айбловлардир”, деб изоҳ берган китобга Трампнинг матбуот котиби Кейли Макинани.

Мэри Трамп Дональд Трампнинг акаси, 1981 йилда юрак хуружидан кейин вафот этган Кичик Фред Трампнинг қизи ҳисобланади.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, аввалроқ суд китобнинг чоп этилишини тақиқлаган, бироқ ҳакамлик суди бу қарорни бекор қилган.

loading...