ЧИМБОЙДА МАКТАБ ДИРЕКТОРИ ХОДИМИНИНГ ЎЗ ҲУҚУҚИНИ БИЛМАСЛИГИДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНДИ…

0

 

Фуқаро А.С. мактабда яхшигина ишлаб келаётганди. Аммо у ноқонуний равишда ишдан бўшатилди. Шу сабабли бузилган ҳуқуқлари тикланиши умидида адлия бўлими эшигини қоқди.

Аниқланишича, А.С. 2018 йилда мактабга ўт ёқувчи (кочегар) вазифасига ишга қабул қилинган. 2019 йилда А.С. мактаб қоровули вазифасига ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим муассасалари ҳамда “Меҳрибонлик” уйлари бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг намунавий штатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғига асосан, 2020 йилнинг 18 март кунидан мактаб ўт ёқувчи (кочегар) штат бирлиги қисқартилган.

Аммо мактаб директори ўт ёқувчи (кочегар) вазифасида ишлаётган ходим Ф.М. қолиб, қоровул А.С.нинг ҳуқуқий саводсизлигидан фойдаланган ҳолда: “Биз Сизни вақтинча қоровул вазифасига ўтказган эдик, энди, Сизни ишдан бўшатамиз деб”, — ноқонуний равишда меҳнат шартномасини бекор қилган.

Шундай қилиб, мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида мактаб директорига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан маъмурий иш қўзғатиш юзасидан таклиф киритилиб, А.С.ни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруғи бекор қилиниб, уни мактаб қоровули вазифасига қайта тиклаш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Ҳозирги кунда фуқаро А.С. ишга қайта тикланиб, ўз вазифасида ишини давом эттирмоқда.

Абат ПАЛЕКЕЕВ,

Қорақалпоғистон автоном республикаси, Чимбой туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси

 

loading...