«Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи ўрнида бизнес-марказ қуриладими?» Ҳокимлик миш-мишларга изоҳ берди

0

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда пойтахт аҳолисининг Ғафур Ғулом истироҳат боғи ўрнида янги бинолар ёки бизнес-марказ пайдо бўлиши ҳақидаги гап-сўзларига изоҳ берди, деб ёзмоқда «Gazeta.uz».

Хусусан, «Facebook»даги машҳур гуруҳларда айтилишича, паркнинг ёнида ушбу ҳудудда қурилиш лойиҳаси кўрсатилган баннерлар ўрнатилган.

«Юртдошларимизни ишонтириб айтамизки, ушбу хавфсирашлар асоссиз», — дея таъкидлади хокимлик матбуот хизмати.

Шаҳар маъмурияти 2019 йил август ойида Тошкент ҳокими томонидан Чилонзор туманида, Бунёдкор шоҳ кўчасида жойлашган Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғини «BMP Smart Decision» (Сингапур) хорижий компаниясига топшириш тўғрисида қарор қабул қилинганини эслатди.

Ҳудуд ушбу компанияга 49 йилга, «халқаро стандартларга жавоб берадиган» замонавий парк яратиш ва модернизация қилиш каби инвестицион мажбуриятлар билан топширилди.

«Модернизация лойиҳаси ўз ичига 80-йилларда ўрнатилган эски аттракционларни янгиларига алмаштириш, шунингдек, боғнинг яшил ҳудудини, боғда ўсаётган Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси хатловидан ўтказилган дарахтларга қўшимча равишда, янги дарахтлар билан тўлдиришни ўз ичига олади», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Реконструкциядан кейин боққа кириш аввалгидай бепуллигича қолади, дея таъкидлади шаҳар маъмурияти. Шунингдек, жамоатчиликни ушбу лойиҳа билан батафсилроқ таништириш учун инвестор вакили билан учрашув ташкил этилиши ҳақда эълон қилинди. Учрашув санаси ва формати кейинроқ эълон қилинади.

Аввалроқ, 2019 йил сентябрь ойида ҳокимият объектни инвесторга топшириш билан боғлиқ вазиятни изоҳлаб, Ғафур Ғулом боғи реконструкция қилинганидан кейин «жамоат учун» бўлиб қолишини, тадбиркорлар фаолиятини давом эттиришини ва «битта дарахтга тегилмаслигини» айтган эди.

loading...