Қўшни кампирнинг ғийбатларидан азият чеккан келин

0

Шамол тинмай, кечаси билан ўзини гоҳ деворга, гоҳ уйларнинг томига урди. Жони узилай деб ҳилвираб турган япроқларни юлиб, юлқилаб, ерга улоқтирди. Уюм-уюм хазонларни кўчанинг у бошидан бу бошига сочиб ўйнай бошлади…

Жамила одатдагидек ҳаммадан аввал уйғониб, шоша-пиша деразадан ташқарига кўз ташлади. «Хайрият, ҳали тонг отмабди», деган ўйда каравоти ёнидаги тумба устига қўл чўзиб, тунчироқни ёқди. Соат бешдан салгина ошганди. Эри донг қотиб ухлаяпти. Унга ҳаваси келди: «Маза-маза, шу эркакларга маза-да, эрта туриб ҳовли супураман, нонушта тайёрлайман, демайди. Уйқудан туришига ҳамма нарса тахт. Тўйиб ухлайди». Шуларни ўйларкан, кўз олдида қайнонасининг нурли қиёфаси жонланди. Эрталаб ухлаб қолса, бошқаларга ўхшаб қовоғини уймайди. «Майли, болам, ўзингизни ортиқча уринтирманг, шу ҳовли қурмагурни ҳар куни супуриб-сидириш ҳам шарт эмас. Ишга борадиган одамсиз, яхшилаб дам олинг», дейди. Келинчакнинг кўзи юмила бошлади, тургиси келмай, кўрпага ўраниб олди. Аммо кўнгли бироз безовта эди. Ҳар куни шу аҳвол, шошмасдан туришга ҳарчанд уринмасин, соат бешдан кейин оёқ-қўлини узатиб ётолмайди. Худди уни кимдир «Ухлаб қолдингми», деб айблайдигандек безовталанаверади.

Жамила ювиниб-тараниб, ҳовлига чиққанида эндигина тонг оқара бошлаганди. Супургини қўлига олиб, ишга киришди. Бутун ҳовлини эгаллаб ётган хазон уюмларини супуриб бўлгач, дарвозани очиб, кўчага мўралади-ю, бирдан юзига табассум югурди. Қандай яхши. Уларнинг эшиги олди худди ҳозиргина супурилгандек топ-тоза эди! Бирорта япроқ ҳам, хас-хашак ҳам йўқ. Шамол янги келинчакка ёрдамга чоғлангандек, ҳамма хазонларни қўшниларнинг дарвозаси томонга йиғиштириб ташлаганди. Жамила кўчани супуришдан халос бўлганига қувониб ичкарига кирди, нонушта тайёрлашигача ҳали бироз вақт бор. Кузги совуқ этини жунжиктирди. Илиққина кўрпага ўралиб ётгиси келди. Кўзи илинибди. Бир маҳал дарвозанинг қаттиқ тарақлаганидан чўчиб уйғонди-ю, «Вой шўрим, нонушта тайёрламай ухлаб қолганимга ойижоннинг аччиғи чиққандир», деган ўйда уйидан ўқдек отилиб чиқди. Қайнонаси ҳали хонасидан чиқмабди. Келинчак жонсараклик билан дарвозани очди. Не кўз билан кўрсинки, шундоққина дарвозаси тагига бир уюм хазон, хазон ҳам эмас, ахлат тўкилган эди… Рўпарасидаги қўшниси Рисолат хола эса икки қўлини белига тираганча унга еб қўйгудек тикилиб турарди. Жамилани кўриши билан заҳарханда оҳангда гап бошлади:

— Келин, одам деганиям шунақа даққоқ бўладими?! Ахлат олишга эриниб, бировнинг эшигига супуринди ташлаб кетишни яхши ўрганган экансиз!

— Ассалому алайкум, хола… Мен сизнинг эшигингизга супуринди ташламадим.

— Бўлмаса, дарвозамиз олдига қўшни маҳалланинг келинлари ахлат тўкиб кетишибди-да, а?!

Аччиқ кесатиқ оҳангида айтилган бу сўзлар Жамиланинг юрагига наштардай ботди.

— Чиндан ҳам ахлатни мен ташламадим. Бунақа одатим йўқ, хола, — деди ўзини оқлашга уриниб. — Ҳали ўзимизнинг эшигимиз олдини ҳам супурмадим-ку, қандай қилиб сизнинг эшигингизга ахлат тўкаман?..

— Қилар ишни қилиб, тағин бу келиннинг тили бир қарич, — деб тўнғиллади қўшни аёл.

Жамила эшиги олдига тўкилган хазонларни йиғиб, ахлат челакка солар экан, Рисолат холанинг адолатсизлигидан, калта ўйлаб унга туҳмат қилаётганидан аччиқланар, ўзини қўйишга жой тополмасди.

— Кечаси шамол бўлди, шунга…

— Бу замоннинг ёшларига гапиргин-у, оёғингни қўлингга олиб қоч! Бўлмаса сени туҳматчига чиқаришдан ҳам уялишмайди. Энди шамол айбдормиш…

Рисолат холанинг товушини эшитиб, қайнонаси уйдан чиқиб келди. Яна бир-иккита қўшни хотинлар ҳам дарвозасидан мўралашди.

— Буни қарамайсизларми, эрталаб бомдодни ўқиб, шундоқ кўчага чиқсам, эшигим олдида бир уюм ахлат ётибди. Тавба, одам деганиям шунақа даққоқ, шунақа сурбет бўладими, а?! Қайнонасига яхши кўринаман, деб саҳар-мардондан туриб кўча супуради. Ахлатини олишга эриниб, эшигимга тўккану қочган! Вой, мусулмонлар, дарвозамдан сал нарига ташласа ҳам алам қилмасди. Шундоққина остонамга тўкиб кетибди-я бетамиз.

— Менга қаранг, — деди Жамиланинг қайнонаси, — ахлат ўзимизнинг эшигимизда ётибди-ю…

— Ҳа, уни мен олиб бориб ташладим! Ана, биров эшигингизга супуринди ташлаб кетса қанақа бўларкин-а?! Алам қиларканми?

Жамила ўзини оқлашга ҳар қанча уринмасин, уддасидан чиқолмади. Йиғламсираб супуриндиларни тўплаб оларкан, тутила-тутила: «Кечаси билан шамол тинмади», дер, аммо унинг гапини ҳеч ким эшитмасди. Рисолат хола ҳадеб жавранавергач, Жамиланинг қайнонаси: «Қўшни, келиним ёш-да, ҳали ўзим йўлга солиб оламан. Қўйинг энди, хафа бўлманг», деб кечирим сўради. Рисолат холанинг жағи шундан кейин ҳам ярим соатча тинмади.

Келин бўлганига икки ой тўлар-тўлмас айбсиз айбдор бўлиб қолгани Жамилага ёмон алам қиларди. Қайнонаси ҳам ёнини олмади. Жамила кўча юзини супурмаганини, шамол ҳамма хазонларни қўшнининг эшигига йиғиб ташлаганини айтганида, «Қўйинг, баҳона қилманг», дегандек таънали қараб қўйди.

Кечгача келинчакнинг таъби хира тортиб юрди. Кечаси яна шамол турди. Яна уюм-уюм барглар, хазонлар тўкилди. Дарвозани очган Жамила бу сафар ҳам ҳамма япроқлар Рисолат холанинг эшигига уюлиб қолганини кўрди-ю, кечагидек гап эшитиб қолмаслик учун аввал ўзининг, кейин қўшнисининг дарвозаси олдини супура бошлади. Шу пайт эшик очилиб, Рисолат хола кўринди. Унинг важоҳати кечагидан ҳам ёмонроқ эди.

— Ҳа, келинпошша, нимага бировнинг эшиги тагида ивирсиб юрибсиз?! Бу хотиннинг жағини бойлайин деб, илми амал қилдириб келиб, остонамга сочяпсизми?! — деди хола Жамилага ўқдек нигоҳини қадаб.

Яхши ниятда супуриниб юрган келинчакнинг бошидан биров муздек сув тўкиб юборгандек бир сесканди. Қўшни кампирга салом бераркан, тутила-тутила деди:

— Йўғ-э, хола, мен унақа нарсаларни билмайман.

— Бўлмаса, эшигимнинг тагида пишириб қўйибдими сенга?!

— Шамол бугун ҳам хазонларни шу ёққа йиғиб ташлабди, шуни супуриб олай,  дегандим…

— Нима қиласан ёлғон гапириб? Бир балони бошлагансан. Атайлаб ирим қилиб супуряпсан! Иримчисан!

— Хола, кеча ўзингиз хафа бўлганингизга…

— Мениям келиним бор, қўлига чипқон чиқмаган, Худога шукр. Ўзи супуриб олади, билдингми?! Сенга кунимиз қолмаган!

Жамила нима деярини билмай, лабини тишлаб қолди. Бу сафар қайнонаси яланг бош югуриб чиқди. «Нима гап?» деди жавдираб турган келинига қараб.

— Кечаси шамол буларнинг эшигига йиғиб ташлаган хазонларниям супуриб олай,  дегандим…

— Йўқ, бу келиннинг ичи қора. У атайлаб ирим-сирим қилиб, тонг саҳардан эшигимнинг тагида супурги кўтариб юрибди!

Яна қўшнилар эшик-эшигидан мўралашди. Кимдир келинчакнинг ёнини олди, кимдир Рисолат холанинг гапини маъқуллади. Жамила эса нима қиларини билмай кўча ўртасида туриб қолди.

— Уйга киринг, чойга қаранг, Адҳамжонни ишга жўнатинг! — деди қайнонаси бироз зардали оҳангда.

Ҳар бир гапини «қизим»лаб айтадиган қайнонаси бу гал шу сўзни тушириб қолдирди. Жамила бош эгиб уйига кирди. Ғамгин бир алфозда чой қўйди. Нима гаплигини сўраб билган қайнотаси ҳам, эри ҳам ҳеч нарса дейишмади. Ишга кетиш олдидан Адҳам ичкаридан чиқмай туриб, уни бағрига босди-да, чуқур хўрсиниб, «Оғирроқ бўлинг, қўшнилар билан ўчакишманг», деб тайинлади.

Жамила ўзини яна айбсиз айбдордек ҳис этди. Қайнонаси ҳам бу ишлар тафсилотини ортиқча суриштириб ўтирмади. «Ҳаммани ўзингиздек яхши деб ўйламанг, қизим. Ёмонлар билан олишиб, биров обрў топмаган», дейишдан нарига ўтмади. Жамила эса бўлиб ўтган ишларда ўзини оқлаши, изоҳ бериши ўринсиз эканини англаб етганди. Шу боис онаси ўргатганидек: «Хўп бўлади, ойижон», деди-ю, ортиқча гапдан тийилди.

Шундан кейин ҳар сафар Рисолат холани кўрганида ерга термилган кўйи салом берар, у эса эшитмагандек йўлида давом этарди…

Куз ўтди. Шамоллар тинди. Изғирин совуқ бошланди. Қишлоқ врачлик пунктида ҳамшира бўлиб ишлаётган Жамила эрталаб кетар, қош қорайганда уйига қайтарди. Маҳалладошларини эса қишлоқ врачлик пунктида учратмаса, деярли кўрмасди. Энди у қўни-қўшниларининг феъл-атворини билиб олган. Ҳаммага шунга яраша муомала қиларди. Фақат Рисолат холагина унга аламзада бир нигоҳ билар қарар, келинчак бунинг боисини сира англолмасди. Аксига олиб уйидагилари ҳам қўшниларнинг феъл-атворини муҳокама қилиб ўтиришмас, қайнонаси бировни яхши деб мақтаса мақтарди-ю, асло ёмонламас, Рисолат холанинг бу дунёда борлигини ҳам унутгандек асло тилига олмасди. Гоҳ-гоҳида қўшни хола бир косада ҳолвайтарми, чучварами кўтариб, эшикдан кириб келар, қайнонаси билан гурунглашиб ўтириб, тағин изига қайтарди. У чиқиб кетгач қайнонаси бироз дилгир ҳолда юрар, асабийлашар, бир-икки соатдан кейингина ўзига келарди. Кунларнинг бирида Жамила уларнинг суҳбатини тасодифан эшитиб қолди-ю, дарди дунёси қоронғи бўлиб кетди. «Аслида, менинг ойдай набирагинамдан яхшиси йўқ эди. Аммо сизлар уни назарга илмадингиз. Мана шу тўрсайган келин Адҳамжоннинг тенгимиди-а? Эсиз йигит, эсиз йигит-а», дерди қўшни кампир. «Рисолат опа, буни тақдир деб қўйишган. Набирангизнинг ҳам пешонасига битилгани бўлар. Адҳамжоннинг тақдири шу Жамила билан боғланган экан-да. Келиним ёмон эмас, Худога шукр. Оёқ-қўли чаққон, муомаласи жойида, фаросатлигина…» Қайнонасининг гапи чала қолди. Рисолат хола жаҳл билан ўрнидан турди. «Булар онаси билан биргалашиб сизларнинг тил-жағингизни боғлаб қўйишган. Ҳали кўрасиз, бир куни кўзингиз ярқ этиб очилади-ю, бунинг асл башарасини кўрасиз! Унгача кеч бўлмасин дейман-да, қўшни», дея қўшни аёл ғудрана-ғудрана дарвозага қараб юрди. Жамиланинг кўнгли синиқди. Бирдан кайфияти тушиб, хонасига кириб кетди. «Гап бу ёқда экан-да, набирасини Адҳам акамга узатишни истаган, булар уни олишмагани учун менга олақараш қилиб юраркан-да бу шум кампир», деб ўйлади эзгин бир алфозда.

Кечқурун Адҳам ака ишдан келганида «Гаплашиб, вазиятни ойдинлаштириб олсаммикин, балки буларнинг ўзи ўша қизга умид беришгандир», деган ўйда саволга оғиз жуфтлади-ю, онасининг: «Бўлар-бўлмас гапларни кавлаштириб, беҳудага эрингнинг асабига тегма, ҳамма нарса вақти-соати билан ойдинлашади», деган насиҳатини эслаб тилини тийди. Аммо онасини кўргани уйига борганида жим туролмади. «Қўшни кампир мени сира чиқиштирмаяпти. Аслида, набирасини Адҳам акамга тиқиштирган экан. Аммо улар менга уйланганига алами келиб, ҳамма ишимдан айб топади. Маҳаллада ҳам ёмонотлиқ қилиб юрибди», деди йиғламоқдан бери бўлиб.

— Қўявер, индама. Қайнонанг сени бировга хафа қилдириб, томошабин бўлиб ўтирмайди. Маҳалла-кўй вақти соати билан кимнинг қанақалигини билиб олади. У ерда ҳали янгисан. Катталарга терс гапириб, обрўнгни тўкма. Ёшлар бир гапдан қолса, осмон узилиб ерга тушмайди, — деди онаси.

Жамила дардини ичига ютиб, уйига қайтиб келди.

Ҳар сафар қўшни кампирнинг янги-янги ғийбатлари, дағал-совуқ муомаласига рўпара бўлганида юраги сиқилар, ҳеч кимга билдирмай йиғлаб ҳам олар, шундай кезларда онасининг «Сабрли, қаноатли бўлиш жуда оғир, агар шундай бўлолсанг, икки-уч йилда маҳалланинг энг олди келинига айланасан. Бунинг учун шу машаққатларни енгиб ўтишинг керак. Шукр қил, уйингдагилар зулмкор эмас», деган насиҳатини эслаб, таскин топарди. Қўшни кампирни эса «чурқ» этиб бировга ёмонламасди…

* * *

Жамила қишнинг изғиринли кунида ишдан қайтаркан, рўпарадаги уйнинг дарвозаси ёнида «Тез ёрдам» машинасини учратди. «Рисолат холанинг мазаси йўқмикин», деган ўйда уйига кирди. Кечки овқатга уннаганида ҳам ошхона деразаси оша кўчага бир-икки назар ташлади. Гарчи «Тез ёрдам» машинаси кетган бўлса-да, Рисолат холанинг келин-қизлари, ўғиллари безовталаниб, ҳовлига кириб-чиқиб юришарди.

— Қизим, бир коса овқат сузиб беринг, Рисолат опанинг тоби йўқмиш, хабар олайлик, — деди қайнонаси.

Кампирдан кўнгли қолган Жамила косани қайнонасига тутқазаркан, ичини тирнаб турган гапни беихтиёр тилига чиқарди:

— Шу қўшнимиз ҳеч кимга яхши гапирмайди-да, ойижон.

Қайнонаси унга танбеҳли назар билан қараб қўйди-да, эшик тарафга бир қадам ташлаб тўхтади.

— Бунақа дийдаси қаттиқ бўлманг, қизим, — деди сўнг насиҳатомуз оҳангда, — кўздек қўшнимиз-а. Мусулмончиликда «Эшиги эшигингга энг яқин бўлган қўшнингга яхшилик қил», деган гап бор. Қўшниликнинг ҳақини адо этганларнинг охиратдаги савол-жавоби енгил бўлармиш. Бугун гина-адоват қилиб ўтирсак, кейин Аллоҳнинг ҳузурида уялиб қолмаймизми?

Жамила кўзи билан ер чизиб қолди. Келин бўлиб тушганидан бери бўлиб ўтган гап-сўзлар кўз олдидан бирма-бир ўта бошлади. Қайнонаси сира бировни ёмонламас, аччиғи чиққан кезларда: «Аввало инсоф берсин, инсоф бермасаям қийин», деб қўярди. Жамила бундай кенг феълли, кечиримли бўлиб яшашнинг оғирлигини шу тобда ҳис этгандек бўлди. Қайнонасига ҳурмати янада ошди. Камзулини елкасига ташлаб, дарвозахонада унга етиб олди:

— Майлими, ойижон, мен ҳам сиз билан кириб чиқсам…

Қайнонаси меҳр билан унинг елкасига қоқди-да:

— Юринг, қизим, юринг, — деди.

Рисолат хола бир сиқимгина бўлиб, шифтга термилиб ётарди. Уларни кўриб, юзига билинар-билинмас табассум югурди. Аммо қимирлай олмади.

— Дўхтирлар жойидан жилдирманглар, дейишди. Қон босими ошиб кетибди. Уколларини қилиб туришга қайси ҳамширани чақирсак экан, деб бошимиз қотиб турганди, — деди Рисолат холанинг катта қизи.

— Ие, нега бошингиз қотади? Мана, келиним ҳамшира-ку…

Рисолат холанинг қизи андишали оҳангда деди:

— Жамилахон рози бўлармикин?..

— Бу нима деганинг, нега рози бўлмайди?! — қайнонаси гапира туриб Жамилага «Бирор нарса десанг-чи», дегандек қараб қўйди.

Жамила Рисолат холанинг томир уришини текширди. Қон босимини ўлчади. Шифокор тайинлаган укол-дориларни кўриб, вақтини белгилаб олди.

— Шу… Биттасини кечқурун ўнда қилиш керак экан-да, сизни безовта қилиб қўямизми, деб хижолат бўлиб тургандик, — деди Рисолат холанинг қизи унга мўлтираб қараб.

— Йўғ-э, нималар деяпсиз, мен, барибир, кечроқ ухлайман.

Қиш мартнинг ўрталаригача чўзилди. Рисолат холани икки марта касалхонага ётқизишди. Лекин у: «Уйимга кетаман, ўзимнинг дўхтир қўшним бор», деб охиригача даволанмай қайтиб келаверди. Қиш ичи Жамиланинг бир оёғи Рисолат холаникида бўлди. Устига-устак маҳаллада биров шамолласа, бошқаси тумов билан оғрир, шифокор тайинлаган битта-яримта уколни олиш учун қишлоқ врачлик пунктига боришга эриниб маҳалладошлари унинг уйига келишар, «дўхтир келин»нинг ҳурматини жойига қўйишарди.

* * *

Энг қизиғи, ҳар куни эрталаб супургисини кўтариб, кўчага чиққанида эшигининг олди қорлардан тозаланган, супуриб-сидирилган бўлар, Рисолат холанинг қайсидир набираси бу юмушни адо этарди. Келин: «Мени ноқулай аҳволга солманглар, ўзим йиғиштириб оламан», деса, «Бувимни биласиз-у, икки эшикнинг ораси бир қадам, Жамиланинг дарвозасини ҳам тозалаб қўйинглар, оғироёқ нарса, тойиб, йиқилиб нетиб юрмасин, деб қўймайди», дейишарди. Шундай кезларда Жамила катталар ният қилганидек «Туп қўйиб, палак ёзиш» қанчалар машаққатли, қанчалар мураккаб эканини, унга сабр, кенг феъл ва кечиримлилик билангина эришиш мумкинлигига иқрор бўларди.

Ҳамрохон

МУСУРМОНОВА

(“Ҳордиқ плюс” газетаси хазинасидан)

loading...