“Севгилим мени ташлаб, дугонамга уйланди… Кейин эса…”

0

Унга ҳозир нақадар қийин эканини тушуниб турибман. Ахир онаси тўйимизга розилик бермаётгани учун у ҳам минг бир азобда. Биламан, қўнғироқларимга ҳам айни шу важдан жавоб бермаяпти. Сўнгги марта гаплашганимизда қанчалар куйингани ёдимда.

— Менга осон тутма, ўзимдан ўтаётганини ўзим биламан!

— Лекин нима учун яна бир бор ҳаракат қилмаяпсиз?

— Онамга тушунтирдим, ялиндим, яна нима қилай, айт?!

— Шунчаки…

— Нима, сен ота-онамни норози қилишимни, уйдан чиқиб кетишимни истаяпсанми?!

— Йўқ, йўқ, мен фақат айтмоқчи эдимки, ҳ-ҳалиги, онангиз айтган қизни кўрдингизми?

— Сурати икки кундан буён хонамда турибди, ҳатто қараганим ҳам йўқ. Менга фақат сен керак эдинг, уйланиш ҳақида энди икки-уч йилгача ўйламасам керак.

Унинг ғазабланиши, асабийлашиши, совуқ муомаласи — буларнинг барини тушунаман, ахир унга ҳозир жуда қийин. Унга бўлган пок муҳаббатим, тоза ҳисларим сабаб биз ҳеч қачон айрилмасак керак, деган қарашни миямга чунонам сингдириб юборган эканманки, охир-оқибат бундан ўзим изтиробдаман. Гарчи орадан икки ой ўтган бўлса-да, уни бир кун ҳам эсламай яшамадим. Ахир бир йил давомида бутун умрингни бирга тасаввур этган инсонни ўйламаслик, шунчаки унутиб юбориш осон эмас. Фақат бир нарса юракка таскин бериши мумкин, ҳар ҳолда у ҳам мени ҳалигача унутмаган. Ҳар не бўлганда ҳам бугун бу ғамларни жилла қурса икки-уч соатга унутмоқчиман. Ахир бугун синфдош дугонамнинг тўйи-ку!

* * *

Безатилган дастурхон, қўшиқчининг шўх хониши, қиммат либосларга бурканган меҳмонларнинг юзларидаги қувонч — буларнинг бари жуда гўзал. Ҳар тарафдан тўйнинг таровати акс этувчи кулгилар эшитилар, келин-куёвнинг оқ, пушти рангдаги гуллар билан безатилган столи атрофида ёш болакайлар югуриб юришарди. Мен уларнинг шодон қийқириқларига қараб ажиб кайфиятда жилмайиб турсам, келин-куёвнинг келганидан дарак берувчи куй баланд овозда янграй бошлади.

— Жуда чиройли кўйлак танлабди-я!

— Менга унча ёқмади, бачканароқ.

— Куёвни қаранглар, келишгангина экан!

— Ҳа, қизнинг диди чакки эмас!

— Кўйлак ҳам чиройли, куёв ҳам!

Кўтарилган кулгини ёр-ёр садолари босиб кетди. Мен эса мийиғимда кулиб бош чайқадим-да, дугоналаримнинг орқасига турдим. Негадир келин-куёвни кўришга унча шошилмас, юрагимда нотаниш ғашлик мавжланиб борарди. Шу тариқа қизиқиш устунлик қилиб дугоналаримнинг турмакланган сочлари орасидан нигоҳим ёриб ўтди ва… Ва донг қотиб қолдим. Уларнинг табассумли юзлари қувончдан ёнарди. Айниқса, куёвнинг кўзларида порлаётган бахт учқунлари… Ҳа, севгилимнинг кўзлари айрилиқдан куйинаётган ошиққа заррача ўхшамас, у пўрим кийимда шаҳзодалардек керилиб юриб келарди. Мен ҳайратдан лол эдим, агар дугоналарим туртиб қўйишмаса, ҳамма ўрнига ўтириб олганини ҳатто сезмасдим ҳам. Бутун тўй давомида на кулишга, на овқатланишга ва на атрофдагиларни тинглашга қодир эдим. Шунчаки қимир этмай келин-куёвга тикилган кўйи ўтиравердим. У эса ҳеч хижолат тортмас, оғзи қулоғига етиб, дўстлари билан даврада рақс тушарди. Мен ҳатто «У балки бошқа, севгилимга икки томчи сувдай ўхшайдиган йигитдир», дея ҳам ўйладим.

— Қаерга кетяпсан? — деди мени тўхтатган дугонам.

— Ҳ-ҳалиги, суратга тушишга.

— Шошма…

Мен дугонамни кутадиган, умуман нималаргадир аҳамият бериб ўтирадиган аҳволда эмасдим. Қийқираб ўйнаётган тенгқурларим орасидан юриб ўтарканман, ўз-ўзимга пичирлардим. «Йўқ, у бошқа, у бегона, у шунчаки ўхшайди» деган овозлар миямдаги оғриқни кучайтирарди. Оёқларим ўзимга бўйсунмас, бир-бирига чалишиб, ҳатто бир неча бор гандираклаб ҳам кетдим. Келин-куёвнинг столи томон яқинлашиб, унча баланд бўлмаган зинапоялардан кўтарила бошладим. Шу пайт олдимдан шошиб ўтаётган йигитлар тўдасидан аллакимдир мени туртиб ўтди. Гарчи елкамда қаттиқ оғриқни сезган бўлсам ҳам, ҳозир хаёлим фақат куёвда эди. Унинг шундоққина ён тарафида турибман-у, ўша кўз, ўша қош, ўша юзни кўрсам ҳам тан олгим келмайди. Шу тоб унинг ҳам нигоҳи менга қадалди-ю, бироз тикилиб қолди. Лекин лом-мим демади. Ахир нима ҳам десин?! Ўртамизда бахтдан кўзлари чақнаётган дугонам эрининг қўлларидан дарҳол тутди ва улар яна кенг даврадаги меҳмонларга мамнун кулишди.

* * *

Тўй ўтганига бир ҳафта бўлди-ю, аммо худди ўша кундаги каби хаёлим паришон, юрсам, оёқларимда мажол йўқ. Ўша кундан буён ишга боришга ҳафсала қилмаётгандим, мана, бугун ўзимда куч топиб йўлга тушдим.

— Кечирасиз, такси керак эмасми?

Уйдан чиқишим биланоқ тўхтаган машина ҳайдовчиси менга алланечук умид билан тикилиб турарди. Индамай машинага ўтирдим, у эса бир зумда ишхонамга элтиб қўйди. Ҳатто пул беришни унутиб, машинадан тушиб кетаётганимда бирдан ақл чироғим ёниб кетди.

— Сизга манзилни айтмагандим-ку!

— Мени танимадингиз-а?

— Йўқ.

— Ҳ-ҳалиги, — деди у хижолат тортгандай сочига тегиниб қўяркан, — тўйда сизга қаттиқ урилиб кетгандим, эсладингизми? Узр сўрасам, мендан ранжиб ҳеч нима демадингиз. Кўзингиздаги ёшни кўриб, дўстимнинг тўйи ҳам татимаганди. Минг бор узр, мен бироз қўполроқман-да!

Нотаниш йигит то ўша кундан бери беором экани, қўпол ҳаракати учун узр сўраш ва мен билан жиддий муносабат ўрнатишни истаётгани ҳақида тинимсиз гапирар, тўй куни мен унга умуман аҳамият бермаганим, кўз ёшимнинг асл сабаби қандайлигини хаёлига ҳам келтирмасди. Аламданми, изтиробларни унутиш учунми, билмайман, унга ҳеч нима демай машинасидан тушиб кетдим.

Шу тариқа у бир ой давомида ҳар куни ишхонамга, уйимга қатнайдиган, жиддий нияти ҳақида айтадиган бўлди.

— Мени тинч қўйинг, — дедим унга кунларнинг бирида, — ҳақиқатни эшитсангиз, фикрингиз ўзгаради.

— Сизни тушунолмадим, очиқроқ гапиринг. Ахир иккаламиз ҳам ёш бола эмасмиз. Қўл ушлашиб боғларда кезишни эмас, сизга оила қуришни таклиф этяпман!

— Мен дўстингизни севардим, у ҳам мени… Йўқ, у менга ёлғон гапирган экан… У дугонамга уйланганини кўриб, ҳ-ҳалиги… Хуллас, энди тушундингизми?!

Унинг жим турганини кўриб, ичимдаги овоз «Сени бироз тинчлантираётган йигит ҳам энди йўқ», дея шивирлади ва жавобини ҳам кутмай уйим томонга югуриб кетдим.

Мана, ўн кундирки, ундан дарак йўқ. Бу табиий! Бир кўнглим бор гапни айтиб бекор қилдинг деса, бир кўнглим ришталар ёлғон билан боғланмайди, дейди. Ҳар куни ортимдан соядек эргашиб юришига ўрганиб қолган эканманми, билмайман, ичим ҳувиллаб қолди. Қолаверса, собиқ севгилимнинг қилган иши, куйинаётган ошиқ ролини ўйнагани, келажагим ҳақидаги жамики хаёллар мени тинч қўймасди. Кунора келаётган совчилар, кўнглимга ҳеч ёқмаётган йигитлар билан учрашувлар шу қадар ҳиқилдоғимга келгандики!..

— Ишдан кейин учрашув…

— Ойи, — дедим асабдан кўзларим учиб, — янами?!

— Ҳа, яна!

— Лекин…

— Сени эшитишни ҳам истамайман!

Одмигина кийимда, ўзимга ҳеч оро бермай, йиғидан қизарган кўзларим билан уйдан чиқаётганимни кўрган онам ортимдан «Сал ўзингга қараб олмайсанми?!» дея бақириб қолди. Куни билан бошим оғриб, белгиланган манзилга бордим-да, «куёв бола»ни кута бошладим.

— Салом.

Овоз келган тарафга ўгирилсам, тўйда менга урилиб кетиб, ортимдан анча пайт кузатиб юрган ўша йигит турибди.

— С-сиз?! — дедим атрофга қўрқибгина аланглаб. — Бу ердан тезда кетинг.

— Нима учун тезда?

— М-мен бир йигит билан учрашувга чиққанман, ҳозир кўриб қолса, нима деб ўйлайди?

— У сиз ҳақингизда ҳеч ҳам ёмон фикрга бормаган, бормайди ҳам!

Нима дейишни билмай каловланиб турсам, «куёв бола» унинг ўзи эканини айтиб қолди. Шу дам ўзим ҳам сезмаган ҳолда кулиб юбордим. Йигит ҳамма нарсани ўйлаб кўргани, ўтмишдаги ишлар учун мени ҳам, дўстини ҳам айбламаслигини гапираркан, унинг тоза кўнгли ва самимийлигига яна бир бор иқрор бўлдим.

Тақдирга тан бериш оғир, аммо начора! Бутун умр ўтмиш хаёллари билан яшашдан кимга не наф? Мана шу ҳақиқатни ўзимга сингдириб, тўй тараддудини бошлаб юбордим. Гарчи қалбимнинг бир чети ҳамон кемтик бўлса-да, ширин ташвишлар ва бўлажак турмуш ўртоғимнинг илиқ муносабати туфайли энди бу кемтиклик аввалгидай озор бермай қўйганди. Биз деярли ҳар куни учрашар, янги орзулар қилар, келажагимизнинг режасини тузардик. У дўсти ҳақида гапирмас, мен ҳам бора-бора ўтмишдаги азобларни унутишга ўзимда куч топаётгандим. Шундай ёрқин оқшомларнинг бирида у мени уйимга ташлаб қўйди ва мен юзимда шўх-шодон табассум-ла қайлиғимга қўл силтаб, ортга ўгирилсам, қаршимда у турарди.

— Оғзинг қулоғингда-ку, — деди собиқ севгилим киноя билан қоронғилик қаъридан чиқиб келаркан. — Синфдошимга эрга тегаётган экансан-да, тўйга айтарсизлар!

— Н-нега келдингиз?!

— Сени соғиндим.

— Уялмайсизми?

— Нима учун?

— С-сиз, с-сиз жуда…

— Сурбетлик қиляпманми? — деди у гапимни шарт кесиб ғазаб билан. — Ўзинг-чи, ҳеч куйинаётгангга ўхшамайсан, ялло қилиб юришингни кўр. Беҳаё!

— Нималар деяпсан?! — тобора асабдан титраб кетар, унга нисбатан илиқликни эмас, аксинча, нафратни ҳис этардим, холос.

— Нега бундай қараяпсан, гапим ёқмадими? — у ғайритабиий асабийлик билан мени жеркир, ерга уришга уринарди. — Нима десам ерга қараб турардинг-ку, энди асл юзингни кўрсатяпсанми?!

— Етар! — деярли ҳайқириб юбордим мен. — Сен кимсанки, менга бундай муомалада бўласан, тергайсан, ҳақорат қиласан, айт, кимсан? Ахир сен ўзинг эмасми мени ёлғон баҳоналар билан ташлаб кетган, дугонамга уйланган? Сен эмасми ҳеч қандай изоҳсиз ҳаётимни тарк этган? Энди рашк қилишинг нимаси?!

— Н-нима?! — дея у бурнини жийириб кулиб юборди. — Мен сени рашк қиламанми, мен-а?! Биласанми, мен сенга нега уйланмадим? Чунки ақли бор эркак севишиб юрган қизига уйланмайди. Мен рафиқамни севаман, у жуда меҳрибон, оқила, сенга ўхшаган тарбиясиз эмас. Ҳа, айтгандай, у фақат мени севади, хуллас, ҳаётимдан мамнунман. Сенга эса алвидо!

«Нега келди-ю, нега кетди?» дедим ўзимга ўзим ажабланиб. У айнан қайси сабабдан менга бундай аччиқ гапларни гапиргани, ғазабланганига тушуна олмадим-у, бироқ у нимадандир аламзада экани аниқ эди. Умуман, уни қайта учратиш эндиликда мен учун азоб бермаётганига кўпроқ ҳайратланаётгандим.

Кўз очиб юмгунча орадан бир ой ўтиб, бахтли онлар яқинлаша бошлади. Тўйимизга уч кун қолгани учун ҳар иккимизда ҳам ҳаяжон кучли эди. Биз чиройли ҳаёт остонасида муносабатларимиз, аввало, ўзаро ҳурмат устига қурилаётганидан бахтиёр эдик.

— Эшитдингми? — деди қайлиғим машинасига ўтираркан менга қарамай. — Улар ажрашишмоқчи экан.

— Нега? — дедим гап айнан кимлар хусусида кетаётганини англаб.

— Дугонанг синфдошимга нисбатан терс, қўпол, хуллас, жуда совуқ муносабатда бўлган. Сабабини суриштирса, дугонанг собиқ севгилиси билан алоқаларини тўйидан кейин ҳам узмагани аниқланибди. Шунга… Энди улар деярли озод.

У индамай қолди. Айни дамда унинг хаёлидан нималар ўтаётганини, юраги ғаш эканини тушуниб турардим. Шу билан бирга бир ой муқаддам менинг ҳузуримга қилинган ташриф ҳам ўз-ўзидан аён бўлганди. Иккимиз ҳам дўстларимизга бахт тиласак-да, улар ҳақида бошқа гаплашмасликка келишиб олдик ва мен қайлиғимнинг кўнглини хотиржам қилиш учун қўлларидан тутдим.

— Тўйимизга уч кун қолди-я?!

— Бахтимизга уч кун қолди!

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)

loading...