СУСАННА… (56-қисм)

0

 

 

* * *

 

Кўлга боқиб юрагим ҳаприқди. Азоблар, аламлар, соғинчу андуҳларни унутиб, кўл томон юрдим. Ажабо! Кўлда кичик тўлқинлар у соҳилдан-бу соҳилга елканли қайиқдек бориб келарди.

Бир маҳал кўл ўртасида сузиб юрган бир гала оққушларга кўзим тушди. Йўқ, улар бир қарашда оққушга, бир қарашда одамнинг суқи киргулик соҳибжамолларга ўхшаб кетарди. Уларга термилиб туриб, қайсиларинидир танигандай ҳам бўлдим. Бироқ ҳозир бунинг аҳамияти йўқ эди. Эс-ҳушимни ўғирлагудек гўзал оққушларга жим туриб тикилишни, завқ олишни хоҳлардим.

Шу тобда улар орасидан бир оққуш ажралиб чиқиб, мен тарафга суза бошлади. Оққуш ҳар ҳаракатланганда майин жилмайиб, тобора менга завқ улашарди. Яқинлашиб келгандан сўнг бундан-да ажабланарли мўъжиза юз берди. Оққуш зилол сувга бир шўнғиди-ю, инсон қиёфасига кирди-қолди…

Бу ўзим танимаган-кўрмаган инсон бўлсайди. Қаршимда, кўлда Наргиза кулиб турарди. Эгнида ўша ўзи яхши кўрадиган атлас кўйлак. Калта қирқилган сочини турмаклаб олибди. Анча тўлишибди. Ўзи оппоқ эди, янаям оқарибди. Кўзлари катталашиб, лаби қалинлашибди.

— Бевафо! — ҳайқирди беихтиёр Наргиза ўкинганнамо. — Бирпасда унутиб юбордингизми мени? Келаркансиз-ку биз тарафларгаям! Аввалроқ қаерда эдингиз?

Унга жавобан нима дейишни билмадим. Ахир қайдан билибман, Наргизани учратишимни? Билсам, у яхши кўрадиган атиргуллардан бир дастасини топмасмидим? Йўқ-йўқ, нималар деяпман, қанақа атиргул? Сусаннага хиёнат қилиб-а? Ҳозир жуфти ҳалолим Сусанна-ку! Наргиза билан аллақачон бегона бўлиб кетмаганмидик? Шунақа дейишади-ку!

— Тушинг кўлга! — мени ёнига чорлади Наргиза хандон отиб кулганча. — Қаранг, қандай ажойиб сув! Тушинг, бирга ҳув анави соҳилга сузиб ўтамиз! Ким олдин сузиб ўтиш ўйнаймиз!

— Ниятингни сезиб турибман, — дедим совуққонлик билан. — Сусаннадан тортиб олмоқчисан мени. Алдамай ростини айтавер.

— Тортиб олсам, нима қипти? — ўпкаланганнамо сўз қотди Наргиза. — Барибир, ўзимникисиз-ку! Ҳеч қанақа Сусаннани билмайман! Билишниям истамайман! Ундан кўра, юринг мен билан. Дугоналарим билан таништираман. Қайтадан чимилдиққа кирамиз. Ишонинг, энди касал бўлмайман. Хасталаниб сизни қийнамайман. Ақлли, меҳрибон хотин бўламан сизга. Юринг, жоним!

Яширмайман, сўнгги сўзлари қулоғимга ёғдек ёқиб, қандай кўл бўйига бориб қолганимни пайқамабман. Бордим-у, Наргизани жуда яқиндан кўрдим. Унинг худди нур ёғилаётган юзларидан силагим, эркалагим, кўксига бош қўйиб, тин олгим келаверди. Тўғри-да, бунинг нимаси ёмон? Қачонлардир Наргиза билан бир ёстиққа бош қўйганмиз. Агар хасталаниб оламдан ўтмаса, ҳануз бирга яшаётган бўлардик-ку! Бугун тасодифан шу водийда кўришиб қолибмиз. Унинг кулбасига бир бош суқиб қайтсам, нима бўлибди? Ие, Сусанна-чи? Менсиз ҳоли не кечади? Яна бир лаҳзалик ишрат, меҳр, эътиборга қул бўлмоқчиманми? Ўзим эмасмидим «Ҳеч қачон хиёнат қилмайман, фақат сени севаман» дея бонг урган? Энди Наргизанинг ортидан кетсам, Сусаннанинг уволи тутмайдими мени?

— Мени кечир, — дедим эҳтиёт шарт ортга тисланиб. — Мен никоҳимдаги хотинимни ташлаб, сен билан кетолмайман. Тўғри тушун, бундай гуноҳга йўл қўя олмайман!

— Аблаҳ экансиз! — қичқирди Наргиза кўл сувини аламли шапатилаб. — Шунча вақт ёлғиз ташлаб қўйганингиз каммиди?! Энди қаёқдаги Сусаннанинг қучоғидан чиқа олмайдиган бўлдингизми? Қани менга берилган ваъдалар, ичилган қасамлар? Ҳаммаси ҳавога учдими?

— Мен Сусаннага хиёнат қила олмайман, — такрорладим вужудим музлаб. — У мени интиқ кутяпти. Хабар топса, ранжийди, ўксийди. Сен бўлсанг, ёлғиз эмассан. Ана, дугоналаринг ёнингда. Бора қол, бора қол!

— Хиёнаткор, ярамас! — йиғлашга тушди Наргиза. — Бир дақиқа вақтини аяган ифлос! Ҳали шошма, кўрсатиб қўяман сенга. Айрилиқда қолдириш қанақалигини кўрсатаман. Шундай азобларга дучор бўласанки, ўзинг туриб балли дейсан!

— Майли, — Наргизанинг сўнгги қарғишларини тинглагач, ундан буткул ҳафсалам қайтиб, қўл силтадим, — дунёда ундай азобларнинг кўпини кўрганман. Юборавер ўша қийноқларни! Қучоқ очиб кутиб оламан. Фақат мени Сусаннамдан айирма, муҳаббатимдан айро этма!

Ана шу сўзларим Наргизанинг баттар ғазабини қўзғади. У бирпас кўкка боққан кўйи тикилди-да, кутилмаганда ҳайқира бошлади:

— Бўғилиб ў-ўл, бўғили-иб! Бўғили-иб!

Ҳайқириғи оламни тутди. Осмону фалакни қоп-қора булут қоплади. Кўл бир ағдарилди-ю, кўздан ғойиб бўлди. Унинг ўрнини кимсасиз биёбон эгаллади. Биёбонда зоғ учмасди. Бир ўзим қаерга йўл солишни билмай, гарангсиб турардим. Ҳали хаёлларимни йиғиштириб улгурмай, осмон тўла қора булут пастлаб-пастлаб келди-да, мени домига тортиб кетди…

Қайтадан нафасим қайтди. Танамга игналар санчилаверди. Булутлар мени номаълум манзилга судраб бораверди. Судралиб борардим-у, шундоқ ёнгинамда номаълум товуш қулоғимни ерди.

— Ўл-а, бу кунингдан баттар бўл! — дерди у. — Шундай соҳибжамол қиз қўлингни, қалбингни сўради! Зилол сувли кўлда, бир-биридан гўзал оққушлар қуршовида умр кечирардинг. Ҳеч қачон ёмонлик кўрмасдинг. Энди ўзингдан кўр! Ҳозир булутлар сени тубсиз жарликка итқитишади. Ўша жар — сенинг ажалинг. Абадулабад юқорига интилсанг ҳам, чиқолмайсан у жардан. Гўштинг қурт-қумурсқа, илон-чаёнларга ем бўлади. Ҳеч кимга керагинг қолмайди. Ғирт аҳмоқ экансан.

— Майли, — жавоб қилдим номаълум товушга, — йўқсилнинг дуч келгани ўша жарлик эканини ўзим ҳам биламан. Мен ундан-да яхшироқ манзилга, маконга лойиқ эмасман…

Шундай дедим-у, игналар зарби янада кучайиб бораётганини сездим. Аввал тишни тишга босиб чидаган бўлсам, энди бардошим қолмаганди.

Бор овозда ўкира бошладим:

— Худойим, менгаям раҳминг келсин! Бир жонимга азобларни юборавермасанг-чи! Бир чимдим роҳат бе-е-ер!

Билмадим, оҳим Яратганга етдими-йўқми — буниси қоронғи. Пайқаганим шу бўлдики, нола чекканим сари судралаётган танамни тиканлар, тошдан қаттиқроқ ер тимдалашдан тийилди. Нафас олишим енгиллашди. Танам билан баравар судралиб бораётган юзимга ернинг қайноқ тафти урилиб, шоша-пиша кўзларимни очдим. Не кўз билан кўрайки, мен ҳеч қандай биёбон ёки чўлдамас, ўз уйимда ётардим. Юзимга урилган тафт, аслида, Сусаннанинг кафти эди. У тепамда йиғлаганча ўтирар, нуқул икки юзимни силаб зорланарди.

— Хайрият, уйғондингиз! Қўрқитманг-да унақа. Менда нима қасдингиз бор эди? Сизни калтаклаганларнинг уйи куйсин, илоҳим. Яхшиям, қўшнилар бор экан. Дўхтир чақиришди. Энди ҳеч қачон қўрқитманг бизни, хўпми?!

Мен Сусаннамнинг икки кафтини юзимга босдим-у, қийинчилик билан бўлса-да, қаддимни кўтардим. Ҳануз қўрқинч аралаш уй ичкарисини кўздан кечирдим. Жароҳат етган билагим, оёқларимни пайпасладим. Хаёлимдан Шаҳбоз, Наргиза ўтди. Бир неча сония ҳақиқатан ёруғ дунёда эканимга ишонқирамай, сукут сақладим.

Ҳа, мен ростдан ҳам ўз уйимда, меҳрибонларим бағрида эканман. Мен… Алаҳлабман, ҳа, алаҳлабман, холос. Беадад шукр! Ўлмай қолганимга шукр!

Шуларни ўйларканман, қўлларимни базўр узатиб, Сусаннани қучдим ва титраб-қақшаб шивирладим:

— Мен сенга ҳеч қачон хиёнат қилмайман, Сусанна!

 

* * *

 

Узоқ вақт қишлоққа бормай қўйсам, яқинларим, қариндош-уруғларим, дўстларим тушимга кира бошлайди. Ҳатто оламдан ўтиб кетган, қачонлардир мен билан ҳамсуҳбат бўлган қўшниларни ҳам туш кўраман.

Тушларимда қишлоқнинг сокин кўчалари, сарбаланд толлар, чинорлар, мирзатераклар, бақатераклар, сувини бўтана қоплаган эски зовур, аллавақтлардан бери кимсасиз ҳувиллаб ётган дала шийпони, суви деярли қуриб, ҳажми ҳам торайибгина қолган ариқ менга ҳамроҳ бўлади. Айниқса, марҳум бобом, бувимнинг сиймосини аниқ тасаввур этаман. Улар гоҳ мени койишади, гоҳ мазали таомлар билан сийлашади, гоҳ алқаб олис йўлга кузатиб қўйишади. Шунда биламанки, анчадан бери қабристонга ташриф буюрмадим. Меҳрибонларим ҳақига дуо ўқимадим, улар билан ҳам хаёлан, ҳам тиллашиб суҳбат қурмадим. Бобожоним, бувижоним мени жуда соғинишди. Демак, зудлик билан қишлоққа боришим, ҳали яқинларим ҳовлисига етиб улгурмай, албатта қабристонга бош суқишим шарт. Чунки марҳумлар дуога ўч. Дуодан озиқ олади, руҳлари тинчланади, шод бўлади…

Оламга баҳор нафаси уфуриб, дарахтлар энди-энди куртак ёза бошлаган кунларнинг бирида биз йўлга отландик.

Йўлга чиқишимиз билан кўнглим тоғдек кўтарилиб, руҳан енгил торта бошлагандим. Негаки, Қобилжоним илк бор ота юртига қадам қўяди. Кўм-кўк далаларга, майсазор-у теракзорларга боқади. Қолаверса, биз уччовлашиб қишлоқни қум кўчалар бўйлаб мағрур кезамиз. Бахтимизни, қувончимизни, қанчалар шод эканимизни, керак бўлса аччиқ ва тотли армонларимизни барчага кўз-кўз қиламиз. Тиконли тўсиқлар қаршисида ҳеч қачон бош эгмаслигимизни, иродамиз, бардошимиз тошдан-да мустаҳкамроқ эканини исботлаймиз.

Шундай ўйлар, мулоҳаза-ю, умидлар қуршовида биз кечга яқин машинага ўтирдик.

Анчадан бери келмаганим сезилди. Қишлоқ тамоман ўзгариб кетибди. Эски дўконлар, бозорлар ўрнини бир-биридан ҳашаматли супермаркетлар, гўзаллик салонлари, катта-кичик замонавий дўконлар эгаллабди. Қобилжонни маҳкам бағримга босганча Сусаннага бу иморатларни кўз-кўз қилардим-у, юрагим ҳаприқар, қувончми, аламми, билмадим, ишқилиб, кўнглим тўлиб-тўлиб оларди.

Шунда анча наридаги икки қаватли бинога кўзим тушди. Бу бино кўзларимга шу қадар қадрдон, яқин кўриндики, тўхташдан бўлак чора тополмадим.

Бинога бир муддат жимгина тикилиб қолдим. У ҳам ўзгарибди. Акфа ромлар ўрнатишибди. Деворларига нақш бериб, турфа рангларга бўяшибди. Бироқ бинонинг асл ҳолати ўзгармаган. Ўша эшик, ўша зиналар, хоналар…

Бирпас бинонинг ичкарилари, ойнаванд деразаларига суқ ва энтикиш билан термилиб турдим.

Боягина ғингшиб, йиғлай бошлаган Қобилжоним ҳам гўё менга ҳамдардлик билдирган каби жимгина бинога боқарди.

— Болажоним, бу бино менга қанчалар яқин ва қадрлилигини билсайдинг, — дея фарзандимнинг юзларини силадим бағримни эски дардлар тикони тирнаб. — Шарифа мени ҳайдаб солди, боримни тортиб олди, тўнимни елкага илганча мана шу ерларга паноҳ, меҳр, мурувват истаб келдим. Ҳеч ким писанд қилмади. Энг яқин дўстларим, қадрдонларим, бир қориндан талашиб тушган туғишганларим ҳам отангни ҳайдаб солди. Ана ўшанда шу меҳмонхона жонимга оро бўлди. Азбаройи қишлоқни севганим, соғинганимдан бу кўчаларни, паст томли уйларни ташлаб кетгим келмасди. Кўнгилга сокинлик улашувчи шу манзарага тўйиш, қониш илинжида меҳмонхонада бир ҳафта яшаганман. Ҳа, ўғлим, ўз она юртим тупроғига оёқ босиб туриб, меҳмонхонада яшадим ўшанда. Кундузлари қишлоқ кўчаларини телбаларча кездим, томоша қилдим, далаларга, ўтлоқларга, бир-биридан таниш одамларга узоқдан тикилиб, кеч тушиши билан меҳмонхонага қайтдим. Нотаниш одамларга ўзимни меҳмондай кўрсатдим. Мен…

Шундай қилишга мажбур эдим…

Сусанна кўнглимни тағин бесаранжомлик чулғай бошлаганини пайқаб қўлтиғимга кирди ва елкамга бош қўйганча нари юришга ундади.

Қабристонни зиёрат қилгач, тахминан без юз метрча йўл босдик. Қишлоққа кириб боришимизга бир баҳя қолди. Агар ҳув анави буғдой экилган далани ҳам ортда қолдирсак, мен вояга етган ўша қишлоққа етамиз.

Бир маҳал дала ёқалаб қишлоқ томон жадал юриб бораётган ўрта бўйли эркакка кўзим тушди.

Уни дарров танигандим. Шароф ака. Ён қўшнимиз эди. Қурилишда прорабми бўлиб ишларди. Ҳалигидай… Ичкиликни хуш кўрарди. Ишдан дам олган кунлари улфатларини ёнига олиб қиттай-қиттай қиларди.

Болалигимда мени жуда яхши кўрарди. Нимадир сабаб бўлиб уйига кириб қолсам, қўлимга попукқандми, хўрозқандми тутқазишни канда қилмасди.

— Ҳозир кўрасан, — дедим Сусаннага оғзимнинг таноби қочиб. — Мени кўради-ю, ҳалпиллаганча чопиб келиб кўришишга қучоқ очади. Эски ҳазиллари эсига тушиб роса кулади.

Шундай деб Шароф акани баланд овозда чақира бошладим.

— Ҳой Шароф ака! Тўхтанг! Шароф ака-а!..

Қўшнимиз овозимни эшитди-ю, таққа тўхтаб ортга ўгирилди. Бир муддат анграйганча мен томон тикилиб турди. Сўнгра биз тарафга уч-тўрт қадам ташлади. Яна тўхтади. Ўнг кафтини пешонасига тираб тағин менга разм солган бўлди.

— Танимай қолдингизми? — ярим киноя аралаш сўз қотдим Сусаннани қўлтиқлаганча Шароф акага пешвоз чиқарканман. — Шунақа экан-да, ака!

Шу пайт кутилмаган ҳодиса юз берди. Шароф ака икки қўлини боши узра баланд кўтариб қичқирганча қоча бошлади.

— Арвоҳ! Арво-оҳ!.. Ёрдам беринглар, ёрда-ам! Қувма! Орқамдан қувма! Тўхта!..

Ёши улуғ одам ҳайқирса жуда ғалати эшитиларкан. Шароф ака гўё қиёмат қойиб бостириб келаётгандек жонҳолатда қочиб борар, қанча чақирмай қулоқ солмасди. Ора-сирада ортига ўгирилмай «кет, кет!» деган каби қўл силтаб оларди.

— Жинни бўлганми бу одам? — Сусанна энсаси қотиб мени норози турткилади. — Шу маҳал арвоҳга бало борми? Ё ичволганми?

— Шошма, — дедим Қобилжонни унга тутқазиб. — Ҳозир етволаман. Ҳушига келтираман!

Шундай дедим-у, Шароф аканинг ортидан қувлаб кетдим ва икки ҳатлаб етиб олдим.

— Шароф ака, ўзингизни босинг, — дея қўшнимизнинг икки елкасидан маҳкам тутганча силтай бошладим. — Менман бу, мен, Қодир! Ҳеч қанақанги арвоҳ йўқ!

Шароф ака азбаройи қўрқиб кетганидан нуқул дағ-дағ титрарди. Қайта-қайта силтаб сўзланганимдан сўнг ҳийла титроғи босилиб, кўзларимга жавдираб боқди.

— Р-ростдан арвоҳмасмисан? — сўради Шароф ака ҳазин овозда. — А-алдамаяпсанми?

— Кўриб турибсиз-ку! — дедим кулгим қистаб. — Ўзимман! Катта шаҳардан келаяпман. Анавилар келинингиз, ўғилчам!..

Шундан кейингина Шароф ака анча тинчланди. Икки қўли билан бошини чангаллаганча четдаги тош устига ўтириб олди. Шу кўйи бир неча дақиқа ўтирди. Оғир-оғир хўрсинди. Кимларнидир пичирлаб сўкди.

— С-сени, ука, — ниҳоят бошини кўтариб тилга кирди у. — Бола-чақасиминан тоғда аварияга учрабди, жарга қулаб ўлибди дейишганди. Қ-қара… Т-тирик экансан-ку, хумпар, тирик!..

— Нима? — ҳеч нарсани тушунмай Сусаннага елка қисганча қараб олдим. — Кимлар шундай деди, ака? Бу гапни қаердан олишибди?

— Э, мен қайдан билай? — ўтирган ерида қўл силтаб қўйди Шароф ака. — Ҳамма гапириб юрибди. Боя синфдошларингам мендан сўраб-суриштиришганди.

— Қизиқ, — мен бу хунук хабардан этим увишиб беихтиёр ортга тисландим. — Қишлоқда яшамасак ҳам барибир ғийбатимизни қилаверишаркан-да!

— Майли, ука, мен шошиб тургандим, — дея аста ўрнидан қўзғалди Шароф ака. — Сизлар секин бораверинглар! Уйимга меҳмонлар келиши керак эди…

Шароф ака жадал юрганча кетди. У юриб борарди-ю, барибир ҳануз ишонқирамасди. Қур-қур бошини биз томон буриб қараб олишни канда қилмасди.

Мен бўлсам… Нима қилишни билмадим? Ўйладим. Кўз олдимда тоғдаги тубсиз жарлик гавдаланиб, титрашдан, сесканишдан ўзимни тиёлмадим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...