СУСАННА… (55-қисм)

0

 

 

* * *

 

Югур-югурлар билан кеч ҳам тушди. Уй муаммоси ҳануз бағримни эзар, хаёлан ўзимча боши берк кўчадан чиқишнинг йўлларини қидирар, тополмагач, ич-ичдан зил кетардим. Даҳшатга тушган ҳолда яна кўчани, зимистон кечаларни, аллакимларнинг ижара уйини, сарсон-саргардонликларни тасаввур қилардим. Тасаввур қилганим сайин юрагимдаги ваҳима тобора ортиб, ўзимни қўярга жой тополмасдим.

Йўқ, мен ўзимга ачинмасдим. Гўдагимни қучоқлаганча ортимдан зор қақшаб кезгувчи Сусаннага раҳмим келарди. Унинг ёш тўла кўзларини, мунгли нигоҳларини ўйласам, сира чидолмасдим. Қурбим келса, бу ёлғончи ва шафқатсиз дунёни остин-устин қилишни хоҳлардим.

«Соти-им, — дея оҳ чекардим ҳеч кимга сездирмай. — Бизни қай кунларга солиб қўйдинг, ярамас? Таниган, билган одамга шундай қилдингми? Наҳотки, заррача инсофинг бўлмаса? Қалб борми ўзи сенда?.. Йў-ўқ, барибир тутиласан. Ўшанда кўзимга қандай боқишингни, ўзингни оқлаб аланглашингни кўраман…»

Дард, алам иштаҳанинг ёғийси. Ишдан қайтиб, томоғимдан бир пиёла чой ҳам ўтмади. Одатимга кўра, нималардир дея ўйноқлаётган дилбандимни қўлимга олдим-да, бироз эркалаган бўлдим. Сўнгра йўлга отландим.

Ҳа, бугун ўша нафс бандасини топмасам, масалани кўндаланг қўймасам бўлмасди.

Қиш ойларида шаҳарнинг бу мавзеси ҳувиллаган ҳовлини эслатиб юборади. Машиналар қатнови деярли тўхтайди. Ўткинчилар совуқда кезишдан кўра иссиққина уйларда ўтиришни маъқул кўришади.

Шубҳасиз, харидор бўлмагандан кейин бозор ҳам ёпилади. Бозор ичкарисига назар ташласангиз, фақат ер супуриш билан овора бўлган фаррошга кўзингиз тушади.

Мен домларни оралаганча шошилмасдан кетиб борардим. Ичимга чироқ ёқса ёришмас, Сотимни шивирлаб сўка-сўка енгил тортишга уринардим.

Шу пайт домлардан бирининг рўпарасида — зимистонда аланглаб турган ўрта яшар аёлга кўзим тушди. Аёлнинг оёқлари остида нималардир жойланган иккита каттакон халта. Адашмасам, аёл юкини уйигача кўтариб бора олмагани сабаб кимнингдир ўтиб қолишини, кўмаклашишини кутарди.

«Ҳеч кими йўқми нима бало? — деган ўй ўтди кўнглимдан. — Шу маҳалда бозор қилибди. Наҳотки ёнида қўл телефони йўқ? Ким билсин? Дунёда мендай ёлғизлар каммиди? Суянчиғи бўлса, бир ўзи шунча юкни орқалаб кўча кезмаган бўларди…»

— Ҳа, опа, ёрдам керакми? — сўрадим унинг рўпарасига етгач юришдан тўхтаб. — Юкингиз оғирга ўхшаб турибди.

— Вой, ўргилай, сизни менга Худонинг ўзи етказди! — аёл мамнун қиёфада ерда бир-бирига суяб қўйилган халталарга ишора қилди. — Уйим ҳов анави домнинг орқасида. Шу ерга етганда кучим қолмади. Илтимос, малал келмаса ёрдамлашворинг, барака топкур!..

— Нега малол келсин? — дея аёлга яқин келиб халталарга қўл чўздим. — Бизам Худонинг бандасимиз, опа!..

Шу маҳал кутилмаган воқеа рўй берди.

Бундай бўлиши етти ухлаб тушимга кирмаганди. Худди бировни ўлдириб қўйган кимса каби гарангсиб қолдим…

Юкларни қўлимга олганим ҳамоно, аёл икки билагимга маҳкам ёпишганча бақира бошлади.

— Вой-дод! Ким бор? Манави нусха зўрлик қилаяпти! Номусимни булғади! Боримни шилиб олди! Ёрдам бери-инглар!..

— И-ие… Бу нима деганингиз? Қўйворинг қўлимни, қўйворинг!..

Мен шу сўзларнигина тилимга кўчиришга улгурдим.

Ҳали қаддимни ростлаб бўлмай, қаердандир икки барзанги пайдо бўлди.

Улар югура келиб менга тирмашди…

Йўқ, йўқ, улар уч киши экан. Учинчиси орқамдан келди-ю, белимга совуқ, ўткир тиғ тиради.

— Опа, шуми сизни тунаган? — мени бўғиб турган бир барзанги аёлга юзланди. — Номусингизгаям тегди-а? Ўзимиз кўрдик ўтиб кетаётиб! Ҳозир бу паразитнинг адабини берамиз! Сиз кетаверинг, кетаверинг!..

Аёл шу заҳоти юкларини шартта қўлига олди-ю, зипиллаганча жўнаб қолди.

Мен шундагина тақдирнинг яна бир зарбасига дучор бўлганимни англадим.

Афсуски, кеч эди.

Мен соддалагим, ишонувчанлигим туфайли ёмонлар қуршовида қолгандим.

Барзангилар куч билан мени судраклаганча дарахтзорга олиб ўтишди.

Бу дарахтзордан илгари кўп ўтганман. Кечалари бу жойларда ит ҳам юрмайди.

Ҳар ер ҳар ерда ичувчиларнинг тўпланиб улфатчилик қилишларига гувоҳ бўлганим бор.

— Ҳа, эркак, бизнинг опахонни кўнгиллари тусаб қолдими? — барзангиларнинг серсоқол, жингалак сочлиси иягимни маҳкам сиққанча дўқ ура кетди. — Шундай хокисор, одобли аёлни булғадингми, ифлос?

— Қ-қўйвор, — бўш келгим келмасди гарчи шўримга шўрва тўкилишини сезиб турсам-да. — Сен ўйлаган одам менмас, билдингми? Ўша опангнинг ўзи чақирди олдига!

— Мана сенга! — сал нарида сигарет тутатганча менга масхараомуз қараб турган иккинчи барзанги кутилмаганда юзим аралаш мушт туширди. — Чиқар борингни, чиқар! Рўзмат, ковла чўнтакларини қишлоқининг! Борини ол!

Буйруқни эшитган учинчи барзанги шоша-пиша чўнтакларимни ковлай бошлади.

Ёнимда пича пул, қўл телефонимдан бўлак ҳеч вақо йўқ эди.

— Жа камбағал хариблардан экан, ока, — дея ерга чирт этиб тупурди у. — Қаранг, телефониям ўзига ўхшаган анавинақанги экан.

Иягимни сиқиб тургани кўзларимга ёндиргич чироғини тўғрилади. Чироқ шуъласида унинг нигоҳларида кучли нафрат ва шафқатсизли учқунлаётганини аниқ кўрдим.

— Қани қолган пуллар? — тупук сачратиб сўради у иягимни қаттиқроқ сиқиб. — Опанинг пуллари қани, ифлос? Қайси тешигингга беркитдинг? Яхшиликча ўзинг чиқар! Бўлмаса ўзимиз топволамиз.

Қанчалар оғир вазиятда бўлмай, бу ҳақорат ғазабимни қўзғатмай қолмади.

Таваккал қилдим. Барибир соғ қўйишмасликларини пайқаганим боис «ётиб қолгунча отиб қол» қабилида иш тутишни маъқул билдим.

— Вей, мен сенларга ўхшаган ҳезалак эмасман, — дея бир силтаниб барзангининг қўлларини иягимдан олиб ташладим. — Эркакмисан? Бирга бир чиқларинг! Ё «духинг» етмайдими? Қўрқасанми?

— Вой, болалар, бунинг тилиям бор экан, — ялтоқланиб кулганча шерикларига юзланди барзанги. — Қаранглар, бирга бир муштлашмоқчи. Опанинг қувватини сўрволиб шер бўп кетибди шекилли.

— Ур уни! — шундай деди-ю, орқада тургани белим аралаш тепди. Тепки зарбидан қайсидир томирчам узилиб кетгандек бўлди. Кўзларимдан гўё ўт чақнаб, нафасим бўғзимга тиқилди.

Оғриқ зарбидан ҳиёл эгилдим дегунча башарам аралаш муштлар келиб тушаверди.

Уч барзанги мени ўртага олганча навбатма-навбат дўппослар, сира ўзимни ўнглай олмасдим…

Охири ерга юзтубан йиқилдим. Шу аҳволда танам бўйлаб ёғилаётган тепкилар зарбини ҳис этиб турдим. Аммо бу ҳолат узоққа чўзилмади.

Ҳушимдан кетдим. Шундан кейингина жоним тинчиди. Танамга тепки ёмғири ёғишдан тўхтади…

Қанча ётганимни билмайман. Кўзимни очсам, ҳамон ўша дарахтзорда ётардим.

Оғзимда ёқимсиз таъм туйиб кафтимни лабларимга ишқаладим. Қон экан.

Аъзойи баданим музлаб кетибди. Ўзимни буткул тутиб олгандан кейин қанчалар совқотганимни ҳис қилиб оҳиста ўрнимдан қўзғалдим.

Оёқларим, белим, бўйним симиллаб оғрирди. Қорин қисмимда ҳам кучли санчиқ сездим. Шунга қарамай, сўнгги кучимни ишга солиб ўрнимдан турдим.

Шу ондаёқ бошим гир-гир айланиб беихтиёр дарахтга суяниб қолдим…

— Саёқ юрган таёқ ейишини билмасмидинг, нодон? — гандираклаганча уйим томон юриб борардим-у, ички бир овоз менга танбеҳ берарди. — Қачон сабрли бўлишга ўрганасан? Қачонгача адабингни еб яшамоқчисан?..

Бу танбеҳлар қанча аччиқ бўлмасин, чидадим. Тишни тишга босдим.

Кўнглим азбаройи оғриб, надомат зардобининг талхи бўғзимни куйдирса-да, хотиржам эдим.

Чунки Худо бир кун келиб барибир ёмонларга жазо беришига, мени эса ҳозир-ҳозир уйимда меҳрибон Сусаннам кўзларида ёш билан қарши олишига, барча дардларимга малҳам топа билишига ишонардим.

 

* * *

 

Зиналардан юқорига кўтарилишга аранг ўзимда куч топа олдим. Ним қоронғиликда квартирамиз эшигигача эмаклаб келдим-у, бош айланиши кучайгандан кучайиб бетонга бош қўйган ҳолда ётиб олдим. Шунда бир қўлим ташқари эшикка тарақлаб урилган экан. Тепамда Сусаннанинг йиғи аралаш сўзланиб мени ичкарига судраётганини ҳис этдим. Бир-неча марта ўзимни ўнглашга, кўзларимни очиб, Сусаннага боқишга уриниб кўрдим. Уддасидан чиқолмадим. Ҳадеганда олам гир-гир айланиб, юрагим ҳаприқаверди. У мени ўнгланишга, кўз очишга қўймади. Фақат Сусаннанинг сўзлари, Қобилжоннинг ғингшиб йиғлаши алақ-жалақ қулоғимга чалиниб турди.

Мен алаҳлардим-у, Сусаннамни, ўғлимни жуда-жуда эркалагим келарди. Бироқ қўл чўзишга мадорим етмасди.

Шу тахлит бир неча дақиқа алаҳладим, инграндим, кимларнидир сўкдим, кимларгадир ёлвордим. Кейин бирдан этим увишди. Бош айланишим бир кучайди-ю, тўхтади.

Кўз ўнгимни зулматнинг қора шарпаси қоплади. Кимдир мени судраклаганча қаергадир олиб кета бошлади.

Сезиб турардим. Танам гоҳ ўт-ўланлар, гоҳ тошдан-да қаттиқ ерга ботган ҳолда судралиб борарди. Кўзларим ҳеч нарсани кўрмасди. Шу сабабли мени ким судраклаб бораётганини илғашнинг имкони йўқ эди.

Шу алфозда қанча судраклашди, ёлғиз Худога аён. Даъфатан ташлаб қўйишди.

Қайсидир манзилда борлиғим, аламларим, кўргилигим, қисматим билан ёлғиз қолдим.

Бирдан ғув-ғувлаганча теварагимни қуюн қоплади. Чанг-тўзон қўзғолон қила бошлади. Димоғимни қум босди. Нафас олишга қийналганимдан ўқчиб-ўқчиб йўтала бошладим. Устига устак қуюн мени қуршаган ҳолатда шу қадар тез айланардики, ҳар айланганда дайди қумлар тўзони бор бўйимга зарб билан урилиб жонимни азобларди.

Жарга қулаётган одам ҳам юқорига интилади. Мен ҳам сўнгги имкониятимни ишга солиб қуюнлар қуршовидан чиқишга, шу йўл билан тирик қолишга уринардим.

Оғзи-бурним тупроққа, чангга тўлса-да, чиранавердим. Қандай бўлмасин эркинлик шамолига етишни ният қилдим.

Аксига олиб мен бағримни берган ер ўнқир-чўнқирликлардан иборат эди. Ҳар судралиб олдинга юрганимда гоҳ у, гоҳ бу қўлим чуқурга тушар, уларни тортиб олиш учун ҳолсизланган жуссамни базўр қимирлатардим.

Шунда ғалати ҳодиса юз берди. Мен умуман ҳаракатлана олмай қолдим. Худди кимдир оёғимдан маҳкам тутиб турган каби ётган еримда силтаниш билангина кифояландим. Қуюнни эса… Мисоли қозон қопқоғини кўтаргандек номаълум куч юқорига тортқилади. Ҳатто кўзларимга тўлган тўзон ҳам қаергадир ғойиб бўлиб, мен оламни кўра бошладим.

Атроф бийдай дала эди. Далани қор босган. Гўё қор уюмлари далага кўксини босганча уни қаҳратон қаҳридан асраш илинжида эди. Аста ўрнимдан қўзғалишга тутиндим. Калтаклар зарбини сезмадим. Фақат номаълум юк бошимни баланд кўтаришга қўймади. Шу сабабли эмаклаб олдинга юришга мажбур бўлдим. Афсуски, узоққа бора олмадим. Тағин бошим айлана бошлади.

«Жин урсин, — кўнглимдан ўтказдим жиғибийрон бўлиб. — Қачон қутуламан, мана шу бош айланиш балосидан? Кўз очишга қўймайди, тик туришга йўл бермайди… Ифлослар! Ҳаммаёқни номард, қўрқоқ босибди. Мард эркак бирга-бир муштлашмайдими? Ёлғиз одамни ўртага олиб тепкилаш инсофданми?»

Бир маҳал осмондан кўкимтир пардасифат шарпа тўппа-тўғри мен томон ёпирилиб келди. У бир қарашда булутни ҳам эслатиб юборади. Лекин ранги кўкимтир. Мен бу балога ҳиссиз тикилганча ётавердим. Қўрқмадим, ҳаяжонга, даҳшатга тушмадим. Очиғи, айни паллада менга барибир эди. Умрим, бахтим, борлиғим, мана шу ожиз, ҳимоясиз, бадном жуссамни гаровга қўйган каби тек кутдим.

Кўкимтир булут туша солиб мени ўраб олди. Яна нафасим қайтди. Танамнинг ҳар ер-ҳар ерида ёқимсиз санчиқ турганини сездим. Ора-сирада юқоридан белимга келиб тушган зарба таъсирида бир неча марта кўтарилиб тушдим.

— Қани, олдинга эмакла!

Бу овоз шу қадар яқиндан эшитилдики, кимга тегишли эканлигини аниқлаш ниятида бошимни бурмоқчи бўлдим. Кўкимтир парда йўл бермади. Аксинча, жуссамни қаттиқроқ қисиб олди.

— Буйруқни бажар! — овоз қайтадан жаранглади. — Икки чақирим йўл қолди. Шу масофани босиб ўтишинг керак.

Жуда алам қилди. Қанийди, нафас ололсам, гапиролсам. Димоғимни ёқимсиз, бадбўй ҳидлар асир этиб, олдинга эмаклай бошладим. Устимга шу қадар оғир юк ташлашгандики, ҳатто тиззалаб юришга имкон йўқ эди. Фақат қорним билан судралардим. Қорнимни эса тошдан-да қаттиқроқ ер, тикану янтоқлар тирмалаб, руҳимга азоб берарди.

Шу кўйи қанча йўл босдим — билмайман. Ҳолим қуриб, танамдаги оғриқ зўр келди. Судралишдан тўхтаб, бош кўтаришга тутиндим. Қурбим етмади. Чамаси, тегирмон тошидан минг чандон оғирроқ юк мени босиб турарди.

— Ана энди гуноҳлар ажрини тўлайсан! — дея қичқирди кимдир тепамга келиб. — Ҳозир ёвуз арслон сенга рўбарў бўлади. У билан олишасан. Арслонга бас кела олмаслигинг тайин. У сени ғажишга тайёр турибди. Ёдингда тут: ҳар бир айбинг, хатоларинг эвазига у баданингга заҳарли тишларини ботириб олади. Зўр бўлсанг, марҳамат, уни ўлдир ва зўрлигингни исботла!

Номаълум кимсанинг уни ўчиши ҳамоно, кўкимтир булут жуссамни тарк этди. Бирдан енгил тортдим-у, тоза ҳаводан тамшана-тамшана симирдим. Қизиғи, қаддимни бемалол тиклашга изн беришди. Жоним ҳам оғришдан тўхтади. Қандайдир номаълум, аммо жуда гўзал, хушманзара водийга келиб қолибман. Водий айланасига мажнунтоллар билан ўралибди. Мажнунтоллар новдалари гўё санамлар сочи каби жозибали ва узун. Уларга маҳлиё бўлганча бир муддат тек туриб қолдим. Шу аснода қаердалигим, қай юртда эканимни илғашга ҳаракат қилдим. Яна улгурмадим. Мажнунтоллар панасидан улкан арслон чиқди-да, мен томонга чопиб кела бошлади. У югурарди-ю, пишқириб, оғзидан тупук сачратиб, қудратини намойиш этмоқчи бўларди.

«Менга жазо тайинлаганлари тўғрига ўхшайди, — дея қўрқа-писа ортга тисландим. — Ёмонлар чангалига тушиб қолганга ўхшайман. Хўш, энди нима қиламан? Додимни кимга айтаман? Бу манзилда зоғ учмаса. Арслон ва мендан бўлак ҳеч ким йўқ. Наҳотки ёруғ дунё шунчалар бўшаб қолган бўлса? Нега? Одамлар, жонзотлар қаерга ғойиб бўлди? Юрай, югурай десам, оёқларим ўзимга бўйсунмаяпти. Пешонамда арслон чангалида хор бўлиб ўлиш ёзилганмиди? Шу кунгача тортган азобларим каммиди?»

Бу орада арслон етиб келиб, жон ҳолатда менга ташланди. Нимаям қилардим? Жон ширин. Яшаш, нафас олиш, орзу-ҳавас кўриш, завқланиш тотли. Бор кучимни бир жойга йиғдим-да, арслонга ёпишдим. У тинимсиз пишқирар, гоҳ у, гоҳ бу билагимдан тишлаб, тортқиларди. Тиш теккан жойларим чимиллаб қўярди. Лекин оғриққа ён бергим келмас, нима қилиб бўлмасин, арслонни йиқитиш ва ўлдириш илинжида жон олиб, жон берардим.

Шу пайт кутилмаган воқеа юз берди. Қаршимизда бегона одам пайдо бўлди ва арслонни маҳкам қучиб, бир силташда икки-уч метр нарига ирғитди. Шу қадар қаттиқ ирғитдики, арслон уч-тўрт типирчилади-ю, жим бўлди.

Мен бўлсам, ҳайратдан тош қотганча турар, ўзимдан уч-тўрт метр нарида жилмайганча ер чизаётган шеркелбат халоскоримга тикилиб қолгандим. Бу чеҳра эгаси менга жуда таниш туюларди. Арслон тишлари жароҳатлаган танамни сийпалай-сийпалай, иҳлаганча ўйлар, мулоҳаза қилардим.

— Танимадинг-а? — хаёлимни бўлиб сўради халоскорим. — Одам ҳам шунақа бўладими, Қодир? Қадрдонларни унутиш яхшимас, жўра!

Шундан кейингина ҳушим жойига келди. Унинг кимлигини англадим. Танидим. Халоскорим ўзим билан бир партада ўтирган синфдошим Шаҳбоз эди. Шаҳбоз мактабда ҳам ҳеч кимдан қўрқмайдиган бола эди. Бўйдор, уришқоқ, қайтмаслигидан кунора ота-онасини мактабга чақиришарди. У эса, барибир, муштлашаверарди.

Афсуски, саккизинчини битиргач, қайсидир касалга чалинган-у, оламдан ўтган… Ие, ўлган одам бу ерда нима қиляпти? Нима учун биз синфдошлар биргалашиб уникига фотиҳага борганмиз?

— Танидим, ўртоқ… — дея олдинга юрдим.

У бўлса, юрганим сайин ортга тисланаверди.

— Вей, тўхтасанг-чи! — икки қўлимни олдинга чўзиб, синфдошимни тўхташга ундадим. — Кел, кўришайлик! Шаҳбоз, бу нима қилганинг? Ҳозиргина ўзинг гина қилмадингми? Нимага энди мендан қочяпсан?

Шаҳбоз энди водий ичкарисига қараб чопди. Тахминан юз метргача югуриб боргач, таққа тўхтади. Мен томон ўгирилиб, қўл силтаган кўйи қичқирди:

— Кейин, ўртоқ, кейин! Ўзингни эҳтиёт қил!

Аламим келди. Бир партада ўтириб, дарс тайёрлаганларимиз, маҳаллада футбол ўйнаганларимиз, баъзан бизникида, баъзан уларникида рогатка ясаб, вақт ўтказганларимиз хаёлимдан маржондек тизилиб ўтаверди…

Қанчадир вақт шу аҳволда ўтиргач, илкис бошимни кўтариб, у кетган томонга боқдим. Йўқ, Шаҳбоз аллақачон кўздан ғойиб бўлибди. У тўхтаб қўл силтаган ерни эса кўм-кўк, зилол сувли кўл эгаллабди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...