Қандингни ур, бензин! Қоқ қанотингни! Яхшилаб қоқ!

0

Сенинг қанотинг борга ўхшайди! Ўхшамайди, аниқ бор! Мен биламан! Ҳалиги Европа, ундан кейин баъзи хориж давлатларида сеникига ўхшаш қанот йўқ! Бўлмайдиям, бўлолмайдиям. Чунки сен мана, ўттиз йилдирки бор-йўғи бир марта, шундаям номигагина озгина пастладинг. Кейин яна бақувват, келишган, чиройли қанотларинг билан янада юксакларга парвоз этдинг. Сен камтарлик қилма, узоқ муддат битта баландликда парвоз этдим деб. Сенга ярашмайди. Чунки ўша сен бир хил баландликда қанот қоқаётган маҳалинг хориждагилар ер билан битта бўлди. Уларни шундай ердан қазиб олишди-ю, яна қайтариб тиқиб юборишди. Эшитишимга қараганда, уруғдошларингнинг бир баррели эндигина 40 АҚШ долларига тенг бўлибди. Ваҳоланки, 24 долларгача тушиб, жудаям обрўсизланиб қолганди. Сен бўлсанг ўша пайтдаям юксакликда эдинг. Ўша пайтиям обрўйинг ўша-ўша эди… Эшитишимча, «80 люкс» деган марканг чиққан эмиш. Ёмон топағонсан-да. Ишни қойиллатиб, оби тобида бажарасан. Бировнинг хаёлига келмайдиган манёврларни қиласан. Менимча, шу қанотингга қандайдир бўёқ суриб олсанг керак. Бўлмаса қанот ўша-ўша, ҳаракат ўша-ўша, фақат ранг бошқа… Албатта, албатта, албатта, ранг бошқа бўлганидан кейин нархиям бошқа бўлиши керак-да… Нима дединг? Қиммат бўлади, дедингми? Тўппа-тўғри! Ҳалиги мактаб ўқувчилари расм дарсида фойдаланадиган чизғич бор-ку, ўша қийшиқ бўлиши мумкин, лекин сенинг қиладиган ишингда, фикрингда, дунёқарашингда қийшиқлиқ бўлмайди. Кеча таксига ўтиргандим. «Ака, айтган масофангиз ҳозир икки минг сўмга қимматлашган», дейди ҳайдовчи. Сал қолди. Ёқалашишга эмас, гаров бойлашиб ютқазиб қўйишимга. «Ака, нега бундай дейсиз? Бензин нархи уч минг саккиз юз сўмга тушганига анча бўлди. Қайтанга нархни арзонлаштиришингиз керак», десам, «Гаров ўйнайсизми?» деса бўладими? Дарров ўзимни ўнглаб «Йўқ», дедим. Машина АЁҚШ ёнидан ўтди. Ва мен нархга кўз ташласам, АИ 80 бензин 4200 сўм деб ёзиб қўйилибди. Ичимда «Худо бир асради», дедим.

Интернетни титкиладим. «Фейсбук»ка биров «АИ-80 люкс деб ном олган, ҳали мен сенга айтганимдай, «шаклланган» бензиннинг 4500 эканлигини эълони билан ёзиб қўйибди.

Қадрдон, бақувват ва гўзал қанотли бензин, «плюс», «лайт», «ультралайт», «карбон», «платинум», «голд» номли «бўёқлар» ҳам борлигидан сен хабардор этмоқчиман. Чунки кейинги сафар «АИ 80 люкс» демайсан-да, «АИ 80 голд» дейсан. Шу билан олам гулистон. Биров миқ этиб олдингни кесиб чиқолмайди… Анави мен билан гаров ўйнамоқчи бўлган таксичига ўхшаган таксичилар кўникишади. Кўникишмай қаёққа ҳам боришади? Олсанг шу, бўлмаса, катта кўча, ана бориб газга ўтиб ол, де. Кейин у ёғига «Абадайний, шабадайний, шаб-шабадайний», деймиз-да, газнинг ҳам нархини ошириб оламиз. Бундай олиб қараганда, сенга нима фарқи бор? Ахир газ сенинг яқин қариндошинг-ку, тўғрими?!

loading...