Тошкентда тарқалган бадбўй ҳид сабаби аниқланди

0

Аввалроқ, Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида ёқимсиз ҳид таралаётганлиги ҳолати юзасидан Миллий гвардия ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ масъул ходимларидан иборат ҳамкорликдаги ишчи гуруҳ тузилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур мурожаатларни ўрганиш мақсадида, ишчи гуруҳ томонидан жорий йилнинг 7-8 июль кунлари соат 22:00 дан тунги 03:00 гача бўлган вақт оралиғида пойтахтимизнинг бир қатор туманларида рейд тадбирлари ўтказилди.

Тадбир давомида айрим ҳудудларда ёқимсиз ҳид таралишининг сабаблари аниқланди. Хусусан, Чилонзор тумани Оқ тулпор маҳалласида фаолият юритаётган гилам тўқиш цехида тунги вақтда бўяш ишлари амалга оширилиши, туманнинг Эшонгузар маҳалласи ҳудудидан ўтувчи канализация қувури ёрилганлиги ҳамда туманнинг 11-даҳасидаги 40-уйнинг олдида канализация қувури очиқ қолгани ёқимсиз ҳидларга сабаб бўлаётганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Бектемир тумани сувни қайта ишлаш корхонасининг тунги вақтдаги иш фаолияти ҳамда туман ҳудудида жойлашган кичик корхонада томат пастаси ишлаб чиқарилиши жараёнида атрофга нохуш ҳид таралаётганлиги кузатилди.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан ишчи гуруҳ томонидан аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, жойида ҳал қилиниши имкони бўлган муаммолар тезкорликда бартараф этилди, шу билан бирга, қайд этилган ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотларга тегишли тақдимномалар киритилиб, қисқа муддатларда муаммоларни ҳал этиш сўралди.

loading...