Видолашув ишораси бўлган дарвоза

0

Одамнинг кўнгли бирор воқеа-ҳодиса рўй беришини олдиндан сезаркан. Фақат биз бунга кўп эътибор бермаймиз. Бошқаларни қўя турайлик, мана, ўзимдан қиёс. Негадир сўнгги пайтларда собиқ синфдошларимни тез-тез эслайдиган бўлиб қолдим. Албатта, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Болалик — инсон умрининг энг беғубор дамлари. Қани энди, қайтадан болаликка қайтсак, хумордан чиққунча копток тепсак, анҳорда чўмилсак, толхивичдан от миниб, кимўзарга чиллак ўйнасак… Эҳ, буларнинг гаштига нима етсин?! Афсуски, ўтган умрни энди ортга қайтариб бўлмайди.

Шу десангиз, бир куни Абдуҳошимни тушимда кўрибман. Қишлоқ четидаги ялангликда футбол ўйнаётган эканмиз. Бу синфдош ўртоғимнинг бўйи пакана бўлсаям, ўзи жуда чаққон ва эпчил эди. Тўп оёғига тегиб қолса, уни ҳеч кимга бермай, дарвозагача олиб борарди. Тушимда рақиб жамоа дарвозасига ўн бир метрлик жарима тўпи белгиланди. Бу вазифани Абдуҳошим бехато уддаларди. Лекин бу гал негадир гол уролмади. Тўп дарвоза тўсини ёнидан ўтиб кетди. Норози оҳангдаги бақир-чақирлар эшитилди. Мен Абдуҳошимнинг ёнига югуриб бордим.

— Қўлингдан келмаса, нима қиласан чираниб? Тамом, ҳозир ўйин тугайди. Биз ютқаздик. Ягона умидимиз сендан эди, ишончни оқлолмадинг!

Абдуҳошим секин бошини кўтариб, менга қаради. Унинг кўзидан икки томчи ёш сизиб чиққанди. «Э, мен бу болани ландовур десам, қиз боланинг ўзи экан-ку! Шунга ҳам йиғлайдими одам? Бор-эй, садқаи ўртоқ кет!» деган фикр ўтди хаёлимдан. Энди ортимга қайтмоқчи бўлиб тургандим, Абдуҳошим қўли билан дарвоза томонга ишора қилди. Қарадим-у, кўзларимдан ўт чиқиб кетгудек бўлди. Дарвоза бўм-бўш эди…

Кейин нима бўлганини эслолмайман. Қаттиқ бақириғимдан уйғониб кетибман. Ҳар қалай, тушим экан. Абдуҳошимнинг болаликдаги орзуси футболчи бўлиш эди. Шунга қарамасдан, педагогика институтига ҳужжат топширди, омади чопмади. Бирмунча вақт далада ишлади. Куз ойларида ҳарбий хизматга кетди.

Ҳарбий хизматдан қайтгач, ота-онасининг қистови билан шаҳарлик қариндошининг қизига уйланди. Ўғилли бўлди, алоҳида уй-жой қилиб, кўчиб чиқди, лекин ҳаёти бир маромда кечмади. Арзимаган бир сабаб туфайли хотини билан ажрашди. Шунинг аламига ичкиликка берилди. Кейин яна уйланди. Аммо кўп ўтмай иккинчи хотинини ҳам ҳайдаб юборди. Нима эмиш, хотинига кўнгли йўқ эмиш.

«Ё тавба, энди кўнгилга бало борми? Тинчгина яшайвер! Умр ўтиб боряпти. Синфдошларимизнинг эрта уйланганлари ҳадемай қиз чиқариб, ўғил уйлантиришади. Абдуҳошим эса ўн саккиз яшар йигитчалардек ҳали ҳам кўнглига қулоқ солиб ўтирибди. Ўзи, аслида, тайини йўқ эди. Яхши бўлганида биринчи хотини ташлаб кетмасди», деб орқаворатдан уни роса сўкдик.

Ўзимга келсак, ҳаётдан нолимайман. Хотиним рўзғорга жон киритади. Уч нафар фарзандим бор. Фақат баъзан шаҳарнинг югур-югурларидан ҳориган пайтларим ҳаммасига қўл силтаб, қишлоққа кетгим келади. Ёшимизга ёш қўшилгани сайин ҳар ким ўз ташвиши билан бўлиб, синфдошлар ҳам бир-биримиздан узоқлашиб кетдик. Тўғри, қўнғироқлашиб турамиз. Лекин дийдор кўришиш бошқача-да. Баъзан қишлоққа бориб, синфдош, ёр-дўстларимни йўқлаш у ёқда турсин, туғишганларимни кўришга ҳам вақт тополмай, ортга қайтаман.

Абдуҳошимни сўнгги марта қишлоқдан шаҳарга қайтмоқчи бўлиб, бекатда турганимда кўрдим. Шунда ҳам узоқдан. Кайфи тароқ, дўкондан чиқаётган экан.

— Жўрангизнинг юришига қаранг-а, яна отиб олганга ўхшайди. Худо инсоф бермаса, қийин экан. Ҳар куни ётиб қолгунча ичади. Кейин уйига бориб ўтирмайди, дуч келган жойда ухлаб қолаверади, — деди бекатдаги қишлоқдошлардан бири.

Бу гапларга парво қилмай, жўрам томон икки қадам ташладим-у, иккиланиб қолдим. «Ҳозир бориб, ҳол-аҳвол сўрасам, Абдуҳошим мени қандай қарши оларкан?» деган хаёл ўтди миямдан.

— Нима қиласиз оғримаган бошингизни оғритиб? — деди кимдир кўнглимдан ўтганини сезгандай. — Барибир, ҳозир сизни танийдиган аҳволда эмас у. Кайфи минг. Таниган тақдирда ҳам «Юз грамм олиб бер», деб таъбингизни хира қилади. Олиб бермасангиз, сиз билан жанжаллашади. Шу сизга керакми?

Ҳали бир қарорга келиб улгурмасимдан автобус келиб қолди…

Абдуҳошим ва бўм-бўш дарвоза кўз ўнгимдан кетмасди негадир. «Э, тушга нималар кирмайди?» деб ўшанда қўл силтаб қўя қолгандим. Бир куни укам телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўради. Сўнг гинали оҳангда деди:

— Қишлоққа ҳам келмай қўйдингиз. Ишларингиз шунчалик кўпми, ака?

— Ҳа, энди, ўзинг биласан-ку. Лекин қишлоқни эсдан чиқариб бўларканми? Насиб қилса, тез кунда бораман, — дедим-да, укам шунчаки телефон қилмаётганини сезиб сўрадим: — Тинчликми? Бирон зарур гапинг бормиди?

— Сизга хабар қилишдими-йўқми, билмадим. Бугун ўртоғингиз Абдуҳошим акани тупроққа қўйиб келдик.

— Нима?! Нега?! Ахир соппа-соғ эди-ку?!

— Ичкилик жигарини ишдан чиқарибди…

Аксига олиб, шу тобда алоқа узилиб қолди. Беихтиёр яқингинада кўрган тушимни эсладим. Абдуҳошим ишора қилган дарвоза бўм-бўш эди…

ҚУВОНДИҚ

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)

loading...