Боши оғримаётган журналист…

0

2020 йилнинг Президентимиз томонидан Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилиниши журналистлар зиммасига ҳам қатор вазифаларни юклайди, албатта. Чунки журналистлар юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ва тушунтириш борасида давлатимиз раҳбарига елкадош бўлиши лозим. Ахир Президентимиз катта минбарда туриб: «Бундан кейин ҳам «тўртинчи ҳокимият» вакилларининг эркин ва холис фаолият юритишлари, республикамизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни халқимиз ва халқаро ҳамжамият учун очиқ-ойдин ёритишлари учун барча шарт-шароитларни яратамиз.

Жойлардаги муаммо ва камчиликларни рўй-рост очиб бериш, уларни ҳаққоний ёритишларида мен пофессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман», — дея бежиз айтмади. Ўзбекистон янги ислоҳотлар, янги ўзгаришлар сари юз тутган бир пайтда журналистларнинг сусткашлик қилишга асло ҳақи йўқ.

Қайси йўналишда фаолият олиб боришидан қатъи назар, гап журналистлар ҳақида кетар экан ОАВдаги энг катта муаммолардан бирини тан олиш керак. Бу ҳам бўлса журналистларнинг саводхонлиги ёки тўғрироғи, чала саводхонлиги масаласидир. Бугун турли оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган айрим ҳамкасбларимиз айтилиши ва ёзилиши қийин бўлган сўзлар ва атамаларни-ку, қўя туринг, «масъул» сўзини «маъсул», «талон-торож» сўзини «талон-тарож», «акс садо» сўзини «акс-садо» шаклида ҳеч бир хижолатсиз ишлатмоқда. Шунингдек, унамоқнинг уннамоқдан, ётнинг ёддан, қайтнинг қайддан, грантнинг гранддан, давонинг даъводан, холнинг ҳолдан, рухнинг руҳдан, шохнинг шоҳдан, мижознинг мизождан, тананинг таънадан, ампуланинг амплуадан фарқини билмайдиган журналистларнинг ёзган мақолаларига ҳам ажабланмай қўйдик.

Аслида, юқорида тилга олинган сўзларнинг тўғри шаклда қандай ёзилишини нафақат журналистлар, балки она тилимиз қоидаларидан бохабар ҳар бир инсон билиши шарт. Лекин баъзи босма нашрлару сайтларда берилаётган мақолаю хабарларда ва ҳатто ТВ орқали эфирга узатилаётган кўрсатувларда сўзларни нотўғри қўллаш ва сўзнинг асл маъносига эътиборсизлик ҳолатлари шунчалик кўп-ки, беихтиёр журналист эканингдан уялиб кетасан киши.

Қайси каналдан эфирга узатилгани ёдимда йўқ, лекин журналистнинг деҳқонга «Бу марвариддек товланиб турган анорларни қандай етиштирдингиз?» дея савол берганини эшитиб, очиғи, лол қолдим. Биз шу пайтгача кўплаб FM тўлқинлар ва ТВ орқали фалончи ёки пистончи хонанда томонидан тарона, ҳа, ҳа, адашмадингиз, қўшиқ эмас, айнан тарона «жаранг сочиши»га ўрганиб қолгандик, аммо анорнинг ёқутдек эмас, балки марвариддек (тўғри, табиатда қора марварид ҳам учрайди, лекин жуда кам) товланишини эшитиб: «Нима, ҳозирги анорлар оппоқ бўлиб пиша бошладими?» дея ҳайронлигим ошди. Жавоб ҳам саволга яраша бўлганини эса айтмай қўя қолай…

Адашмасам, уч йилча аввал Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган тадбирда Маматқул Ҳазратқулов (у пайтлари Маматқул ака ЎзАда бош директор эди) «Яқинда бир танишим телефон қилиб: «Маматқул ака, бизга ўзбекчадан русчага, русчадан ўзбекчага яхши таржима қиладиган саводли ходим керак», деб қолди. Мен унга «Шундай ходим топсангиз менга ҳам айтинг», дея жавоб қайтардим», деганди. Чиндан ҳам, телерадио бўладими, босма нашрлар бўладими ёки интернет сайтларими, деярли барчасида кадрлар масаласи муаммолигича қолмоқда. Мен ҳозир республика миқёсидаги оммавий ахборот воситалари ҳақида гапиряпман. Вилоятлар ва туманларда чиқадиган газеталарда эса аҳвол янада ачинарли. Таҳририятларда малакали журналистлар жуда кам, борлари ҳам аллақачон пенсия ёшига етса-да, ишлашга мажбур бўлмоқда. Негаки уларнинг ўрнига ишлайдиган журналистнинг ўзи йўқ.

Шу ўринда бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Миллионлар ўйинига ишқибозлик қилувчи инсонлар Европанинг кўзга кўринган клублари қошида футбол академиялари фаолият олиб боришини яхши билишади. Айнан мана шу академияларда ўз келажагини футбол билан боғлашни истайдиган минглаб иқтидорли ёшлар тарбияланади. Номдор жамоалар миллион-миллион маблағ сарфласа-да, клуб келажагини ўйлаб шу ишни амалга оширмоқда. Балки, кўҳна қитъада футбол санъат даражасига чиққанининг асл сабаби ҳам шудир? Балки, шунинг учун бизнинг бўм-бўш стадионларимиздан фарқли ўлароқ ушбу клублар стадионлари ишқибозлар билан тўлиб-тошиб кетар?

Хўш, нега Европа футболида ўз мевасини берган ушбу тажрибани журналистикада синаб кўриш мумкин эмас? Айтмоқчиманки, нега таҳририятлар ўз қошида тўгарак очиб, унга келажагини босма нашрлар билан боғлашни истайдиган иқтидорли ёшларни жалб қилмайди? Шундай қилинса, эҳтимол, юқорида тўхталиб ўтганимиз — малакали кадрлар муаммоси эртароқ ҳал бўлармиди?..

Сўз журналистлар ҳақида борар экан яна бир масалага тўхталиб ўтишни истардим. Маълумки, бирор муаммоли мавзуда таҳлилий-танқидий мақола ёки кўрсатув тайёрлаш учун анча вақт керак. Чунки журналист ёритмоқчи бўлган мавзусини яхшилаб ўрганиши, мавзунинг ичига кириб, бу борада барча маълумотга эга бўлиши лозим. Ана шундагина кўрсатув ёки мақола жонли чиқади.

Аммо журналистик суриштирувни-ку, қўяверинг, турли соҳаларда учраётган муаммоли масалаларни кўтариб чиқадиган, камчилик ва нуқсонларни рўй-рост кўрсатиб берувчи чуқур таҳлилий мақолалар тайёрлайдиган қалами ўткир журналистлар бармоқ билан санарли. Ҳалигача нимадандир чўчиб, кимдандир ёки кимлардандир ҳадиксираб, ўзимизга ўзимиз «ички цензура» ўрнатиб олгандекмиз, гўё…

Таниқли ёзувчи ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммад бир йиғилишда журналистларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида гапира туриб: «Боши оғримаган журналист журналист эмас», — деган эди. Бугуннинг кўплаб журналистлари эса «бош оғриғини» хуш кўрмайдиган бўлиб қолган, шекилли, муаммоли мавзулардан жуда узоқда юрибди. Ахир ОАВнинг биринчи галдаги вазифаси халққа ўзи хоҳлаган маълумотларни вақтида етказиб бериш-ку! Нега энди биз ўз юртимизда рўй берган бирор нохуш воқеа ёки кўнгилсиз ҳодиса ҳақида қайсидир хориж интернет сайти ёки босма нашрлари орқали бохабар бўлишимиз керак? Бу, биринчидан, одамлар орасида маҳаллий нашрлар ҳамда ТВга бўлган ишончнинг сусайишига олиб келса, иккинчидан, журналистларнинг обрўсига путур етказади.

Сир эмаски, ҳозир бирор расмий ташкилот томонидан уюштирилган матбуот анжуманида иштирок этсангиз, дарров қўлингизга пресс релиз беришади. Журналист эса матбуот анжуманида номигагина қатнашади: на савол беради, на мавзу юзасидан муносабат билдиради. Кейин эса пресс релизга асосан мақола ёки хабар ёзади, тўғрироғи, бир қоғоздаги сўзларни бошқасига кўчиради. Қарабсизки, долзарб мавзудаги мақола ёки хабар тайёр. Қарабсизки, барча босма нашрларда деярли бир хил сўзлар ва бир хил рақамлардан иборат мақола чоп этилади.

Жамият ижобий томонга ўзгараётган, жамият билан бирга одамларнинг дунёқараши, онгу шуури ҳам ўзгараётган экан, энди уларга қуруқ рақамлар ва «деди-деди»лардан иборат газеталар, телекўрсатувлар керак эмас. Агар шу йўл билан бораверсак ўқувчи кундалик босма нашрларни харид қилмай қўяди ёки фақат кўнгилочар телекўрсатувларнигина кўради. Натижада мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар ва ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўпчилик бехабар қолиши мумкин. Бугунги куннинг журналисти эса давлат ва жамият, яъни давлат ва одамлар ўртасидаги кўзгу бўлиши ва бу кўзгуда ҳамма нарса ўз аксини топиши лозим. Ана шундагина журналист жамиятда ўз ўрни, мавқеи ва қадрини топиб, чин маънода «тўртинчи ҳокимият» деган шарафли ном эгасига айланади.

Суннатулло САИМНАЗАРОВ

«ҲОРДИҚ плюс» газетасидан олинди.

 

loading...