КОРОНАВИРУС ВА ДАВР: ТУРКМАНИСТОНДА НИМА ГАП ЎЗИ?

0

 

Туркманистон расман коронавирус қайд этилмаганини айтиб келаётган дунёдаги бир неча давлатдан бири ва собиқ совет ҳудудидаги ягона мамлакат.

4 минг километр узоқликдаги Хитойда янги коронавирус аниқланиши ортидан Туркманистон февраль ойида қўшни давлатлар билан чегараларини ёпди.

Дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бўлган Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов мамлакатда Covid-19 га чалиниш ҳолати йўқлигини айтиб келади.

Дунё матбуот эркинлиги индексида 180 давлат орасида Шимолий Кореядан кейин 179-ўринда бўлган ва давлат оммавий ахборот воситаларини тўлиқ назорат қиладиган Туркманистон раҳбарининг бу баёнотига шубҳа билан қаралади.

Туркманистон ташқарисидаги матбуот ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мамлакат ичкарисидаги манбаларига таянган ҳолда кўп сонда Covid-19 га ўхшаш симптомлар билан оғриган беморлар борлигини айтишмоқда.

олландияда жойлашган Turkmen.news сайти директори Руслан Мятиев Би-би-си Турк хизмати билан суҳбатда Туркманистон коронавирусга қарши текзор чоралар кўргани, аммо вазият кейинроқ ёмонлашганини айтади.

«Туркманистон дунёда биринчилардан бўлиб чегараларини ёпди. Хориждан қайтган фуқаролар лагерларда карантинга олинди. Бошида кўрилган чоралар таъсирли эди, аммо шунга қарамасдан вирус барибир мамлакатга кирди. Зотилжам ҳолатларининг кўпайиши шунга ишора қилмоқда, чунки бу каби зотилжам тарқалиши аввал кўрилмагани айтилади», – дейди туркманистонлик журналист.

Туркманистондаги манбалар, жумладан шифокорлардан маълумот олаётганликларини айтган Мятиевга кўра, шифохоналардаги манбалар коронавирусга чалиниш ҳолларининг кўплиги ва инсонлар вафот этаётганини айтишмоқда.

«Кўп қаватли уйлардан бирида одамлар ўлган. Эртаси куни тиббий ниқоб ва махсус кийимлар кийган одамлар келиб, уйнинг йўлаклари ва лифтларни тозалашган. Бир нарса бўлмаганида бундай қилишмасди», – дейди журналист.

 

ЖССТ ҳайъат юборди

 

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти душанба куни ораларида эпидемиолог ҳам бўлган беш кишилик ҳайъатни Туркманистонга юборди.

Би-би-си Турк хизматига ёзма жавобида Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ўз ҳайъати 10 кунлик сафар давомида вазиятни ўрганиши, туркман соғлиқни сақлаш мулозимлари билан бирга ишлаши, шифохоналар, лаборатория ва тез тиббий ёрдам марказларида бўлишини маълум қилди.

Ташкилот ташриф «Туркманистон ҳукуматининг истаги билан амалга оширилгани»ни айтмоқда.

Аввалроқ матбуотда ЖССТ туркман расмийларидан жавобни икки ой кутгани хабар қилинганди.

БМТнинг Туркманистондаги ваколатхонаси раҳбари Елена Панова «тасдиқланган коронавирус ҳолатлари бўйича Бирлашган Миллатлар бошқа мамлакатларда бўлгани каби, Туркманистон ҳукумати берган расмий маълумотларга таяниши»ни айтган.

АҚШнинг Туркманистондаги элчихонаси 23 июнь куни мамлакатда Covid-19га ўхшаш симптомлар кўрсатаётган одамлар борлиги, улар тест қилиниб, 14 кунлик карантинга олингани» ўзларига маълум қилинганини билдирган.

Аммо Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотларни «сохта» деб чиққан.

 

Исмларини очиқламаслик шарти билан гапирган шифокорлар эса мамлакатнинг деярли барча минтақаларида янги коронавирусга чалиниш ҳоллари қайд этилгани, эпидемиянинг «назоратдан чиқиш арафасида» эканини айтишган.

Хабарларга кўра, шифокорлар ва бошқа тиббиёт ходимларига коронавирус ҳақида гапирмаслик йўлида босим ўтказилмоқда.

Аввалроқ Туркманистондан тақиқланган фуқаро жамияти ташкилоти томонидан юритиладиган «Туркманистон хроникаси» сайти Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан чиқарилган вируслардан ҳимояланиш мавзусидаги рисолаларда коронавирус сўзи тилга олинмагани ҳақида ёзган.

Унга кўра, коронавирус ҳақида гапирган фуқаролар полиция томонидан назоратга олинган.

Журналист Мятиевнинг айтишича, коронавирус тарқаган биринчи ойларда тиббий ниқоб таққанлар «аҳоли орасида ваҳима уйғотгани учун» жаримага тортилган.

«Шифокорларга коронавирус ҳақида гапириш тақиқланган, аммо улар ўз яқинларига «ўзингизга эҳтиёт бўлинг, одамлар тўпланган жойларга борманг, жамоат транспортига минманг» каби огоҳларни беришган. Улар вазиятни тушунтирмасдан ва сабабларга тўхталмаган ҳолда яқинларини огоҳлантиришяпти», – дейди туркманистонлик журналист.

Мамлакатда қанча одам тест қилингани ҳам маълум эмас, аммо хабарларга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги апрель ойида республикада 30 минг тест тўпламлари борлиги, яна 40 минг тўплам сотиб олинишини маълум қилган.

 

Коронавирус марказлари

 

Туркманистон ташқарисидаги мустақил нашрларга кўра, энг кўп коронавирус хабарлари пойтахт Ашхобод ва Ўзбекистон билан чегарадаги Лебап вилоятидан келмоқда.

Соғлиқни сақлаш расмийларига таянган хабарда июнь ойи ўрталарида пойтахт ташқарисидаги юқумли касалликлар шифохонасида икки врачнинг вафот этгани айтилган.

«Туркманистон хроникаси» сайти эса Ашхободдаги Туркиянинг фаолияти тўхтатилган Polimeks қурилиш ширкати ишчилари яшаб келган лагерларни бири касалхонага айлантирилгани ҳақида хабар берган.

Хабарда айтилишича, 1 июндан буён ҳарорати кўтарилган хасталар тез ёрдам машиналарида шу ерга олиб келинмоқда.

Polimeks Holding ширкати Би-би-си Турк хизматининг бу ҳақдаги саволига ҳозиргача жавоб қайтармаган.

Turkmen.news сайти 15 июнда Лебап вилояти маркази Туркманобод шаҳридаги бир шифохонада 34 киши ўткир зотилжам касаллигидан даволанаётгани ҳақида ёзган.

Мятиевнинг айтишича, хориждан келган самолётлар Лебап вилоятига қўнган ва келганлар 14 кунлик карантинга олинган.

Унинг сўзларига кўра, туркманистонлик шифокорлар бу ерда коронавирус тарқалиб кетишини карантинга олинганларнинг пора бериб чиқиб кетгани билан боғлашади.

 

Яна қаттиқлашди

 

«Туркманистон хроникаси» нашри хабарига кўра, коронавирусга қарши чоралар ўтган ой анча юмшатилганди, аммо ЖССТ ҳайъатининг ташрифи арафасида яна кучайтирилган.

Шаҳардаги автобусларни дезинфекция қилиш бошланган, автобус ҳайдовчилари, дорихона ходимлари ва ҳамшираларнинг тиббий ниқоб тақиши мажбурий қилинган.

Супермаркет сотувчиларига ҳам тиббий ниқоб ва қўлқоплар тақиш буюрилган.

Касалхонага кираётганларнинг тана ҳароратлари текширилмоқда.

Пойтахт Ашхобод ва Туркманобод шаҳарларида кўчалар дезинфекция қилинаётгани айтилади.

 

«Дунёдаги энг яхши соғлиқни сақлаш тизими»

 

Хавотирга сабаб бўлаётган яна бир муҳим жиҳат, бу Туркманистондаги соғлиқни сақлаш тизимининг аҳволи.

«Мамлакатда касалхона ва технологик инфратузилма бўлишига қарамасдан, малакали шифокорлар камлиги боис кўпинча беморларга нотўри ташхис қўйилади. Шунинг учун имкони борлар кўпинча Ҳиндистон, Россия ва Туркия шифохоналарига борадилар», – дейди туркман журналисти.

Би-би-сининг «агар тасдиқланган ҳолатлар бўлса, расмийлар нима учун бу ҳақда хабар бермайди» деган саволига Матиев шундай жавоб берди:

«Бу Туркманистон учун имидж масаласи. ОИТС, гепатит, сил бўйича статистика очиқланмагани каби, бу ҳам яширилади».

Туркманистонда соғлиқни сақлаш тизимини яқиндан ўрганган Лондон Гигиена ва Тропик тиббиёт институти профессори Мартин МакКи шу йил апрелида Би-би-си мухбири Абдужалил Абдурасулов билан суҳбатда шунга ўхшаш фикрни айтган.

«Туркманистондан келаётган соғлиқни сақлаш билан боғлиқ расмий статистика мутлақ ишончсиз. Охирги 10 йилда мамлакатда ОИТСга чалинган биронта ҳам одам йўқлигини айтиб келишди. Бунга ишониш қийин. Бундан ташқари, 2000-йилларда вабо дохил бир қатор эпидемиялар яширинча бостирилган, деган хулосалар бор», деб айтган Лондон университети профессори.

Мятиевга кўра, агар Туркманистон ҳукумати коронавирус тарқалганини тан олса, соғлиқни сақлаш тизими пандемия билан курашга тайёр эмаслиги ҳам ўртага чиқади.

«У пайтда Туркманистон хориждан ёрдам олишига тўғри келади. 28 йилдан буён «дунёдаги энг яхши соғлиқни сақлаш тизими»га эгалигингизни айтиб келсангизу, эпидемияни жиловлай олмасангиз. Халқ 28 йил давомида бизни алдаб келган экансан-да, демайдими?»

Барзо Шимшак

“Би-би-си Турк хизмати”

loading...