Мактабгача таълим вазирлиги: Балиқчида боғча мудираси ўз жонига қасд қилганлиги ҳолатини ўрганди ва…

0

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири буйруғига кўра тузилган Ишчи гуруҳи Андижон вилояти, Балиқчи тумани Мактабгача таълим бошқармаси (МТБ) фаолияти ҳамда ушбу тумандаги 11- сонли мактабгача таълим ташкилоти(МТТ) раҳбари Г.Хўжақулованинг ўз жонига қасд қилиши туфайли ўлими ҳолатини ўрганиш натижаларига кўра қуйидагиларни маълум қилади.

Жорий йил 4 май куни соат 15.00 да 25.07.1967 йилда туғилган Г. Хўжақулова яшаб турган манзилида ўз жонига қасд қилган, тан жароҳати олган ва шифохонага ётқизилган. Шифокорлар томонидан унинг ҳаётини сақлаб қолишга қилинган барча ҳаракатларга қарамай, 17.05.2020 йилда шифохонада вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Г.Хўжақулова Балиқчи туманидаги 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 11.11.2010 йилдан буён мудира лавозимида ишлаб келган.

Балиқчи тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувга кўра марҳума Г.Хўжакулова соғлиғи ҳамда иши билан боғлиқ муаммолар туфайли руҳий ҳолатидаги ўзгаришлар натижасда ўз жонига қасд қилгани аниқланган(суитсид). Туман прокуратураси томонидан тайинланган суд психиатрик-психологик экспертизаси хулосасида кўрсатилишича бу салбий ҳолатга ички зиддиятлар натижасидаги ҳиссий ҳаяжон туртки бўлган,унинг натижасида юзага келган ҳиссий беқарорлик жонига қасд қилиш ҳолатига туртки бўлган бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

Экспертиза хулосаси асосида туман прокуратураси томонидан ушбу ҳолат бўйича тегишли қарор қабул қилинган.

Мактабгача таълим вазирлиги Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган текширув хулосасига кўра Балиқчи тумани МТБ раҳбари С.Хонкелдиеванинг ўз хизмат вазифасига масъулият билан ёндашмаганлиги натижасида МТБда носоғлом муҳит юзага келган.

Шунингдек, текширув давомида Балиқчи туманидаги 11- сонли давлат МТТ да қурилиш – таъмирлаш ишларини олиб борган “Милано қурилиш” МЧЖ раҳбари Н.З.Расулов томонидан расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилиб, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш орқали бюджет маблағлари ўзлаштирилганлиги, қурилиш-таъмирлаш ишларининг ззи сифатсиз бажарилганлиги аниқланган.

Аниқланган ушбу ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган.

Шунингдек, Ишчи гуруҳи, Балиқчи тумани МТБсида ишлар тизимли йўлга қўйилмагани; раҳбар хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги; идоравий назорат сусайтириб юборилгани ва натижада аҳоли орасида мактабгача таълим тизимига нисбатан норозилик кайфияти пайдо бўлганлигини аниқлади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Андижон вилояти, Балиқчи тумани МТБси мудири С.Хонкелдиева билан тузилган меҳнат шартномаси 2020 йил 26 июнь куни бекор қилинди.

Мактабгача таълим вазирлиги марҳум Г.Хўжақулованинг қизи ва оила аъзоларига унинг ўлими муносабати билан таъзия ва ҳамдардлик билдиради.

 

loading...