Одамларни даҳшатга солган номаълум махлуқ

0

Кутилмаган зарбадан ер юзи титраб кетди. Ҳар томонга зарралар сачраб, бирин-кетин портлаш содир бўлди. Атрофни эгаллаб олган аччиқ тутун тарқагач эса тун қаъридан ваҳимали қадам товушлари эшитила бошлади. Бироз ўтиб эса аъзойи бадани темир билан қопланган, бадбашара, мислсиз даражада баҳайбат антиқа мавжудот кўринди…

* * *

Техника ўз тараққиёти чўққисига етган. Ҳар томонда учар машиналар изғиб юрибди. Бу тараққиёт, айниқса, Революр штатида кескин ривожланиб бормоқда. Мамлакат замонавий компанияларининг аксарияти айнан шу ҳудудда жойлашган, қолаверса, энг машҳур ихтирочилар ҳам ушбу шаҳарга ишлашга жалб қилинган.

Шаҳарда осуда ҳаёт ҳукмрон. Шаҳар мери Карлсон эса аҳоли фаровонлигини ошириш ниятида янги технологиялар устида бош қотирмоқда.

— Мумкинми, жаноб? — дея хонага кириб келди мернинг яқин ёрдамчиси, янги ихтироларни татбиқ қилиш бўйича маслаҳатчи Роберт. — Нохуш хабар бор.

— Хўш, — деб қоғоздан бошини кўтарди Карлсон. — Эшитаман.

— Штатнинг энг чекка ҳудудига аллақандай жисм қўнганмиш. Ён-атроф вайронага айланибди. Одамлар ваҳимага тушиб қолган. Энг қизиғи, у ердан қандайдир темир-терсаклардан бошқа ҳеч нарса топилмаган.

Мэр ҳеч нарса демасдан, чуқур ўйга толди. Сўнг бошини илкис кўтарди:

— Ўша ёққа борамиз. Кўрайлик-чи, тинчимизни бузган кутилмаган меҳмон ким экан?

* * *

— Инсониятни кўришга кўзим йўқ, — дея хириллади Кроун. — Лаънатилар, иблислар! Уларнинг сўнгги авлодини ўлдирмагунимча тинчимайман!

Саважлар сайёрасида ўзига хос интиқом руҳини вужудга келтирган Кроун вужудидаги нафратга бўйсуниб келади. Кўзи қонга тўлганча турли режалар тузади. Аммо шу пайтгача ер юзига бир қанча урушларни амалга оширган бўлса-да, ниятига етолганича йўқ.

— Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлади! — деди у қўл остидаги саважларга қараб. — Хато қилишга ҳақимиз йўқ!

— Тўғри айтасиз, жаноб, — дея унинг гапини маъқуллади юзи ҳаддан ташқари буришиб кетган Тира. — Мен ҳам ўша ақллиларнинг қонига ташна бўлиб кетганман.

— Лиреон аллақачон ерга тушиб улгургандир. У билан боғланиш лозим.

Креон ҳар қандай масофадан ҳам тўлқин узатиб бера оладиган асбоби ёрдамида хизматчиси билан боғланди.

— Лиреон, тузукмисан?!

— Яхши, — деди ўзи тушган ҳудудни кузатаётган саваж. — Бу ер биз ўйлагандан ҳам хунукроқ экан. Кулини кўкка совуришдан бошқасига ярамайди.

— Шошилма, ҳали улгурасан. Олдин ҳамма жойни синчиклаб ўрганиб чиқ. Ер сен ўйлагандан анча мураккаб.

— Хотиржам бўлинг, — дея олдинга қадам ташлади Лиреон. — Олдин бу чурвақаларнинг кўнглига шунақа ваҳима солайки… Қочгани тешик топа олмай қолишсин. Вақти келганида сизларни чақираман. Алоқа тамом.

Лиреон атрофга яна бир назар ташлади-да, шиддат билан югуриб кетди.

* * *

Карлсон воқеа жойига етиб келганида маълум ҳудуд полиция ходимлари томонидан ўраб олинганди.

— Номаълум жисм ҳеч қаерда кўринмайди, — дея унга кўрсатма бера кетди полициячилардан бири мэрни кўрган заҳоти. — Аммо қандайдир жисм тушгани аниқ. Чуқур ҳам жуда катта.

Карлсон темир парчаларини кўздан кечира бошлади.

— Бунақа ғалати нарсани биринчи кўришим, — деди у ердан тушунарсиз шаклга эга бўлган жисмни олиб. — Нима бўлиши мумкин? Ишқилиб, қўрққан нарсам бўлмасин-да.

— Жаноб, мана буни қаранг.

Карлсон бир четда нималарнидир титкилаётган Ричарднинг ёнига борди.

— Ғалати, — деди маслаҳатчи ҳайратини яширмай. — Кўринишидан туморга ўхшайди.

Карлсон туморга ўхшаш нарсани қўлига олиши билан қандайдир иссиқликни сезди. Сесканиб, қўлидагини тушириб юборди.

— Нима бўлди, тинчликми? — дея унинг аҳволидан ташвишланди Ричард.

— Тинчлик, шунчаки, ўзидан иссиқлик тарқатар экан.

— Йўғ-э, қўйсангиз-чи, ахир бизга ҳеч нарса сезилмади-ку!

Маслаҳатчи гапини исботлаш мақсадида янги топилмани қўлига олди. Бир муддат ушлаб тургач:

— Ғалати бўлди-ю, — деди ажабланганча. — Ие, шошма…

У диққатини оширди-ю, сесканиб кетди. Топилманинг орасида жуда бошқача қўғирчоқ расми туширилган муҳр бор эди.

“Қўғирчоқ, — дея ўйлади мэр бош қашиганча. — Бу шунчаки чизилган эмас. Наҳотки, отамнинг башорати тўғри чиққан бўлса”.

Карлсон топилмани чўнтагига солиб қўйди-да, темир-терсакларни текшираётган ходимлар ёнига йўл олди.

— Нима топдинглар? Шошма-чи, — дея кичикроқ ҳажмдаги, кўриниши машина рулига ўхшайдиган темирни кўздан кечираётган полициячига юзланди ва темирни қўлига олди. — Хўш, афтидан, бу билан учар жисм бошқарилган, шекилли.

— Худди шундай, — дея унинг гапини тасдиқлади полициячи. — Фақат…

— Хўш?

— Ажабланадиган жиҳати шундаки, у билан машина орасидаги боғлиқлик узилмаган, яъни у машинани аъло даражада бошқара олади.

— Бу билан…

— Менимча, руль атайлаб узиб олинган.

— Уюштирилган, демоқчимисан?

— Ишқилиб, тахминим ўзини оқламасин.

— Афтидан, қўрққан нарсам содир бўладиганга ўхшайди, — дея бошини чангаллади Карлсон. — Шошма, агар шубҳаларим тўғри бўлса, демак, уларда… Йўқ! Бу ракетани учириб келган ўзга сайёраликни топиш керак! Имкон қадар тезроқ!

* * *

Лиреон йўлида учраган нарсани вайронага айлантириб бораркан, беихтиёр бўйнини пайпаслади — тумори йўқ. Ишониб-ишонмай, яна ушлаб кўрди, ростдан ҳам тумори қаергадир ғойиб бўлганди. Саважларнинг ўзига хос рамзига айланган бу туморни уларнинг бошлиғи Креон берганди. Лиреоннинг ёдида, бошлиғи туморни унинг бўйнига тақаркан, “Буни ҳеч қачон йўқотма, тумор мен учун жуда қадрли”, деганди. Лиреон шуларни эслади-ю, дарҳол ўзи тушган жойга қайтди. Креон ҳар бир саважнинг бўйнига махсус асбоб тақиб қўйган, у тумор йўқолса, топишга ёрдам берарди. Лиреон ҳам дарҳол шу асбобни ишга туширди. Дастлаб қоронғилик, сўнг кўзойнак таққан, қошлари қалин киши кўзига кўринди. Асбоб бу инсоннинг ҳар бир жойини текшириб чиқа бошлади. Орадан бироз ўтгач, тўсатдан асбобдан сигнал овози эшитилди. Лиреон унга диққат билан қаради-ю, ҳалиги кишининг костюми чўнтагига солинган туморни кўрди.

— Куним битди, деявер, лаънати! — деди хириллаганча.

Сўнг сигнал овозига қараб югуриб кетди.

* * *

Карлсон чўнтагидан туморни олди-да, у ёқ-бу ёғини ушлаб кўрди.

— Бунча шу матоҳга тикилиб қолдингиз? Қандайдир сир борми бунда?

Ёрдамчисининг саволи, аниқроғи, гап оҳанги мэрга ёқмади. “Хоҳлаган ишимни қилишим мумкинми?” дегандек қаттиқ тикилди. Ричард тилини тишлаганча машина ойнасидан ташқарига қаради ва бирдан бақириб юборди:

— Мана буни қаранг, жаноб!

Карлсон машинанинг ён ойнасидан орқа томонга қаради-ю, кўзи катталашиб кетди. Даҳшатли махлуқ машина-ю автобусларни дуч келган томонга ирғитиб, машина орқасидан чопиб келарди. Бир томондан, у томон бостириб келаётган махлуқнинг важоҳати, иккинчи томондан, ҳар тарафга оддий буюмдек учиб кетаётган машиналар мэрни карахт аҳволга солиб қўйди. Ҳаш-паш дегунча ўзга сайёралик яқин келиб қолди ва машинани туртиб юборди. Машина ён томонга ағдарилиб кетди. Жон ҳолатда югуриб келган саваж эса тўсатдан тўхтаб қолди. “Тамом, энди ўлдим!” дея ўйлаб, юраги така-пука бўлиб, кўзини чирт юмиб олган Карлсон кўзини очганида махлуқ нимагадир тикилиб турарди. Мэр бироз ажабланиб турди, сўнг махлуқнинг тумор ушлаб турган қўлига қараб турганини кўриб, ниманидир англагандек бўлди.

— Наҳотки шундай бўлса?! — дея ўзига-ўзи пичирлади кейин. — Бу тумор… Бўлиши мумкин эмас.

Ричард нима бўлаётганини тушунолмай қолди.

— Жаноб, — деди у махлуқ эшитмасин, дея секин пичирлаб. — Ана у нега тўхтаб қолди?

Мэр энди гапиришга оғиз жуфтлаганди ҳамки, қўли оғриқ бериб, туморни тушириб юборди. Махлуқ эса шу заҳоти бор овози билан ўкириб, бир зарб билан Карлсонни улоқтириб ташлади.

— Унга тегма, — деган буйруқ келди шу маҳал Лиреонга. — У билан алоҳида ҳисоб-китобимиз бор.

— Лекин сиз инсониятни йўқ қилишга буйруқ бергансиз-ку!

— Фақат уни эмас. Карлсоннинг жони — меники.

— Уни танийсизми?

— Гапни кўпайтирма, — овози таҳдидли эшитилди бошлиқнинг. — Сен айтганни қил, тамом.

Бу орада эса Карлсон туморни олиб улгурганди. У қаршисидаги махлуқни қандай бўйсундириш мумкинлигини аллақачон англаганди.

— Бу туморга қандай алоқанг бор? — деди у Лиреонга қаттиқ тикилиб.

Махлуқ лом-мим демай, туморга тикилиб тураверди. Бундан эса Карлсоннинг пешонаси баттар тиришиб кетди.

— Сендан сўраяпман, бу қўлингга қандай тушиб қолди?!

— Уни ўлдирсак-чи?! Бундай имконият бошқа бўлмайди, — деди ёрдамчиси мэрга қараб.

— Йўқ! Уни ўлдиролмаймиз. Бунинг қасоси ёмон бўлади.

* * *

У ёқдан-бу ёққа асабий бориб келаётган Креоннинг ғазабдан мушти тугилиб, жаҳли чиқиб борарди.

— Бу аҳмоққа негаям ишондим ўзи?! Тумор анави лаънатиларнинг қўлида. Аксига олиб, улар туморнинг илоҳий кучга эга эканлигини, энг ёмони, бизларни тўхтата олиши мумкинлигини билиб қолишди. Бундан ёмони йўқ! Минг марта айтдим эҳтиёт бўлгин, деб.

— Хўжайин, — деди баҳайбат, саважларнинг жаллоди бўлган Зариро, — нега анавини ўлдирмаслик ҳақида буйруқ бердингиз? Ахир шу кўйга тушишимга ўша сабабчи, дегандингиз-ку!

— Тўғри, лекин у билан алоҳида ҳисоб-китобим бор. У осонликча ўлиб кетмаслиги керак. Сўнгги нафаси чиқар чоғида кўзига қарашни, ўша кўзини ўйиб олишни истайман! Аблаҳ! Ҳали шу қилганига минг-минг пушаймон бўлади, мана кўрасан!

— Очиғи, ҳеч нарсани тушунмаяпман!

— Вақт-соати келганда билиб оласан. Яхшиси, Лиреонга айт, ҳозирча ортга қайтсин. Айтгандай… Туморни ерда қолдирсин.

— Лекин…

— У орқали ер юзида нималар бўлаётганини билиб тураман.

Зариро бошлиқнинг буйруғини етказгач, Лиреон ортга қайтди. Карлсон эса бундан баттар ажабланди.

— Анави махлуқ жуда ҳайрон қолдирди-ку! Бизга ҳеч бир шикаст етказмай, ортига қайтди. Мақсади нима? Нима учун изига қайтди? Туморни нега…

— Бўлди қил, — деди мэр ёрдамчисини жеркиб. — Шу саволлар мениям қийнаяпти. Миям ғувиллаб кетди…

Карлсон калаванинг учини тополмас, айни дамда миясида турли ўйлар ғужғон ўйнарди. У қайси фикрни устун қўйишни билмас, боиси, ҳар бири асосли, жўялидек туйиларди.

— Бўпти, уйга боришим керак, — дея Ричардга қаради мэр. — Зора, яхшилаб дам олганимдан кейин миям тиниқроқ ишласа.

Карлсон саважнинг ташрифи натижасида вайронага айланган бинолар томонга қараб қўйди-да, керакли кўрсатмаларни бергач, ўзи учун шай қилиб қўйилган бошқа бир машинага ўтирганча уйига жўнади.

* * *

— Қўлингни ол, кет! Тегинма менга! Нима, ўлдирмоқчимисан?!

Карлсон борган сари деворга қапишиб борар, рўпарасида эса ҳалиги махлуқ у томон бостириб келарди. Саважнинг кўзидан учқун сачрар, қаттиқ тугилган мушти Карлсоннинг калласидан нақ иккита келарди.

— Ўлдираман! — деди у вишиллаб. — Менга юклатилган топшириқ шу!

— Ким буюрган сенга буни?! — дея гарчи бутун вужудини қўрқув эгаллаб олган бўлса-да, ўзини қўлга олиб сўради мэр.

— Ишинг бўлмасин, сен тамомсан!

Махлуқ баҳайбат қўллари билан мэрни бир четга улоқтирди ва ўзи Карлсон томон чопиб кела бошлади.

— Йўқ, йў-ў-ў-қ!

Карлсон ўзининг овозидан уйғониб кетди.

— Нима бўлди, дадаси?! — дея Баҳора косада муздеккина сув келтирди. — Мана буни ичиб олинг, ёмон туш кўрдингиз, шекилли.

— Туш… Ҳа… Туш… Хайрият, туш экан!

— Сувни охиригача ичинг. Сув нохушликни йўқотади, дейишади.

Карлсон худди сувни ичса, барча ғам-ташвиши арийдигандек ютоқиб-ютоқиб симирди. Сўнг чуқур ҳомуза тортди-да, ўрнидан қўзғалди.

— Ҳали вақтли, яна бироз дам олсангиз, яхши бўларди.

— Йўқ, — дея кийина бошлади мэр. — Ухлашга қўрқаман. Ёмон туш кўравериш бўғзимга келди!

Бошқа гапга ҳожат қолмаганди. Карлсон аёли билан хайрлашди-да, ҳали қоронғилик тўлиқ тарқалмаган бўлса-да, ишхонасининг калитини чўнтагига солиб, машинасига ўтирди.

— Айтгандай, ойимнинг аҳволи яхшими? — деди сўнг ортидан кузатиб чиққан рафиқасига. — Иш билан бўлиб, тузук гаплашолмаяпман ҳам.

— Яхши, хавотир олманг.

— Бирор нима бўлса, телефон қил.

Карлсон эндигина машинани юргизганди ҳамки, тўсатдан осмонда қаттиқ гумбурлаш эшитилди. У бир муддат нима қиларини билмай, жойида қотиб турди. Кейин яна олдинга қадам босганди, гумбурлаш тағин такрорланди.

Карлсон энди ростакамига ваҳимага тушиб қолди, жойида хийла муддат қотиб турди. Бироздан сўнг ичкаридан аёлининг бақириғи эшитилди:

— Ёрдам беринг, ойим!..

Мэр машинасидан тушди-да, шахт билан уй томон ичкарилади.

— Ойижон, сизга нима бўлди?! Ойи…

У жойида беҳуш ётган онасини даст кўтариб, машинасига ўтқазди-да, шифохонага шошилди…

* * *

Онасини шифокорлар қўлига топширган Карлсон коридорда кута бошлади. Бироздан сўнг шифокор чиқиб келди.

— Нима бўлди?! Тинчликми?! — деди мэр шифокорга илтижоли тикилиб.

— Ҳали ҳушига келмади! Қаттиқ сиқилган кўринади! Қарилик, юраги кўтаролмайди, деб қўрқаман!

Карлсон узун коридор бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Шу пайт телефони жиринглади.

— Жаноб, даҳшатли воқеа содир бўлди!

— Уфф, ҳозир безовта қилма мени! Шифохонадаман!

Ёрдамчиси эса бошлиғининг гапига эътибор ҳам бермасдан, ваҳимали овозда гапиришда давом этди:

— Яна ўшанақа махлуқ пайдо бўлди, бу сафар бошқаси, даҳшатлироғи… Келмасангиз бўлмайди!

Мэр бирпас иккиланиб турди-да, кейин якуний қарорга келди:

— Ҳозир етиб бораман.

У кетар чоғи шифокорга юзланди:

— Илтимос, онамнинг ҳаётини сақлаб қолинг!

Карлсон воқеа жойига етиб улгурмай, узоқдан йўлида учраган нарсани вайронага айлантириб келаётган саважни кўрди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтар-ўтмай, саваж тили калимага келмай қолган мэрнинг олдида пайдо бўлди.

Карлсонга кўзи тушиши билан Креоннинг башараси тиришиб, кўзи ёниб кетди. Мэрга эса бу юз таниш кўринди.

— Қалайсан, Карлсон, мени соғиниб қолган бўлсанг керак?! — деди махлуқ қаҳрли овозда.

Мэр эндигина таниди. Юрак уриши тезлашиб, ўтириб қолди. Шубҳалари ҳақиқатга айланганди.

— Том, бу, наҳотки, сен бўлсанг?!

— Хайрият, эсингдан чиқармабсан. Тирик кўриб, ажабланаётгандирсан-а?! Аммо мен ўлмадим, мана, қаршингда турибман!

— Тирик қолганингдан хурсандман!

— Бекорларни айтибсан! — дея ғазаб билан кўзини чақчайтирди Том. — Отам иккаланг мендан қутулиш учун мени сургун қилгандиларинг! Саважга айлантиргандиларинг! Эсингдадир?!

— Бунга ўзинг айбдорсан, агар шерикларинг билан ер юзини заҳарлашга киришмаганларингда…

— Биз заҳарлабмизми?! — истеҳзоли оҳангда гап қотди саваж. — Мен Ер юзини тозаламоқчийдим! Заҳарлардан тозаламоқчийдим! Лекин сенлар…

— Бу билан ўзингни ҳам, бошқаларни ҳам алдамоқчи бўлгансан! Сенинг асл ниятинг Ер юзида ҳукмронлик қилиш эди! Буни ниқоблашга урингандинг. Аммо отам буни сезиб қолди. Сенга тушунтирди, фойдаси бўлмаганидан кейин мажбур бўлиб, махсус тайёрлаган дориси билан укол қилмоқчи бўлди. Бу дори билан сен хотирангни йўқотишинг ва тамомила бошқа, янги одамга айланишинг керак эди. Лекин ухлаб ётганингда дори томизаётган отамнинг қўли қалтираб кетди, ўғлига жабр қилаётгани учун ўзини ёмон кўриб кетди. Аксига олиб, ўшанда сен ҳам ён бошингга ағдарилдинг. Оқибатда шишача отамнинг қўлидан юзингга тушди, ичидаги суюқликнинг ҳаммаси терингга сингиб кетди. Қолгани ўзингга маълум. Сени бу аҳволда ер юзида қолдириб бўлмасди. Биз мажбур бўлдик. Отам эса ўлимидан олдин уканг тирик қолган бўлса, албатта, ер юзига қайтади, дея башорат қилганди.

Том Карлсонга нафрат аралаш тикилди-да, акасининг ёнидан ўтиб кета бошлади.

— Илтимос, — деди Карлсон унинг ортидан бораркан. — Бас қил. Ҳозир бунинг мавриди эмас. Бизни кечир…

— Кечир?! Эндими?! Мени шу аҳволга солиб, энди кечирим сўраяпсанми?!

— Асл ҳолингга қайтишинг мумкин…

Том таққа тўхтади. Шахт билан ортига ўгирилди.

— Ростданми?! Бунинг иложи борми?!

— Ҳа. Фақат бунинг учун одамлар сени яхши кўриб қолишлари, меҳр беришлари керак бўлади….

Том бошини қўйи эгди-да, яна олдинга интилди.

— Қаёққа кетяпсан?!

— Касалхонага…

Карлсон бир чўчиб тушди.

— У ерда нима қиласан?!

— Онамни кўришим керак!

— Онамни?!

Мэр жонҳолатда югуриб бориб, укасининг йўлини тўсди.

— Бу аҳволда уни чўчитиб юборасан!

Том уларни ҳам қўрқув, ҳам ажабланиш билан кузатиб турганларга бир қараб олди-да:

— Онам мана буларингга ўхшаганмас! У мени чиндан яхши кўради, танимаслиги мумкин эмас! — деди.

Сўнг акасига қўл чўзди:

— Туморни бер!

— Тумор?..

— Онам берган туморни айтяпман! Сенда қолган тумор бор-ку, ўша! Мен ундаги ғалати қўғирчоқ расми ёрдамида ер юзида, аниқроғи, сен билан боғлиқ қандай воқеалар содир бўлаётганини кузатиб турдим! Агар сени тўхтатмаганимда онамнинг аҳволидан бохабар бўлмай, ишга кетиб қолардинг!

— Ҳали бу…

— Ҳа, мен эдим…

Карлсон туморни чўнтагига солиб қўйганини эслаб, уни укасига тутқазди.

Атрофдагилар бу махлуқнинг Карлсонга алоқадорлик жойи борлигини билиб, унга қаршилик кўрсатмай қўйишганди. Том эса хиёл фурсатдан кейин шифохонада пайдо бўлди. Уни кўриб, ён-верига қарамай қочаётган шифокор-у ҳамшираларга парво ҳам қилмасдан, онаси ётган хонага кириб борди. Унинг ортидан келган Карлсон эса ваҳимага тушганларни тинчлантириш билан овора эди.

Том ҳамон ҳушсиз ётган онасининг ёнига яқинлашиб, бир муддат термилиб турди. Сўнг оҳиста чўккалади:

— Онажон, бадбахт ўғлингизни кечиринг! Отам ҳақ эди, мен сизга анчагина азоб бердим! Агар яхши бўлганимда ҳаммаси бошқача бўларди! Онажон, кечиринг!

Инсон қалби олдида тиббиёт ҳам ожиз қоларкан. Шу пайтгача беҳуш ётган она қалби соғинч ҳиссини туйиб, анчадан бери муштоқ бўлиб турган ўғлининг оҳу-ноласидан қайта уйғонди. Карлсон онасининг бармоқлари қимирлаганини кўриб, қувончдан қичқириб юборди. Шифокорлар эса бундан таажжубланишди, аммо улар Томдан чўчиб, яқинлаша олишмади.

— Том, болажоним, болам!

Аёл бемажол қўли билан тиз чўкиб турган ўғлининг бошини силаб, меҳр билан тикилди.

— Қаерларда юргандинг?! Нега шу пайтгача йўқламадинг?!

— Шу аҳволда-я, она! Қандай қилиб?!

— Бу нима деганинг?! Она учун ўғли қандай кўринишда бўлишининг фарқи йўқ! Муҳими, уни доим кўриб турса бўлди!

Аёл фавқулодда жонланган, тетиклашганди. Бу воқеага гувоҳ бўлаётганлар наздида Том махлуқ эмас, бир меҳрибон ўғилдек туйилар, уларнинг қалбида изтироб чекаётган ўғилга нисбатан илиқлик уйғонганди. Шунда Карлсон ҳам, Том ҳам анчадан бери кутган воқеа содир бўлди — Том асл ҳолатига қайта бошлади.

Низомжон ИСЛОМОВ

(«7 Мўъжиза» хазинасидан)

loading...