СУСАННА… (57-қисм)

0

 

 

* * *

 

Биз ўзаро маслаҳатлашиб, олдин мен катта бўлган ҳовли эмас, онам яшайдиган ҳовлига бош суқишга қарор қилдик. Шундай қилсак, яна кимнидир жазавага тушиш, «арвоҳ»лаб шаталоқ отишдан асраб қоладигандек бўлдик…

Онамнинг эски дарвозаси ҳамон эскилигича турарди. Ҳатто, бўёғини янгилаб қўйишмабди. Ўртадаги эшикча ҳам сўнгги бор келганимда шу тахлит қия очиқ эди. Ҳозир ҳам қия очиб қўйилибди.

Мен Сусаннани ортимдан эргаштирганча аста ҳовлига мўраладим. Ҳовлида ҳеч ким кўринмади.

Эҳтиёт шарт бир неча марта йўталдим. Авваллари ҳам йўталганимдан кейин Нурмат қора биринчи бўлиб қорасини кўрсатарди. Бу гал ундай бўлмади. Ўзим таниб-танимайдиган узун бўйли, елкалари туртиб чиққан, аллақачон етмишни уриб қўйган Ойниса кампир ҳовлининг нариги бурчагидаги уйчадан чиқди.

Ойниса кампир Нурмат қоранинг онаси. Онамнинг қайнонаси. Болалигимдан мени «тирмизак» деб чақиради. Олдинлари бу сўзнинг маънисини тушунмас, шу сабабли эътибор бермасдим. Аксинча Ойниса кампир тирмизакласа дарров овоз берардим. Кейинчалик билсам, ҳақоратли сўз экан. Ўша-ўша бу доғули кампирдан совидим. Тирмизакласа ўзимни эшитмаганга оладиган бўлдим.

— Ҳа-а, ким у кўкйўталга ўхшаб ҳирқираган? — кампирнинг кўзлари анча хиралашганми дейман, ўнг кафтини пешонасига тираган кўйи бизга яқин келди. — Кимсизлар? Аброр, сенми?..

— Мен — Қодирман! — дедим совуққонлик билан. — Онам қани?

Ойниса кампир шундагина мени таниб ортга тисланди.

— Ҳа, тирмизак, сенмидинг? — дея нари кетди кампир. — Нега келдинг? Ким у ёнингда шайтонча шим кийиб олган? Ҳали сен тирмизак шунақа бўп кетганмисан? Бузуқи хотинларминан етаклашиб юрадиган бўлганмисан?

— Э, оғзингизга қараб гапиринг! — дўқлаб бердим кампирни. — Ким бузуқи экан? Хотиним бу аёл, хотиним?

Ойниса кампир сўрига ўтириб олди-да, тиззасига уч тўрт шапатилади.

— Хотиним? Ўл-а, тирмизак! Келиб-келиб кунинг шунақа ширдайган хотинга қолибди-да! Бу кунингдан баттар бўл-э!

— Ўзингизча сайрайверманг, кампир! — дея унинг тепасига яқин бордим. — Сусанна баҳосиз аёл, билдингизми? Индамаса, оғзим бор деб гапиравераркансиз-да!

— Баҳоси йўқми? — кўзларини лўқ қилди кампир. — Унда нега шим кийволди? Иштони йўқми? Ё пулинг йўқми иштон оберишга?

— Уф-ф!.. Мода бу, мода!.. — Очиғи шу тобда бу қайсар кампир билан пачакилашиб ўтиришга сира хоҳишим йўқ эди. Гапни калта қилишга уриндим. — Онам қани, онам? Шундан гапирсангиз-чи!

— Онанг йўқ, — юзини терс бурди Ойниса кампир. — гапга кетган онанг. — Шундай деди-ю, гавдасини ҳам нари ўгириб ўзича қарғанди. — Илоё гап чиқарганларнинг уйи куйсин! Уйда мол-ҳол оч ётса-ю, у қанжиқ гапга кетса. Нафсига бало тиқилсин!..

Қарғишларга тоқат қила олмадим. Қўйиб беришса, онамни ҳақорат қилгани учун бу кампирни тарсакилашга-да тайёр эдим.

Андиша йўл бермади. Базўр тишни тишга босиб Сусаннанинг қўлидан ўғлимни олдим.

— Юринглар, — дедим кўчага ишора қилиб. — Шу сассиқ ҳовлидан тезроқ чиқайлик! Ҳозир кўнглим айниб кетади.

Бу сўзларни юрагим азбаройи аламга, нафратга тўлиб кетганидангина айтдим. Аслида ҳозир онамни кўра олмаётганимдан ёрилай-ёрилай деётгандим.

 

* * *

 

Буюклардан бири «Ватаннинг қадрини ватансиздан сўра» деб бекорга айтмаган экан.

Вақт шомдан ошиб бораяпти-ю, биз уч мусофир ҳали қўним топмадик.

Онамнинг илон изи кўчалари бўйлаб катта йўлга қараб кетаяпмиз. Бораяпмиз-у, кўнглим алғов-далғов. Меҳмондўстлик, парвоналик, ширинсуханлик, одамшинавандаликка бегона қалбим безовта. «Синглимникига борсак, яхши кутиб олармикан? Кўчада қолиб кетмасмиканмиз? Таъна, маломатлар эшитиб қолмасмиканмиз?» деган саволлар миямни кемиради.

Устига устак йўл четида турган, қаердандир челак тўла сув олиб келаётган ёш-яланг, қиз-жувон, ўсмир йигитлар уччаламизга ҳайрат аралаш боқишади. Бу ҳам кўнглимни чўктиради, ғашлайди, саросимага сола бошлайди.

«Эҳ, сизлар, — дейман хаёлан уларга. — Бизнинг нимамизга ҳавас қилмоқдасиз, ҳайратланмоқдасиз? Аслида биздан безовтароқ, омонатроқ одам бормикан бу дунёда? Агар доимо ёнимизда бўлсангиз эди, биз туртинадиган ўнқир-чўнқирларни, тез-тез тушиб чиқадиган жарликларни ўз кўзингиз билан кўрардингиз. Сиз бўлсангиз, ҳавас қилдингиз-а! Кошкийди сиз ҳавас қилгандек тўкис бўлсак… Армонимиз қолмасди… Илоҳим, ҳеч бирингиз киндик қонингиз тўкилган юртда мусофир бўлманг! Ҳеч бирингизни онангиз ташлаб кетмасин! Она дийдорига тўйишга зор қолиб азобланманг!.. Ҳеч бирингиз яшаб турган уйингиздан ҳайдалиб, мангу дард чекманг!.. Илоҳим, ҳар бирингизга менинг Сусаннамдек очиқкўнгил, бардошли, гўзал қалбли ёр насиб этсин!..»

Синглим шундоқ дарвозаси ёнида катта йўл тарафга қараганча ўй суриб турган экан.

Кўриб кўнглим кўтарилди. Бизни ҳам бу юртларда кимдир интиқ кутаётганидан қувондим.

— Вой, сизлармидингиз? — маҳзун жилмайиб аввал Сусанна билан кўришди-да, Қобилжонни қўлига олди синглим. — Ҳалидан бери ўйланаман. Кимлар экан шу қоронғида келаётган деб бошим қотди.

— Нима, кутмаганмидинг? — сўрадим ҳафсалам пир бўлиб. — Мен сени…

— Умуман-чи, — дея дарвозасини аттароқ очиш асносида ўпкаланди у. — Сизларга ҳамма қариндошлар аза очиб бўлишди. Сиз ишдан ҳайдалибсиз. Аламингизга чидолмай кимнингдир машинасини олиб оилавий йўлга чиқибсиз. Йўлда жарга қулаб кетганмишсизлар!..

— Унда нега таъзиямизга бормадиларинг? — ярим ҳазил, ярим чин маънода савол ташладим унга. — Ўлганникига бориш савоб эмасми? Ё сизларам йўлингиздан бизнинг арвоҳимиз чиқиб қолади деб қўрқдингизми?

Бу гапимдан Сусаннагина кулди. Синглим эса менга хўрсиниқ аралаш бир қаради-ю, бизларни ичкарига бошлади ва хоналардан бирига ўтқазиб ўзи ташқарига зипиллади.

Шу кўйи ярим соатча ўтириб қолдик. Синглимдан дарак бўлавермади. Мен ора-орада икки-уч карра ташқарига мўраладим. У кўринмади. «Балки уйида паловга масаллиқ кам бўлса, қўшниларидан суриштириб юргандир!» деган ўйда яна пича ўтирдик. Қобилжонни йўл толиқтирибди чоғи, ухлаб қолди. Сусанна иккимиз жуда очиққандик. Ҳали қаршимизга дастурхон ёзилмаган бўлса-да, ўзаро ҳазил-ҳузул қилиб бир-биримизнинг иштаҳамизни қитиқлай бошладик. Гоҳ буғи чиқиб турган кабоблар, гоҳ думба ёғига дамланган паловхонтўрани ёдга олдик. Шу тахлит ярим соатча вақт ўтказдик…

Ниҳоят синглим ҳовлига кирди. Қўлида халтача тўла нимадир кўтариб олиб нариги хонага йўл олганди, ҳазилкашлигим тутиб луқма ташлаган бўлдим.

— Овора бўлибсан-да! Ош дамлаш шарт эмасди. Бизга бир пиёла чой берсанг ҳам бўларди.

— Йў-ўқ, бу ошгамас, — жиддийлик билан жавоб қилди синглим совуққонроқ оҳангда. — Онам гўшт олиб берворишимни тайинлаганди. Шуни топиб чиқдим-да!..

Қарасам, у хонага қўлидаги халтачани ташлаб чиқиб тағин қаергадир отланмоқчи.

Негадир аламларим жунбушга келди. Ҳеч кимга кераксиз, қадрсизлигимдан хафа бўлдим. Синглимнинг ортидан тарвузи қўлтиғидан тушган кимса каби бўшашганча тикилиб қоларканман, ўзимни қайтадан боши берк кўчада қолгандек ҳис этдим.

Ахир, олисдан келган меҳмонни шундай кутиб оладиларми? Ҳеч бўлмаганда чанқагандир деган ўйда қўлига бир пиёла сув тутқазмайдиларми?..

Наҳотки синглим ҳам мени қадр қилмаса? Қайси айбим учун? Шу эмасмиди қачонлардир онамга қўшилиб борганда Сусаннани қучиб йиғлаган? Энди-чи? Нега бу тахлит совуқ қарши олди бизни? Нияти нима? Уйига киритмоқчи эмасми? Нима учун?..

Ўйларим охирига етиб улгурмай, у дарвозадан ҳовлига кирди-да, деворга суянган кўйи менга термилиб қолди. Юрагим музликлар исканжасида қолган бўлса-да, оёқларимни мажбуран судраб унга яқинлашдим.

Синглим йиғлабди. Кўз ёшлари юзларини ювиб тушибди.

Қўрқиб кетдим.

Чунки синглим бўлар-бўлмасга йиғлайвермасди.

— Нима бўлди? — сўрадим икки елкасидан тутиб. — Ким хафа қилди сени?

— Ҳеч ким, — ўзини нари олди у. — Илтимос… Кетинглар!.. Меникида қолманглар!.. Маҳалладагилар «Акасининг хотини шайтонсифат экан, шайтонча шим кийиб юраркан» дейишаяпти экан. Сизни ҳаёсиз, бўлмағур, одамга йўйишаяпти экан… Илтимос, мени маломатга қўйманглар! Гап-сўзга қолиб кетаман… Укаларим келса, ўлдиради!..

— Нима?.. Укаларим?.. Қ-қайси укаларинг? Ўшалар мениям укам эмасми?..

— Кетинглар! Кетинглар! — титраб шивирлади синглим жавдираб. — Отам… Ҳа, отам тақиқлаган меникига киришингизни! Чунки эрим олисга кетган ишлаш учун. Тушунаяпсизми?.. Маҳалла акасини уйига олиб кирволди деб гап тарқатади-и!..

Ортиқча гапнинг кераги йўқ эди. Мен аллақачон ҳаммасини тушуниб етгандим.

Адашмаётган бўлсам, қорлар ёғибди-ю, излар босилибди. Нурмат қора хасталанган куни шармандаларча қичқириб меникига кириб борганди. Даволатишимни талаб қилганди. Тузалди ҳам…

Бундан чиқди, тузалибди-ю, оёққа тургач, қайтадан ўзининг алмисоқдан қолган, астар-аврасига нафрат, зўравонлик, кўрнамаклик қўшиб тикилган тўнини кийибди.

Қандай бедодлик! Ишдан ҳайдалибди деган миш-миш буларни шу аҳволга солдими? Ҳаммаларига менинг ишим, обрўйим керак экан-да! Наҳотки шу тарафини олдинроқ ўйлаб кўрмаган бўлсам?

На илож? Боягина хаёлимдан кечган ўйлар алдоқчи эмасди. Улар қалбимнинг эзгин нолалари эди. Фақат ўшаларгина менга ҳамроҳ, садоқатли дўст, маслаҳатгўй экан…

Синглимга ҳеч нарса демадим. Сир бой бермаслик учун Сусанна ўтирган хонага кирдим-у, мажбуран жилмайиб қўлимга фарзандимни олдим.

— Кетарканмиз, — дедим атайин табассум билан Сусаннага. — Ҳозиргина хабар қилишди. Катта шаҳардаги кулбамиз биздан аразлаб ўтирганмиш. Агар тез етиб бормасак, уй остидаги ертўла захини чақириб ҳаммаёқни заҳарлаб ташлармиш. Юринглар, қадрдонларим, тезроқ бора қолайлик! Тағин уйсиз қолиб хор бўлмайлик!..

Бу зўрма зўраки ҳазилимдан Сусанна ҳам нималар бўлганини англаганди.

Бир оғиз сўз демай, ортимдан ташқарига юрди. Синглим билан тил учида хайрлашган бўлдик-да, қоронғилик қаърига шўнғидик.

Бекатга яқин қолганда бирдан тўхтадим-да, бир қўлим билан Сусаннани маҳкам қучиб аламли шивирладим:

— Жоним, бу ерларга энди ҳеч қачон келмаймиз! Энди ҳеч қачон ҳеч кимнинг қаршисида мулзам бўлмаймиз. Бизни осонликча хўрлай олмайдилар! Уйлари, жойлари, аламлари, нафратлари, миннатлари бошларида қолсин!

 

* * *

 

Кулбаи вайронамизга ярим тундан сўнг етиб келдик. Уччаламиз ҳам жуда-жуда чарчагандик. Айниқса, менинг бошим қаттиқ оғрир, ҳатто, бошимни ортиқча қимирлатишга қўрқардим.

Мени ҳануз туғишган синглимнинг совуқ муносабатлари, кетар чоғимизда терс ўгирилганча уйига кириб кетгани қийнарди. Руҳан азоб тортардим. Сусаннанинг қаршисида мулзам бўлганим алам қиларди.

Кийимларимни алмаштирардим-у, унга ер остидан қараб-қараб қўярдим.

Сусаннанинг ҳам қовоқлари уйилган, нигоҳлари маҳзун, бир сўз демай фарзандимни аллаларди.

«Йўқ, уни чалғитишим керак, — ўйладим хаёлан Сусаннага яқин бориб. — Феълини беш қўлдай биламан. Хафақон лаҳзаларида нимадир десам, ёки ачинишга мажбур этадиган сўзлардан топиб сўзласам, дарров ўзгаради. Қайғуларини унутади, яна қалби тўла меҳрини менга соча бошлайди… Яхшиям шу аёл бор экан бахтимга…»

— Сусанна, — дедим унга. — Бошим ёрилиб кетай деяпти. Нима қилсам экан?

— Меникиям оғрияпти, — жавоб қилди Сусанна қошларини чимириб. — Бошимда худди биров тегирмон тош юрғазаётгандай бўлаяпти. Сал қимирлатсам, ёрилай деяпти. Йўл чарчатди шекилли.

Бу гапини эшитиб қалбим баттар ларзага келди. Аъзойи баданим чумоли ўрмалаган каби жимирлаб кетди.

Ахир… Бу қандай аёл ўзи? Ичи тўла зардоб, дард, алам, нафрат! Лекин ғиқ этмайди. Гўё юрак салтанатида ҳар сония байрамдек кулимсирайди, хотиржам сўзлайди. Портлаб кетса кетадики, миннатли сўз айтмайди. Нега? Нима учун айтиб-айтиб олмайди, шу баҳона енгил тортмайди?..

Хаёлимдан шундай ўйлар ўтган бўлса-да, ўзимни босишга, ярасини бардамалатмасликка уриндим. Елкасидан маҳкам қучганча тек туриб қолдим.

Тағин Сусанна хаёлимни бўлди.

— Сумкачамда бир дона бош оғриқ дори бор, — деди у бошини кўтариб. — Келинг, ўшани олиб берай, ичиб олинг!

— Ўзинг менданам бешбаттар азобланаяпсан-ку, — дея Сусаннанинг юзларини меҳр билан силадим. — Ўзинг ичволақол!

— Йўқ, — Сусанна жонланиб бағримдан оҳиста сирғалиб чиқди-да, сумкачасини ковлаб бир дона дорини қўлига олди. — Мен қаҳва ичсам оғриқ босилади. Сиз ичинг!

Инсон ҳаёт экан, хотиралар барибир уни таъқиб этаверади. Сусаннанинг оддий бир дори сабаб менга меҳр кўрсатиши, қалб тафти билан мени иситиши ўтмиш хотираларимни уйғотди. Бу хотиралар вужудимни куйдириб ўта бошлади. Кўнглим бўшаб, лабларимда енгил титроқ туйдим…

Ёш бола эдим. Бир йили қиш қаттиқ келди. Қор тизза бўйига чиқди.

Бувижоним кунларнинг бирида эрта тонг туриб даладан ўтин теришга чиққан экан. Кечга бориб хасталаниб ётиб қолди. Нуқул йўталиб, иситмаси кўтарилди.

Бола бўлсам-да, бувижонимнинг тепасидан кетмас, сўраган нарсасини дарҳол олиб берардим.

Кечга яқин сал нарида турадиган қўшнимиз Холбой амаки бувижонимдан ҳол сўрашга чиқиб қолди.

Холбой амаки ўша куни хориждан қайтган экан. Бувижонимнинг қўлига бир дона банан тутқазди. (Биз болалар ўша пайтларда бунақанги егуликларни тушимизда ҳам кўрмасдик. Буни кейинчалик бозорларимизда ўша маҳсулот сотила бошлагач, англаганмиз).

— Опа, мана шуни есангиз, отдай бўп кетасиз, — деди Холбой амаки. — Атайин чет элдан сизга опкелувдим. Жа витаминга бой дейишди. Ажабмас оёққа турсангиз-у, даладаги ўтинларга қирон келтирсангиз.

Бувижоним Холбой амакининг ҳазилидан чеҳраси очилиб жилмайган бўлди-да, бананни менинг қўлимга тутқазди.

— Олақол, чироғим, — деди бувижоним бошимни силаб. — Бунақа нарсаларни кўрмагансан. Еб ол!

Бувижонимнинг бу ишини кўрган Холбой амаки койина етди.

— Нима қилаяпсиз, опа? — дея ўрнидан туриб кетди Холбой амаки. — Сиз тузалармикансиз, оёққа турармикансиз деган ниятда опчиқдим бу ноёб мевани. Сиз бўлсангиз, неварангизга илинасиз-а?!. Ёш бола бунақа меваларнинг қимматини тушунармиди?

— Унақа деманг, — бувижоним Холбой амакининг сўзини кесди. — Қодиржоним улғайса каттакон одам бўп кетади. Шуни еса, ўзим егандай хурсанд бўламан, дардим арийди…

Мана шуларни эсларканман, Сусаннага тикилиб туриб, наздимда худди бувижоним тирилиб келгандай, Сусанна қиёфасига кириб қаршимда тургандай туюлди.

Истар-истамас унинг қўлидан дорини олдим-у, сув олиш илинжида ошхонага йўл олдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...