Ёлланма куёвнинг аччиқ қисмати

0

Зумрад ўриндиққа омонатгина ўтирди. Бир нафасдан сўнг ниҳоятда толиққанини ҳис этди. Бу аҳволда ўтира олмаслигига ақли етгач, бурчакка сурилиб, орқага суянди. Купе девори муздай эди. Қанийди, Равшан чиқиб кетса-ю, шундоқ ўрнига чўзилганча бутун дунёни унутиб ухласа. Ухласа, ухлайверса, поезд далалар, қишлоқлар оралаб елдай учаверса. Қачондир уйғонса ҳам, тамоман бошқа дунёда уйғонса… «Сиз бемалол ечиниб, ўрнашиб ўтираверинг», дея чиқиб кетган Равшан ҳаял ўтмай қўлида пахта гулли чойнак, бир жуфт пиёла билан қайтиб кирди. Зумрад унга кўз қири билан қараб қўйди-ю, аммо ўрнидан қўзғалгиси келмади.

Равшан ҳамон ечинмай ўтирган Зумрадга ҳайрон бўлган каби нигоҳ ташлади-да, сўнг ўриндиққа ўтириб, чойни қайтарди.

«Чиқиб кетмайди, шекилли. Ётаверсаммикан? Умуман уялишга бало борми? Уялгудек ҳолим қолдими менинг?» дея ўйлади Зумрад. Унинг ич-ичидан бир исён бош кўтариб келарди. «Нимасидан уяламан бунинг? Унинг мендан ортиқ жойи борми?» Жувон рўпарасида ўтирган йигитнинг олдида чўзилиб ётиб олиш учун баҳона излар ва излаган сайин топарди ҳам.

Равшан чой қуйиб узатди.

— Олинг, Зумрадхон, қайноққина экан.

Равшаннинг овозида на киноя, на таъна ва на гина бор эди. Гўё бугун эрталаб Равшан Тошкентдан Навоийга учиб келмагандай, безатилган машиналарга ўтириб, никоҳдан ўтишмагандай, қариндош-уруғлар қуршовидаги «ёр-ёр»лар остида ҳашаматли ресторанга кириб, ёнма-ён ўтиришмагандай. «Бахтли бўлинглар, ўнта ўғил, ўнта қизнинг ота-онаси бўлинглар», деган тилакларни эшитмагандай…

Ҳолбуки, буларнинг ҳаммаси бўлиб ўтган, улар энди қонуний эр-хотин эди.

«Ўзини шунақа тутяпти. Аммо ичида мени дунёдаги энг ифлос сўзлар билан сўкаётган бўлса, ажаб эмас. Тўғрисини айтганда, менга барибир. Уни танимасдим, танимайман ҳам…»

Ухлашга етарли баҳона топилган бўлса-да, Зумрад айта олмасди.

— Чой ичишга ҳушим йўқ. Айниқса, кўк чой уйқуни қочиради, — деди Зумрад.

Равшан индамади. Пиёлани бармоқлари учига қўндириб, чойни пуфлаб совитган бўлди. Ичди.

«Намунча деразага тикилади? Чироқларни ўчириб ётақолайлик, десаммикан? Ё гаплашгиси келяптими?» дея ўйлади Зумрад унга қараб.

— Тўғриси, чой ичсангиз ҳам, ухлай олмасдингиз, Зумрадхон, — деди Равшан бутунлай бошқача овозда.

«Ниқобини ечди», деди ичида Зумрад.

— Нега энди? Сизнинг бу қилган ишларингиздан сўнг ухлаб бўлмайди, демоқчимисиз? Сиз ҳам мендан қолишмайсиз. Икковимизнинг гуноҳимиз теппа-тенг, шундай эмасми?

— Нега энди? Мен бир холис хизматни бажардим, холос, — деди Равшан.

— Ўзингизнинг манфаатингиз учун-да, — деди Зумрад «Ҳаммасини биламан», дегандек беписанд оҳангда…

— Манфаатим, албатта, бор. Домла менга уй ваъда қилган.

* * *

Бу фикр хаёлига биринчи бор келганда Зумраднинг ўзи ҳам сесканиб кетганди.

«Кимдир кўнармикан? Кўнса ҳам, сир сақлаб юра олармикан?» Аммо Зумраднинг ҳозирги аҳволида «ёлланма куёв» топишдан бошқа чора йўқ эди. Ёғ ҳидидан кўнгли айнирди, оғзидан тинмай сув келарди…

Дўхтир эса: «Синглим, биринчи болани иложи борича аборт қилдирмаслик керак. Кейин ҳомиладор бўлолмаслигингиз мумкин», деган гапни бир эмас, бир неча бор айтди.

— Ёшсиз, ҳали ҳамма нарса олдингизда. Диссертацияни бир ёқли қилиш керак, — деди домласи.

Бу «Болани йўқот!» деган гапнинг бошқача бир шакли эди. Зумрад минг бир истиҳола билан дўхтирнинг гапини айтганида, домласи қош чимирди:

— Бе, дўхтирлар айтаверади…

— Домла, ўзим ҳам баъзилардан эшитганман. Бу шунчаки гап эмас, менинг ҳам ҳаётдан умидим бор.

— Қизиқсиз-а, мен сизни уйга олиб кетолмайман-ку. Хотинимга «Аспиранткам эрта-индин туғади, никоҳдан ўтишим керак», дея олмайман-ку…

Зумраднинг бошидан бир челак сув қуйилгандек бўлди. Рост, домласи шахсий ҳаётда унга ҳеч нарса ваъда қилмаганди. Фақат эркалатарди. Яхши гаплардан гапирарди. Олима қилишга ёрдам беришини айтарди. Бу пайтлар Зумрад энди институтни тамомлаган ёшгина қиз эди. Баҳолари ҳам яхши. Шунинг учунми, қишлоққа қайтгиси келмасди. «Қишлоғимни соғиндим, она қишлоғим», дея шеър ёзадиган шоирларга мутлақо ишонмасди ҳам. Чунки она қишлоғи пастак-пастак томлар, ёмғир ювган, ола-була бўлиб ётган пахса деворлардан иборатдек туйиларди.

— Зумрад, Азаматов домлани анча шўх дейишади. Илмий иш қиладиган бўлсанг, Собиров домлага ўхшаган виждонли, иймонли устозларга шогирд туш, — дерди курсдошлари.

Аммо улар айтмаса ҳам, Зумрад Азаматовнинг «шўх»лигини бир-икки суҳбатдаёқ сезганди. Лекин Собиров домлага шогирд бўлиш қийинлигини яхши биларди у. Ахир диссертация дегани фақат илм билан ёқланмайди-ку! Қанча маблағ керак. Ота-онасидан ёрдам сўролмайди, ўзлари зўрға рўзғор тебратиб туришибди. Азаматовни эса ийдириш мумкин.

Калласига шу хаёл келганда домла билан муносабатлари бу қадар чуқурлашиб кетади деб ўйламаганди. Талабалигида ўргангани каби енгилгина ноз-фироқ билан иш битираман, деб ўйлаганди. Аммо Зумрадга ўхшаганларнинг кўпини кўрган домла ноз-фироққа кўнмади. Мана энди гўё мушук боласи ҳақида гапираётгандай «Болангни йўқот!» деб турибди…

Зумрад таваккалчи эди. Баъзиларга ўхшаб аввалдан режа тузиб, фикр-мулоҳаза билан иш битирмасди. Шу боис ҳеч иккиланмай ўзини тақдир ҳукмига топширди. Аммо қонидаги аёллик ва оналик ҳисси устун келдими, ҳомилани олдириб ташлагиси келмади. Агар шу номаълум ишни қилса, бир умр бахтсиз бўладигандай туйилаверди. Аммо никоҳсиз, тўйсиз қандай қилиб она бўлиши мумкин?!

Шаҳардагилардан у қадар чўчимасди. Чунки кўпчилик унга бегона ва улар бунақаларни кўравериб дийдаси қотиб кетган, деб ўйларди. Аммо қишлоқдагилар-чи? «Қизим олима бўлади, институтда ишлайди», деб ғурурланиб юрадиган бечора, соддадил ота-онаси бундай шармандаликни кўтара олишармикан?! Қолаверса, Зумрад бировнинг олдида тили қисилиб, боши эгилиб юришни истамайди…

— Домла, бошқа чораси бор, — деди Зумрад «Болани йўқот!» деб турган домладан ҳам кўра сурбетроқ бир ҳолатда.

— Яъни?..

— Нима кўп, сизда шогирд кўп, тўғрими?

— Нима, сизни ўшалардан бирига узатворайми?

Зумрад қотиб қолди. У Азаматовга ўхшаганлардан севги кутмас эди, аммо «Ҳатто ёш бола ҳам ўзи ўйнаётган қўғирчоғини бировга бериб юбормайди-ку» деб ўйларди. Домласи эса…

— Мен… мен узатиладиган аҳволда эмасман, — деди зўрға.

— Бўлмаса нима қил дейсан?

— Қишлоқдаги тўйда ўтириб берса бас…

Азаматов бирпас ўйлаб турди-да, хохолаб кулди.

— Аёлларни товуқ мия десак ҳам, баъзи нарсаларга каллаларинг яхшигина ишлайди. Топамиз, беш кунлик куёвми ё бир кунликми? — деди сўнг бош қашлаб.

Зумрад Азаматовни яхши кўрмасди, лекин жирканмасди ҳам. Ўша лаҳзаларда биринчи бор ифлос нарсага тегиб кетгандай ҳис қилди ўзини.

* * *

— Уй? — Зумрад гарангсиради.

— Ҳа, Зумрадхон, талабалигимни қўшиб ҳисоблаганда ўн икки-ўн уч йилдан буён ижарада яшайман. Шаҳарнинг тўрт чеккасида кул тўкмаган жойим қолмади. Ўндан ортиқ квартирага кўчибман. Ишонасизми, бировларнинг чорбоғидаги чайласида ҳам яшаганман. Домла менга уй ваъда қилди. Сиз яшаётган икки хонали квартирани бераман, деди. Уйим йўқлигидан қишлоқдан хотинимни ҳам олиб келолмаяпман, ишимни ҳам якунлай олмаяпман. Домла биларди буни. Бўлмаса, оилали одамман, менга зарурмиди куёв ролини ўйнаш. Бирорта таниш-билиш кўриб қолса, нима деган одам бўламан, деб ич-этимни едим, дунё тор, дейдилар-ку. Хайрият, тинч ўтди…

Равшан бемалол гапирар, Зумрад эса унга бақрайиб қараб қолганди.

— Менинг уйимми? Адашмаяпсизми? Мен қаерга бораман?

— Ие, хабарингиз йўқмиди? Домла сизга индамаганмиди? — ташвишланиброқ сўради Равшан.

«Домладан нима кутган эдинг, Зумрадпошша?!» дея ўйлади Зумрад. Бир пайтлар «Мана шу уй сизга», деганида Зумрад буни мангу деб ўйлаган экан. Энди эса…

— Хафа бўлманг, домла сизни кўчага ташлаб қўймас ахир… — Равшан бир қизариниб олди. — Болангиз, болаларингиз бўлади-ку…

— Ҳа… — деди Зумрад беҳушгина.

— Зумрадхон, қаршилик қилмасангиз, чироқни ўчирсам, озгина дам олмоқчи эдим…

Равшаннинг энди Зумрад билан гаплашгиси йўқлиги сезилиб турарди.

— Ҳм…

Зумрад чироқ ўчиши билан пишиллаб уйқуга кетган ёнидаги йигитдан нафратлангиси келди. Ўзича уни ҳар хил ҳақоратли сўзлар билан сўкди. Аммо ўзи ҳам, йигит ҳам бу ҳақоратлар орасидан сузиб келаверарди.

«Нима бўпти, бу ҳаётда шунақа ғаламисликлар, алдовлар борки, улар дунёни ағдар-тўнтар қилиб юборишга қодир. Бизники бундай пасткашликлар олдида нима бўпти?! Бор-йўғи элни йиғиб ош берибмиз. Бир-биридан хушовоз хонанда, парилардай раққосаларни чорлаб, дам олиш уюштирибмиз… Ҳеч кимга зараримиз теккани йўқ-ку. Ҳеч кимнинг нонини тортиб олмадик, тилласини ўғирлаганимиз йўқ…»

Зумрад хаёл сура-сура ухлаб қолибди. Бир пайт кўзини очса, аллақачон тонг отибди. Равшан кийимларини кийиб шай бўлиб турибди.

— Туринг, манзилга ҳам етиб қолдик, — деди Зумраднинг кўзини очганини кўриб. Зумрад сакраб ўрнидан турди. Сўнг юзини ювиб келди-да, апил-тапил кийинишга тушди…

Иккаласи поезддан худди эр-хотинлардек бирга тушишди.

— Автовокзалгача йўлимиз бир, шекилли? — деди Равшан.

— Ҳа, — дея бош ирғади Зумрад.

Равшан қулочини ёзиб такси тўхтатди. Машинада ҳам ёнма-ён ўтиришди.

— Шу билан ролимиз ҳам тугайди, — деди Зумрад.

Равшан унга ялт этиб қаради-ю, аммо индамади. Машина елдек елиб борарди.

— Секинроқ ҳайданг, — деди Зумраднинг юраги увишиб.

Шу пайт нимадир қарс этди. Зумрад олд ойнадан отилиб кетганини билади, холос. Кўзини аранг очиб, ўзини шифохонада кўрди. Аъзойи-бадани сон-саноқсиз игна санчилгандек зирқираб оғрирди. Лаблари жипслашиб, бир-бирига ёпишиб қолгандай эди.

Қовоғини оғир бир нарса босиб турганга ўхшарди. Қулоқлари шанғиллаб, ҳеч нарсани англолмай турди. Анчадан сўнг атрофдаги овозларни фаҳмлай бошлади.

— Ёмон авария бўлди-да, «Фалокат оёқ остида», деб шуни айтадилар-да…

— Манави келинчак ҳомиладор экан. Эсизгина, қўрқувдан ҳомиласи тушибди.

— Эри экан анави йигит. Мияси шикастланган, операция қилишди. Оёққа туриб кета оладими-йўқми, Худо билади…

Бундай гап-сўзлар Зумраднинг қулоғига элас-элас чалинаркан, мияси яшин тезлигида ишлар, «Мен айбдорман, биз айбдормиз», дея бақиргиси келарди. Аммо қанча уринмасин, овози чиқмас, нимадир томоғидан ғиппа бўғиб олгандек эди…

ДАВЛАТБАХТ

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)

loading...