«ДЎКОНДОР»

0

 

«МЕНИНГ КУНИМ ТУҒДИ»

 

Умар «фаранг»га Худо берадиган бўлди. Устачиликдан топган пуллари устига унисидан-бунисидан қарз-ҳавола қилиб бўлсаям, Янгиқўрғоннинг қоқ марказига ҳашаматли дўкон қуриб, оғизга тушди. Дўкон эшиги очилган кунданоқ, одам дегани ёпирилиб келаверди, кечқурунга бориб фаранг қийиқ-қийиқ пулларни сандиққа жойлайверди.

Айниқса, биттагина қизи Орзиниса, паканадан келган, қорамағиз, хунуккина, озғингина, устига-устак, сал оқсаброқ қадам босадиган, ўта сергап хотини Фарзиниса кутилмаган бойликни кўриб ўзларини қўярга жой топа олмас эдилар. Кунора Орзиниса амма-холаларга чопиб суюнчиласа, Фарзиниса учраган қўшнини тўхтатиб, оғиз кўпиртиргани-кўпиртирган эди.

— Ҳой, қўшни, Худо бераман деса, ҳеч гапмасакан!.. Яратганига шукр, муллакангизам бойвачча бўляпти!..

Бу гапдан кўпчилик хотинларнинг энсаси қотиб,елка қисса-да, Халча кинначи ҳар сафар Фарзинисани узиб-узиб оларди.

— Кўрмаганнинг кўргани қурсин, дейишган, қўшни… Ёшингизам элликкаетиб… Ҳалигидай… Эркак киши қўлига пул тушса, айнийди, ҳа!.. Илгариги уста Умар йўқ энди… Олдига диркиллаган қизлар келади… Тағин…

— Э, нафасингизни ел олсин-е!.. Дарров хаёлингизга шунақа нарсалар келмай ўлсин!.. Мени эрим ўзига тўғри, уйим-жойим дейдиганлардан, билдингизми?!

Кутилмаган бу гап, барибир, Фарзинисанинг юрагига ғулғула солди. Ўша лаҳзадан бошлаб эрини сирли, маъноли қарашлар билан зимдан кузатадиган бўлди.

 

ҲАММАСИ ШУНДАН БОШЛАНДИ

 

— Ҳой, ғалча! (Фаранг хотинини кейинги кунларда шундай деб атай бошлаганди) Қаерда юрибсан-а?..

— Ҳа, дадаси, мен бу ёқда-а!.. — оғилхонада сигирларигаемиш тайёрлаётган Фарзиниса сомон юқи қўллари билан эрининг рўпарасида пайдо бўлди.

— Қизинг қаерда?

— Билмасам… Ҳозиргина шуердайди… Биронта ўртоғиникига чиққан шекилли…

— Бўпти, бўпти… Бор, қўлингни тозала, гап бор!..

Умар фарангнинг шу тобда анчагина кайфи бор эди. Қўлидаги пул тўла сумкани сўри четига қўйди-да, беихтиёр ҳовлини кесиб ўтган ариқчадан қўл юваётган хотинига тикилди. Ҳозир… Фарзиниса негадир кўзларига ёмон кўрина бошлаганди.

«Қара-я, — ўйлади фаранг пешонасини тириштириб, — Шу ғалчаминан умримни ўтказворибман-а!.. Овқатни қотирмаса индамабман. Қоқсуяк жасадидан жирканмабман… Тўхта… Даромадни унинг қўлига топшириб қўйсам-у… Нима бўлгандаям, хотин киши… онаси, укаларига таший бошласа ёки шу кўримсиз гавдасига яшириб-нетиб қатор-қатор кўйлаклар кийиб олса… Йў-ўқ, мен бундай қилмаслигим лозим. Оғайнилар айтганидай, банкда сақлаганим маъқул… Яна Худо билади… Йўқ… барибир ўзимнинг билганим-билган…» Бу орада Фарзиниса барча ишларини битириб, қизини топиб келди. Икковлари югуриб-елиб дастурхон ёзишди, думба ёғига бўлган ошни сузиб келтиришди. Бироқ фаранг аллақачон пул жойланган сандиқ тепасида куймаланарди.

 

ҲАСАДГЎЙЛАР

 

Одамнинг оласи ичида. Умарнинг иши олдинга босган сари душманлари ҳам кўпая борди. Ён атрофидаги касодга учрай бошлаган катта-кичик савдогарлар секин-секин «гўрига ғишт қалай» бошлашди. Айниқса, икки-уч дўкон наридаги Темур баққол ҳар алами келганда ёнига таниган-танимаганни йиғиб, фарангнинг ғийбатини қилаверди. Лекин ҳасадга қанча зўр бермасин, аксига олгандек, Умарнинг ошиғи олчи бўлаверди.

— Бас,етар!.. — деди ўзига-ўзи бир куни Темур баққол осилиб тушган қорнини асабий силаб, — Бу кетишда менга ўхшаб тиши савдогарчиликда чиққанлар хонавайрон бўлади-ку!.. Кечагина теша қўлтиқлаб юрган қизиталоққа оғзимдаги ошимни олдири-иб ўтиравераманми?! Бекорларни айтибди… Ҳой, Хурсан, тез бу ёққа кир, гап бор!..

Хурсан деганлари ўттиздан ошиб-ошмаган, бўйи теракдай, овозининг дўриллаши анча-мунча қопоғон итни қўрқитадиган йигит. Дўкони йўғ-у, Темур баққолдан қарзга мол олиб кўча четида савдо қилади. Шунинг орқасидан рўзғор тебратади… У дўкон ичкарисидан баққолнинг чийиллаган овозини эшитар-ешитмас, остонада пайдо бўлди.

— Ҳа, бой ака, тинчликми?..

— Иш бор… — Темур баққол ўйчан қиёфада ер остидан йигитга қаради. — Ҳозир тез Умар акангни менинг олдимга чақириб чиқ!..

Хурсан баққолнинг гапини сира икки қила олмайди. Бўралаб сўккан тақдирдаям бошини эгади-ю, индамай тураверади. Тўғрироғи, мол бермай қўйса, қийналиб қолишдан қўрқади. Шунинг учун бу гал ҳам «Хўп, ака» деганча, Умарнинг дўконига йўрғалади.

— Ассалому алайкў-ўм, бозорга барака!..

Темур баққол ичида «Ҳе, саломинг бошингниесин!..» — деди-ю, ясама жилмайиш қилиб Умар фарангга пешвоз чиқди.

— Ҳа… Чақиртириб юрмай, дўконга ўзингиз кириб бораверсангизам бўларди… — гина қилган бўлди Умар, — Ҳурматингиз учун «яримта» қўйиш қўлимиздан келарди!..

— Аввал биздан бўлсин дедим-да, уста!.. — Темур баққол «уста» сўзини атайин баландроқ оҳангда айтдики, бу билан «Тешангни қўлтиқлаб юраверсанг ўлармидинг? Сенга ким қўйибди дўкон очишни?!» — демоқчи эканига ишора қилаётгандек эди. — Қисқаси, сизнинг ишингиз юришаётганини кўриб ичимга сиғмай кетдим… Ўзимга-ўзим: «Пул топган одам дам олишниям билиши керак… Ке, шу ошнамни бир меҳмон қилай, бир-биримизда қолиб кетмас, ахир!..» — дедим. Хўш, қалай ўйлабман, уста, ҳи-ҳи-ҳи?!

Умар бу одамнинг киноясини умуман сезмади. «Мени шунчалик қаттиқ ҳурмат қиларкан-да!» — деб ўйлади.

— Ие, нега жим бўлиб қолдингиз?.. Ё…

— Йўғ-е, мен унда… Шундоқ чиқиб дўконни ёпиб кела қолай-а?..

Умар бу «эски» баққолнинг кутилмаган таклифидан ҳаяжонланиб беихтиёр орқага тисланди.

— Мана бу бошқа гап!.. — Темур баққол режаси амалга оша бошлаганидан қувониб кафтларини бир-бирига ишқалади.

— Мен… Бўлмаса, тез дўконни ёпиб келай!..

Фаранг чиқиб кетгач, Темур баққол бирпасда дўкон омборхонасига дастурхон тузади.

 

ЧОҲ

 

Темур баққол бу сафар ҳар қачонгидек «маишат»ни шоҳона қилиб ўтирмади. Умар учун бир-икки шиша ароқ, пича тузланган бодринг ҳамда тўрт сих қийма кабоб қўйди. Иккинчи шишага ўтилгандан сўнг эса, ўтирган ерида чайқалиб, кетма-кет сигарет тутатаётган Умарнинг қитиғига тегди.

— Уста, янги гап эшитдингизми?

— Қанақа гап?

— Қишлоқдагиларнинг гапига қараганда, тижорат қилишни бошлаганингиздан бери хотинингиздан қўрқадиган бўп қолганмишсиз… Ҳи-ҳи-ҳи-ҳи!..

Бу гапни эшитиб, Умар фаранг даст ўрнидан туриб кетди.

— Ким айтди?.. Қайси ҳаромидан чиқибди бу гап?..

— Ҳай-ҳай-ҳай, уста!.. Ўзингизни босинг!.. Одам ҳам шунақаенгилтак бўладими?.. — Темур баққол гарчи рақибини тинчлантираётган бўлса-да, «нозикери»дан тутганига беҳад шукр қиларди.

— Ахир… Мен ҳеч қачон хотиндан қўрққан эмасман!.. Нимасидан қўрқаман унинг?.. Э, мен… Эркакман, ака!..

— Ўлма-анг!.. Мана бу гап зўр бўлди!.. Келинг, ана шу учун олайлик!.. — Темур баққол пиёлага ароқ қуйиб узатди. Лекин Умарнинг ичишга ортиқ хоҳиши қолмаган, ҳануз асабий титраб, ўрнидан туриб кетар, бир-икки хонани айланган бўлиб яна жойига ўтирарди. Темур баққол пайт келганини тушуниб етди. Мана ҳозир… «Ўқ»ни нишонга отса, бас. Фаранг тамом бўлади.

— Ие, сиз жа қизиқ экансиз-ку!.. — У Умарни елкасидан тортиб ўзига қаратди. — Ҳа, энди… Оғзига кучи етмаганлар гапирса-гапиргандир-да!.. Сизга бошқа гап бор.

Умар эса, ҳеч нарсага эътибор қилмай, яна эски гапини такрорлади:

— М-мен… Эркакман, ака, эркакман!..

— Эркак бўлсангиз, қани, оёқни бир сувга солинг-чи, ана ўшанда тан бераман!.. — кўзларини айёрона қисиб кулди Темур баққол.

— Нима?.. Нега оёғимни сувга соламан?.. Совуқ сувга-я?.. Ахир… Ёз келганича йўқ-ку, ака!..

— Бе, ҳеч нарсага тушунмабсиз… Мен жононларни назарда тутяпман… Агар битта зўрини топиб берсам, эплай оласизми?..

Тўғриси, Умар бунақасини кутмаган эди. Бирдан кўзлари мошдек очилиб, ҳушёр тортди ва баққолга ишонқирамагандек термулиб қолди.

— Бу нима деганингиз?..

— Нима бўларди?.. Айш қилинг деяпман… Ҳа, энди… Пул топган одам дам олишниям билиши керак-да!.. Мана, мен тишим чиққандан бери савдодаман. Буни ўзингизам биласиз… Эҳ-ҳе, қанчасини кўрвордим-у!.. Укам-ей, сиз билмайсиз-да!.. Эр киши тирсиллаб турган, юмшоққина, ёшгина, бунинг устига бегона жувонни тез-тез қучоқлаб туриши лозим. Бўлмаса…

Баққол у ёғини айтиб ўтирмади. Умрида бегона аёл исини туйиб кўрмаган Умар эса, бу тахлит ҳирсли гаплардан кейин адойи тамом бўлаёзди.

 

БОШГА БИТГАН БАЛО

 

Бу «янгилик»дан ҳовлиқиб қолган Умар Темур баққолнинг маслаҳати билан дўкондан мўмайгина пул олиб чиқди. «Жононлар қаршисида уялиб қолмаслигим керак-да! — ўйлади у машинада кетиб бораётиб, — Қолаверса, баққолгаям кимлигимни кўрсатиб қўяман!..» Ҳаш-паш дегунча, Қўқонгаям етиб боришди. Баққол тор кўчалардан бирига кириб сувоқлари кўчиб қолган, пастаккина ҳовли эшигини тақиллатаркан, «ҳамроҳи»га сирли жилмайиб қўйди.

— Ука, ҳозир шунақа зўрини кўрасизки, нақ ағдарилиб тушасиз!..

Баққол алдамаган эди. Зум ўтмай, кўзлари сузиккина, қизғиш рангга бўялган сочларини ёйиб олган, юпқа лабли, оппоқ, бўлиқ сонлари ярим очиқ халати ичра чайқалиб турган 35 ёшлар чамасидаги аёл остонада пайдо бўлди. У эшикдан бошини чиқариб у ёқ-бу ёққа ўғринча кўз ташлаб олган бўлди-да, меҳмонларни ичкари киритиб, эшикка тамба солди. Шундан сўнг аввал баққолга, кетидан Умарга қўл узатди. Умар аёлни кўргандаёқ тамом бўлганди. Кайфи бироз тарқаганига қарамай, унга ҳирс аралаш термулди. Меҳмонга жавобан аёл ҳам нозли кўз сузиб, бир-икки инқиллаб қўйди. Темур баққол эса, ярим қулоч тарвуздан сал кичикроқ қорнини силаб аёлнинг айёрлигидан, Умарнинг лақмалигидан завқланарди.

— Бўпти, энди бизга рухсат! — деди ниҳоят у негадир тоқатсизланиб, — Ошна, сиз бемалол «дам» олиб бораверинг-а?!

Сўнгра аёлга юзланди.

— Хоним, бу акангизни хафа қилиб қўйманг яна!..

— Вой, Темур ака, қаёққа?.. — ялинганнамо сўз қотди аёл, — Ҳозир қизлардан биронтасини чақирардим…

— Йўқ, кейин, кейин… Ишларим кўп, хайр!..

Темур баққол яхши биларди. Умар бу суюқоёқнинг қўлидан ҳали-вери қутула олмайди. Демак, у шу ердалигида нима қилиб бўлсаям, савдони юргизиб қолиш зарур. Шунинг учун шоша-пиша катта йўлга чиқиб такси тўхтатди-да, Янгиқўрғонга жўнади.

 

«ИШРАТ»

 

Умар фаранг бунақанги дўмбоқ аёлни кўрмаганига борди. Ичкарига киришлари ҳамоно, у ёқ-бу ёққа ўғринча қараб, уйда ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, Тамилла (аёл йўл-йўлакай ўзини шундай таништирганди) нинг орқасидан маҳкам қучоқлади-да, дуч келган еридан ўпа бошлади.

— Жоним!.. Сиз… шунақанги зўр экансизки… Оҳ-ҳ!.. Мен… Сизга уйланаман… Ҳа, уйланаман!..

— Вой, аввал ҳақини тўла-анг!.. — Тамилла нозланганнамо бу содда эркакнинг у ёқ-бу ёғини сийпалаган бўлди. — Қоидаси шунақа-да, Умар ака-а!..

Бу эҳтиросли товушни эшитиб Умар янаям эриб кетди.

— Ие, қаранг-а, бу ёғини ўйламабман!..

У қўллари қалтирай-қалтирай, чўнтагидан бир даста пул чиқарди-да, санаб ҳам ўтирмай, бир қисмини Тамиллага узатди.

— Мана, жоним!..

Аёл умрида Умарга ўхшаган пулдорларнинг кўпини кўрган эди-ю, аммо бу қадар лақмасига дуч келмаганди. У ўткир нигоҳлари билан аниқ пайқади. Умар чўнтаклари тўла пул билан келган.

— Умар ака, нима иш қиласиз ўзи?.. — аста-секин кийимлариниеча бошлаган Тамилла Умарга сирли қараб қўйди. — Келишган савлатингизга қараганда, раис бўлсангиз керак-а?..

— Йўқ. Дўкондорман. Янгиқўрғонда катта бир дўконим бор… Агар… Сиз менга тегсангиз, топганим сизники бўлади… Мана шу юмшоққина баданларингизни зар-кимхобга кўмиб ташлайман, ҳа!..

«Зарга кўмиб ташлармиш… — ичида кулиб қўйди Тамилла, — Қишлоқи-ей!.. Мен чўнтагингдаги пулларнинг барини суғуриб олсайдим…» Шу тобда Тамилланинг нияти бузилди. Умарни кутилмаганда итариб юбориб даст ўрнидан турди.

— Ҳа, Тамиллахон, нима бўлди?.. Сизга… Ёқмадимми?..

— Вой, нега ундай дейсиз?.. — ясама жилмайиш қилди у, — Сиздан тер ҳиди шунақанги сасиб келяптики… Юринг, аввал ваннада яхшилаб чўмилиб чиқинг!..

— Унда… Кийимларимни…

— Ие, кийимни нима қиласиз?.. Бу уйда икковимиздан бўлак ҳеч ким йўқ, юринг!.. — Аёл Умарни ваннахонага киритиб юборди-да, тез орқасига қайтиб шим, костюмдаги пулларни мири-сиригача шип-шийдон қилди ва қутига жойлаб, яна ҳеч нарса бўлмагандай ваннахонага йўл олди…

 

ҚАЛТИС ҚАДАМ

 

Ваннахонадан чиқиб бир-икки соат бирга ётишгач, Тамилла янги ҳунар чиқара бошлади. У беихтиёр ўрнидан турди-да, Умарнинг кийимларини каравотга ирғитди.

— Вой, қош қорая бошлабди. Тез кийиниб қолган ҳақимни беринг-да, жўнанг!.. Ҳали-замон тоғамлар кеп қолишади.

Нималар бўлаётганига тушунмай қолган Умар эса, чўнтакларини пайпаслади.

— Ие, пулларим қани?..

— Вой, қанақа пул?..

— Чўнтагимда анча пул бориди…

— Ҳой, эркак!.. — Тамилла худди аччиқланаётгандек, кескин афтини буриштирди. — Менам сизминан бирга чўмилдим шекилли-а?.. Ҳали сиз… Мени ўғри қилмоқчимисиз?..

— Йўқ, йўқ… Ҳечам ундаймас… — Умар қаттиқ асабийлашаётган бўлса-да, бу жононни ранжитиб қўйишдан қўрқиб сонларидан қучоқлаб ўпди. — Ўлибманми сизни ўғри қилиб?! Чўмилаётганимизда биронта ярамас олиб кетгандир-да!.. Майли… Ҳозир… Дўконга борамиз. Ўша ерда ҳисоблашамиз…

— Йўқ. Ҳеч қаерга бормайман. Айтдим-ку меҳмон келади деб!..

— Унда… Қаранг-а, сўраш ҳам ноқулай!.. Йўл кирага пича қарз бериб турсангиз… Мен… Эртагаёқ опкеламан…

— Алдасангиз-чи?..

— Эркакмасман агар алдасам… Ишонмасангиз… Мана, дўконнинг битта калитини олинг!..

Чув туширгани учун ўзига-ўзи тан берган Тамилла Умарга йўл пули бериб, дўкон калитини олиб қолди. Хаёлида бўлса, бу тахлит ҳийлалар эндигина бошланаётгандай эди.

 

«СЕНСИЗ ЯШОЛМАЙМАН»

 

Умар фаранг уйига ярим тунга яқин етиб келди. Бу вақтда қизи ва хотини ариқ бўйида ҳануз уни пойлаб ўтиришарди.

— Вой, қаерларда юрибсиз, дадаси?.. — Фарзиниса эрини кўриб шоша-пиша ўрнидан турди. — Кундузи қизингиз борса, дўконингиз ёпиқ…

Умар ҳануз кундузги эҳтиросларни унутмагани учунми, озғин, кўримсиз, юз-бўйинларини ажин босган хотинига ижирғанганнамо қараб қўяркан, ўдағайлаб берди.

— Нима ишинг бор?.. Энди бир камим сенга ҳисоб бериш қолдими?..

Улар шу кўйи олдинма-кетин ичкари киришди. Умар бўй етган қизининг ёшли кўзларига ҳам эътибор қилмади. Сўрига ёнбошлаганданоқ кўз ўнгида қайтадан Тамилланинг нозланиб эркаланишлари намоён бўлди. «Зап оғайниларим бор-да!.. — кўнглидан ўтказди у юлдузли осмонга термулиб, — Темур баққолнинг бу қадар ҳотамтойлигини аввал билмаганаканман… Локигин, зўрига учраштирди-ю… Энди қандай ухлайман?.. Ҳойнаҳой, ҳозир Тамиллаям мени ўйла-аб ётган бўлса кераг-ов!.. Нима қилсамийкин?.. Борсаммикан?.. Ахир… Шундай хотин… Ҳа, ҳозир дўкондан пича пул оламан-у, ўша ёққа учаман… Бўлмаса, тинчлана олмайман…»

— Дадаси, овқатни сузаверайми?..

Кутилмаган овоздан чўчиб кетган Умар даст ўрнидан туриб рўпарасида яна Фарзинисани кўрди. Кўрди-ю, негадир тутоқиб кетди.

— Э, йўқол кўзимдан!.. Қоққан қозиқдай тепамда тураверасанми?.. — Умар шундай деганча, пиёда дўконга йўл олди. Фарзиниса бўлса, қўлида сочиқ билан ҳовлида анграйганча қолаверди.

 

«ҚАЕРДАСИЗ, ДАДАСИ?..»

 

Орадан уч кун ўтди. Темур баққолнинг савдоси ҳадеганда юришавермади. Ҳар замон остонасига қадар ахлат уюлиб қолган Умарнинг дўконига кўз ташлаганда тишлари ғижирлайдиган бўлди. Фарзиниса эса, ҳайрон. Мана, икки кун дўкон билан уй орасида югуриб-елди. Эр йўқ. Ҳеч ким билмайди қаерга кетганини. Мелисага хабар қилай деса, қўрқади. Ахир билиб бўладими?.. Ўйлай-ўйлай, эртаси куни эрталаб яна дўконга борди. Шу тобда баққол дўкони рўпарасида аламини кимдан олишни билмай турарди. Фарзинисани кўриб баттар фиғони ошди. «Отинг ўчгурлар-ей, — аёл тарафга шошилмай юриб бораётиб, ўзича ғудранди у, — Қаерданам сенларнинг кунинг туғди-а?.. Қайданам сенларга Худо омад бериб қўйди?.. Йўқ… Мен ҳамманг қон қақшаб қолишингни истайман!.. Қон йиғлаётганингни мириқиб томоша қилишни истайман!.. Ҳали ҳеч ким йўлимга тўғаноқ бўла олган эмас, ҳа!..» Баққол Фарзинисага яқинлашаркан, истеҳзо аралаш тиржайиб қўйди.

— Ҳа, сингил, эрингизни кутяпсизми, дейман?..

Фарзиниса таниш овозни эшитиб орқасига ўгирилди-ю, шу заҳоти рўмолининг бир учи билан юзларини беркитган бўлди.

— Ҳа… Кўрмайсизми, муллака… Хўжайин қурмағур икки кундан берисига уйда йўқ… Шунга…

— Ие, ҳали сизнинг янгиликдан хабарингиз йўқми?

— Қанақа янгилик?.. — Фарзиниса бирон-бир яхши гап эшитиб қолиши муқаррардек, баққолга умид билан тикилди.

— Эрингиз қандайдир ёшгина бир аёлга уйланиб олибди-ку!..

Фарзиниса бу гапни сира кутмаган эди. Бирдан ранги оқариб, тиззаларида титроқ турди.

— Нима?.. Ўйлаб гапиряпсизми, муллака?..

— Э, куни кеча ўзининг оғзидан эшитдим, ўлай агар!..

Баққол бу гапдан кейин ҳам кўзини лўқ қилиб тураверди.

Фарзиниса эса, бўлганича-бўлди. Лекин ортиқ ҳеч нарса демади, дод-вой қилмади. Номусдан қадди букилиб орқасига қайтаркан, қишлоққа кириб боришга ор қилди. Бачқирариқ бўйига келди-ю, у ёқдан-бу ёққа юриб кун ўтказишга аҳд қилди.

 

ЕНГИЛТАКЛИК БАЛОСИ

 

Умар берган пуллар Тамиллага камдек туюлар, қандай бўлмасин, бу қишлоқи эркакнинг борини суғуриб олиш пайига тушганди. Ўйлай-ўйлай, ниҳоят Умарнинг оғриқ жойини топди.

— Мен сиздан ҳомиладорман, — деди Тамилла ярим кечаси ҳаллослаб кириб келган Умардан ваъда қилинган пулларни олаётиб.

— Нималар деяпсиз?.. — Умар бошига кимдир гурзи билан туширган кўйи остонадаёқ тўхтаб қолди, — Ахир… Биз бор-йўғи икки-уч марта… Йў-ўқ, бўлиши мумкинмас… Одамни ҳалитдан қўрқитманг!..

— Ие, ҳали… Қилар ишни қилиб қўйиб қочиб қолмоқчимисан?.. Қочиб бўпсан!.. Сендан орттирган ҳаромини бир умр ўзимга ташлаб кетмоқчимисан?..

Ҳаш-паш дегунча, ҳаммаёқ тўс-тўполон бўлиб кетди. Тамилла уйни бошига кўтариб кимларгадир қўнғироқ қилар, Умарни қарғаб, бир оғиз гапиришга қўймасди…

Ана шу лаҳзаларда Умар қилиб қўйган ишларидан минг бор пушаймонеди. Хотини, ёлғиз қизи кўз олдидан ўтди. Юрак-бағри эзилиб, нима қиларини билмади. Ҳаётда катта хатога йўл қўйганини англади. Англади-ю…

Тамилла ҳануз хона айланиб қарғанар, ора-сирада кимларнидир кутаётгандек, ташқарига кўз ташлаб оларди… Ана, дарвоза қаршисига машина келиб тўхтади. Тамилла ўша ёққа чопди. Орадан икки-уч дақиқа ўтиб-ўтмасдан ичкарига 40-45 ёшлар чамасидаги икки нафар барваста эркак кириб келди.

— Ҳа, қаҳрамон! — улардан бири Умарнинг тирсагидан тутди. Шериги совуқ тиржайиб бўйнини чангаллади. — Синглимизни чув тушириб кетмоқчимидинг?.. Ҳозир!..

— Йўқ, урманглар!.. — Тамилла жонҳолатда эркакларнинг орасига тушди. — Ўлдириб қўйсаларинг, мен нима қиламан?.. Ундан кўра, яхшиликчасига дўконини мол-полиминан менга хатлаб берсин. Шундан кейин орамиз очиқ. Алимент ҳам сўраб ўтирмайман!..

Умар алданганини, бу нағмаларнинг барчаси Тамилланинг найранги эканини билганди. Аммо қандай исбот қилсин? Кимни ишонтирсин?..

Шаҳарлик эркаклар жуда устомон экан. Ўша кечанинг ўзидаёқ нотариус топиб дўконни Тамиллага хатлатиб беришди. Умарга эса, биттагина меҳрибончилик кўрсатишди. Яъни, ҳамма иш пишгач, Янгиқўрғонгача келтириб қўйишди…

Эртаси куни тонг маҳали Бачқирариқдан Умарнинг жасади топилди. У одам қўрқадиган даражада шишиб кетган, мурдага қараб бўлмасди. Чўнтакларини кавлашганда, бир хат топилди. Хатда шу сўзлар ёзилган эди:

«Мени кечир, Фарзиниса!

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...