Коронавирус қаерда кўпроқ юқиши мумкин?

0

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги коронавирус юқиш хавфи юқори бўлган жойлар ва машғулотларнинг ўзига хос рейтингини эълон қилди.

Унга кўра, энг хавфли жой, яъни 9-ўринни тунги клубларга бориш эгаллаб турибди. Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, юртимизда 15 мартдан буён ҳали ҳеч бир ҳудудда тунги клублар, дискотекалар, караоке, бильярд заллари, спа ва массаж салонлари фаолиятига рухсат берилмаган.

8-ўринда театр, концерт, масжид, черков, ибодатхона, стадион, спиртли ичимликлар ичиладиган жойлар ва зиёфатларга бориш коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфини ошириши қайд этилган.

7-ўринда тўйларга бориш, қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришиш, тиббий ниқоб тақмаслик, умумий ошхоналарда овқатланиш ва болаларнинг майдончаларда ўйнаши COVID-19 юқтириб олиш хавфини ошириши баён қилинган.

6-поғонада парвозларни амалга ошириш, ресторанга бориш, автобус ёки поездда саёҳат қилиш, спорт залидаги машғулотлар, боулинг, кекса ёшдаги кишиларни йўқлаш ҳамда баскетбол (волейбол, футбол) ўйнаш карантин даврида хавфли экани кўрсатиб ўтилган ва булар ўртача хавф даражасида экани қайд этилган.

5-ўринда кинотеатрга бориш, болаларнинг мактаб ёки ёзги оромгоҳларга бориши, умумий офисда ишлаш, сартарошхоналарга бориш ва спорт майдонларидаги ўйинлар санаб ўтилган. Бу ҳам ҳам ўртача хавф даражасига киради.

4-ўриндаги машғулотлар ва жойлар ҳам ўртача хавф даражасида деб баҳоланган. Сув ҳавзаси, яъни бассейнга бориш, савдо марказларида бўлиш, жамоат ҳожатхоналаридан фойдаланиш, пикникларга бориш ва меҳмонхоналарда бўлиш COVID-19 юқтириб олиш эҳтимолини оширади.

3-дан 1-ўрингача бўлган машғулотлар ва масканлар хавф энг кам бўлган ҳолатлар ҳудуди сифатида кўрсатилган. Бунга меҳмонга, шифокор қабулига бориш, уйдан ташқарида овқатланиш, супермаркетдан харид қилиш, чўмилиш ҳавзаларида дам олиш, одамлар кўп бўлган кўчаларда юриш, ўсмирлар учун ўйинлар, уйда битта ҳожатхонадан фойдаланиш, АЁҚШ, кемпинг, музей, овқат етказиб бериш хизматларидан фойдаланиш ҳамда очиқ ҳавода спорт билан шуғулланиш кабилар кириши санаб ўтилган.

Аввалроқ ҳаво яхши айланмайдиган бинолар, жамоат транспорти, одамлар узоқ вақт давомида мулоқот қиладиган жойлар ҳамда бар, ресторан ва караоке клубларда коронавирус билан касалланиш хавфи юқори эканлиги маълум қилинган эди.

loading...