КЎЗИ ОЧИЛМАГАН КЎРНАМАК…

0

 

ЕТТИ КУН ОЗОДЛИКДА

 

Навбатдаги қамоқ жазосини ўтаб озодликка чиққан самаралик 25 ёшли Натан Терляев бир ҳафта ҳам одамларга ўхшаб яшай олмади…

Агар унинг тарихига назар солинса, биринчи марта 14 ёшида босқинчилик қилгани учун қамалганди. Ўшанда Натан кўчада кетаётиб дўстлари билан биргаликда 16 яшар йигитнинг бошига кучли жароҳат етказган. Жабрланувчи охир оқибат ногирон бўлиб қолганди. Аммо Натаннинг вояга етмаганлиги ҳисобга олиниб атиги икки йил муддатга озодликдан маҳрум этишган. Шериклари эса, вояга етган бўлганлари сабаб беш йилдан олишганди. Аммо Натан қамоқдан қутулиб чиқиб бир ой ҳам озодликда юра олмади. Уни дўконни ўмараётганда қўлга олишди. Яна ҳамтовоқларини ёнига олиб дўкондан бир яшик ароқ, колбаса ўғирлашга уринганди. Бу гал Натан тўрт йилга қамалди.

Озодликка чиққанига ҳали бир ҳафта бўлмай, у бир ўсмир болани калтаклаб қўлидаги уяли телефонини тортиб олди. Бола ҳали ёш, милицияга сотишга қўрқади, деб ўйлади. Афсуски, болакай Натанни яхши танирди. Зудлик билан милицияга хабар бериб юборди. Энди Терляев беш йилни бўйнига илди…

Ким билсин? Қамоқ жонига текканми, беш йилдан сўнг уйга қайтгач, жиноят қилишни йиғиштиришга қаттиқ аҳд қилди. Шу кўйи бир йил тинч юрмоқчи бўлди…

Эҳ, озодликка чиқиш маҳбус учун ҳақиқий байрам-да!.. Улфатлари билан бу кунни нишонламаса қандай бўларкин?..

Йўқ, нишонламаса бўлмайди. Шу куниёқ бир яшик ароқ, майда-чуйда газаклар олиб шахсий квартирасига дўстларни таклиф этди…

Аниқ, ароқ ичига кириб бўшаша бошлади-ю, ёнидагилар устидан кулишга тушди.

— Вей, сизлар ҳам эркакми? — қичқирарди у хохолаб кулганча. — Эркакни эркак қиладиган ер армия эмас, турма, билдиларингми?!. Чунки у ерда бўшашганларни, сотқинларни жазолашади…

 

ОХИРИ ЙЎҚ ҚИЙНОҚЛАР

 

Натаннинг бу камситишлари 18 яшар улфати Николай Ластовнинг ғашини келтирди.

— Нима, турмада ўтирмаган бўлсам, демак, мен эркак эмасманми? — дея Натанга ўқрайди Николай.

— Албатта эркак эмассан. — жавоб қилди Натан. — Ҳали уйланганинг йўқ. Аёл нима эканини билмайсан… Умуман, ҳаммадан кўраям сен овозингни ўчирсанг бўларди. Зонада сенга ўхшаб кўп гапирадиганларниям аяб ўтиришмайди.

— Менга қара, — Николай даст ўрнидан туриб Натаннинг тепасига келди. — Балки ўша турмадагилар аёл бўлмагани сабаб бир-бирлари билан ўйнашиб юришар-а? Балки, сениям татиб кўришгандир?..

Бу гап кайфи ошган Натанга ортиқча эди. Кутилмаганда ўрнидан қўзғалди-ю, Николайга ташланди. Ўнидагиларнинг ҳеч қайсиси уни тўхтатиб қола олмади. Бир-икки мушт тушириб, йигитчанинг башарасини қонга бўяган Натан тинчимади. Стол устидаги бўш шишани олиб бошига урди. Йигит ҳушидан кетиб йиқилди…

Надоматлар бўлсинки, бу бошланиши экан. Натан шиша билан беҳуш ётган Николайнинг бошига тушираверди…

Сўнгра кийимларини ечиб олиб, оёқ-қўлини бойлади-да, устидан муздай сув сепди. Николай ўзига келди. Кўзини очгани ҳамоно шиша бошига бошқатдан келиб туша бошлади…

Чарчади шекилли, Натан қолган улфатларга дўқ қилиб полда думалаб ётган Николайни зўрлашга буюрди…

Хуллас, даҳшатли қийноқлар икки кун давом этиб, пичоқлашлар билан якун топди. Йигит чидай олмасди. Қийнала-қийнала жон берди…

Натан эса, мурдани ташлаб квартирасидан қочиб кетди…

 

ЖАЗАВА

 

Натан шу кўйи бир йил танишлариникида яшириниб юрди. Ҳеч кимнинг кўзига кўринмай, уй ичида яшади. Лекин яхши биларди. Бир умр милициянинг кўзидан пана бўлиб яшай олмайди. Бир кун барибир қўлга тушади. Қолаверса, бу тахлит яшашдан кўра турмада ўтирган яхши…

Шуларни ўйлаб Натан ниҳоят бир қарорга келди. Ўзи милицияга бориб айбларини бўйнига олди. У руҳшунослар кўригидан ўтказилди. Негаки, Николайнинг танасига 40 маротаба пичоқ урилганди. Руҳшунослар ҳам, экспертиза ҳам бир хил хулосага келди. Қотиллик жазавага тушиш оқибатида содир этилган…

Суд қарорига кўра, Натан яна ўзининг «севимли» турмасига қайтарилди.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

loading...