СУСАННА… (59-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Ҳали маош олмаганман, — дея норози қўл силтадим. — Пулим бўлмаса, нимани тўлайман?

— У ҳолда суд ижрочисидан беҳуда хафа бўляпсиз. Биз булардан илтимос қилганмиз. Ахир, қарзингиз бир дунё бўп кетган.

— Бу менинг қарзим эмас.

— Кимники унда? Бизникими?

Иссиқ сувчининг кинояси баттар ғашимни келтирса-да, сир бой бермай босиқлик билан тушунтиришга уриндим.

— Уйнинг эгаси пулни олган-у, қочворган. Ҳалиям квартирани расмийлаштириб бермади. Уни ҳеч қаердан топа олмаяпмиз. Қарзлар ўшаники.

— Ҳозир сиз яшаяпсиз-ку шу ерда! — дея кўзини лўқ қилди суд ижрочиси. — Ё йўқми?

— Ҳа, мен яшаяпман. Лекин қарзлар уники.

— Бизни қизиқтирмайди. Сиз яшаяпсизми, демак, қарзларниям тўлаб қўйишингиз керак.

— Хўш, уйимдан нимани олиб чиқиб кетмоқчисиз? — гапни калта қилиб суд ижрочисига боқдим. — Мўлжаллаб қўйгандирсиз аллақачон?

У менинг саволимга жавобан ичкарига назар ташлади. Кўз қарашларида, қиёфасида заррача шафқат, меҳр, одамийлик кўринмасди. Совуқ тиржайганча шеригига имо қилди.

— Тўлқин, балки телевизорни олиб кетармиз? — сўради ёнидагини туртиб. — Менимча арзийди.

— Ўзлари нимани кўришади? — елка қисди шериги. — Ҳов анави аппаратурани ола қолайлик. Шунисиям етади.

Мен улар ўзаро маслаҳатлашгунча ғиқ этмадим. Сусанна эса бу маҳал телевизор ва суд ижрочилари кўз солган аппаратура қаршисида икки қўлини белига тираганча турарди.

— Фақат менинг ўлигим устидан ҳатлаб олиб чиқасиз шуларни, — дея беихтиёр қичқирди Сусанна. — Биз буларни анча пулга сотволганмиз. Бериб қўядиган аҳмоқ йўқ!

Очиғи, ижрочилар, иссиқ сувчиларнинг бу қадар бетаккаллуф, номуссиз ва инсофсизлигидан ҳафсалам пир бўлганди. Қотиб турардим-у, барчаларини босқинчи ва ўғри, талончидан бошқасига қиёслай олмасдим. Бир жиҳатдан уларга раҳмим ҳам келарди.

«Эссиз одам, — ўйлардим ўзимча. — Керак бўлса, одамзод шафқатсиз ваҳшийдан баттарроқ жонзотга айланаркан. Наҳотки, булар бизни қақшатиб мириқишса, хуморлари чиқса? Тушунтирдим, гапирдим, уришиб ҳам кўрдим, тушунмади, менинг дардимни англашмади. Йўқ, мен паст кетмайман. Ялинмайман, илтимос қилиб йўлларини тўсмайман. Ҳатто, бир оғиз ширин сўз айтмайман. Майли, олиб кетишсин. Худо берса, мен бошқасини сотиб олавераман. Булар яна келиб тортиб олаверишади, мен бўлсам, тағин сотиб олавераман. Ким ғолиб бўлади? Албатта мен. Сусанна иккимиз. Негаки, биз бундан беш, ўн ҳисса ортиқроқ хўрликларни ортда қолдирганмиз. Буниси чўт эканми?..»

Шундай ўйлар билан ичкарига кирдим-да, Сусаннага юзландим.

— Қўй, қўлларидан келганини қилишсин, — дедим остонада қотиб турганларга қараб. — Индама, бекордан бекорга асабингни бузма. Ҳали сенминан бизга бу асаблар жуда керак бўлади. Бор йўғи битта аппаратура экан-ку! Олаверишсин!

Сусанна индамади. Шивирлаб қарғанганча хонадан чиқиб кетди. Ижрочилар эса ҳеч нарса бўлмагандек, кўзлаган буюмни олишди-ю, жўнаб қолишди.

Чақирилмаган меҳмонлар кетиши билан Сусанна ичкарига ўқдек отилиб кирди.

У титрар, аччиқ-аччиқ йиғларди.

— Нега бало фақат бизга ёпирилаверади? — сўзланарди ўзича. — Ана, ҳамма қарздор-ку! Нима учун бизнигина қақшатиб кетишади? Улар-чи? Бошқа қўшнилар-чи?

— Улар қочиб кетишган-да эшикларини қулфлаб! — дедим Сусаннани тинчлантиришга уриниб. — Хафа бўлма, кўрган битганлари шу бўлсин дегин-у, қўй! Худо берса ундай буюмларнинг кўпини сотиб оламиз. Қарзниям узамиз. Ўшанда бизни қақшатганларнинг ўзи уялиб қолади.

— Унақалар ҳеч қачон уялмайди. Уят, номусни еб қўйган.

— Юр, ундан кўра, Қобилжонни олиб боғларда сайр қилиб келамиз! — дея Сусаннани ўрнидан туришга ундадим. — Чалғиймиз, унутамиз, овунамиз. Ўзимизни ўзимиз овутмасак, барибир бизга меҳр берадиганлар йўқ бу шаҳарда. Хўш, нима дейсан?

— Кутилмаган таклифим Сусаннага ҳам ёқиб тушибди. Кўз ёшлари тийилиб, маҳзун жилмайди-ю, каравотида ўз тилида нималардир дея сўзланиб ётган Қобилжонни кийинтиришга тушди…

Ёз кечаларида катта шаҳарнинг янада таровати ортади. Боғлар, кўчалардан одам аримайди. Турфа рангли гуллар майин шабада таъсирида аста чайқалиб, ифор таратади, ҳуснини бутун дунёга кўз-кўз қилади.

Бугун ҳам худди шундай манзарага гувоҳ бўлдик. Гавжум боғ ёнидан ўтиб борарканмиз, бир-биримизга маъноли қараб қўйишдан, тушунмаса-да, фарзандимизга ўйноқлаб чопаётган болаларни, чарх уриб айланаётган каруселларни, осмону фалакка чиқиб-тушиб юракни орзиқтирувчи ҳалинчакларни кўрсатишдан ўзимизни тия олмадик.

— Олдин ҳов анави қаҳвахонага кирайлик, — деб қолди Сусанна қувончини яшира олмай. — Анчадан бери суюқ таом тановул қилмадим. Бир тўйиб лағмон ердик!

Аслида бу бир оғизгина сўз. Уни ҳам Сусанна қувонч-у ҳаяжон билан сўзлади. Лекин шу бир оғиз каломдан юрагим тўкилай деди. Бағримни армоннинг ўткир тиғи тирмалаб ўтгандек бўлди.

«Шўрлик аёл, — дея асабий лаб тишладим. — Мени, фарзандини деб ҳаммасига бардош қилади. Ҳатто, менинг инжиқ феълларимга кўз юмади. Ахир, мен эмасми худонинг берган куни қуюқ овқат талаб қилган? У нима қилсин? «Хўп» дейди-ю, ҳаммасини мен хоҳлагандек бажо қилади. Кўнгли эса қайноқ, ўзидан буғ таратиб турган суюқ таомни тусайди. Аммо индамайди. Сукут сақлайди. Чидайди. Зўрма-зўраки бўлса-да, жилмайиб, кўнглимга қарайди…»

— Майли, — дедим бошимни Сусаннанинг бошига тираб. — Лағмон бўлса лағмон-да! Сен нима десанг шу.

— Кетдик унда! — мени олдинга ундади Сусанна. — Тағин жой етмай қолиб хароб бўлмайлик!

— Ҳа-я, — дедим кулиб. — Биздан кутса бўлади. Қаерга бормайлик, нима ишга қўл урмайлик, ишкали чиқиб туради-ку доим! Чопдик!

Биз-кула-кула массивдаги ягона қаҳвахонага йўл олдик.

Фаришталар омин деганмиди, билмадим, қаҳвахонага бизни киритишмади. Остонадаёқ барваста қўриқчилар тўхтатиб қолишди.

Мен кетишга шошилмай ичкарига мўраладим. Қаҳвахона зали одамга тўла эди. Тўрда машшоқлар шўх куйни берилиб чалишар, сал нарида башанг кийинган эркак эгнига зар чопон, бошига ҳам худди шундай салла қўндирилган чамаси уч- тўрт ёшлар орасидаги болакайни кўтариб олганча айланиб рақс тушарди.

— Тўйми нима бало? — сўрадим қўриқчиларнинг бирига юзланиб. — Зиёфат авжида-ку!

— Анави боланинг туғилган куни экан, — жавоб қилди қўриқчи залга ҳавас билан боқиб. — Каттаконнинг боласи-да! Маза қилаяпти!

Дарров тушундим. Бадавлат одамлиги кийимидан, ўзини тутишидан кўриниб турибди. Атрофидагилар ҳам нуқул ота-болага хушомад қилишаяпти. Мақтаб, кўкларга кўтариб чарчашмаяпти…

Залга бирпас тикилиб турдим-у, жуда алам қилди. Сусаннамни, фарзандимни бир марта кўчага олиб чиқсам, суюклигим лағмонни кўнгли тусаса-ю, мен унинг истагини қондира олмасам. Бу нимаси ўзи?

— Мени кечир, — ташқарига чиқдим-у, айбдорона бош эгдим. — Бу гал ҳам хоҳишинг амалга ошмайдиган бўлди. Қара, бизни киритишмади ичкарига. Бойваччалар кўнгилхушлик қилишаётган экан.

— Ҳечқиси йўқ, — қўл силтаб қўйди Сусанна. — Бу сафар кирмасак, кейин кирармиз. Шунгаям ота гўри қозихонами? Ҳозир бориб маза қилиб музқаймоқ еймиз. Нима дейсиз?

— Сусанна, — дея Қобилжонни маҳкамроқ қучдим у кўрсатган томон юришда давом этиб. — Қара, одамлар боласининг туғилган куниниям каттакон қаҳвахоналарда ўтказишаркан. Ҳатто, машшоқларни чақириб куй чалдириб қўйишибди.

— Пули кўп бўлгандан кейин қилаверади-да, — жавоб берди Сусанна хотиржам. — Шунгаям ҳайрон бўлиб ўтирасизми? Ҳозир ҳамма нарсани пул ҳал қилаяпти. Пулингиз бўлса, Марсгаям бемалол чиқиб кела оласиз.

— Шунча пулни қаердан олишади? Ахир, оддий туғилган кунни ўтказиш учун ҳам озмунча пул кетмайди!

— Қаердан олишарди? Худо беради-да!

— Нега худо бизгаям шуларга ўхшаб кў-ўп пул бермайди.

Болаларча соддалик билан ёғдирган саволларим кулгисини қистатдими, Сусанна пиқ этиб кулди-ю, дарҳол жиддий тортди.

— Бизгаям бериб қолар, — деди оғир хўрсиниб. — Юринглар, тағин музқаймоқ ҳам бизга келганда тугаб қолмасин!

 

* * *

 

Хайрият, музқаймоқ масаласида ҳарқалай четда қолмадик. Бўш ўриндиқлар бир талай экан.

Улардан бирини тўлдириб ўтирдик. Сусанна пилдирабгина келиб тепамизда ҳозир бўлган официанткага ўзи суйган музқаймоқлар, ичимликлардан олиб келишини тайинлади. Шундан кейингина менинг кўнглим бироз таскин топиб Қобилжонни Сусаннага тутқаздим-да, бу маскан ичкарисини обдон кузата бошладим.

Четдаги курсиларнинг деярли барчасини ёш йигит-қизлар банд қилишибди. Уларнинг ўзаро шивир-шивирларини томоша қилиб кайфиятим кўтарилди. Ёшлигимни ёдга олдим. Фақат… Бизнинг давримизда бошқача эди. Биринчидан, қишлоқчилик, ҳозирги каби шоҳона масканлар бўлмаган. Қолаверса, бизнинг давр қизлари ҳов анавиларга ўхшаб йигит билан очиқ-ойдин гаплашиб ўтира олмас, қарияларнинг гап-сўзларига қолиб кетишдан қўрқарди. Шунинг учун бир-бирини севганлар, ҳижрон азоби бағрини тилганлар ярим кечалари қайсидир ариқ бўйларида учрашишарди. Шунда ҳам беш-ўн дақиқалик учрашув кўзларнинг олазараклиги, қалб хавотири билан зумда ўтиб кетарди. Шундай бўлса-да, бу даврнинг биргина яхши жиҳати бор эди. Бу жиҳат ҳали ҳануз қалбимни энтикишга, орзиқишга мажбур этади. Яъни, аҳён-аҳёнда атиги беш-ўн дақиқа учрашса-да, йигит ва қиз бир-бирига қалб гавҳарини тутқазишга улгурарди. Уларнинг муҳаббати ҳозирги ёшларникидан юз чандон кучли ва пок эди…

Шуларни ўйлаб туриб бир бурчакда ўтириб музқаймоқхўрлик қилаётган ота-болаларни кўриб қолдим.

Ота тахминан саксонга яқинлаб қолган, ўғил ҳам камида элликни уриб қўйганди. Уларнинг ёнида тўққиз-ўн яшар болакай ҳам ўтирар, невараси бўлса керак, қария ора-сирада ўз музқаймоғидан бир қошиғини унга мажбуран едириб қўярди. Ўғил эса кулимсираганча отасига танбеҳ берган бўларди.

Бу манзарани кўргач, беихтиёр маҳзун тортдим. Ота-болага азбаройи ҳавасим келганидан улардан кўз узмаган ҳолда ўйга толдим.

Кўз ўнгимда ичкилик туфайли қовоқлари шишган, кўзлари остини қопчалар қоплаган, алмойи-алжойи сўзлаб оғзидан нуқул тупук сачратаётган отам гавдаланди. Унинг сўнгги бор кўрганимда айтган сўзлари ёдимга тушди. Ўшанда отамнинг гаплари дардимга дард қўшган, анча вақтгача кулфат-у тушкунликлар ботқоғидан чиқа олмай ҳалак бўлгандим. Ёшимга тўғри келмаса-да, қаттиқ ўксинган ва қалбан ҳўнграб-ҳўнграб йиғлагандим.

Булар-чи? Оппоқ соқоли кўксига қадар тушган нуроний ҳов ўша эркакнинг отаси экан. Ҳойнаҳой худди мен Қобилжонни кўтарган каби қария ҳам шу ўғлини қўлларида кўтариб катта қилгандир, ўқитгандир, едириб-ичиргандир, касбли, ҳунарли қилгандир. Қара-я, фарзанд кекса отасини музқаймоқ едириш учун шаҳарга олиб тушибди. Шунинг ўзи улкан бахт эмасми? Демак, ота фарзандига ибрат бўла оладиган ишларни қилган, уни ташлаб қўймаган, меҳрини, муҳаббатини берган, умрини шу дилбандига бағишлаган. Мана, неварали ҳам бўлибди. Энди неварасини суймоқда. Борини беришга, жажжигинасининг кўнглини овлаш пайида бўлмоқда. Қандай бахтли, тахтли одамлар экан булар!..

Мен-чи? Нима учун мен шундай бахтдан маҳрумман? Ҳатто нима сабабдан отани суйишларини, ардоқлашларини, ота азасида куйиниб йиғлашларини, оҳ чекишларини, қайғуга ботишларини, тўлиб-тошиб дуога қўл очишларини ҳам ҳамон тушуна олмайман? Нимага ҳар гал мана шу ўғлимнинг менга талпиниши, қаергадир йўл олсам, ортимдан дод солиб йиғлашлари, кириб келсам, қиқирлаб кулишлари, қувончдан онасининг қўлидаёқ сакраб-сакраб қўйишлари сабабини англай олмайман? «Наҳотки, отага меҳр шу қадар кучли бўлса?» дея бош қотираман? Менинг ҳам отам ёнимда бўлса ярашмасмиди? Ичмасдан, ҳунарли, касбли бўлса, ўша қимматли касбини, ҳунарини менгаям ўргатса бўлмасмиди? Менинг отам ҳам шу тобда бизнинг орамизда бағримизни тўлдириб ўтирса, бизларга насиҳатлар қилса, йўл-йўриқ кўрсатса, неварасини эркаласа, арзимасмиди?..

Йўқ, бир тутам тақдирим сароблардангина иборат эканини биламан. Бу саволларга ҳеч қаерда жавоб йўқлигини ҳам яхши англайман.

Мен ота, падарим билан фахрланишга, унга суянишга, меҳрига қонишга ҳақсизман. У гулдек болалигимни ҳам илғай билмади. Тенгқурларимнинг отасига эркаланиб ирғишлаганларини, отаси олиб берган совғаларни авайлаб-асраганларини, барчага кўз-кўз қилганларини кўриб бошим эгилган лаҳзаларга гувоҳ бўлмаган.

Менинг отам… Менинг падарим кайф-сафо, бемеҳрликлар гирдобига ғарқ бўлган ўз дунёсини севади. Ўша дунёга сиғинади, ундан нажот кутиб яшашни маъқул билади…

Сўнгги бор ҳавасимни қўзғаган ота-болага суқ билан тикилган бўлдим-да, Сусанна томон юзландим. У аллақачон музқаймоқни еб бўлибди. Менга ер остидан термилган кўйи қўлидаги ичимликдан ҳўплаб-ҳўплаб қўяётган экан.

— Хўш, энди уйга қайтамизми? — сўрадим кулимсираб. — Кеч тушиб кетибди шекилли.

Сездим. Англадим. Сусанна ҳолатимни, хаёлимдан ўтаётган ўйларни пайқаб бўлган. Атайин менга билдирмаслик ниятида сирли жилмайиш қилиб, қўлимга Қобилжонни берди-да, истар-истамас ўрнидан қўзғалди.

— Кетмасак бўлмайди, — деди у қўлига сумкачасини оларкан. — Тағин пича ўтирсак, Қобилжонингиз ухлаб ҳам қоларди. Қаранг мудрашини.

— Маза қилди-да, — дея суюкли фарзандимни қаттиқроқ қучдим. — Очиқ ҳаво унга ёқади. Ухлайверсин!

Шундай дердим-у, хаёлан ўзимга ўзим сўзланардим.

«Бугун албатта отамни тушимда кўрсайдим. Унга бор дардимни, аламларимни айтиб-айтиб олсайдим…»

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...