СУСАННА… (60-қисм)

0

 

 

* * *

 

Саратонда бирдан ҳаво айниб ёмғир томчилай бошласа, биз болалар ирғишлаганча ҳовлини айланиб чопардик. Сўнгра илкис тиз чўкардик-у, гавдамизни орқага ташлаб, осмонга юзимизни тўғрилардик. Юзларимиз оша ёмғир томчилари думалар, бундан барчамиз қаҳ-қаҳ уриб кулардик.

Лекин шу маҳал тепамда бувижоним пайдо бўларди-ю, мени қўлимдан маҳкам ушлаб уйга судракларди.

Мен ажойиб ўйиндан маҳрум этгани учун бувижонимдан норози бўлардим-у, бироқ раъйини қайтармасдим. Итоаткорона бувижонимга эргашиб уйимизга кирардим.

— Болам, — дея насиҳат қилишга тушарди бувим мени сўрининг бир четига ўтқазиб. — Ёзда ёққан ёмғир хосиятсиз бўлади. Зинҳор ёз ёмғирига юзингни бермагин.

— Нимага, бувижон? — сўрардим ҳеч нарсани тушунмай. — Ҳаво иссиқ-ку! Ёмғир томчилагандан кейин муздай бўп қолади ҳаммаёқ. Маза-ку!..

— Ёз ёмғири одамни касал қилади, — дея менга танбеҳ берарди бувижоним. — Агар узоқ вақт ёз ёмғири остида турса, одам жинни бўлиб қолади. Ана ундан кейин бўлар-бўлмас гапларни гапиравериб, ҳаммани безор қилади.

— Кейин-чи? Кейин нима бўлади?

— Кейин ўша жиннини жиннихонага элтиб ташлашади. Оғритадиган уколлар қилишади…

Бувижонимнинг сўнгги сўзини эшитгандим-у, қўрқиб кетгандим. Чунки болалигимда ҳам уколни ёмон кўрардим. Мактабимизга дўхтирлар эмлашга келишса, қандай қилиб бўлмасин жуфтакни ростлаб қолардим. Нима қилсам қилардим-у, ўша куни укол олмасдим. Афсуски, эртаси куни мени куч билан судраб ҳамширанинг хонасига олиб киришарди ва оёқ-қўлимни бойлаб бўлса-да, барибир эмлашарди…

Бугун ўтмишни эслашимга ҳам эрталабданоқ ҳаво айниб ёмғир томчилай бошлаши сабаб бўлганди. Ишга кечикмаслик учун қадамимни тезлатардим-у, қўлимдаги ёмғирпўшни қур-қур тўғрилар, бошимга ёз ёмғири тушмаслигини хоҳлардим. Ҳануз бувижонимнинг ўгитлари қулоқларим остида жаранглар, ёз ёмғири сабаб бўлиб жинни деган ном олишдан жуда-жуда чўчирдим.

Шу пайт редакция жойлашган бино бурчагида турган бир аёлга кўзим тушди. Аёл безовта эди. Бир ерда тураверишга тоқати етмаганми, нуқул уёқдан буёққа бориб келар, ёмғирда эгнидаги кўйлаги ҳийла ивиб қолганди.

Аёлни кўрганимдаёқ юрагим орқага тортди. Яқинлашиб келиш асносида кўнглимдаги хижиллик баттар кучайди. Лекин кеч эди. Аёл мени аллақачон кўрган. Шу сабабли мен томон юзланганча кулимсирай бошлаганди.

— Севара опа, яхшимисиз? Тузукмисиз? Жиянлар яхшими? — Шу тахлит юзаки салом-алик билан ўтиб кетмоқчи бўлдим. Бахтга қарши аёл йўлимга кўндаланг бўлди.

— Намунча мендан қочасиз? — нозланиш оҳангида сўз қотди у. — Уч кундан бери қорангизни кўрсатмайсиз-а! Мени шунчалик ёмон кўрасизми?

— Й-йўғ-э, — дедим хижолат тортиб. — Нега ундай дейсиз? Шунчаки… Биз ҳаммасини гаплашиб олганмиз. Бошқа гаплашадиган гап қолмаган. Ахир… Орамизда ҳеч нарса йўқлиги, бўлишиям мумкинмаслигини ўзингиз яхши биласиз. Шундаям ҳоли жонимга қўймаяпсиз. Нима қилай? Умуман… Бошим қотиб қолди.

— Мақола ёзавериб миянгиз айниб қолганми нима бало? — кулди Севара опа. — Менга севгилар изҳор қилган, «Дунёда сиздан зўри йўқ» деган ким, яхши йигит? Сизми ё бошқасимиди?

— Қачон? — ялт этиб Севара опанинг кўзларига боқдим. — Қачон шундай дедим? Айтинг, қайси пайтда, қаерда бунақа гапларни гапирдим? Орамизда ишга тааллуқли гап-сўздан бошқаси бўлмаган-ку! Нега туҳмат қиласиз?

— Вой-вой-вой-й!.. Қаранглар-а!.. Менга қаранг, ўша арманчангиздан қаерим кам-а? Жа жигарингиздан урган экан-да-а? Менам туғиб бера оламан ўша туққан болани!..

— Оғзингизга қараб гапиринг! — жеркиб ташладим уни. — Бу нимаси? Индамаса, беҳаё гапларга ўтаяпсиз.

— Нима қипти? Ҳақим йўқми? Менам аёлман. Сиздай йигит билан яйраб-яшнагим келади. Мендаям кўнгил, хоҳиш, истак бор, ўргилай.

— Ундай бўлса, бошқасини топинг. Мен… Оилалиман. Буни биласиз.

— Бекорларни айтибсиз. Сиз менинг қармоғимдасиз. Минг чиранганингизминан қармоқдан чиқиб кетолмайсиз.

Бу тахлит юзсизликни Севара опадан кутмагандим. Тўғри, бир неча кундан бери йўлимни тўсади, мендан муҳаббат, меҳр талаб қилади. Жонига тегса нари бўлар деган хаёлда тек юргандим. Бугунгиси ошиб тушди. Ҳаёсизларча масалани кўндаланг қўйиши жиғимга тега бошлади.

— Севара опа, мендан беш-олти ёш катталигингизни биласизми? — сўрадим нима дейишни билмай. — Ё билмасмидингиз?

— Мен-чи, — у бир оёғини олдинга чўзди-да, бир қўлини белига тиради. Шу туришда бозорчи аёллардан сира фарқи қолмади. Қарангки, сўзлаш оҳанги, афтини бужмайтирган кўйи ғазабнок нигоҳларини менга тикиши ҳам ўша бозорчиларнинг ўзи эди. — Ўз нонимни бировларминан бўлишишни ёқтирмайман. Сизга кўнглим тушибдими, хурсанд бўлинг, яхши йигит. Мана, қоматим, ҳусним ўша арманларникидан юз чандон яхши.

— Арманлар арпангизни хом ўрдими? Нимага ҳар гапнинг бирида арманлайверасиз?

— Ие, нега гапирмас эканман? Қаёқдаги арман хотин бахтли яшайди-ю, мен кўз остимга олган эркакка эга чиқади-ю, алам қилмайдими?

— Кулгимни қистатаяпсиз? — дедим жаҳлимни базўр босиб. — У менинг хотиним, ахир! Нимага тушунмайсиз?

— Мен билмайман, — дея қошларини чимирди Севара опа. — Бугуноқ ҳал қиласиз, вассалом!

— Нимани ҳал қиламан? Тушунмадим.

— Нимани бўларди? Мени никоҳингизга оласиз.

— Нима? Ўйлаб гапираяпсизми? Умуман… Сизга ваъда берган ерим бормиди?

— Ваъда бергансиз. Мен ҳеч нарсани билмайман. Агар айтганимни қилмасангиз, ишхонангизга кираман-да, сизни шарманда қиламан. Сиз ҳали мени яхши билмас экансиз.

Севара опанинг бу гапи буткул ҳафсаламни пир қилди. Мен шу кунга қадар бу аёлни тартибли, одобли, меҳрибон ва фариштадек беозор деб билардим. Адашибман шекилли. Ўз мақсади йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиганлар хилиданга ўхшаб кетаяпти… Эҳ, нима қилса бўлади-а? Худога яна нима ёмонлигим бор эдики, мени тағин бир балога гирифтор қилмоқчи? Кечаси ёмон туш ҳам кўрмагандим чамаси. Севара опанинг айнан бугун жанжал қилиши, икки оёғини бир этикка тиқиб олиши хаёлимга келмаганди. Наҳотки, одамлар шу йўл билан бахтга эришиш мумкин деб ўйлашса? Қандай? Бахтга жанжал билан эришиб бўлмайди-ку! Нима учун тушунмайди бу аёл?

— Менга қаранг, — дедим босиқлик билан. — Сиз гапираётган гапларнинг ҳаммаси ўткинчи. Шуни биласизми? Бахтга бу тахлит эришмайдилар. Бунданам хабарингиз борми? Мен оилали одам бўлсам, уйда кўзлари мунчоқдек ўғлим ҳар куни кечқурун кириб келишимни кутса, оиламни жонимдан ортиқ яхши кўрсам… Шуларни ҳисобга олдингизми?

— Мен айтдим-ку, — Севара опа қайсарларча бошини терс бурди. — Бугуноқ никоҳингизга оласиз. Бошқа гап сиғмайди.

— Олмасам-чи? — дедим менинг ҳам қайсарлигим тутиб. — Қўлингиздан нима келади?

— Ўшанда кўрасиз.

— Жуда яхши. Пешонага ёзганини кўравераман. Билиб қўйинг, бу ишингизни ҳеч ким маъқулламайди. Чунки менинг кимлигимни ишхонамдагилар ҳам яхши билишади.

Севара опа индамади. Бошини сарак-сарак қилганча нари кетди. Бу ҳаракати бироз кўнглимни тинчлантиргандек, енгил тортиб йўлимда давом этдим.

 

* * *

 

Инсон умри янглишишлардангина иборат эканини йўл-йўлакай баъзи ишларимни битиргач, ишхонамга кириб бораётганимда чуқурроқ ҳис этдим.

Боягина Севара опа билан кечган даҳанаки жанжал тобора вужудимга сингиб борарди. Терс ўгирилиб кета бошлаганимдаги руҳий енгиллик бирпасда ғойиб бўлди. Миямда турли шайтоний ўйлар чарх ура бошлади. Қалбимни кучли қўрқув ҳисси чирмади. Мен суюкли оиламдан, икки суянган тоғимдан қандайдир юзсиз аёл туфайли ажралиб қолаётган каби ваҳима-ю, даҳшатлар гирдобига ғарқ бўла бошлаганимни пайқадим.

«Бизни алдаб юрган экансиз, — дерди Сусанна хаёлот оламимга кириб келиб. — Ҳеч қачон ишхонада ўйнашингиз борлигини бизга айтмагандингиз. Демак, беркитгансиз, сир тутгансиз, бекитиқча ўша манжалақи билан дон олишиб юргансиз. Афсус, қадримизни билмадингиз. Сизга садоқатимиз бўлакча эди. Сизни қадрлардик, яхши кўрардик, дунёга ишонмасдик. Ҳаммасини чиппакка чиқардингиз. Бағримизни совитдингиз. Энди биздан умидвор бўлманг. Бошимиз оққан тарафга кетамиз. Қисматимизда нима бўлса кўраверамиз. Ўша ўйнашингизминан қўшмозор бўлинг!..»

«Йў-ўқ, — дея хаёлан ҳайқирардим мен. — Менинг ўйнашим бўлмаган, бўлмаган! У туҳмат қилаяпти. Ўз манфаати, нафсини ўйлаяпти! Нега менга ишонмайсизлар?..»

Ана шундай қарама-қарши ўйлар исканжасида кабинетга кириб келдим.

Не кўз билан кўрайки, Севара опа менинг столим қаршисида ўтирар, икки кўзи ташқари эшикда эди.

Гарчи ичимдан зил кетган бўлсам-да, ўтирган мухбир қиз, йигитлар билан тил учида саломлашдим. Улар ҳайрон бўлиб Севара опа тарафга кўз ташлаган бўлишди-ю, ҳеч нарса дейишмади.

— Илтимос, ўрнимни бўшатсангиз, — дедим мулойим оҳангда Севара опанинг тепасига келиб. — Мен ишлашим керак.

— Ишлайверинг, — деди у хотиржамлик билан. — Ким сизга халал беряпти.

— Тушунсангиз-чи, бу менинг столим. Шу ерда ўтириб ишлашим зарур.

Севара опа шу гапимдан кейин даст ўрнидан турди-да, титрай бошлади.

Сездим. Титроқларнинг барчаси ясама, сохта. Шу сабабли сир бой бермай жойимга ўтиришга тутиндим.

Яна Севара опа халал берди. У курсига қўл чўзиб ўзи томон тортди.

— Ишлатиб бўпман, — дея кўзини лўқ қилди Севара опа. — Олдин ҳал қилиб қўйинг, эркак!

Бу гапни эшитган йигит-қизлар бир менга, бир Севара опага ҳайрат аралаш қараб қўйишди. Лекин ҳеч ким ҳеч нарса демади. Мен бўлсам, адойи тамом бўлаёзгандим. Ҳеч қачон ҳамкасблар қаршисида мулзам бўлмаган одам айни лаҳзаларда ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсам дердим. Уят, номусдан кўзларим аланг-жаланг эди. Миям қизиб, тиззаларимгача дағ-дағ титрай бошлаганди. Мана шу ҳолатда яна бувимнинг танбеҳларини эсладим.

«Мен ёмғирпўш остида келгандим-ку, — ўйладим ер остидан Севара опага совуқ разм солиб. — Наҳотки, ёз ёмғирининг томчилари бошимга тушган бўлса? Энди нима бўлади? Томим кетадими? Мени жиннихонага олиб кетишадими? Ана, бошим айланиб-айланиб қўйгандек бўляпти. Ҳозир миям ловиллаб ёнади-ю, ўзим сезмаган, англамаган ҳолда алмойи-алжойи сўзларни айтиб бақира бошлайман. Ҳа-а, бу аёл менинг жинни бўлишимга ёрдамлашиш учун юборилган кўринади. Акс ҳолда айнан бугун — ёз чилласида ёмғир ёққан кун йўлимдан чиқмасди. Пешонамга жиннихоналарда ётиб чиқиш ҳам ёзилган экан-да! Минг афсус!.. Қизиқ, у ҳолда нега миям яхши ишлаб турибди? Ё жинниларнинг миясиям ишлаб туради-ю, ўзларини бошқара олишмайдими? Майли, нима бўлса кўраман! Бироқ бундай шармандагарчиликка барҳам бераман. Бу аёлни хонадан ҳайдаб соламан!..»

— Қани, бир жўнаб қолсинлар-чи, — дея кутилмаганда Севара опанинг тирсагидан тутиб ташқарига судраклай бошладим. — Бу ерда ҳамма ишлаяпти. Бўлинг тез, чиқинг! Халал берманг!

— Қўйворинг мени, қўйворинг! — бир силтаниб ўзини нари олди у. — Ҳеч қаерга кетмайман, билдингизми? Қилар ишни қилиб қўйиб, энди ўзингизни пок кўрсатмоқчимисиз? Ҳозир бошлиғингизга кираман, ҳа! Ҳаммасини айтаман! То никоҳ ўқитмагунингизча тинч қўймайман сизни!

— Йўқо-ол! — дея бақириб юбордим беихтиёр. — Қанақа виждонсиз аёлсан ўзинг? Қанақа никоҳ, аҳмоқ, қанақа никоҳ? Чиқ хонадан, чиқ!..

Севара опа худди ҳайқириғимдан ҳайиққан каби сумкачасини қўлига олди.

— Бўпти, чиқаман, — деди ўтирганларга бир-бир масхараомуз қараб. — Аммо кетмайман. Бошлиғингизнинг олдига кираман. Ўшалар ҳам билиб қўйсин қанақалигингизни!

— Бўпти, бўпти, сур бу ердан, сур! — дея қўлим билан эшикка ишора қилдим. — Қорангни ўчирсанг бас!..

Севара опа бир елка учирди-да, хонани тарк этди.

 

* * *

 

Шундай жанжалдан сўнг қандай ишлай? Қўлимга ручкани олдим дегунча, хаёлларим ёввойи каптардек учди-кетди. Миямда фақат Севара опанинг совуқдан-совуқ таъналари, кесатиқлари, туҳматларигина айланаверди.

Аксига олгандек, орадан беш дақиқа вақт ўтмай мени бошлиқ ҳузурига чорлаётганини айтишди.

Бу хабарни эшитганданоқ тамом бўлгандим. Ўзим чексиз ҳурмат қиладиган раҳбар қаршисида энг расво ходим қиёфасида намоён бўлиш, унинг олдида мулзам тортганча бош эгишимни тасаввур қилганим сайин аъзойи баданим музлаб борарди. Лекин на илож? Кўргилик кутиб турмайди. У гўё чақирилмаган меҳмон янглиғ тўсатдан ташриф буюради ва бошингга ёғилади.

Йўқ, бошлиқнинг ҳузурига кирмайдиган бўлибман. Севара опа йўлак ўртасида қотиб турар, унга яқин боришимни кутарди.

— Инсоф қилдим, — деди у ясама тиржайиш қилиб. — Бошлиғингиз билмай қўя қолсин дедим. Сизни чақирган қиздан ўзим илтимос қилувдим. Узр!..

— Қаранг-а, — дедим вужудимдаги титроқни босолмай. — Жуда меҳрибон одам экансиз-ку!

— Аммо бир шартим бор, — дея четроққа ўтди-да, деворга астойдил суяниб олди Севара опа. — Бажарсиз шу шартимни.

Мен ўтган-кетганларга ер остидан хижолат аралаш қараб олдим. Сезилиб турарди, Севара опанинг қилмишидан кўпчилик хабардор. Шунинг учун улар бизга маъноли тикилганча бош чайқаб ўтишаяпти…

Қандай бедодлик! Қандай даҳшат! Шу кунга қадар жимгина ишлаётгандим. Ҳеч кимга ҳозиргидек қўрқув аралаш боқмасдим. Ҳар бир сўзимни дангал айта олардим. Бу аёл эса мени ер билан битта қилди. Шунча шармандаликдан сўнг бу ердагиларнинг юзига қандай қарайман? Нима бўлади энди?..

— Айтинг тезроқ шартингизни, — дедим тоқатим тоқ бўлиб. — Айтинг-у, даф бўлинг, илтимос! Менинг қиладиган ишларим кўп.

— Ҳозир хотинчангизга қўнғироқ қиласиз.

— Нимага? Унинг нима даҳли бор?

— Менинг унга айтиб қўядиган гапларим бор. Хўш, қўнғироқ қиласизми?

Ҳайрон бўлиб қолдим. Ахир, Сусанна бу ишлардан буткул бехабар. Қандай қилиб айтаман? Нима дейман? У қандай жавоб қайтаради? Мендан юз буриб кетмайдими? Суриштирса, қандай тушунтираман унга?

— Кутаяпман, — хаёлимни бўлди Севара опа ғолибона қаддини ғоз тутиб. — Қўнғироқ қиласизми-йўқми?

— Бўпти, — дедим оғир хўрсиниб. — Гаплашасизми? Жуда яхши, қани, юринг унда!..

Уни эргаштирганча телефони бор хонага кириб бордим. Хайрият ҳеч ким йўқ экан. Керакли рақамларни тердим. Гўшакдан Сусаннанинг товуши эшитилиши билан гап бошладим.

— Биласанми, сенминан бир туҳматчи, шантажчи хотин гаплашмоқчи, — шошилмай уқтира бошладим унга. — Эрталабдан бери томдан тараша тушгандек никоҳимга олишимни талаб қилаяпти. Нима қилишни билмай қолдим.

— Беринг гўшакни унга, — деди Сусанна жиддий оҳангда. — Гаплашсам гаплашавераман.

Мен дарров гўшакни Севара опага тутқаздим.

— Марҳамат, гаплашинг!..

Севара опа гўшакни қулоғига маҳкам босди-да, салом-аликни-да нася қилиб гап бошлади.

— Ҳа-а, сестрахон, — деди у масхарали оҳангда. — Бировнинг эрини тортиб оли-е-еб маза қилаяпсанми?

Гўшакдан Сусаннанинг товуши менгача эшитилиб турарди.

— Сен кимсан ўзи? — сўради у Севара опадан. — Гапир! Кимсан?

— Менми? — кулди Севара опа. — Мен Қодирнинг иккинчи хотиниман. Бўшатиб қўй менинг эримни!

— Нима? — аламли кулди Сусанна. — Иккинчи хотиниман дедингми? Сени танимас эканман-ку! Ҳозир ўша хонадан чиқмай ўтир! Мен етиб бораман. Яхшилаб танишамиз, хўпми?..

— Келиб бўпсан! — даъфатан бақириб юборди Севара опа. — Келтириб бўпман! Йўлини очиб қўй эримнинг!..

— Йўқ, йўқ, бораман, — деди Сусанна. — Кетмай тур фақат!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...