Қидирувдаги қарздорлар: Қонун ҳамма учун баробар! 

0

Қонун талаби бўйича, қолаверса, маънан ҳам ота ўз фарзандини боқиши, унинг ейиш-ичишига масъул, вояга етгунга қадар тўлиқ таъминотини ўз бўйнига олишга мажбур ҳиосбланади.
Бироқ шундай оталар ҳам борки қонун бўйича суд қарори бўла туриб ҳам очиқ ошкора алимент пулини тўламасдан қочиб юришади. Бундай оталарга нисбатан Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан қонунда белгиланган чоралар кўриб келинмоқда.
Айниқса, коронавирус эпидемияси тарқалишидан олдин алимент тўламаслик мақсадида яшаш жойидан ишлаш учун кўчиб кетган қарздор оталар карантинли кунларда аста-секин яшаш уйига қайтиб, давлат ижрочиси қўйган “қопқон”ларга тушмоқда, яъни уларни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-4-моддасида кўрсатилган жавобгарлик ва маъмурий қамоқ жазоси кутиб олмоқда.
Хусусан, Қўқон шаҳар, А.Навоий мавзесида яшовчи Акбаров Дилшод фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 26.08.2016 йилдаги суд буйруғига асосан оталик бурчини тўлиқ адо этмасдан 2016 йил январь ойидан алимент тўлашнинг охирги муддати 2020 йил февраль ойига қадар бир нафар фарзанди учун 13 млн. 852 минг сўм алимент пулини тўламаслик мақсадида қочиб юрган.
Республика бўйича карантин тадбирлари кучайтирилгач, қарздор Д.Акбаров ўз уйига қайтиб келиб, Мажбурий ижро бюроси Қўқон шаҳар бўлими томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида Қўқон шаҳар маъмурий судида жавоб берди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-4-моддаси 1-қисмига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ёки Қўқон шаҳар, Фузулик кўчасида яшовчи Мирғаниев Аваз бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминотини тўлашдан қочиб 2017 йил февраль ойида яшаш уйидан чиқиб кетгани ҳолда карантинда уйга қайтганида, судда нима сабабдан 13 млн. 851 минг сўм қарзини тўламаганлиги ҳақида гапириб берди. Суд унга ҳам 15 сутка қамоқ жазосини тайинлади.
Шу каби, Олтиариқ тумани, Полосон қишлоғида яшовчи Турдиев Маъруф икки нафар фарзанди учун алимент ундириш ҳақида 10.03.2016 йилда суд буйруғи чиқиши билан яшаш жойидан яширинган ва уни топишни имкони бўлмаган бўлсада, карантинли кунларда бошқа борар жойи бўлмаганлиги сабабли яшаш манзилига қайтган вақтида ушланган. М.Турдиев қарийб 5 йил давомида икки нафар вояга етмаган фарзанди учун 26 млн. 319,5 минг сўм алимент пулини тўлаб қўйиши лозимлиги ҳақида ўйлаб кўриши учун суд унга етарлича муддат белгилаб берди: 15 сутка.
Учкўприкда эса қарздор ота О.Яхшибоев 3 нафар вояга етмаган фарзандлари учун 01.07.2020 йил ҳолатига алиментдан бўлган 18 млн. 621 минг сўм қарздорликни 15 сутка қамоқда ўтириб ўйлаш шарт эмас деб ҳиосблаб, карантинда “ушланган” куниёқ тўлаб қўя қолди.

loading...