АМУРСКДА ЎЗБЕК ИШЧИЛАРИ ҒАЛАЁН КЎТАРДИ, «ОМОН»ЧИЛАРНИ ҚУВИБ СОЛДИ…

0

 

Россиянинг Амурск областида асосан ўзбекистонлик ва қирғизистонлик бўлган «Газпром» ишчилари ғалаён кўтаришди. Ойлигини тўлиқ ололмаётганидан шикоят қилган ишчилар завод мулкига зиён етказган ва тартибни сақлаш учун келган ОМОН махсус кучларини олдига солиб қувган.

Душанба куни ижтимоий тармоқларда Амур газни қайта ишловчи завод қурилишидан видеолар тарқай бошлади.

Видеоларни тизиб чиққанда асосан ўзбек тилида гапирувчи ишчилар пудратчи раҳбариятидан норози бўлиб, офис биносида бақир-чақир қилганини кўриш мумкин.

Кейин улар йўлида учраган нарсаларга зарар бера бошлайди.

Бироздан сўнг норозилик офис биносидан ташқарига чиққанини кўриш мумкин.

Ҳатто раҳбарият масъулларига куч ишлатишган. Асосан туркиялик ишбилармонлардан ташкил топган раҳбарият ҳодиса жойидан қочиб кетишга мажбур бўлган.

Тўполонни бостириш учун воқеа жойига ОМОН махсус кучлари етиб келган.

Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ОМОН кучларининг қочиб юрганини кўриш мумкин.

Завод матбуот хизмати ҳодисани тасдиқлаган.

«»Ренейссанс» пудратчи ташкилоти офис биноларига зарар етказган ҳодиса иштирокчилари ҳуқуқ тартибот органи томонидан ҳибсга олинди. Суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳодиса бир гуруҳ ишчиларнинг молиявий норозилиги натижасида келиб чиққан», дейилади расмий хабарда.

Ижтимоий тармоқлардаги хабарларда ишчилар икки ой карантинда ишламаган вақтида маошлари кам берилганидан норози бўлгани айтилади.

Амурск прокуратураси хабарида айтилишича, «Ренейссанс Хеви Индастрис» ишчилари маошларни кўтаришни талаб қилган. Прокуратура ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари қанчалик амал қилганини текширишини айтган.

Шу билан бирга прокуратура Россия Федерацияси Жиноят кодексининг безорилик банди бўйича жиноий иш очган.

Амур газни қайта ишлаш заводи Свободний шаҳри ёнида қурилмоқда. Завод «Сибир кучи» қувури бўйича Хитойга юбориладиган газдан қимматбаҳо таркибни ажратиб олишга мўлжалланган. Завод қуриб битказилгач, Россиядаги газни қайта ишловчи энг йирик корхонага айланишига умид боғлашган.

 

loading...