Чемпионликкача бир қадам қолди

0

Душанба оқшомида бутун Каталония «Реал»нинг ютқазиб қўйишини кутиб ўтирди, десак адашмаган бўламиз. Чиндан, сўнгги учта турда етти очко тўплаган ва рақиблар дарвозасига ҳам еттита тўп урган жамоанинг «Реал» устидан ғалаба қозонишини кутмасдан бошқа қайси клубдан кутиш керак эди? Бунинг устига «Гранада» ўз стадионида грандлар учун ҳақиқий хавфли рақибга айланиб улгурганди. «Атлетико» дурангга (1:1) рози бўлди, «Барселона» эса 0:2 ҳисобида ютқазди. Бироқ «Реал» ўйинчилари учун «Гранада» футболчиларидек қулай рақибни бошқа топиш мушкул: шу кунгача «қироллик клуби» уларни қаторасига тўққиз марта мағлубиятга учратган. «Гранада»нинг XXI асрда мадридликлар устидан эришган ғалабаси эса антиқа кечган. 2013 йилнинг февралида «Гранада» рақиб дарвозаси томонга бир марта ҳам аниқ зарба йўлламасдан туриб, уч очколи бўлган, Криштиану Роналду эса ўшанда футболдаги фаолияти давомида биринчи марта ўз дарвозасига гол уриб қўйган.

Хуллас, «Реал» футболчилари биринчи бўлимнинг ўзидаёқ «Гранада» дарвозасига жавобсиз иккита тўп йўллаб, ғалабани нақд қилиб қўйишган эди, аммо иккинчи бўлимда вазият майдон эгалари томонга ўзгариб кетишига сал қолди. Бироқ… ўша куни омад фариштаси Зайнидин Зидан шогирдлари томонда бўлди. Якуний ҳисоб 2:1 — мадридликлар фойдасига. Энди «Реал» мабодо пайшанба куни «Вильярреал» устидан ғалаба қозонса, муддатидан аввал чемпионликни нишонлаши мумкин.

loading...