ХОРИЖДАГИ ЎЗБЕК МУҲОЖИРЛАРИНИНГ АЯНЧЛИ ҚИСМАТИ… (ФОТО)

0

 

«Бизни далада оч-наҳор яшаётганимизни ҳамма билиб бўлган. Шунга трассадан қандай машина ўтса, бизга нон, озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-чеваларгача эҳсон қилиб кетишяпти» — дейди ўзбекистонлик муҳожирлар…

 

НОН УЧУН ЮЗЛАБ ОДАМЛАР НАВБАТДА

 

Россия — Қозоғистон чегараси яқинидаги юзлаб ўзбекистонликлар ўтган-кетган йўловчи машиналар бераётган егуликлар билан кун кўрмоқда.

Оренбург ва Самара вилоятлари ҳудудларида чегаралар очилиши ёки Ўзбекистон ҳукумати уларни олиб кетишини кутишаётган муҳожирлар орасида кекса ёшлилар, ҳомиладор ва ёш болали аёллар бор.

Ўзбекистонликдарнинг чегара атрофига йиғила бошлаганига деярли бир ой бўлиб қолди.

Муҳожирлар чегара яқинига келганидан буён йўл бўйидаги очиқ далада яшашмоқда.

Буюмларидан тўшак ва бошпана ясаб кун кечираётган ўзбекистонликлар егулик илинжида катта йўлдан ўтган-кетган машиналарни пойлашмоқда.

Би-би-си ўзбек хизматига «Маштакова» чегара-назорат пункти яқинидан йўлланган видеотасвирда йўл четида тўхтаб турган «Камаз» машинасидан нон тарқатилаётгани, уни олиш учун юзлаб одамлар навбатда турганини кўриш мумкин.

Бу кўринишнинг ҳақиқатан ҳам шу кунларда чегара атрофидаги вазият оғир эканлигини муҳожирлар тасдиқлади.

— Бизни далада оч-наҳор яшаётганимизни ҳамма билиб бўлган. Шунга трассадан қандай машина ўтса, бизга нон, озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-чеваларгача эҳсон қилиб кетишяпти. Асосан, Россия-Ўзбекистонга юк ташувчи катта машиналар ҳайдовчилари олиб келишяпти. Улар бир-бирига биз ҳақимизда айтишади, қолганлари ҳам у-бу егуликларни тарқатиб ўтиб кетишади — дейди ўзбекистонлик муҳожирлар.

 

БУ МУҲОЖИРЛАРГА «ЖАЗО»МИДИ?

 

 

Бир ой ичида чегара атрофидаги уч ҳудудга мингдан ортиқ

одам йиғилгунча ҳам ҳеч ким уларга эътибор қаратмади.

Муҳожирларнинг аввалги тўпланганлик ҳолатида Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги консуллиги вакиллари муҳожирларнинг ёнига дастлабки кунлардан борган.

Оренбург ва Самара вилоятлари маъмурият ҳисобидан чодирлар, озиқ-овқат, тиббий ёрдам билан таъминлаган ва муҳожирларнинг хавфсизлиги учун ташкилий ишларни йўлга қўйганди.

Қозоғистон эса муҳожирлар учун транзит коридор очиб берди. Май, июнь ойларида Ўзбекистон томони ташкиллаштирган автобусларда бир ярим мингдан ортиқ муҳожирлар ватанга қайтишди.

 

ҚИЙИН, АММО ИМКОНЛИ ЙЎЛ

 

 

Россияда карантин чекловлари бекор қилина бошлагани билан унинг асоратлари июл ойида ҳам меҳнат муҳожирлари ҳаётига таъсир ўтказишда давом этди. Иш ўринларидаги қисқартиришларга тушганлар ёки ишига қайта олмаганлар, уй ижараси учун тўлов муаммосига дуч келган ва кун кечиришда қийналган муҳожирлар ватанга қайтишга қарор қилишди.

Ўзбекистонга қайтиш учун уларда икки йўл бор: бири чартер рейс учун навбатга ёзилиб, ўз нархидан икки-уч баробар қимматга кетиш.

Чартер рейслар хафтада 2-3 та, кетиш учун навбатга турганлар сони эса ўн минглаб экани айтилади.

Қиммат чипта учун пул топилганда ҳам (12000 рублдан 30 минг рублгача), кўпчиликда рейсга илиниш имкони жуда оз.

Иккинчи йўл — машина ёки автобусда чегара яқинига етиб олиб, маълум бир муддат далада яшаб турилса, Ўзбекистон томони фуқароларини олиб кетади деган ишонч.

Лекин Ўзбекистон бир неча бор муҳожирларни бундай йўл тутмасликка чақирган.

Муҳожирлар учун иккинчи йўл машаққатли, аммо чартер рейсга навбати келишдан кўра, имконлироқ. Йўлкира нархи ҳам одатдагидан баланд бўлса-да, самолётдан анча арзон. Шу боис чегара атрофларига бир неча бор муҳожирлар йиғилди.

 

АЙБДОР — ТАКСИЧИЛАРМИ?

 

Ўтган хафтада Ўзбекистоннинг Россиядаги бош консули Меҳриддин Ҳайриддинов «Спутник-Ўзбекистон» нашрига берган интервьюсида чегара атрофидаги ўзбекистонликларнинг тўпланишига оид вазият ҳақида фикр билдирган.

«Ватандошларимиз бизга ижтимоий тармоқларда тарқатилган чегаралар очилганлиги тўғрисидаги ёлғон хабарларни ва ушбу хабарларга бириктирилган «график»ларни, шунингдек таксичилар тарқатган sms-эълонларни кўрсатишди. Афсуски, ушбу фуқароларимиз ТИВ ва элчихонанинг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқлари орқали тарқатилган хабарларга эмас, мана шундай ёлғон хабарларга ишониб фирибгарлар тузоғига тушган. Шунингдек, биз май ойида биринчи бор чегарада одамлар тўпланиб қолганидан кўзга кўриниб қолган такси ҳайдовчилари яна ўз фаолиятини давом эттираётганининг гувоҳи бўлдик. Виждонсиз «ташувчилар» одамлар соғлиғини хавф остига қўйиб, уларни вазият қурбонига айлантириб, чегарагача олиб бориб қўйишни ўзига хос «бизнес»га айлантириб олган», — дейилади интервьюда.

Биз суҳбатлашган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги автобусларда, ўз танловлари билан чегара ёнига келишганини очиқ айтишди.

— Бошқа иложимиз йўқ. Уйга кетишимиз керак, чартерни кутиб ўлиб кетгандан кўра, бу ерда беш-олти кун қийналсак ҳам уйга етиб оламиз деб ўйлагандик. Қирғизистонликлар тўпланиши билан элчихонаси вакиллари келиб 3 кун ичида уларни олиб кетишди. Биз эса юртимизга керакмасмизми, бу аҳволга тушиб қолдик, — дейди муҳожирлар.

Дарвоқе, Би-би-си ўзбек хизматида барча маълумот берувчи ва суҳбатдошларнинг тўлиқ исм-фамилиялари бор, аммо уларнинг илтимосига кўра очиқланмаяпти.

 

ИККИ ВИЛОЯТ ОРАСИДА САРСОНЛИК

 

Ўзбекистонликларнинг чегара атрофида тўпланишлари 4 ҳафта олдин бошланган. Шундан буён ижтимоий тармоқларда видеотасвирлар тарқалмоқда.

Бу галги тўпланиш муҳожирлар учун жуда оғир кечди. Бир ойга яқин вақт давомида муҳожирлар очиқ далада қолиб кетди, пуллари тугаб, егуликдан қийналишди.

Ҳафталаб қаровсиз ётган, ҳеч ким йўқламаган Ўзбекистон фуқароларини Россия томони ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйдигина эмас, Оренбург ва Самара бир-бирига «улоқтира» бошлади.

Ўзбекистонлик муҳожирлар полиция ва ОМОН талаби билан бир жойдан бошқасига бир неча бор кўчирилди. Норозилик билдирган муҳожирлар эса куч ишлатар тизимлар томонидан калтакланди.

Полиция ходимлари ва муҳожирлар орасида бир неча бор низолар юзага келди.

— Ўнта одамимиз жароҳатланди. 2 кишини эрталаб полиция олиб кетиб, кечки пайт депорт босиб, қўйиб юборди. Алдаб чет жойларга кўчирмоқчи бўлишди. Оренбург ва Самара орасида бизни «копток» қилиб юборишди, — дейди ўзбекистонлик муҳожирлар.

 

НОН ҚАДРИ

 

Бу ҳодисани воқеа жойида бўлган ва маҳаллий ҳокимият вакиллари билан учрашган Ўзбекистонликларнинг умумроссия конгресси раҳбари тасдиқлади.

Диаспора ташрифидан сўнг, ўзбекистонликларга чодирлар тикилиб, икки ҳудуддаги мигрантлар чодирларга кўчирилган. Улар ичимлик суви билан таъминланган, аммо егулик ҳамон муаммо бўлмоқда.

— Битта нонни ўз нархидан ўн баробар қимматга олиб келяпмиз. Орамизда бир рубл пули йўқлар бор, улар билан баҳам кўриб еймиз. Ўтган-кетган машиналар эҳсон қилиб, нон-у мева бериб кетишяпти, — дейди муҳожирлар.

Астағфирилло!!!

«ВВС-Ўзбек хизмати»

 

loading...