РОССИЯ, ЧЕГАРАДАГИ МИГРАНТЛАР: БИЛЕТГА ПУЛИМИЗ ЙЎҚЛИГИДАН ПОЕЗДДАН ҚОЛИБ КЕТДИК… (ВИДЕО)

0

 

 

Тафсилотлар

 

 

Россия-Қозоғистон чегарасида яна 600 дан зиёд ўзбекистонликлар ватанга қайтиш учун Президентдан ёрдам сўрашмоқда.

Уларнинг 100 га яқини поездга билет ололмай қолиб кетганлар ва қолганлари рўйхатга олиш якунланганидан кейин келиб қўшилаётганлардир.

Муҳожирларга кўра, поездда кета олмаганларнинг 60 га яқини билетга пули бўлмаган ва уларга билет етмаган. 8 ярим минг рубль экани айтилган билетлар икки-уч баробар юқори нархларда сотилган.

Муҳожирлар олдиндан тузилган рўйхатга амал қилинмагани, рўйхатдаги мигрантлар ўрнига кейин келиб қўшилган ва билетга пули бор мигрантлар кетгани, бу вазиятни ҳеч ким назорат қилмаганини билдиришди.

Бир ойдан бери очиқ далада яшаб, Ўзбекистонга қайтишни кутаётган айрим муҳожирлар кета олмай қолганидан қаттиқ стрессга тушгани, тоби қочиб қолганини айтишмоқда. Тиббий ёрдам имконияти йўқ.

Айни пайтда муҳожирларга сув таъминоти тўхтатилган, тез кунда палаткалар йиғилиши маълум қилинган.

 

 

Ватанга қайтиш

 

 

Июль ойининг бошидан ўртасига қадар Россия- Қозоғистон чегараси атрофида 3-бора тўпланган ўзбекистонликлар президент Мирзиёевдан ватанга қайтаришда ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.

Ўзбекистон президенти бу масалага эътибор қаратиб, ватанга қайта олмаётган муҳожирларни поездларда қайтарилишини билдирди.

15-16 июль кунлари Самара ва Оренбургдан 2106 нафар ўзбекистонлик 3 та рейсда поезд орқали Ўзбекистонга олиб кетилди.

«1404 йўловчи билан иккита поезд Кинель, 702 йўловчи билан яна битта поезд Бузулук станцияларидан жўнаган. Йўл давомида поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ходимлари кузатуви остида олиб келинади», дея маълумот берди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.

 

 

«8 ярим минг рублли билет 20 мингга чиқди»

 

 

16 июль куни Би-би-си Ўзбек хизматига поездлардан қолиб кетган мигрантлар мурожаат қилишди. Улар орасида рўйхатдан кейин тўпланганлар билан бирга рўйхатда бўлиб ҳам кета олмаганлар бор.

Маълумотларга кўра, улар вокзалга киритилмаган, поезд чипталари ўртада турувчилар томонидан 8500 рубль ўрнига 20 000 рублгача нархда сотилган. Рўйхатда бўлган ва 20 кундан буён далада яшаётган 60 нафар мигрантнинг ўрнига охирги кунларда қўшилганлар поездларда кетишган.

Муҳожирлар бу вазиятни расмийларнинг назорат қилмаганидан эътироз билдиришмоқда.

— Гуруҳларга бўлиниб, бир киши кўпчилик учун паспортларни йиғиб билетга бордик. Мени қўлимда 13 та паспорт бор эди. Бир кун навбатда турдим. Навбатим келганида билет тугади, дейишди. Ахир рўйхатда бор эдик-ку, қандай қилиб бизга билет етмай қолади? — дейди муҳожирлардан бири.

 

 

«Қаттиқ сиқилишдан ҳушдан кетишган»

 

 

Мигрантларнинг айтишича, уларнинг ўрнига чегара атрофига кейин келиб қўшилганлар билет олишган.

— Билет пулини устига 5000 рубль берганлар бизнинг ўрнимизга кетди. Биз бир ойдан бери далада ётибмиз. Пулларимиз озиқ-овқатимиз учун тугаб бўлган. Йўлкирага 8 ярим минг рублни уйдан чақиртиргандик. Устига яна 5000 рублни қаердан оламиз?! — жиғибийрон бўлди муҳожир.

Муҳожирларнинг гапига кўра, ҳозирда баъзиларининг аҳволи яхши эмас, баъзиларида асаб бузилишлари бор. Бир муҳожир ҳушидан кетганлиги айтилмоқда. Тиббий ёрдамга муҳтожлар бор. Бузулук туманидаги муҳожирлар ёнига полиция ходимлари келиб 2 кун ичида палаткаларни йиғиштириб кетишларини айтишган. Сув таъминоти узилган.

— Пулимиз йўқлигидан поездда кета олмадик. Бир ойдан бери шу ердамиз. Ювинишга шароит йўқ, овқатга пулимиз қолмаяпти. Илтимос, бизга ёрдам беринг, — дея Президент Мирзиёевга ёлвориб мурожаат қилди муҳожир аёллардан бири.

Мигрантларнинг айтишича, Маштаковада 400 га якин, Бузулукда 200 га якин ўзбекистонликлар қоляпти. Ораларида аёллар ва ёш болалар ҳам бор.

 

loading...