Камбағаллар шифокори! У ҳатто беморлар дори-дармон сотиб олишлари учун пул ҳам беради!..

0

Муҳаммад Мушолий камбағаллар шифокоридир. 1967 йилда тиббиёт факультетини тугатган. 99,3% балл тўплаб, битирувчилар орасида биринчи ўринни олган.

Муҳаммад Мушолий 50 йилдан бери ўзининг Тантодаги қабулхонасида беморларни қабул қилади. Уларга ҳатто дори-дармон сотиб олишлари учун пул ҳам беради. У фақир беморларидан 10 жунайҳдан ортиқ пул олмайди. 10 жунайҳ 1 доллардан камроқ бўлади.

Унинг камтарона қабулида ҳар куни юзлаб беморлар навбатда саф тортиб туришади. Доктор Муҳаммад ҳар куни 10 соат ишлайди. Унинг машинаси йўқ. Ёши 80 дан ўтганига қарамасдан, уйидан қабулхонасигача пиёда боради. Кўрфаз бойларидан бири у ҳақида эшитиб 20 минг доллар ва битта яхши машина совға қилганида, у пулларни беморларига тарқатиб, машинани сотиб, асбоб-анжомлар, беморларини текинга таҳлил қилиш учун таҳлил жиҳозлари сотиб олган.

Араб телеканалларидан бирида «Қалбим хотиржам бўлди» деб номланган телелойиҳа бор. Унда Амирликлардан бир йигит номини яшириб, юзини кўрсатмасдан фақирларга катта-катта эҳсон қилиб юради. Кимгадир уй олиб беради. Кимнингдир қарзини тўлаб беради. У ўзини Ғайс деб таништиради. Ана шу йигит доктор Муҳаммад ҳақида эшитиб уни топиб келади. Унга 1000000 жунайҳ беради. Доктор Муҳаммад «мен отамга аҳд берганман», деб пулларни олмайди. Кўрсатув ижодкорларини ва Ғайсни етимлар бор бўлган томонга йўналтириб юборади.

Докторнинг мухлислари «унда саҳобалар хислатини кўрамиз» дейишади.

Доктор Муҳаммад Мушолий айтади:

«Тиббиёт факультетини битирганимдан сўнг аён бўлдики, отам мени шифокор қилиш учун ўзлари даволанишлари лозим бўлган пулларни ишлатган эканлар. Шундан сўнг фақир ва йўқсиллардан бир қуруш ҳам олмайман деб аҳд берганман».

© Абдулқодир Полвонов

loading...