МУРДАЛАР ГАПИРМАЙДИЛАР… (6-қисм)

0

 

 

* * *

 

Суддан кейин эса хотини билан биргаликда чиқиб, Матлуба янгасига далда берган, «нима хизмат бўлса, тортинмай айтаверинг. Акам қайтгунларича сизга укаман», деган эди.

Матлубанинг унга буюрадиган хизмати йўқ эди. Шу боис кўчада рўпара келганида саломлашарди-ю, ортиқча гап айтмас эди. Шу сабабли янгасининг йўқлови Валижонни шошириб қўйди. Томорқадаги ишини йиғиштириб, қўл-бетини чала-ярим ювгач, хожасининг уйига шошилди. Ичкари кириб ҳол-аҳвол сўрашга улгурмай, янгасидан кутилмаган саволни эшитиб довдираб қолди.

— Аканг бойликларини қаерга яширган?

Бундай саволни терговчи қайта-қайта сўраган, ҳар сафар «билмайман» деган жавобни эшитавергач, ахийри тутақиб, роса дўппослаган эди. Энди эса, янгаси худди ўша терговчига ўхшаб сўраяпти. Ёлғон пўписа қиляптимикин деса, оҳанги анча жиддий.

— Сиз билмасангиз… мен билмайман, опа.

— Сен гўрни ҳам биласан, айт.

— Ахир опа, мен оддий бир шопир бўлсам…

— Сен шопур эмас, қўшмачисан! Акангга қўшиб сени ҳам қўшмазор қилиш керак эди.

— Унақа деманг, опа, болаларим бор.

— Сенда бор бола, бошқаларда йўқми? Ма, ўқи! Аммо бировга ғинг дея кўрма.

Матлуба шундай деб хатни узатди. Валижон ўқиб чиққач, «мен нима қилай?!» деган савол назари билан қаради.

— Мен ҳар ойда пулни қаердан оламан? Сен қўшмачи ҳамма балони биласан. Аканг топганининг юздан бирини уйга олиб келарди. Қолгани қаерда? Ё топасан, ё болаларингни гаровга қўйдираман. Қамоқдан битта каллакесар келган. Унга сени рўпара қиламан-у, ҳолингни кўриб туравераман.

— Худо хайрингизни берсин, жон опа! Ундай қилманг, опажон! Менда нима гуноҳ? Тўғри, маишатларини билардим. Аммо пулга кўзим тушмаган сира. Алдаётган бўлсам — Худо урсин! —

Валижон шундай деб йиғламсирай бошлади.

— Пиқиллама, эркак ҳам йиғлайдими? Менга анави бузуқнинг қаердалигини айт ҳозир.

— Қайси… бузуқ?

— Ўзингни гўликка солма! Жувонмарг Нафисани айтяпман!

— У шаҳарда яшайди-да.

— Шаҳардалигини биламан. Қайси кўчада, қайси уйда? Тирик бўлса уйини айт, ўлган бўлса гўрини айт.

— Кўчасининг номини билмайман, опа. Метронинг охирига етгандан кейин озгина юрилса меҳмонхона келади. Кейин ўнгга. Тўрт қаватли иморат.

— Мени бошлаб борасан ўша ишратхонага.

— Хўп, опажон, эртага, ишдан сўраб келаман.

— Ҳозир жўнаймиз.

— Ие, ахир…

— Сенга «ҳозир жўнаймиз», дедим. Бор, чорак соатда тайёр бўлиб чиқ.

Валижонни чақиртиришидан асл мақсади ҳам шу эди. «Акангнинг бойлиги қаерда?» деб сўроққа тутиши йигитни эгиб олиш учунгина эди. Шундай қилмаса, у ё Нафисанинг турар жойини яширарди, ё олиб бориб кўрсатишни пайсалга соларди. Ёки «акасининг севимли ёш хотинини» огоҳлантириб қўйиши ҳам мумкин эди. Шуларни назарда тутиб, Матлуба у билан ўзига хос бўлмаган дағал оҳангда гаплашди. Янгасидан бундай муомалани кутмаган Валижон чиндан ҳам қўрқди. Айниқса, «болаларингни гаровга қўйдираман», деган гапига ишониб, эси тескари бўлиб кетай деди. Йиғиси ҳам ёлғон эмас, рост эди. Бир томонда қама-қама авжига чиққан, яна бир томонда машина ўғирлаш тиш кавагини кавлашдай осон бўлиб қолган, одамлар эса, тўппа-тўсатдан йўқолаётган замонда оддий пўписа ҳам ҳақиқат кўринишини олади. У хожасининг баъзи сирларини билади. Бироқ пул бор-йўқлиги, яширилган-яширилмаганидан бехабар эди. Билганида ҳозирги пўписадан сўнг шарт айтворарди. Тўғри, у калтафаҳм эмас, хожасининг айрим ҳаракатларидан бир нарсани сезгандай бўларди. Айниқса, қама-қамалар довули бошланган, бироқ, уларнинг вилоятларига етмай турибоқ, хожаси ғимирлаб қолган эди. Уч-тўрт марта заргарлик дўконларига кириб чиққанида «ўй-нашларга совға-салом оляптилар, акагинам», деб ўйлаган эди. Идорада ўтирган «акагинаси»нинг қўлларига кишан солиб олиб чиқишгандан сўнг совға-салом олинмагани, қоғоз пуллар тиллага айлантирилганини англаб етди.

 

 

КУНДОШЛАР

 

 

Дунё ҳам ажойиботларга бой. «Яхши бузоқ икки онани эмади», деганларидек, айрим мамлакатларнинг бир эмас, иккита раҳбари бўлади. Бирини «қонуний президент», дейдилар.

Ҳалолми, ғирром йўл билан- ми, ҳарҳолда сайланади. Бу раҳбарни ёқтирмаганлар ўзларини «мухолифот», деб эълон қиладилар-у, биронта хориж юртга бориб, ўзларига ёққан одамни «муваққат тахтга» ўтқазадилар. Бу энди «норасмий президент» бўлади. Бу ҳолат кичикроқ доирага келтирилса, яъни оила деб аталмиш ўзига хос «мамлакат»га қиёсланса, кундошларни эслатади. Шунга кўра, Матлуба «қонуний президент» дейилса, Нафисани «норасмий бошлиқ» деб аташ мумкин бўлар? Баъзан холис бир куч уларни муросага келтиришга уринади. Ўртада тахт масаласи турганда уларнинг муросага келмоқлари ит ила мушукнинг иттифоқини эслатади, холос.

Матлуба билан Нафиса орасида тахт муаммоси йўқ. Бироқ, орада тахтдан ҳам муҳимроқ масала, талашса арзигулик нарса бор. Одамга нисбатан «нарса» сўзини ишлатиш ноўрин, лекин икки аёл — бири «қонуний», иккинчиси «норасмий» хотин бир эркакни худди «нарса» каби талашадилар. Агар холис бир куч — жаллод ўртага чиқиб, «унга ҳам бўлмасин, сенга ҳам бўлмасин, калласини узиб ташлай қолай», деса иккала хотиннинг бу таклифга кўниши тайин.

Эр ўлса-ўлиб кетаверсин, бирови эгалик қилиб олмаса, бас. Эр бировнинг тўшагидан кўра лаҳадда ётса минг карра аъло! «Майли, шу эрим кундошимга бўла қолсин», дейдиган хотин топилгудек бўлса, дунёдаги қаҳрамон аёллардан бири бўлади. Шоирлар унга бағишлаб қасидалар ёзадилар. Бунақа хотин шоир зотига ҳам ёқади-да…

Матлуба «холис куч» — Валижон ҳамроҳлигида кундоши билан иттифоқ тузиш учун эмас, юзма-юз «жанг»га кириш учун борар эди. Вилоят марказига етганларида бошкентга борувчи сўнгги автобус ҳам жўнаб кетган экан. Ортга қайтишни маъқул кўрмай, чиқим сал кўпроқ бўлса ҳам, йўловчи машинага ўтирдилар. Йўл-йўлакай чурқ этмасдан кетдилар. Иккови ҳам гаплашадиган аҳволда эмасди. Матлубанинг хаёли бўлажак «олишув» режалари билан банд эди. Валижон эса кутилмаган бу офатдан қутулиш чораларини изларди.

Нафисанинг уйига етиб боришганда шаҳар қоронғулик чодирида ором олишга ҳозир эди.

Тўрт қаватли бино яқинида тўхтаган Валижон:

— Ухлаб қолишмаганмикин? — деб Матлубага юзланди.

— Ухласа ухлар, ўлиб қолишмагандир? — деди Матлуба зарда билан.

Валижон «гапим ёқмади шекилли», деб ўйлади. Аслида эса, Матлуба бўлажак учрашувни ўйлаб, асабийлашиб турган эди. Валижон бу саволи билан қизиб, чўққа айланган темир устига сув сачратгандек бўлди.

Эшикни Нафисанинг эри Самандар очди. Матлубани кўриб, аввалига ажабланди. Бир неча сониялик тараддуддан сўнг эса, орзиқиб кутган меҳмонига етишган бахтиёр мезбон қиёфасига кириб, жилмайди.

— О, Матлубахоним! Саломлар, саломларим бўлсин! Қаранг, ниятнинг холислигини, бугун ўйлаб турувдим. Аслида бизлар одам эмас, бемеҳр динозаврлармиз. Сизни би-ир йўқлаб қўйишга арзимадик. Лекин сиз ҳамиша биз билан биргасиз.

Матлуба қошу-киприкларигача малла бўлган Самандарнинг гапларига эътибор бермай, белига боғлаб олган гулдор пешбандга ажабланиб қараб олди. Самандар бу қарашнинг маъносини англаб, хижолатлик билан изоҳ берди:

— Ошхонада… озгина хизмат бор экан.

— Хотинингиз… йўқми уйда? — деди Матлуба, ичкарига ўғринча назар ташлаб.

— Бор. Уйда… Ие, нега остонада турибсизлар? Қани, Матлубахоним, ичкарига марҳамат, —

Самандар шундай дегач орқасига чекиниб, йўл бўшатди-да, бошини буриб, хотинини чақирди:

— Нафис, жоним, бу ёққа қаранг. Азиз меҳмонлар келишди.

Матлуба даҳлизга ўтиб, пояфзалини ечишга шошилмади. Довдираган Валижон эса, киришни ҳам, орқасига қайтиб кетишни ҳам билмай остона ортида тураверди. У вазифасини адо этиб бўлган эди. Аммо «болаларини гаровга қўйишга» қодир бу хотиндан ижозатсиз кета олмасди.

Эрининг ҳаяжонли овозини эшитган Нафиса ҳаялламади. Ичкари хонага олиб кирувчи эшикни очди-ю, даҳлизда турган кундошини кўриб тош қотди. Улар уйдаги ўша шармандали тўқнашувдан сўнг юзма-юз учрашишмаган эди. Нафиса ўйнаши қамалганидан сўнг кундоши билан бу ҳолда, ўз уйида учрашиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эди. «Нимага келди экан, бу хотин», деган саволга жавоб излаб, остонада шумшайиб турган Валижонга қараб олди. Валижон бу қарашнинг маъносини уқиб «Худо урсин, билмайман», дегандай елка қисди.

Матлуба уларнинг бу ишораларини сезиб, кундошидан кўз узмаган ҳолда:

— Вали, сен кетавер, — деди.

Бу ижозат Валижоннинг юзига урилган тарсакидай бўлди. Оҳ, шу пайтда хожасининг қадри ўтди-я! Хожаси бунақа пайтда ҳотамтой бўлиб, ичкарига олиб кирарди, қорнини тўйғизарди-да, «фалон пайтгача бўшсан», дерди. Ана шунда Валижон ҳам айшини суриб оларди. Хўжайиннинг ўйнашидай бўлмаса-да, унда ҳам ўзига ярашуқли эркалагувчилари бор эди… Э, у доруламон замонлар беқарор шамолдайин ўтди-ю кетди. Энди хўжайин қамоқда, у эса, остонада эгасиз қолган итдай шумшайиб турибди.

«Кетавер», дейди. «Бу бегона шаҳарда қоронғуда қайга ҳам боради», демайди» Валижон шу аламли фикр билан бурилганда «норасмий янгаси» жонига аро кирди:

— Валижон ака, киринг, овқат тайёр-а…

— Вали, боравер, болаларинг кутиб қолди.

Аввалгиси таклиф эди, буниси эса буйруқ. Буйруқдан эса қўрққулик. Валижон турган ерида «норасмий янгаси»га енгил таъзим қилди-да, орқасига ўгирилди.

— Валижон ака, киринг…

Кириш у ёқда турсин, энди тўхтаса, орқасига ўгирилса, балога қолиши тайин, шу сабабли таклифни эшитмагандай зинапоя томон шошилди.

Самандар буларнинг кундош эканини билса-да, дардини ичига ютиб, ўзини гўё ҳеч нимадан хабари йўқ одамдай кўрсатишга интиларди. Ошнасининг марҳамат қилиб, ўз ўйнашига уйлантириб қўйганини тўйдан кейин фаҳмлаган, ўшанда Нафисани ташлаб кетай ҳам деган, аммо «Энди менга ким ҳам тегарди», деб тақдирга тан берган эди. Айниқса, бу уйнинг инъом этилиши унинг кўп муаммоларини ҳал этган эди. У илмий сафарларда кўп бўларди. Баъзан икки-уч ҳафталаб қолиб кетарди. Уйда йўқлигида ошнасининг серқатнов бўлишини сезиб бир қайнарди-ю, сўнг совурди.

Ҳозир Матлубанинг ташрифи замирида нохушлик ётганини сезди. Кундошларнинг бир-бирларига тикилиб қолишганини вулқон арафасидаги сукунат деб билиб, портлаш юз бермасидан ўзини четга олишни маъқул кўрди. Қайси эркак икки хотиннинг (айниқса кундошларнинг) орасига тушиб, барака топибди-ки, Самандар топсин? Бир куни юраги сиқилиб кетган Нафиса «Сиз илмдан бошқа нарсани ҳам биласизми?» деб зорланганида Самандар «Мен ҳаётни ҳам биламан», деб жавоб қайтарган эди. Мана айни дамда ўзи билган ҳаёт қоидасига амал қилиб, сузишмоққа шайланаётган икки кундошдан нари бўлишни истади:

— Ҳа, Нафис, сиз меҳмонга қаранг, мен ишларимни тугата қолай, — деб ошхонага кирди.

Шу онда Нафисанинг ортида отаси кўринди. Мана шуниси Матлуба учун кутилмаган, айни чоқда нохуш ҳол бўлди. Асли исми Тошболта бўлган бу одам совхоз директорига ошпазлик қилгани учун кўпчилик уни «Ошболта» дер эди. Матлуба эса «фоҳишахона ити» деб ундан нафратланарди. Айниқса, қизининг номусини ҳам хожасига инъом этгач, Матлуба у билан саломлашмай ҳам қўйган эди.

— Ҳа, ким келибди? — деди Тошболта менсимаган бир оҳанг билан. Сўнг эса пичинг қилди:

— Ие, азиз меҳмонми? Ҳа, келинг, келин пошша?

Унинг «ҳа, келинг…» дегани замирида «Нега келдинг, кет!» деган маънони ўқиб, Матлуба ичида «Турқинг қурсин сенинг!» деб қарғади.

— Ҳа, гапир, иш-пиш билан келдингми ё эрингни қидириб келдингми? Эринг йўқ бу ерда. У ҳов… Сибирда айшини суриб юргандир.

— Дада! — Нафиса шундай деб отасига ўгирилди.

— Нима «дада!» — деб ўшқирди Тошболта. — Нима бор унга бу уйда? Гаплашиб ўзингни пастга урма. Уйга ҳам қўйма. Бу уй эридан қолган матоҳ эмас.

Матлуба бу уй остонасини босиб ўтиши билан «ҳужум»га ташланишни режа қилиб, айтадиган гапларини йўл-йўлакай пишитиб олган эди. Матлубанинг хом хаёли бўйича эшикни «итдан тарқаган Нафиса» очарди-ю, уни кўриб қўрқиб кетарди, орқасига тисарилиб, титрай бошларди… Ана шунда Матлуба ҳужумга ўтарди. Юлмас эди-ю, аммо ундан баттар қиларди… ўйлаганлари амалга ошмади. Устига устак «фоҳишахона ити» вовуллаб турибди.

— Эримнинг… — Матлуба «эримнинг» деган сўзга урғу бермоқчи эди, аммо овози титраб чиқиб сўзини ямлаб юборди. Овози титрагани учун ўзидан ўзи нафратланди. «Бу махлуқлар олдида паст кетишим мутлақо мумкинмас», деб ўзига далда берди. бир неча нафас сукут қилиб, сўнг гапини қайтадан бошлади: — Эримнинг Сибирда эканликларини яхши биламан.

Лекин бу ерга итларини боғлаб кетганларини билмапман.

— Нима дединг, вой энағар!

— Дада! — Нафиса отасининг кўкрагидан енгил итарди, — Дада, ичкарига киринг, аралашманг.

— Сен!.. — Тошболта унга ҳам икки оғиз «ширин» гапларидан айтмоқчи эди, қизининг кўзларига кўзи тушиб, шаштидан қайтди.

— Бу сафар сиз «хўп» денг…

— Яхши, омма, гапни калта қил. Сен унинг эрини билмайсан, танимайсан… Ҳеч қанақа қоғозига қўл қўйма, — шундай деб изига қайтгач, Нафиса эшикни ёпди.

Матлуба ўша шармандали кунда, ғазаб оловида ёнаётган дамда унга тузукроқ қарамаган ҳам эди. Ҳозир ўғринча эмас, дабдурустдан тикилиб қаради. Хушбичим, хушрўй эканини тан олгиси келмади. «Эрим бекорга илакишмаган экан, менга «ёшингга ярашадиган қилиқ қил», деб бежиз айтмаган экан. Бу ишва қилиб турганда мен ёқармидим», деган фикрни хаёлидан қувди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

loading...