Тарвуздан гўзаллик рецептлари

0

Ёз жазирамасининг ёқимли жиҳатларидан бири шуки, бу вақтда табиат ўзининг деярли барча неъматларини инъом этади. Ўзингиз биласизки, фойда жиҳатидан табиий маҳсулотларга етадигани йўқ. Улар орасида полиз экинлари, айниқса, тарвузнинг ўрни беқиёс. Бу полиз экинининг истеъмол қилингандаги фойдаси жуда катта. Аммо ушбу табиат инъомидан гўзаллик мақсадларида ҳам фойдаланиш мумкин.

 Унутманг, тарвузли ниқобларнинг фойдаси таркибидаги моддаларнинг ҳисобига сезилади.

Сув. Тарвузнинг таркибида сув кўп бўлгани боис, қуриб кетган юзни намлантиради.

А витамини жароҳатларни кетказиб, яллиғланишларга фойда бўлади.

Фолий кислотаси эса тери таркибини мустаҳкамлаб, уни жароҳатлардан ҳимоялайди.

Аскорбин кислотаси терининг таранглиги ҳамда силлиқлигини ошириб, ҳуснбузарларни текислайди.

Калий эса теридаги намлик миқдорини меъёрга келтиради.

Тарвузли ниқоблардан сўнг:

— ҳуснбузарлар;

— шўралаш, намлик етишмаслиги, қизариш ва яллиғланиш;

— хира тери ранги;

— ёғли ялтираш;

— пигмент доғлар;

— чарчоқ излари каби муаммолардан халос бўлиш мумкин.

Ёдда тутинг!

Тарвузли ниқоблар фойда беришида тўғри фойдаланиш қоидаларини ҳам четлаб ўтманг.

Ниқобларни тайёрлашда фақатгина тарвузнинг данакларсиз, юмшоқ жойидан фойдаланиш керак.

Ниқоблардан исталган вақтда фойдаланиш мумкин. Лекин ҳафтада уч маротабадан кўп такрорлаш мумкин эмас!

Рецептлар

Оддийгина тарвуз шарбати билан юз терисидаги чарчоқ изларини олса бўлади.

Ярим стакан тарвуз шарбатига докани ботириб, уни 15-20 дақиқага юзга қўйинг. Сўнг юз терисини совуқроқ сув билан чайинг.

Бу ниқоб ҳар қандай турдаги юз терисига мос келиб, ундаги яллиғланишларга қарши курашади.

2 ош қошиқ тарвуз 1 ош қошиқ асал билан аралаштирилади. Ниқоб юзга 20 дақиқага суртилиб, сўнг илиқ сув билан чайиб олинади.

Ўта қуруқ юзни намлантиришда қуйидаги ниқоб ёрдам беради.

1 дона тухум сариғига 2 ош қошиқ тарвуз, 1 чой қошиқ қаймоқ ёки сметана ҳамда ўсимлик ёғи аралаштирилади. Бу ниқоб юзга ярим соатга қўйилиб, сўнг илиқ сув билан тозалаб олинади.

Пигмент доғларга қарши курашишда…

2 ош қошиқ тарвузга 1 ош қошиқ ёғли сметана аралаштирилиб, юзга суртилади. Ниқоб юзда ярим соат тургандан сўнг совуқроқ сувда чайиб олинади.

Бу ниқоб ўта таъсирчан юз терисининг тонусини ошириб, унга эластиклик бахш этади.

Ярим ош қошиқ қирғичдан ўтказилган олмага 1 ош қошиқдан тарвуз ҳамда эзилган банан қўшиб, аралаштирилади. Аралашма юзда ярим соат тургач, совуқ сув билан чайилади.

ХОЛИДА тайёрлади.

loading...