МУРДАЛАР ГАПИРМАЙДИЛАР… (10-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Хурсанали деган йигит сўраяпти. Совхозингдан келибди.

— Бу ўша, — деди Матлуба. — Энди нима қиламиз? Шундай кунда ҳам келиб, без бўлиб турибдими?

— Нима қилардинг, тўлайсан. Буларда тўй-аза деган гап йўқ. — Сарвар шундай деб чўнтагидан қоғозга ўралган пул олиб, опасига узатди. — Ма, олиб чиқиб бер.

— Пулми? Тайёрлаб қўювдингми?

— Золотойга айтувдим. Ёрдам бера олмаслигидан афсусланиб, бу йилги солиқни кўтарадиган бўлди.

— Ўзи бериб қўя қолмайдими?

— Бунақа ҳотамтойлигини билиб қолишса тинч қўйишмайди. Лекин одамлари билан гаплашибди. Болаларингга тегишмайди. Хотиржам бўл. Сени ҳам ҳимоя қилишади.

Сарвар кейинги гапларни опасини дардини енгиллатиш учун ўзидан қўшди.

Матлуба пулни олиб, кўча эшик томон юрди. Йигит уни кўриб, ўзини четга олди. Биринчи солиқ тўлаш маросими гап-сўзсиз бўлди. Матлуба пулни узатди, йигит олиб чўнтагига солди-ю «хайр, раҳмат» дегандай тиржайиб қўйгач, бурилиб жўнади.

Матлуба изига қайтаётганида акаси «Ҳа, тинчликми?» деб сўради.

— Тинчлик, — деди Матлуба, — совхознинг кассири. Қоғозлари менда эди.

Акаси хавотирланиб эмас, шунчаки сўраган эди, бу жавоб билан қониқди.

 

 

ДАРБАДАР

 

 

Биринчи қор ёмғирга аралашиб ёққани учун тез эриб кетди. Қор баҳонаси билан ёпирилиб келган совуқ тунда кучга кириб, фаолиятини ер сатҳини музлатишдан бошлади. Бунақа совуқни энди кўраётган Турсунали дийдираб, «шу совуқларда музлаб, ўлиб кетсам керак», деб хўрлиги келди. Бир қўлида чўкич, иккинчисида белкурак ушлаб, саф билан йўлга ҳозир бўлиб турганида рўпарасида Тенгиз пайдо бўлди.

— Ҳа, земляк, ишлар қалай? Мунча шумшаясан? Нима, совқотдингми? Агар шуни совуқ десанг, бир-икки ҳафтадан сўнг онангни кўрар экансан-да. Ҳа, хотинингга хат ёзиб, раҳмат деб қўй. Ақлли экан. Буйруғингни бажарибди.

Тенгиз шундай деди-ю, бурилиб нари кетди. Турсунали «мени бу азоблардан қутқаринг», деб илтимос қилмоқчи эди, улгурмади, гапи оғзида қолди. Сафга қарата «Юрилсин!» деган буйруқ берилди.

Уч кундан бери улар дарахт кесишмайди. Кесилган ёғочлар йиғилиб қолганмиш. Ўн чақиримча пиёда юриб, сўнг ўрмон ичида ҳандақ қазишади. Бу овлоқда ҳандақнинг нима кераги борлигини ҳеч ким билмайди. Аслида бу ҳандақларнинг бировга зарурати йўқ. Дарахт кесиш вақтинча тўхтатилгани сабабли маҳбуслар бекор ётишмасин, деган мақсадда ҳандақ қаздиришади. Бир гуруҳ келиб қазийди. Иккинчиси келиб кўмади.

Аввалги кун Нуриддин ҳам Турсунали билан бирга эди. Кеча уни Тенгиз ёнига чақириб олибди. Нуриддинсиз унинг бўлари бўлди. Белгиланган вазифасини бажара олмай калтак ҳам еди. Кечқурун Нуриддинга арзи ҳол қилиб «Тенгизга айт, менга енгилроқ иш олиб берсин», деган эди. Бугун Тенгиз яқинлашаётганини кўриб, бир ичи ёришди-ю, кейин яна зулмат қўйнида қолди.

Нуриддин унинг илтимосини Тенгизга айтган эди.

— Ҳамзат, — деди Тенгиз унга жавобан, — сен ҳеч қачон одамларга, айниқса, бунақаларга ачинма. Бу одам ким бўлган, биласан-а? Совхоз директори! Бу ерда сен билан менга ялиниб юрибди. Амал отида керилиб, давр сураётган дамларида бизни одам ўрнида кўрармиди? Бу хунаса бошқаларни эшшакдай ишлатиб, ўзи маишатини суриб юрган. Ана энди меҳнат нима, азоб нима билиб қўйсин.

— У чидолмайди, ўлиб қолади, — деди Нуриддин.

— Қўявер, ўлса ҳам меҳнат билан ўлсин. Сен дарахт кесиш бошлангунига қадар менинг ёнимда юра турасан. Аммо бир нарсани унутма: мен билан бўлганингда кўзинг кўр, қулоғинг кар бўлади. Кўрганингни кўрдим демайсан, эшитганингни эшитдим демайсан.

Нуриддин бу буйруққа итоат этди. Бу итоати билан ўғрилар оламига дастлабки қадам қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди. Шу пайтгача ўғрилар сиртмоғига бўйин бермай келаётган эди. Тенгиз кўзга кўринмас сиртмоғини усталик билан ташлади. Ўша куни «политбюро» тўпланди. Ҳал қилинадиган аниқ масала йўқ эди. Шу боис «чефир» чой ичиб, қарта ўйнаб гаплашиб ўтиришди. Қўтос ҳам, Кошак ҳам, бошқалар ҳам хизматдаги Нуриддинга қараб-қараб қўйишарди. Кошак неч-та уйни босгани-ю, қанча одамни асфаласофилинга жўнатганини айтаётганида Тенгиз унинг гапини бўлди:

— Кошак, биз бу гапларни биламиз. Агар Ҳамзатни қойил қолдирмоқчи бўлсанг, янглишасан. Ҳамзат Афғонда ўлдирган одамларни сен саноғига ета олмайсан.

Кошак «шунақами?» дегандай Нуриддинга зимдан қараб қўйди. Тенгиз айтмаса ҳам Нуриддиннинг кимлиги, очиқликда нима қилгани бу ердагиларнинг ҳаммасига аён эди. Бу чойхўрлик, бу хизмат бўлажак ўғри билан «яқинроқ танишиш» мақсадида уюштирилганди.

«Политбюро» аъзоларига Нуриддин маъқул келди. Унга қарши эътироз билдирилмади.

Тарқалиш пайтида Кошак:

— Унинг тарбиясини Қўтосга бер, — деб талаб қилди.

— Ҳозир эмас, — деди Тенгиз, — Бу бола эгар урилмаган асов от. Ҳуркиб кетади. Уни ўзим эгарлаб, жиловлаб бераман. Ана ундан кейин Қўтоснинг қўлига тутқизаман.

Нуриддин Бифштексни ўлдиргач, қамоқ лагерида ўзига нисбатан муносабат ўзгарганини сезди. «Полит-бюро» мажлисидан сўнг эса, лагер бошлиқлари ҳам унга юмшоқроқ муомала қила бошладилар. Ана шунда Нуриддин «буларга боғланиб тўғри қилдимми?» деб ўйланди.

Булардан узоқлашишнинг турли йўлларини излади. У фаҳми етган, билган барча йўлларнинг боши берк эди. «Фақат ўлимгина булардан қутқариши мумкин», деган тўхтамга келди.

Гарчи қамоқ лагерида эркинроқ юришга шароит яратилган бўлса-да, у руҳини қафасдан бўшата олмас эди. У Бифштексдан зўрроқлари билан ҳам олишмоғи мумкин, аммо ўзини ўзи енга олмас эди. «Исмингиз нима, отахон?» деб сўраганида кулимсираб туриб «Дарбадар» деган ўша қарияни қутқариб юборолмагани учун ўзини ўзи то ўлгунича лаънатласа керак.

Тайёргарлик машқлари даврида аскарлар орасида «Афғонга ташлашар экан», деган миш-миш юрарди. Бировлар қўрқиб, нажот истаб уйларига хатлар ёзсалар, бошқалар «байналминал бурч»ни бажариш, қаҳрамонлик кўрсатиш илинжида жанггоҳга ошиқарди. Баъзи йигитлар эса, «Афғондан қайтганлар иститутларга имтиҳонсиз қабул қилинар экан», деб умид қилишарди.

Институтларга кириш учун Афғондан тирик ҳолда қайтиш лозимлигини эса ўйлашмас эди. Ҳар куни ўнлаб қора темир тобутлар селининг оқиб келаётганини улар билмасдилар.

Нуриддин эса, «Нима бўлса, пешонамдан кўрдим», деб ўзини тақдир ёзуғи ихтиёрига берган эди. У жанг-гоҳда етти ухлаб тушида кўрмаган фожиаларга дуч келди. Дастлаб «бу ваҳшийликларни кўравериб жинни бўлиб қолсам керак», деб ўйлади. Йўқ, ақлдан озмади, аксинча, дийдаси қотиб борди. У афғонларнинг нима учун урушаётганини тушунмас эди. Унинг учун бир нарса аниқ — қаршисидаги душман! Сен отмасанг, у сени ўлдиради. Чунки у учун сен душмансан! Бу дунё-да яшаб қолмоқ учун ҳам қаршингдагини ўлдиришинг шарт. «Байналминал бурч», «Афғонистон озодлиги», деган тушунчалар мингинчи даражадаги масала эди. Ажал ўқлари ёғилиб, фақат ўз жонинг кўзга кўриниб турган онда фақат ақлдан озган одамгина бундай бурч ҳақида ўйлаши мумкин. «Қаршимдаги душман эмас, мусулмон биродарларим. Ўз уйини, молу жонини ҳимоя қилган одам нима учун душман бўлар экан?» деган тушунча ҳам Нуриддинга ёт эди. Қадимда Хуросон деб аталмиш бу юртни боболар бир томондан инглиз, шимолдан эса ўрус ҳамласидан ҳимоя қилиб жон берганларини ҳам билмас эди. Ўрусга қарши жиҳодда жон берганларнинг авлодлари энди ўрусга шерик бўлиб жон олса… Боболар ўрусга Хуросонни бермаган эдилар. Ўрус Термиз билан Кўшкдан нари ўта олмаганди. Нуриддин буларни ҳам билмас эди. Билганда-чи? Билганда нима қила олар эди? «Боболарим юртига қараб ўқ отмайман» деса, «Майли ука, сиз уйингизга қайта қолинг, бу ёғини ўзимиз эплаштирамиз», дейишармиди? Бе, инсоф қилишса «хизматдан бўйин товлаш» деб қамашарди.

Раҳм қилишмаса шартта отиб ташлашарди — вассалом!

Нуриддин ўзини Дарбадар деб атаган қария билан учрагунича ақлсиз гўдак каби эди.

Дарбадар отилганидан бери орадан тўрт йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Қарияни отиш учун беш киши чиқишди. «Отилсин!» деб буйруқ берилди. У ҳам беихтиёр тепкини босди. Мўлжалга олмади. Балки ўқи хато кетгандир, қарияга тегмагандир?

Ўқ отилмай туриб қария унга қараб жилмайиб қўйди. Нега жилмайди экан? «Мен Ватаннинг бир бўлагиман, сен Ватанга қараб ўқ узмайсан, а?» демоқчи бўлдими? Ё «Ана, айтмовмидим, қул бўлганинг учун ҳам буларга қўшилиб чиқдинг», демоқчимиди? Нуриддин бу жилмайишнинг маъносини уқишга кўп ҳаракат қилди. Бироқ, тайин бир хулосага кела олмади. Бадани ўқлардан илма-тешик бўлган Дарбадар кўкрагини чангаллаб, яна Нуриддинга тикилди. Бу сафар жилмаймади. Йўқ, йўқ, кўзлари бир нуқтада қотди: ўткир нигоҳига савол аломати муҳрланди. Нуриддин бу қарашнинг маъносини ҳам уқмади.

Ўша фожеадан кейинги тунлар Нуриддин учун беҳаловат, азобли тунларга айланди.

Дарбадар ўша савол аломати муҳрланган нигоҳи билан ҳар тун уни таъқиб этадиган бўлди. Асирлар сақланадиган ҳибсхонада Дарбадардан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Нуриддин ҳибсхонани қўриқлаш учун навбатни қабул қилганида бундан кейинги ҳаёти алғов-далғов бўлиб кетишини ўйламаган ҳам эди. Аввалига «гапириш мумкин эмас», деб огоҳлантирди.

Дарбадар «Сен гапирма, эшит», деб сўзлайверди. Худди тарих ўқитувчиси дарс ўтаётгандек эди. «Ўша суҳбатдан сўнг йигитнинг онги ўзгарди, ватанпарварга айланди», десак лофга ўрин берган бўламиз.

Ватанни бир мартагина бўлса ҳам кўришга зор кўзлар жон таслим қилинганидан сўнг ҳам юмулмаган эди. Ана шу кўзлар тунлари Нуриддинни уйғотарди…

«Қўлингни узат, бўтам, қўрқма, кафтингни бир ҳидлай, ундан Ватан ҳиди келса ажаб эмас.

Имконим бўлса эди, сени бир қучар эдим. Ахир сен Ватанимнинг бир заррасисан. Мен ҳам бир бўлагиман. Тақдир ўйинини қарагина — Ватан иккига айрилмиш — бири қафасда, бири эса, қулликда».

«Мен қул эмасман».

«Қулсан, бўтам, қулсан. Кўзлари юмуқ қулсан. Ақли муҳрланган қулсан. Кўзларинг очиқ бўлса эди, озодлик сари юрган бўлар эдинг. Ақлинг қулфлари бузилса эди, кишанларни уриб синдирар эдинг».

«Кишан? Йўқ, бизда кишан… «О, кўнгил, сен бунчалар нега Кишанлар билан дўстлашдинг, На фарёдинг на додинг бор…»

Бўтам, сен бу сатрларни билармисан? Чўлпонни эшитганинг борми?»

«Чўлпон? Ким у?»

«О, миллат, бахти қаро миллат! Сени зулматдан ёруғликка олиб чиқувчи авлод шуларми эди?»

«Гапларингизни тушунмаяпман?»

«Ватан надир? Миллат надир? Эрк надир? Англармисан ўзинг? «Кулган бошқалардир, йиғлаган менман… Ҳайвон қаторида саналган менман…» О, миллат ҳолинг на бўлар энди»

«Ота, бирон ерингиз оғримаяптими? Касал эмасмисиз?»

«Мен соғман, бўтам, миллатим хастадир. Мен бугунми, эртами ўлимимни топарман. Оқибат бу ёруғ дунёга сиғмай қоларман. Ватан соғинчи билан тепаётган юрагимга биттагина ўқ кифоя.

Ватанни бир мартагина кўрмоқ умидимни ўзим билан туфроққа олиб кетурман».

«Ватан, Ватан, дейсиз? Ватанда турибсиз-ку?»

«Бир жиҳатдан гапинг тўғри, бўтам. Бу Хуросон — боболаримиз Ватани. Бизнингда Ватандир бу. Аммо менинг киндик қоним тўкилган Ватан — Андижондир».

«Ие, мен ҳам ўша ерликман».

«Қора қошларингга қараб кўнглим сезиб эди. Сен киришинг билан Ватан иси димоғимга уфурди. Шу боис сўзлайвердим».

«Исмингиз нима, отахон?»

«Исмим — Дарбадар».

«Ие, шунақа исм ҳам бўладими?»

«Тўғри, бунақа исм йўқ. Лекин шунақа одамлар бор. Мингтепа деган жойни биласанми?

Жаннатмакон отамнинг киндик қонлари ўша қишлоққа томган. Отам бир ёшга тўлмай туриб бобомнинг юрак қони шу қишлоқда оққан. Ўруслар Мингтепа ариқларида инсон қонларини оқизиб, сўнг атроф қишлоқдагиларни адирга ҳайдаганларини наҳот эшитмаган бўлсанг?

Ўзбекларни дарбадар қилиб, уларнинг ўрнига ўрусларни кўчириб олиб келиб «марҳамат, яшанглар!» деганларини ҳам эшитмаганмисан? Ахир ўша фожиадан «Марҳамат» деган ном хотира бўлиб қолган-ку? Ё Раб, бу не кўргулик? Дукчи эшонни биларсан балки?»

«Мактабда ўқиганмиз. Одамларни алдаб бойиган киши экан».

«Астағфируллоҳ! Эшон ҳазратларининг ниятлари кўкрак сути каби покиза эди. Ватанни озод этмоқни ният қилиб эдилар. Жаннатмакон бобом ҳазрат эшоннинг муридлари бўлган эканлар.

Уларнинг исёнини эшитганмисан?»

«Ўқиганмиз. Уч-тўрт соатда бостирилган экан».

«Нима учун шу қадар тез бостирилган? Ўйлаб кўрганмисан?»

«Биз ўқитувчи ўтган дарсга ишонамиз. Ўйламаймиз».

«Ё миллат, ҳолингга вой! Сен бир ўйла, бўтам, Эшон ҳазратни фитна, иғво тузоғига туширганлар. Ўруслар эшон ҳазратдан қўрққанлар. Ҳазратнинг атрофига одамлар тобора кўп тўпланаверганлар. Яна бир йил қўйиб берилса, Эшон ҳазрат ғоят катта кучга эга бўлур эдилар.

Агар жиҳод бир йил кейин бошланганида бу юртларда ўруснинг уруғи қурур эди. Билиб қўй: миллатни хор қилган ўруслар эмас, ўзимиздан чиққан хоинлар, иғвогарлар. Ҳазратимни ҳам шулар бадном қилдилар. Буларсиз ўрус ҳеч нимага эриша олмас эди. Иғвогарлар турк султонидан деб ёлғон мактуб тўқидилар. Ҳазрат эшон бунга инониб бемаврид жиҳодга қўзғолдилар. Ўзинг ўйла-чи, қурол-яроғсиз ҳам жиҳодга чиқадими киши? Бобомнинг йўлларини отам давом эттирдилар. Мадаминбекка қўшилиб икки йил жанг қилдилар. Бунда ҳам ўрусларга иғво иш берди. Амирал-муслиминнинг муборак бошларини ўз биродарлари узишди… Шундан сўнг юртдан қувилдик. Қашқарда макон топдик. Ўруснинг болшевиги Қашқарга етиб келди. Биз эса, бу ерларга паноҳ излаб келдик. Энди ўрус бу ерларда уруш қўзғади. Кўпчилигимиз тинчлик истагида Туркияга ёхуд Саудийга жўнашди. Мен қолдим. Жиҳод истаб қолдим. Ўрусдан қачонгача қочамиз? Ё ҳаёт, ё мамот! Сени дуо қиламан бўтам, юртга омон-есон қайтиб бор.

Қайтиб боргину жаҳолатда юмуқ бўлмиш кўзларингни оч! Дўстларингни ҳам уй-ғот! Ватанда беватан яшама. Ватан боғини қуритма. Инсон ўз қони ила суғориб бўлса-да, Ватан деб аталмиш муаззам боғнинг қуримоғига йўл қўймаслиги лозим, унутма! Миллат хаста, ўғлонлар эса табибдурлар!»

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here