СЎРАГАН ЭДИНГИЗ…

0

 

Саволларингизга Давлат хизматлари агентлиги

матбуот котиби Севара Зокирова жавоб беради.

— Навоий вилоятиданман. Фарзандим шифокор кўригига келганда Тошкент шаҳрида дунёга келди. Туғилганлигини қайд этиш учун Тошкентдаги ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишим мумкинми?

— Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига асосан болаларнинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, болалар туғилган жойдаги ёки ота-онадан бирининг доимий яшаш жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида бир ой муддат ичида амалга оширилиши лозим

— Корхонамнинг юридик манзили ўзгарди. Карантин вақтида буни тўғирлаш қандай тартибда амалга оширилади?

— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан тадбиркорлик субъекти почта манзилини Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими, яъни fo. birdarcha. uz сайти орқали онлайн тартибда ўзгартиришингиз мумкин.

— Ёшим 25 да, келин сентябрда 18 ёшга тўлади. Никоҳни сентябрь ёки октябрда қайд этишимиз учун аризани август ойида беришимиз мумкинми?

— Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасисга асосан никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.

— Етказиб бериш фаолияти билан шуғулланишим учун стикер керак. Ёрдам беринг.

— Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатида етказиб бериш хизмати (кейтеринг) ташкилотларининг автотранспорт воситалари (фирма автомобили) киритилган. Шу сабабли, фаолият турингизни тасдиқлаш учун корхонанинг таъсис ҳужжатларини олиб юриш тавсия этилади.

— Бир қанча лицензия ва рухсатномалар талаби қисқартирилади деб эшиттим, гап айнан нима ҳақидалиги бўйича маълумот берсангиз.

— Regulation. gov. uz (http: //%F0%9F%93%B2Regulation. gov. uz) порталида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон лойиҳаси жойлаштирилган. Лойиҳада рухсат этиш тартиб-таомилларидан ўтиш учун ягона электрон тизимни ишга тушириш, лицензияланадиган фаолият ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг айрим турларини, шу жумладан, уларнинг баъзи турларини бирлаштириш йўли билан бекор қилиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари ўрнига хабардор қилиш тартибини жорий қилиш каби таклифлар мавжуд.

— Асосий фаолият турим бошқа, лекин ҳозирги талабдан келиб чиқиб, уставда кўрсатилмаган дори воситалари ва тиббий буюмлар импорти билан шуғулланмоқчиман. Нималар талаб этилади?

— Тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли ва бунинг учун таъсис ҳужжатларига ўзгартириш киритиш талаб этилмайди. Бунда, асосий фаолият тури йил якунида солиқ ҳисоботларига кўра статистика органлари томонидан ўзгартириб қўйилиши мумкин.

— Корхонам умумий овқатланишга ихтисослашган. Карантин чекловлари сабаб қийналиб қолдим. Менга ёрдам сифатида қандайдир қўшимча имтиёзлар борми?

— 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилади;

2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинади;

умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь маҳсулотларини етказиб бериш орқали сотиш ҳуқуқи берилади;

умумий овқатланиш корхоналари учун кичик тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаган ҳолда, уларни кичик корхоналар тоифасига киритиш мақсадида 2020 йил 1 июлдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари учун белгиланган ходимларнинг йиллик ўртача сони 25 нафардан 50 нафарга оширилди;

2021 йил 1 июлга қадар умумий овқатланиш корхоналари карантин чекловларининг бекор қилинишига қараб туман (шаҳар) ҳокимликларини хабардор қилиш орқали истеъмолчиларга овқатланиш хизматларини кўрсатиш учун ўзларига туташ бўш ер участкаларида енгил конструкцияларни бепул жойлаштириш ва қуриш ҳуқуқига эга.

 

loading...