«Такси» муваффақиятидан кейин фильм юлдузи Сами Насерининг ҳаёти қандай кечди?

0

Сами Насери комедия, саргузашт элементларини ўзида мужассам қилган Франциянинг «Такси» фильмидаги Даниэль роли билан яхши танилган. «Такси»нинг биринчи қисми 1998 йилда суратга олинган бўлиб, у вақтда актёр 37 ёшда бўлган. Қуйида Самининг ҳаёти билан боғлиқ муҳим маълумотлар ҳақида бўлишамиз.

Бўлажак актёр 16 ёшида мактабни ташлаб, ишлашга киришган. Узоқ вақт давомида саҳнада ўзини топишга ҳаракат қилган Сами илк бор 1995 йилда режиссёр Том Жилнинг «Жаннат» фильмида роль ижро қилади.

Кейин эса Люк Бессоннинг машҳур «Леон» фильмида шлем кийган полициячилардан бирининг ролини гавдалантиради. 2006 йилда суратга олинган «Патриотлар» фильмидаги Яссир роли учун «Энг яхши эркак актёр» деб топилади.

2000 йилдан бошлаб актёр ҳаётида турли ўзгаришлар юз бера бошлайди. 2003 йилда маст ҳолда машина ҳайдаган Сами ҳайдовчи билан муштлашгани сабаб 6000 евро жарима тўлаб, уч йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилади.

2005 йилда эса Von Dutch фирмаси стилистини калтаклагани сабаб икки ойга озодликдан маҳрум қилинади. 2008 йилда ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилганига қарамасдан машина ҳайдаб, полиция ходимини уриб юборади ва оқибатда 7500 евро жарима тўлаб, олти ой озодликдан маҳрум қилинади ва алкоголдан қутулиш учун даволовчи курсларга ёзилишга мажбур бўлади.

Бундан ташқари, 2018 йилда Москвадаги караоке-барлардан бирида Беларусь фуқаролари билан муштлашиб, яна бир марта полицияга тушади. Бу каби воқеалар унинг карьерасига ҳам таъсир ўтказмай қолмайди.

Daryo.uz

loading...